
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
«Мафқуд» сўзи луғатда зое маъносида бўлиб, «бир нарсани мафқуд қилдим» деса, «уни йўқ қилдим» ёки «йўқотдим» деган маъно тушунилади.
Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:
ﭧ ﭨ ﭩ
«Подшоҳнинг ўлчов идишини йўқотдик…» дейишди» (Юсуф сураси, 72-оят).
Истилоҳда эса ўлик ёки тиригининг дараги йўқ, ғойиб бўлиб, йўқолган кишига мафқуд дейилади.
Мафқуднинг ҳукми. Фуқаҳолар йўқолган одам хусусида бир неча аҳкомларни баён қилишган. Унинг хотинига уйланилмайди, моли мерос қилиб бўлинмайди, ўлик ёки тириклик ҳолати билингунча ва иши аён бўлгунча ёки ғолибо ўлди, дейдиган даражада вақт ўтмагунча ва қози унинг ўлими ҳақида ҳукм чиқармагунча у ҳақли бўлган нарсаларда тасарруф қилинмайди. Дарҳақиқат, йўқолганнинг тириклиги аслдир. Унинг хилофи зоҳир бўлмагунча уни тирик деб турилади. Алий розияллоҳу анҳу йўқолган кишининг хотини тўғрисида «У имтиҳонга учраган аёлдир, сабр қилсин. Эрининг ўлгани тўғрисида аниқ хабар келмагунча никоҳланмайди», деган.
Мафқуднинг ўлими ҳақида ҳукм қилиш муддати. Уламолар мафқудни ўлди деб ҳукм қилинадиган муддат хусусида бир неча мазҳабга бўлинган:
1. Ҳанафий уламолар йўқолган одамнинг юртида унинг тенгдошлари қолмаслигини эътиборга олганлар. Тенгдошларидан ҳеч ким қолмаса, йўқолганни ўлди деб ҳукм чиқарилади. Абу Ҳанифадан ривоят қилинган ушбу муддат тўқсон йилдир.
2. Моликий уламолар қуйидаги машҳур ҳадисга суяниб, бу муддатни етмиш йил дейишган:
عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِي اللهُ عَنْهُ ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «أَعْمَارُ أُمَّتِي مَا بَيْنَ السِّتِّينَ إِلَى السَّبْعِينَ». رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Умматимнинг умри олтмиш билан етмиш ўртасидадир», деганлар» (Термизий ривоят қилган).
Имом Моликдан ривоят қилинишича, Ислом диёрида киши йўқолиб, ундан хабар келиши узилса, унинг аёли ҳолатни ҳокимга олиб чиқади. Ҳоким йўқолганнинг аҳволини билиш мумкин бўлган барча воситаларни ишга солади. Агар ундан хабар тополмаса, аёлига тўрт йил муддат беради. Ушбу тўрт йил ўтгач, аёл эри ўлганнинг иддасини (тўрт ою ўн кун) ўтиради. Муддат тугагач, бошқа эрга тегиш ихтиёри хотинда бўлади.
1. Шофеъий уламолар бу муддатни йўқолган одамнинг юртидаги тенгдошлари ўлимига боғлиқ, дейишган. Бу тахминан тўқсон йилдир. Имом Шофеъийнинг наздидаги энг саҳиҳ фикр бу муддатни муайян бир замон билан белгилаш тўғри эмаслигидир. Балки йўқолганнинг ғолибо ундан кейин яшай олмайдиган муддат ўтгандан сўнг қози ижтиҳод қилиб, унинг ўлимига ҳукм чиқаради.
2. Ҳанбалий уламолар наздида агар бир одам йўқолса ва ғолибо у йўқолган пайтда ўлим хавфи кучли бўлса, мисол учун, икки тараф бир-бирига тўқнашиб, қаттиқ жанг ҳолатида ёки бир кема чўкиб, кўпчилик ҳалок бўлган ҳолатида шулар орасида бўлган, ўлик ёки тириклиги аниқланмаган йўқолган одам тўрт йил изланади. Агар шу муддат орасида бирор хабар топилмаса, унинг моли меросхўрларга тақсимлаб юборилади. Аёли эса эри ўлганнинг иддасини ўтириб, сўнг эрга тегиб кетаверади. Аммо йўқолган одам ғолибо ҳалокат йўқ ҳолатларда йўқолган бўлса, мисол учун, тижоратга ёки саёҳат ва илм талаб қилиб кетган бўлса, у ҳақда икки хил фикр бор:
• йўқолганнинг туғилган йилидан ҳисоблаб, тўқсон йил кутиш, чунки одатда кўпчилик тўқсон ёшдан ошмайди;
• унинг ишини ҳокимнинг ижтиҳодига топшириш. Ҳоким ижтиҳод қилиб, нима қарорга келса, ўша билан ҳукм қилиш.
Ушбу муддат борасидаги фикрларнинг кучлироғи ҳанбалий мазҳабиники бўлса ажабмас. Зеро, ҳанафий фуқаҳоларидан Зайлаъий буни ихтиёр қилган ва кўпчилик шу қавлни олишган. Шунга кўра муддатни белгилаш имомнинг зиммасидаги ишдир, чунки ушбу муддат одамлар ва юртларнинг турли бўлиши билан ўзгариб туради. Зеро, ҳалокатли жараёнларда, душман ёки йўлтўсарлар билан тўқнашганда йўқолган одам билан оддий ҳолатда йўқолган одамнинг ҳукми бир хил бўлмаслиги, уларга муайян бир муддатни белгилаб қўйиш тўғри эмаслиги маълумдир. Агар бу ишни ҳокимнинг зиммасига юкланса, у йўқолган одамнинг ҳолати, ёши ва юртидан келиб чиқиб, унинг тўғрисидаги энг лойиқ ҳукмни чиқаради. Бу омманинг манфаати учун тўғрироқдир.
Мафқуднинг мерос олиши. Бир киши вафот этиб, ортидан меросхўрлар қолган ва улар орасида мафқуд бўлган одам ҳам бор. Унинг ҳолати икки хил бўлиши мумкин:
1. Ушбу мафқуд ўзи билан бирга бўлганларни ҳажби ҳирмон қилиши мумкин;
2. Ушбу мафқуд ўзи билан бирга бўлганларни ҳажб қилмай, балки меросда уларга шерик бўлиши мумкин.
Биринчи ҳолат. Тариканинг ҳаммаси тўхтатиб қўйилади. Бошқа меросхўрлар мафқуднинг ҳолати зоҳир бўлгунга қадар мерос олишдан ман қилиб турилади. Агар мафқуд тирик бўлса, молнинг ҳаммасини олади. Агар қози уни ўлган деб ҳукм қилса, қолган меросхўрлар тарикани ўз улушларига кўра оладилар. Бунинг мисоли қуйидагича:
Бир одам вафот этиб, ортидан туғишган акаси, туғишган синглиси ва йўқолган ўғли қолди. Агар йўқолган ўғил тирик бўлса, ака-сингилларни мутлақ ҳажби ҳирмон қилади. Шунинг учун йўқолган ўғилдан бирор хабар келмагунча тарикани тўхтатиб турилади.
Кейинги мисолда бир киши вафот этиб, ортидан йўқолган туғишган акаси, ота бир акаси ва ота бир иккита синглиси қолди. Агар йўқолган туғишган ака тирик бўлса, ота бир ака-ука, опа-сингилларни ҳажб қилади. Демак, йўқолган туғишган акадан бирор хабар келмагунча меросни тўхтатиб турилади ва ҳоказо.
Иккинчи ҳолат. Меросхўрлар мафқуднинг ўлган ёки тириклигига қараб икки улушнинг озроғини олишади, худди хунасанинг ҳолатидагидек, кимнинг мероси ҳар қандай ҳолатда ҳам камаймаса, унинг ҳаққи тўлиқ ҳолда берилади. Кимнинг улуши икки ҳолатда икки хил бўлса, унга улушнинг озроғинин бериб турилади. Кимга икки ҳолатдан бирида мерос тегмаса, унга ҳеч нарса берилмайди. Мисол учун, бир киши вафот этиб, ортидан хотини, онаси, ота бир акаси ва йўқолган туғишган акаси қолди. Хотинга тўртдан бир, онага олтидан бир улуш берилади, қолган олтидан бир ушлаб турилади. Ота бир акага ҳеч нарса тегмайди. Ушлаб турилган олтидан бир йўқолган туғишган аканинг аҳволи аниқ бўлгунча ёки унинг ўлганлиги тўғрисида ҳукм чиқарилгунча сақлаб турилади.
Ушбу мисолда икки ҳолатдан бирида мероси ўзгармайдиган (хотин), икки ҳолатда ҳам мероси ўзгарадиган (она) ва икки ҳолатда ҳам ҳеч нарса олмайдиган (ота бир ака)ларнинг мисоли келтирилди. «Манзуматур-Роҳбия»да шундай дейилади:
Мафқудга хунасанинг ҳукмини қил,
Эркак бўлсин ёки аёлдир, шуни бил.
«Ислом шариатида мерос илми» китобидан
Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2021 йил 24 августдаги 03-07/5163-рақамли ҳамда 2022 йил 27 сентябрдаги 03-07/7348-рақамли хулосалари асосида тайёрланди.