1447 йил 26 ражаб | 2026 йил 15 январь, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мерос

Маҳжуб билан маҳрумнинг фарқи

11:24 / 17.07.2024 1411 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Маҳжуб билан маҳрумнинг ўртасида нозик фарқ бор. Кишининг меросдан маҳрум бўлишига қатл ёки турли динда бўлиш каби сифатлар сабаб бўлса, бу истилоҳда маҳрум ва мамнуъ, яъни ман қилинган деб аталади. Унинг мерос олмаслиги ман этилиш ва маҳрумлик дейилади. Унинг борлиги эътибордан тушади, йўқдек муомала қилинади. Бошқа меросхўрларга ҳам унинг таъсири бўлмайди.

Аммо меросхўр ўзидан кўра марҳумга яқинроқ ёки даражаси кучлироқ меросхўр борлиги сабабли мерос ола олмаса, у маҳжуб дейилади. Мисол учун, ота билан бирга бобонинг бўлиши, туғишган ака билан бирга ота бир аканинг бўлиши. Бундай ҳолатда бобо ўзидан кўра марҳумга яқинроқ бўлган ота борлиги сабабли мерос ола олмайди. Ота бир ака ҳам туғишган ака борлиги сабабли мерос олмайди, чунки туғишган аканинг қариндошлик қуввати ота бир акадан кўра кучлироқдир. Ушбу ҳолатдаги бобо билан ота бир акани «маҳрум бўлди», дейилмайди. Балки уларни маҳжуб (ҳажб бўлди, тўсилди), дейилади. Буларнинг борлиги эътибордан тушмайди. Балки маҳжуб бўлсалар ҳам, бошқа меросхўрларга таъсир ўтказишлари мумкин. Буни ойдинлаштириш учун баъзи мисолларни келтирамиз:

– Бир эр вафот этиб, ортидан хотини, туғишган акаси, қотил ўғли қолган бўлса. Хотин тўртдан бирни олади. Қотил ўғил эса бу ўринда йўқ, деб эътибор қилинади. Қолган тўртдан учни (¾) туғишган ака асаба ўлароқ олади. Ўғил эса қотиллик сабабли меросдан маҳрум бўлди. Агар ўғил қотил бўлмаганда, она саккиздан бирни олар, туғишган ака эса ўғил сабабли ҳажб бўлиб, меросдан ҳеч нарса олмас эди. Қолган саккиздан етти асаба ўлароқ ўғилга тегарди.

– Бир киши вафот этиб, ортидан отаси, онаси ва туғишган ака-укалари қолди. Туғишган ака-укалар бундай ҳолатда ота борлиги учун маҳжуб бўлишади. Шу билан бирга, улар онанинг меросига таъсир ўтказишади. Она туғишган ака-укалар сабабли 1/6 ни олади. Агар улар бўлмаганда, она ⅓ тўлиқ олган бўлар эди.

«Ислом шариатида мерос илми» китобидан

Ушбу китоб Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2021 йил 24 августдаги 03-07/5163-рақамли ҳамда 2022 йил 27 сентябрдаги 03-07/7348-рақамли хулосалари асосида тайёрланган.

 

 

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Али Собуний
Таржимон
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
.Радд, сўзи луғатда қайтариш, қайтиш, буриш деган маъноларда келади. Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади .Аллоҳ куфр келтирганларни ғазаблари ила ортларига давоми...

1041 15:10 / 11.06.2025
Масалаларни тўғрилаш ва меросни тақсимлаш Мерос уламоларининг наздида масаланинг асли Фарзларнинг биринчи тури frac12, frac14, Фарзларнинг иккинчи тури , , давоми...

1258 14:54 / 04.07.2025
Ислом шариати мерос низомини молиявий низомлар ичида энг гўзал, энг мукаммал ва энг адолатли суратда жорий қилди. Ислом дини инсониятнинг барчаси учун, у хоҳ давоми...

3423 14:21 / 07.05.2024
Аллоҳ таоло марҳамат қилади .У қилган васият ёки қарзадо этилганидан сўнг..., Нисо сураси, 11оят. Ояти кариманинг зоҳири давоми...

1742 07:30 / 01.03.2024