1447 йил 25 шаъбон | 2026 йил 13 февраль, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Кун дуоси

Барча ёмонликлардан паноҳ сўраш

07:41 / 24 январь 1240 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

عَنْ زَيْدِ بْنِ أَرْقَمَ رَضِي اللهُ عَنْهُ قَالَ: لَا أَقُولُ لَكُمْ إِلَّا كَمَا كَانَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَقُولُ: اللَّهُمَّ إِنِّي أَعُوذُ بِكَ مِنَ الْعَجْزِ وَالْكَسَلِ وَالْجُبْنِ وَالْبُخْلِ وَالْهَرَمِ وَعَذَابِ الْقَبْرِ، اللَّهُمَّ آتِ نَفْسِي تَقْوَاهَا وَزَكِّهَا أَنْتَ خَيْرُ مَنْ زَكَّاهَا أَنْتَ وَلِيُّهَا وَمَوْلَاهَا، اللَّهُمَّ إِنِّي أَعُوذُ بِكَ مِنْ عِلْمٍ لَا يَنْفَعُ، وَمِنْ قَلْبٍ لَا يَخْشَعُ، وَمِنْ نَفْسٍ لَا تَشْبَعُ، وَمِنْ دَعْوَةٍ لَا يُسْتَجَابُ لَهَا. رَوَاهُ الْخَمْسَةُ إِلَّا الْبُخَارِيَّ.

Зайд ибн Арқам розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Мен сизларга фақатгина Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтган нарсаларнигина айтаман:

«Аллоҳим! Албатта, мен Сендан ожизликдан, дангасаликдан, қўрқоқликдан, бахилликдан, ўта қариликдан, қабр азобидан паноҳ сўрайман.

Аллоҳим! Нафсимга тақвосини бергин ва уни поклагин. Сен уни поклашда энг яхши Зотсан. Сен унинг яқин дўсти ва мавлосисан.

Аллоҳим! Албатта, мен Сендан наф бермайдиган илмдан ва қўрқмайдиган қалбдан, тўймайдиган нафсдан ва ижобат бўлмайдиган дуодан паноҳ тилайман».

Бешовларидан фақат Бухорий ривоят қилмаган.

Шарҳ: Бу дуода паноҳ сўралаётган нарсалар тўртта:

1. Наф бермайдиган илм.

Наф бермайдиган илм асосан илмига амал қилмасликдан келиб чиқади. Илмига амал қилмаслик эса жуда катта бало ҳисобланади.

Илмига амал қилмайдиганлар гуруҳи мазкур балога дучор бўладилар. Бу гуруҳдагилар шаръий ва ақлий илмларни яхши эгаллаган, чуқур ўрганиб иш олиб борадиган бўладилар. Аммо уларда илмга амал қилиш, тоатларни адо этиб, маъсиятлардан четланиш йўқ.

Булар илм ила ғурурга кетиб, адашган гуруҳлардир. Улар илмлари ила Аллоҳ таоло азобламайдиган даражага етганмиз, деб гумон қиладилар. Ҳатто бошқа кишиларни шафоат қилишни даъво қиладилар. Илм ибодатдан афзал, дейдилар.

Аслида илм икки хил бўлади:

Биринчиси: Аллоҳ таоло ва Унинг сифатлари ҳақидаги илм. Бу одатда «Илми маърифат» дейилади.

Иккинчиси: Муомала илми. Бунга ҳалол ва ҳаром, мақталган ва ёмонланган ахлоқларни билиш илми киради. Бу хилдаги илмлар амал қилиш учун ўрганилади. Агар амал қилинмаса, бу илмларнинг кераги йўқ.

Шунинг учун ҳам илмига амал қилмаган олимларнинг ғурурга кетиши оғир мусибат ҳисобланади. Уларни уламолар қаторига қўшмаслик керак бўлади.

2. Қўрқмайдиган қалб.

Бундай қалбдан ҳам паноҳ сўраш лозим. Чунки у ҳам ўз эгасини кўп балоларга гирифтор қилиши мумкин. Бундай қалб кўпроқ илмига амал қилмаслик оқибати сифатида юзага келади.

Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу:

«Илм гапнинг кўплигида эмас. Илм қўрқишнинг кўплигидир», деган эканлар.

Имом Ҳасан ал-Басрий раҳматуллоҳи алайҳи:

«Олим Аллоҳдан ғойибона қўрққан одамдир. Аллоҳ қизиқтирган нарсага қизиққан, Аллоҳ ёмон кўрган нарсадан қочган одамдир», дея туриб: «Аллоҳдан бандалари ичидан фақат олимларигина қўрқарлар» оятини тиловат қилар эканлар.

Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу:

«Аллоҳдан қўрқиш илмнинг аломатидир. Аллоҳ ила ғурурга кетиш жаҳолатнинг аломатидир», деганлар.

Ҳасан Басрийдан фатво сўралди ва у киши жавоб бердилар. Шунда:

«Бизнинг фақиҳларимиз буни айтмайдилар», дейилди.

«Сен бирор марта фақиҳни кўрганмисан ўзи?! Фақиҳ кечасини бедор, кундузини рўзадор ўтказадиган ва дунёдан зоҳид бўлган одамдир», деганлар.

3. Тўймайдиган нафс.

Тўймайдиган нафс ўз эгасини ҳалокатга етаклайди. У дунёнинг ярмига эга бўлганда ҳам тўймайди ва эгасига, қолган ярмини ҳам ол, дейди. Бундай нафси бор киши унинг қулига айланиб қолади. Нафси нима деса, ўшани амалга ошириш пайидан бўлиб қолади. Шунинг учун ҳам бундай нафсдан паноҳ сўраб, Аллоҳ таолога илтижо қилиб турилади.

4. Ижобат бўлмайдиган дуо.

Дуонинг ижобат бўлмаслиги ҳам яхшилик аломати эмас. Қандайдир нуқсон, Аллоҳ таолога ёқмайдиган нарса борлигидан дуо қабул бўлмайди. Албатта, бу каби дуодан ҳам Аллоҳ таолонинг Ўзидан паноҳ сўраб туриш керак бўлади.

«Ҳадис ва ҳаёт» китобининг 35-жузи

Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2023 йил 2 августдаги 02-07/6202-рақамли хулосаси асосида тайёрланди.

 

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
. . Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга .Аллоҳим Менинг сиримни ошкоримдан давоми...

917 07:57 / 17 январь
Кимки ушбу салавоти шарифни ҳар тонг ва кеч кирганда уч мартадан ўқиса, ҳазрати Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вaсалламга ўттиз минг жами 60.000 caлaвот йўллаган бўлади давоми...

3324 08:10 / 15.08.2025
Амр ибн Шуайб отасидан, отасида бобосидан ривоят қилади .Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар .Кимки эрталаб ва кечқурун қуёш чиқиши ва ботишидан олдин давоми...

3080 14:07 / 18.04.2024
Абу Умома розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам .Касални зиёрат қилиш унинг пешонасига қўлни қўйиш ёки қўлини ушлаб, аҳволи давоми...

1098 09:02 / 24.06.2025
Аудиолар

230325 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

148895 14:35 / 11.08.2021