1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мерос

Мероснинг шартлари

09:26 / 10 июнь 1072 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Мероснинг шартлари ҳам учтадир:

1. Мерос қолдирувчининг ҳақиқий ёки ҳукмий равишда вафот этиши;

2. Мерос қолдирувчининг вафоти пайтида меросхўрнинг тирик бўлиши;

3. Мерос олиш жиҳатини билиш.

Биринчи шарт.

Мерос қолдирувчининг ҳақиқий ёки ҳукмий равишда вафот этиши.

Мерос қолдираётган одам ҳақиқатда ҳам вафот этмагунича ёки қозининг унинг ўлими ҳақида чиқарган ҳукми бўлмагунича ундан қолган меросни тақсимлаш мумкин бўлмайди. Мисол учун, ўлик ёки тириклиги номаълум бўлган, йўқолган киши тўғрисида қози ҳукм чиқариши лозим бўлади. Шундагина унинг мероси тақсимланади (бу кейинроқ алоҳида баҳс қилинган масала). Мерос қолдирувчининг ҳақиқатда вафот этиши ёки қозининг ҳукми билан унинг ўлган деб эътибор қилиниши ундан қолган нарсаларни меросхўрлар ўртасида тақсим қилиш учун асосий шартлардан бири бўлади, чунки инсон модомики тирик экан, ўз мулкини тасарруф қилишга қодирдир. Унинг эгалик ҳуқуқи ўзида барқарор бўлиб, бошқалар унинг мулкини тасарруф қилишга ҳақли эмас. Аммо киши вафот этса, мулкини тасарруф қилишдан мутлақ ожиз бўлиб қолади. Унинг мулки меросхўрлари зиммасига кўчиб ўтади.

Иккинчи шарт. Мерос қолдирувчи вафот қилган пайтда меросхўрнинг тирик бўлиши.

Мерос қолдирган киши вафот этгач, меросхўр унинг ўринбосари ҳисобланади. Мерос қолдирган кишининг мулки мерос йўли орқали унинг ихтиёрига ўтади. Бунинг учун мерос қолдирган одам вафот этган пайтда меросхўр тирик бўлиши шарт, чунки у мулкни тасарруф қилишга лаёқатли бўлиши керак. Вафот этган одам энди мерос йўли билан ҳам, бошқа йўллар билан ҳам мулкка эгалик қилишга қодир бўлмайди.

Ушбу шартни тушуниб, бу борада тўғри тасаввур қилишимиз учун қуйидаги ҳолатни кўриб чиқамиз:

Агар бир-биридан мерос оладиган қариндошлардан икки ёки ундан кўп киши тўсатдан вафот этиб қолса, улардан қайси бири аввал вафот этганини ҳеч ким билмаса, улар ўртасида мерос тақсимоти бўлмайди ва улардан ҳеч бири иккинчисининг тарикасига ҳақдор ҳам бўла олмайди. Мисол учун, ўғил ва ота учоқ ҳалокати ҳодисасида ёки кема ҳалокатида вафот этса ва ёки том босиб қолиш ҳодисасида бутун бир оила – фарзандлар, ака-укалар ҳалок бўлса, улар ўртасида мерос тақсимоти бўлмайди. Улардан ҳеч бири бошқасидан мерос олишга ҳақли ҳам бўла олмайди. Улардан қолган тарика тирикликлари аниқ бўлган меросхўрларга берилади. Ушбу ойдинлаштириш учун келтирган мисолимизга фуқаҳоларининг қуйидаги ибораси ишора қилади:

«Чўкканлар, ёнганлар ва хароба остида қолганлар ўртасида мерос тақсимоти йўқдир».

Соф Ислом шариати ана шундай ҳукм қилади.

Учинчи шарт. Мероснинг жиҳатини, қариндошлик жиҳатини билиш (бу – мерос тақсимлашнинг шартидир)

Мерос тақсимловчи мерос масаласининг эр-хотинлик ёки қариндошлик жиҳатларини билиши лозим. Шу билан бирга, қариндошлик даражаларини ҳам ажратиб олиши керак. Шундагина меросни тақсимлашда тўғри йўлни топиш мумкин, чунки мероснинг жиҳатига ва қариндошлик даражаларининг турлича бўлишига қараб, мерос ҳукмлари ҳам турлича бўлади. Биз бир кишини «Бу киши марҳумнинг акаси» деб, унга мерос беришимиз тўғри бўлмайди. Балки ўша аканинг туғишган аками, ота бир аками ёки она бир аками – шуни аниқлаб олишимиз керак, чунки буларнинг ҳар бири учун меросда алоҳида ҳукмлар бор. Бири фарз билан мерос олса, бошқаси асабалик жиҳатидан мерос олади. Баъзиси ҳажб бўлиб, меросдан тўсилса, баъзиси ҳажб бўлмайди ва ҳоказо.

«Ислом шариатида мерос илми» китобидан

Ушбу китоб Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2021 йил 24 августдаги 03-07/5163-рақамли ҳамда 2022 йил 27 сентябрдаги 03-07/7348-рақамли хулосалари асосида тайёрланган.

 

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Али Собуний
Таржимон
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Меросхўрлардан иккитаси тўртдан бирни олади 1. Эр. Агар эрнинг хотинида хоҳ унинг ўзидан, хоҳ бошқа эридан боласи бўлса ёки боласининг боласи бўлса қанча пастласа давоми...

876 11:42 / 03 сентябрь
Маҳжуб билан маҳрумнинг ўртасида нозик фарқ бор. Кишининг меросдан маҳрум бўлишига қатл ёки турли динда бўлиш каби сифатлар сабаб бўлса, бу истилоҳда маҳрум ва давоми...

855 11:24 / 17 июль
Ўғиллар ва қизларга оид ҳукмлар 1. Аллоҳ таолонинг .Бир ўғилга икки қиз улушича..., деган қавли қуйидаги ҳукмларга далолат қилади bull агар марҳумнинг ортидан фақат давоми...

941 10:57 / 21 февраль
Кишига мерос олиш имкониятини берадиган сабаблар учтадир 1. Ҳақиқий қариндошлик насаб боғланиши. Булар ndash отаона, фарзандлар, акаукалар, амакилар ва бошқалардир. давоми...

1098 12:19 / 28 май