1447 йил 22 жумадис сони | 2025 йил 13 декабрь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мерос

Аҳли танзил ва аҳли қаробат мазҳаблари ўртасидаги фарқ

16:07 76 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ушбу икки мазҳаб ўртасидаги фарқ қуйидагичадир:

а) аҳли танзил мазҳаби завул-арҳомларни синфларга бўлишмайди, бир гуруҳни иккинчи гуруҳдан устун қўйишмайди. Аҳли қаробат мазҳаби эса асаба бин-нафсга қиёс ўлароқ, завул-арҳом гуруҳларининг баъзисини баъзисидан муқаддам қўяди.

б) аҳли танзил мазҳабининг наздида завул-арҳомларни марҳумга боғлаб турувчи фарз эгаси ёки асаба бўлган кишиларни муқаддам қўйиш эътиборга моликдир. Аҳли қаробат мазҳабининг наздида эса қариндошлик даражаси, сўнгра қариндошлик қуввати эътиборга олинади ва худди асабалар орасидаги ҳолатдагидек, «бир эркакка икки аёл улушича» қоидасига амал қилинади.

Ушбу гуруҳларнинг мерос олиш шакли. Баён қилганимиздек, ушбу синфлар асабанинг жиҳатларига қиёсланган ҳолда тартиб қилингандир. Аввало меросга ҳақдорлар марҳумнинг фаръи, яъни фарзандларидир. Агар улар топилмаса, марҳумнинг асли, яъни ота-оналари бўлади. Агар улар ҳам бўлмаса, ака-укалар фарълари бўлади. Кейин амма-амакилар ва тоға-холаларнинг фарзандлари, сўнгра уларнинг авлодлари ва уларнинг ҳукмида бўлган туғишган ёки ота бир амакининг қизлари меросга ҳақли бўлишади. Аҳли қаробат мазҳабида (бу тартибнинг) маъноси шуки, ушбу зикр қилинган синфлардан қайси бири бўлса, ўзидан кейинги синфларни ҳажб қилади. Биринчи синф иккинчи синфни, иккинчи синф учинчи синфни ҳажб қилади. Худди асаба бин-нафс жиҳатларидагидек мана шундай бўлади. Ҳанафий фуқаҳолар шунинг учун қуйидагиларни баён қилиб келтиришади:

«Завул-арҳомлар меросда асаба бин-нафсларнинг тартибига кўра тартибланади. Марҳумнинг фарълари фарз эгалари ва асабалардан бошқа барчадан муқаддам қўйилади. Қизларнинг авлодларига ўхшаш, қанча пастласалар ҳам. Сўнгра қанча юқориласа ҳам, саҳиҳ бўлмаган бобо-момолар меросга ҳақли бўладилар. Кейин марҳумнинг ота-онасининг фарълари, опа-сингилларнинг авлодлари ва ака-укаларнинг қизларига ўхшаш, қанча пастласалар ҳам. Сўнгра олти тоифадан иборат бўлган, юқорида зикри ўтган марҳумнинг бобо ва момоларининг фарълари. Мерос ҳам ушбулар тартибига кўра бўлади».

Завул-арҳомларнинг мерос олиш шартлари

1. Фарз соҳиби мавжуд бўлмаслиги шарт. Агар фарз эгаси бўлса, у ўз фарзини олиб, сўнгра қолган молни радд билан олади. Радднинг мартабаси завул-арҳомлардан олдин туради.

2. Асаба ҳам мавжуд бўлмаслиги шарт, чунки асаба ўзи қолса, тариканинг барчасини олади. Агар фарз эгалари билан қолса, улардан ортган молнинг барчасини олади.

Лекин эр-хотиндан бири топилса, у ўз фарзини олади. Қолган мол эса завул-арҳомларга тегишли бўлади, чунки эр-хотиннинг бирига радд қилиш мартабаси завул-арҳомлар мартабасидан кейинда туради. Шунинг учун қолган мол-мулк завул-арҳомларга берилади.[1]

Муҳим эслатма. Агар юқорида ўтган завул-арҳомлардан қай бир синфидан бўлсин, бир киши қолган бўлса, у эркак ёки аёл бўлсин, тариканинг ҳаммасини олади. Ёки у билан бирга эр-хотиндан бири қолган бўлса, ортиб қолган молни олади. Агар завул-арҳомлар бир нечта бўлишса, қуйидаги тартибда меросга ҳақли бўлишади:

1. Қариндошлик даражасига кўра. Кимнинг даражаси марҳумга яқин бўлса, ўша меросга ҳақли бўлади. Қизнинг қизи қизнинг қизининг қизидан, қизнинг қизининг ўғлидан кўра меросга ҳақлироқдир, чунки унинг даражаси бошқалардан кўра марҳумга яқинроқ ҳисобланади.

2. Агар шу ўринда даражалар бир хил бўлса, марҳумга фарз эгаси ёки асаба меросхўр орқали боғланган киши меросга ҳақлироғи ҳисобланади. Мисол учун, бир киши вафот этиб, ортидан ўғлининг қизининг қизи ва қизининг ўғлининг ўғли қолган бўлса, ушбу суратда иккала меросхўрнинг ҳам даражалари бир хилдир. Лекин ўғилнинг қизининг қизи марҳумга меросхўр орқали боғланмоқда. Қизнинг ўғлининг ўғли эса марҳумга меросхўрсиз боғланади, чунки унинг отаси, яъни қизнинг ўғли завул-арҳомлардандир. Ўғилнинг қизи эса фарз эгаси бўлиб, бу ерда тариканинг ҳаммаси марҳумга меросхўр билан боғланганга, яъни ўғилнинг қизининг қизига бўлади.

3. Агар даражада ва марҳумга боғланишда баробар бўлиб қолишса, энди устунлик қариндошлик қувватига қараб бўлади.

Мисол учун, бир киши вафот этиб, ортидан туғишган акасининг қизи ва ота бир акасининг қизи қолган бўлса, молнинг барчаси туғишган аканинг қизига тегади. Ота бир аканинг қизига эса ҳеч нарса берилмайди, чунки унинг қариндошлик қуввати заифдир.

Шунингдек, бир киши вафот этиб, ортидан туғишган аканинг ўғлининг қизи ва ота бир аканинг ўғлининг қизи ҳамда она бир аканинг ўғлининг қизи қолган бўлса, тариканинг барчаси туғишган аканинг ўғлининг қизига берилади, чунки унинг қариндошлик қуввати ота бир ёки она бирларникидан қувватлироқдир.

Агар бир киши вафот этиб, ортидан ота бир аканинг ўғлининг қизи ва бошқа ота бир аканинг ўғлининг қизи қолган бўлса, уларнинг қариндошлик қуввати тенг бўлганлиги сабабли ўрталарида мерос тенг иккига бўлинади.

4. Агар қариндошлик қувватида ҳам баробар бўлиб қолишса, барчалари меросда тенг шерик бўладилар. Мисол учун, бир киши вафот этиб, ортидан учта туғишган амакисининг учта ўғлининг учта қизи қолган бўлса, улар ўртасида мерос тенг тақсимланади, чунки уларнинг қариндошлик қуввати ва даражалари тенгдир.

Мулоҳаза. Завул-арҳомлар меросида асабалар ҳолатидаги каби, «эркакка аёл улушининг икки баробари» мулоҳазаси қилинади. Ҳатто завул-арҳомлар она бир ака-ука, опа-сингилларнинг фарзандлари бўлсалар ҳам.

Хулоса. Ушбу услуб аҳли қаробат мазҳабига тегишли бўлиб, Алий ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳунинг мазҳаби ва ҳанафий имомлар мазҳаби ҳам шудир. Ушбу мазҳаб баъзи араб ва Ислом юртларида татбиқ қилинади. Юқорида ўтган тўрт гуруҳнинг ҳар бирига мерос бериш тарзи бир қанча фуруъларга бўлиниб кетган. Шу билан бирга, Абу Ҳанифанинг икки шогирдлари – имом Абу Юсуф ва имом Муҳаммадлар орасида ҳам мерос бериш суратида баъзи ихтилофлар мавжуд. Биз ушбу мазҳаб ичидаги бўлимлар ва тафсилотларни зикр қилиб ўтирмадик, чунки Ҳижоз шаҳарларида асосан амалда бўлган мазҳаб аҳли танзил мазҳабидир. Бу имом Аҳмад ибн Ҳанбал ҳамда шофеъий ва моликий фуқаҳоларнинг мутааххирлари тутган йўлдир. Уни татбиқ қилиш енгил ва осондир.

Барча саҳоба ва тобеъинлардан, мужтаҳид имомларимиз ҳамда илмига амал қилувчи уламоларимиздан Аллоҳ таоло рози бўлсин! Улар илм ва дин йўлида катта хизматлар қилишди. Аллоҳ Ислом ва мусулмонларни кўп яхшиликлар ила мукофотласин. Муваффақ қилувчи ва тўғри йўлга ҳидоят этувчи Зот Аллоҳнинг Ўзидир.

«Ислом шариатида мерос илми» китобидан

Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2021 йил 24 августдаги 03-07/5163-рақамли ҳамда 2022 йил 27 сентябрдаги 03-07/7348-рақамли хулосалари асосида тайёрланди.


 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Али Собуний
Таржимон
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Биз зикр қилиб ўтган саккиз кўринишдан бошқа ҳолатларнинг барчасида бобо учун молнинг учдан бирини олиш афзалдир. Агар марҳум ортидан бобони ва учта ёки ундан кўп давоми...

1301 13:56 / 04 апрель
Муқосама бобо учун беш ўринда афзал бўлади 1 Бобо билан туғишган сингил бўлса 2 Бобо билан иккита туғишган опасингил бўлса 3 Бобо билан учта туғишган опасингил давоми...

884 14:07 / 21 март
Ўғиллар ва қизларга оид ҳукмлар 1. Аллоҳ таолонинг .Бир ўғилга икки қиз улушича..., деган қавли қуйидаги ҳукмларга далолат қилади bull агар марҳумнинг ортидан фақат давоми...

1506 10:57 / 21.02.2024
1. Бир аёл вафот этиб, ортида отаси, онаси, қизи ва ўғлининг қизи қолди. Ҳар бир меросхўрнинг улуши қандай бўлади Отага олтидан бир ndash 16, онага олтидан бир ndash 16, давоми...

1046 12:40 / 18 май
Аудиолар

213139 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

132361 14:35 / 11.08.2021