Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Ота бир ака-ука ва туғишган ака-укаларнинг бобо билан бирга бўлишининг ҳукми.
Юқорида ўтган бобо ҳукмларининг барчасида бир турдаги ака-укалар билан қолганда қандай бўлишини кўриб ўтдик, яъни фақат туғишган ака-укалар билан ёки фақат ота бир ака-укалар билан бобо қолганда нима бўлишини кўрдик. Аммо туғишган ака-укалар ва ота бир ака-укалар аралаш бўлиб, улар билан бирга бобо қолганда, барча ака-укалар ёлғиз турдаги меросхўрлар деб ҳисобга олинади, яъни муқосама пайтида бобога зарар берган ҳолда бобонинг зиддига саноққа ўтишади. Агар бобо ўзининг юқорида ўтган ҳолатлари тақозосича ўз улушини олса, туғишган ака-укалар қолган молни олишади, ота бир ака-ука, опа-сингиллар эса меросдан маҳрум бўлишади. Бобонинг зарарига эса ҳисобда туришади. Туғишган ака-ука ва опа-сингиллар бор экан, ота бир жигарлар мерос олишмайди. Лекин ёлғиз туғишган сингил қолса, у мероснинг ярмини олади. Агар бирор нарса қолса, у ота бир ака-ука ва опа-сингилларга тегади.
Ушбу ҳолатларни ойдинлаштириш учун бир неча мисолларни кўриб чиқамиз.
Татбиқий мисоллар
а) Бир киши вафот этиб, ортидан бобоси, туғишган акаси ва ота бир акаси қолди. Бу масалада ота бир акани меросхўр деб ҳисоблаймиз. Шунда бобога учдан бирни берамиз. Туғишган акага ўз улушини берамиз ва ота бир аканинг улушини ҳам қўшиб берамиз, чунки уни туғишган ака тўсади (7-жадвал).
7-жадвал
Бобо |
Туғишган ака |
Ота бир ака |
⅓ |
⅔ |
Туғишган ака туфайли ҳаҗб бўлади |
|
Бу масалада бобога учдан бирни бердик, чунки юқорида ўтган қоидага кўра бобога икки ҳолатда, яъни (муқосама йўли билан) ёки (ҳамма молнинг учдан бирини бериш йўли билан) қайси бири афзал бўлса, ўша берилар эди. Энди бу ерда муқосама ва учдан бирни олиш тенг бўлиб қолди, чунки бобога туғишган ака ёки ота бир ака каби муомала қилинди. Ота бир ака бобонинг зиддига ҳисоб қилиниб, меросхўрлар сони учтага етди. Бобо ўз улушини олгач, ота бир аканинг улуши, юқорида баён қилганимиздек, туғишган акага кўчиб ўтди.
б) Бир киши вафот этиб, ортидан туғишган опаси, бобоси, ота бир битта акаси ва ота бир иккита синглиси қолди. Туғишган опага ярим, бобога учдан бир тегади. Қолган молни ота бир ака ва ота бир икки сингил «бир эркакка икки аёл улушича» қоидасига биноан бўлишиб олишади (8-жадвал).
8-жадвал
Ушбу масалада мулоҳаза қиламизки, бобога меросни муқосама йўли билан эмас, балки учдан бирни бердик, чунки биз ота бир акани ва ота бир икки сингилни муқосама пайтида бобога зарар келтиради, деб ҳисобладик. Муқосама учдан бирдан оз бўлиб, ундан кўра афзалроқ бўлган учдан бирни бердик. Сўнгра туғишган опага фарз улуши бўлган яримни бердик, чунки унинг қариндошлик қуввати ота бир ака-ука ва опа-сингиллардан кучлироқдир. Қолган молни ота бир ака-ука ва ота бир опа-сингиллар олишади. Агар тарикадан бирор нарса қолмаганида ота бир ака-укалар ҳеч нарча олиша олмасди.
в) Бир киши вафот этиб, ортидан онаси, бобоси, туғишган акаси ва ота бир синглиси қолди. Онага олтидан бир тегади. Бобо туғишган ака билан муқосама бўлади. Ота бир сингил эса туғишган ака сабабидан ҳажб бўлади (9-жадвал).
9-жадвал
Масала 12 дан ҳисобланиб, она 1/6 ни олади. У 2 га тенг. Бобога 4 тегади, қолган 6 қисм туғишган акага берилади, чунки ота бир сингилни муқосама пайтида бобога зарар деб ҳисобладик. Сўнгра унинг улуши олтидан икки (2/6) туғишган акага тегиб, шу ака сабабли ота бир сингил ҳажб бўлди. Бу масалага диққат билан қарайдиган бўлсак, бобо учун шу ўринда қолган молнинг учдан биридан кўра муқосама йўли афзал эканлигини кўрамиз.
г) Бир киши вафот этиб, ортидан онаси, бобоси, туғишган синглиси ва ота бир икки ака-укаси қолди. Онага олтидан бир, бобога қолган молнинг учдан бири, туғишган сингилга ярим ва ота бир икки ака-укаларга қолгани берилади (10-жадвал).
10-жадвал
Бу ерда масаланинг асли 12 дан бўлиб, барча махражга тўғри бўлинадиган қилиб олиш учун уни 3 га кўпайтирамиз. Масаланинг асли 36 бўлади. Онага 6, бобога қолган молнинг учдан бири бўлганда 10, туғишган сингилга ярим бўлганда 18, ота бир ака-укаларга ортиб қолган икки қисм берилади.
Эслатма. Агар бобо билан бирга она бир жигарлар қолса, улар фуқаҳолар ижмоси билан меросдан тўсилишади ва бобо ёлғиз ўзи меросхўр бўлиб қолади, чунки она бир жигарларнинг мерос олишида марҳумнинг калола бўлиши шарт қилиб қўйилган, яъни марҳумнинг асли ҳам, фаръи ҳам бўлмаса, ундан қолган меросни она бир жигарлар олади. «Манзуматур-Роҳбия»да шунга ишора қилиб, қуйидагилар айтилган:
Отанинг болаларин саноқда ҳисоб қил,
Она болаларин боболар-ла ҳисоб қилмагил.
Саноқдан кейин ака-укаларга ҳукм қил,
Бобо йўғида уларга ҳукм қилганингдек қил.
Эслатма. Туғишган ака-укаларнинг ва ота бир ака-укаларнинг ўғиллари бобо борлигида асло мерос ола олмайди. Бунга имомлар ва фуқаҳолар иттифоқ қилишган. Агар бир киши вафот этиб, ортидан бобоси ва туғишган акасининг ўғли қолган бўлса, молнинг ҳаммасини бобо олиб, туғишган аканинг ўғлига ҳеч нарса тегмайди. Ота бир аканинг ўғли бобо билан қолганда ҳам худди шундай бўлади. «Манзуматур-Роҳбия»да шу маънога ишора қилиниб, қуйидагилар айтилади:
Ака-ука боласин бобо ила бўлганда соқит қил,
Бу тўғри йўлнинг зоҳир адолатли ҳукмидир.
«Ислом шариатида мерос илми» китобидан
Ушбу китоб Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2021 йил 24 августдаги 03-07/5163-рақамли ҳамда 2022 йил 27 сентябрдаги 03-07/7348-рақамли хулосалари асосида чоп қилинган.