1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мерос

Насабий асабанинг турлари

14:21 / 04 ноябрь 661 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

(биринчи мақола)

Насабий асабалар меросда асосий ҳисобланиб, улар уч турга бўлинади:

1. Асаба бин-нафс (ўзи асаба бўлиш);

2. Асаба бил-ғойр (биров туфайли асаба бўлиш);

3. Асаба маъал-ғойр (биров билан бирга асаба бўлиш).

Асаба калимаси ҳеч қандай қайдларсиз, мутлақ ишлатилса, биринчи турдаги асаба тушунилади. Иккинчи ёки учинчи турдаги асабалар ҳар доим «Асаба бил-ғойр» ёки «асаба маъал-ғойр» деган қайд билан келтирилади. Иншааллоҳ, бу турларнинг ҳар бирининг ҳукмини тафсилоти билан келтирамиз.

1. Асаба бин-нафс (ўзи асаба бўлиш)

Асаба бин-нафс марҳумгача бўлган насабида аёл киши бўлмаган ўғил болага айтилиб, бунинг қуйидаги тўртта жиҳати бор:

а) Бунувват (ўғиллик): марҳумнинг ўғиллари, сўнг уларнинг ўғиллари (ўғилнинг ўғли, яъни невара, эвара, чевара) ва ҳоказолар.

б) Убувват (оталик): марҳумнинг отаси, саҳиҳ бобоси (отанинг отаси, унинг ҳам отаси) ва ҳоказолар.

г) Ухувват (ака-укалик): туғишган ака-укалар, сўнгра ота бир ака-укалар, кейин туғишган ака-укаларнинг ўғли, сўнгра ота бир ака-укаларнинг ўғли ва ҳоказо. Ухувват (ака-укалик) жиҳати туғишган ака-укалар, ота бир ака-укалар ва уларнинг ўғиллари билан чегараланади. Аммо она бир ака-укалар она билан боғлангани учун асаба бўла олмайди, улар фарз эгаси ҳисобланади.

г) Умумат (амакилик): туғишган амаки, ота бир амаки, туғишган амакининг ўғли ва ота бир амакининг ўғли ва ҳоказо.

Ушбу жиҳатлар мартабаси мана шу тартибда бўлади. Бунувват жиҳати убувват жиҳатидан, убувват жиҳати ухувват жиҳатидан муқаддам бўлади ва ҳоказо.

 

Асаба бин-нафснинг (ўзи асаба бўлишнинг) ҳукми. Аввалги дарсларимизда асаба бин-нафснинг тўрт жиҳати борлигини билдик. Мерос ушбу тўрт жиҳатнинг ўртасида юқоридаги тартибга кўра бўлинади. Агар улардан биттаси бор бўлса, мероснинг барчасини ўша олади. Ёки фарз эгалари ўз улушларини олгандан кейин ортиб қолган мероснинг барчасини олади. Агар фарз эгаларига тақсимлаганда мерос тугаб қолса, асабага ҳеч нарса тегмайди.

Мисол учун, бир аёл вафот этиб, ортидан эр, туғишган сингил, ота бир ака қолган бўлса, эрга ярим тегиб, туғишган сингилга ҳам ярим тегади. Натижада ота бир акага ҳеч нарса қолмайди, чунки фарз эгалари (эр ва туғишган сингил) тариканинг барчасини олиб қўйишди.

Агар «асаба бин-нафс»лар бир нечта бўлишса, улар ўртасидаги устунлик қуйидаги тартибда бўлади:

1. Жиҳатдаги устунлик. Агар «асаба бин-нафс»лар бир нечта бўлишса, жиҳат устунлиги олдин туради. Шунда бунувват (ўғиллик) жиҳати бошқа жиҳатлардан олдинда туради, марҳумнинг ўғиллари молнинг ҳаммасини ёки фарз эгалари ўз улушларини олиб бўлишгач, қолган молнинг ҳаммасини олишади. Агар ўғиллар бўлмаса, уларнинг ўғиллари олишади, қанча пастласалар ҳам, чунки улар оталари ўрнидадир.

Агар бир киши вафот этиб, ортидан ўғил, ота ва туғишган ака қолган бўлса, бу ўринда асаба ўғил бўлади, чунки бунувват (ўғиллик) жиҳати бошқа жиҳатлардан кўра устун туради. Ота фарз соҳиби бўлади. Туғишган акага ҳеч нарса тегмайди, чунки унинг жиҳати орқададир ва ҳоказо. Бу жиҳат юзасидан олдинда бўлиш ёки жиҳатдаги устунлик дейилади.

Аммо жиҳатдаги устунлик туғишган ака-укалар ёки ота бир ака-укалар бобо билан бирга бўлган пайтда ўтмай қолади. Уларнинг жиҳатлари оталик жиҳатидан кейин келса-да, лекин бобо билан бирга қолганлари учун кучли фикрга кўра мерос олишади. Бу Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳунинг мазҳабларидир. Бугунги кунда шаръий маҳкамаларда ҳам ушбу фикрга амал қилинади. Иншааллоҳ, бу хусусда бобонинг ака-укалар билан мерос олиши ҳақидаги баҳсда сўз юритамиз.

2. Даражадаги устунлик. «Асаба бин-нафс»лар бир нечта бўлиб, уларнинг жиҳатлари ҳам баробар бўлиб қолса, улар ўртасида устунлик даража билан белгиланади. Қайси бирлари марҳумга яқинроқ даражада бўлса, ўша меросга ҳақдорроқ бўлади.

Масалан, бир киши вафот этиб, ортидан ўғли ва ўғлининг ўғли қолган бўлса, мероснинг барчаси ўғилга тегиб, ўғилнинг ўғлига ҳеч нарса қолмайди, чунки ўғилнинг даражаси набиранинг даражасидан кўра марҳумга яқинроқдир, шунинг учун асаба бўлади.

Яна шунингдек, бир киши вафот этиб, ортидан ота бир ака ва туғишган аканинг ўғли қолган. Булар ўртасидаги жиҳат (яъни ухувват (ака-укалик) жиҳати) бир хил бўлса-да, аммо қариндошлик даражалари ҳар хилдир. Ота бир аканинг даражаси туғишган ака ўғлининг даражасидан кўра марҳумга яқинроқдир. Бундай кўринишда мероснинг барчаси ота бир акага тегади. Буни даражага кўра олдинга қўйиш дейилади.

3. Қариндошлик қувватидаги устунлик. Агар «асаба бин-нафслар» жиҳатда ва даражада баробар бўлиб қолсалар, қариндошлик қувватидаги устунликка қаралади. Кимнинг қариндошлик қуввати кучли бўлса, ўша асаба бўлади. Мисол учун: бир киши вафот этиб, ортидан туғишган акаси, ота бир акаси қолган бўлса, мероснинг ҳаммаси туғишган акага берилади. Ота бир акага эса ҳеч нарса тегмайди. Туғишган аканинг ўғли ва ота бир аканинг ўғли қолган бўлса, мероснинг ҳаммаси туғишган аканинг ўғлига тегади. Шунингдек, туғишган амаки билан ота бир амаки қолган бўлса, туғишган амаки молнинг ҳаммасини олади. Ота бир амакига эса ҳеч нарса тегмайди. Ушбу муқаддамлик қариндошлик қувватида муқаддамлик дейилади. Шу ўринда баъзи нарсаларни мулоҳаза қилишимиз керак. Қариндошлик қувватидаги устунлик бунувват (фарзандлик) ва убувват (оталик) жиҳатида бўлмайди, балки бу ухувват (биродарлик) ва умумат (амакилик) жиҳатида бўлади. Биз зикр қилиб ўтган жиҳат, даража ва қариндошлик қувватидаги устунлик мерос илмининг олими Жаъбарий келтирган қоидага бино қилингандир. У киши шундай деган:

Жиҳат олдиндир, сўнгра яқинлик,

Иккисидан кейин қувват муқаддам.

 

Нима учун ўғил отадан муқаддам қўйилади?

Агар «Ота билан ўғил марҳумга насаб ва қариндошлик жиҳатидан бир хил даражада – ўғил фаръ бўлса, ота аслдир. Бу иккиси марҳумга бир хил даражада боғланади. Шундай экан, ўғилни меросга асабалик қилишда отадан устун қўйиш қандай бўлади?! Айниқса, ўғилнинг ўғли отадан устун бўлмаслиги лойиқроқ эмасми? Бу қандай бўлади?» деган савол туғилса, унга жавобан шундай дейилади: «Ўғилнинг жиҳати отанинг жиҳатидан муқаддамдир, чунки бунувват (фарзандлик) убувват (оталик) жиҳатидан олдин туради. Буни юқорида кўриб ўтдик. Бошқа тарафдан қараганда, аллома Зайлаъий бунинг сабабини нақлий ва ақлий далиллар билан баён қилган. Ўғил асабаликда отадан кўра муқаддам туришга ҳақлироқ экани ғоятда дақиқ ва мукаммал келтирган».

Нақлий далил. Аллоҳ таоло марҳамат қилади:

} ~ ﮭ ﮮ ﮯ ﮰ ﮱ ﯓ ﯔ ﯕ ﯖ ﯗ ﯘﯙ

«Агар фарзанди бор бўлса, ундан қолган нарсадан ота-онасининг ҳар бирига олтидан бир» (Нисо сураси, 11-оят).

Аллоҳ таоло отани бола билан бирга бўлганда фарз соҳиби қилмоқда. Ўғил бола учун эса улушнинг миқдорини белгиламай, балки қолган молнинг барчасини унга тайин қилмоқда. Шундан билинадики, ўғил бола асабаликда отадан кўра муқаддам туради. Ўғилнинг ўғли ўғил йўқлигида унинг мақомида бўлганлиги боис у ҳам асабаликда отадан устун туради.

Ақлий далил. Инсон одатда отасидан кўра фарзандини устун қўяди. Унга молини беради, унинг учун мол тўплайди.

عَنْ يَعْلَى الْعَامِرِيِّ أَنَّهُ قَالَ: قَالَ النَّبِيُّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: «الْوَلَدُ مَبْخَلَةٌ مَجْبَنَةٌ». رَوَاهُ ابْنُ مَاجَهْ.

Яъло Омирийдан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Фарзанд – бахиллик ва қўрқоқлик сабабчисидир», деганлар» (Ибн Можа ривоят қилган).

Отанинг бахил ва қўрқоқ бўлишида фарзанд асосий сабаблардандир. Инсон боласи учун фаровонликни хоҳлаб, бошқаларга эҳсон қилишдан бахиллик қилади. Жиҳод ёки ҳижратдан ҳам боласи сабабли тўсилади. Демак, фарзанд инсонга отасидан кўра яқинроқдир. Валлоҳу аълам.

Қоида: «Асаба бин-нафс» фақат эркаклардан бўлади. Ҳеч қандай ҳолатда аёллар «асаба бин-нафс» бўла олмайди. Фақат қул озод қилган аёлгина «асаба бин-нафс» бўлиши мумкин.

«Манзуматур-Роҳбия» муаллифи шундай дейди:

Аёллардан ҳеч қачон асаба бўлмас,

Фақат қул озод қилган аёл асаба.

«Ислом шариатида мерос илми» китобидан

Ушбу китоб Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2021 йил 24 августдаги 03-07/5163-рақамли ҳамда 2022 йил 27 сентябрдаги 03-07/7348-рақамли хулосалари асосида тайёрланган.

 

 

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Али Собуний
Таржимон
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Олтидан бирни оладиган меросхўрлар етти тоифадир 1. Ота 2. Саҳиҳ бобо 3. Она 4. Ўғилнинг қизи 5. Ота бир опасингил 6. Саҳиҳ момо 7. Онанинг боласи она бир акаука ёки давоми...

833 17:10 / 20 октябрь
Учдан бирни олувчи меросхўрлар фақат иккитадир 1. Она 2. Она бир акаука ва опасингиллар икки ёки ундан кўп бўлишса. Биринчидан, она учдан бирни олиши учун иккита давоми...

924 12:19 / 02 октябрь
Мероснинг ярмига ҳақдор меросхўрлар бешта бўлиб, уларнинг биттаси эркак, тўрттаси аёлдир 1. Эр 2. Қиз 3. Ўғилнинг қизи 4. Отаона бир туғишган опасингиллар 5. Ота бир давоми...

1260 15:00 / 26 август
Кишига мерос олиш имкониятини берадиган сабаблар учтадир 1. Ҳақиқий қариндошлик насаб боғланиши. Булар ndash отаона, фарзандлар, акаукалар, амакилар ва бошқалардир. давоми...

1098 12:19 / 28 май