Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Биз зикр қилиб ўтган саккиз кўринишдан бошқа ҳолатларнинг барчасида бобо учун молнинг учдан бирини олиш афзалдир. Агар марҳум ортидан бобони ва учта ёки ундан кўп ака-укани қолдирса ёки бобо ва бешта ёки ундан кўп опа-сингиллар қолса ёки бобо ва икки ёки ундан кўп ака-ука ва опа-сингиллар қолса, шунда бобо молнинг учдан бирини олади. Ва қолган мол ака-ука ва опа-сингиллар ўртасида «бир эркакка икки аёл улушича» қоидаси асосида тақсимланади. Агар биз ушбу ҳолатларда бобога муқосама асосида меросни берсак, у зарар кўради, чунки бунда бобонинг улуши молнинг учдан биридан камайиб кетади. Бу эса бобонинг фойдасига бўлмайди.
Мулоҳаза. Туғишган ака ёки ука, ёки опа, ёки сингил йўқ бўлиб, ота бир ака-ука ва опа-сингиллар бобо билан бирга қолишининг ҳукми юқорида ўтган ҳукм кабидир.
Иккинчи ҳолат. Бобо, ака-ука, опа-сингиллар билан яна бир ҳақдор, яъни маълум миқдордаги фарз эгаси бўлган бошқа меросхўр қолиши. Бундай ҳолда бобо уч ҳолатнинг афзалини олади:
1. Муқосама йўли билан;
2. Қолган молнинг учдан бирини олиш билан;
3. Барча молнинг олтидан бирини олиш билан.
Ҳар қандай ҳолатда ҳам бобонинг улуши олтидан бирдан камаймаслиги керак. Фарз эгаларига ўз улушлари бериб бўлингач, олтидан бир ёки ундан кам мерос қолган бўлса, бобо ушбу олтидан бирни олиб, ака-укалар меросдан маҳрум бўлишади. Бунга барча фуқаҳолар иттифоқ қилишган.
Аммо агар фарз эгалари фарзларини олиб бўлгач, бобо учун муқосама йўли билан мерос олиш афзал бўлса, ушбу йўлни тутилади. Қолган молнинг учдан бирини олиш афзал бўлса, шуни берилади. Бу ҳам бўлмаса, мерос қанча қолган бўлса ҳам, олтидан бир берилади, чунки бобонинг меросдаги улуши ҳар қандай ҳолатда ҳам олтидан бирдан камаймаслиги керак. «Манзуматур-Роҳбия»да шундай дейилган:
Баъзан қолган молнинг учдан бирин олур,
Фарз ва ризқ эгалари олганидан сўнг.
Агар муқосама учдан бирдан оз бўлса,
Кўплашиш сабабли шундай бўлур.
Баъзан бобо молнинг олтидан бирин олур,
Ҳеч бир ҳолда ундан пастга тушмайди.
У тақсим пайтида аёллар билан бирга бўлса,
Улушда ва ҳукмда худди ака каби бўлур.
Лекин она билан келса, уни ҳажб қилмайди,
Балки она учдан бирга эга бўлади.
Иккинчи ҳолатни ойдинлаштирувчи мисоллар
а) Бир аёл вафот этиб, ортидан эри, бобоси ва туғишган акаси қолди. Эрнинг фарз улуши яримдир. Қолган мол бобо билан ака ўртасида тақсимланади. Бунда бобо учун муқосама йўли қолган молнинг учдан биридан ва ҳамма молнинг олтидан биридан яхшироқдир, чунки у тақсимлаш йўли билан тўртдан бирига эга бўлади. Қолган мол ярим бўлиб, бобо ва туғишган ака ўртасида тенг тақсимланади (1-жадвал).
1-жадвал
Эр |
Бобо |
Туғишган ака |
½ |
¼ |
¼ |
б) Бир киши вафот этиб, ортидан онаси, бобоси, икки туғишган ака-укаси ва икки опа-синглиси қолди. Онага олтидан бир, бобога қолган молнинг учдан бири тегади. Улардан ортган молни эса ака-ука ва опа-сингиллар «бир эркакка икки аёл улушича» қоидасига кўра бўлиб олишади (2-жадвал).
2-жадвал
Ona | Bobo | Tug‘ishgan ikki aka-uka | Tug‘ishgan ikki opa-singil |
---|---|---|---|
1/6 | Qolgan molning 1/3 | Qolgan molni bir erkakka ikki ayol ulushi mislica «qoida» asosida bo‘lib olishadi |
Молнинг қолганини учдан бири, яъни 5\6 нинг учдан бири тахминан юздан йигирма еттига тўғри келади. Ушбу ҳолатда бобо учун мана шу учдан бир афзалдир.
в) Бир киши вафот этиб, ортидан қизи, момоси, бобоси ва учта туғишган опа-синглиси қолди. Қиз ярим, момо олтидан бир, бобо ҳам олтидан бир олади. Туғишган опа-сингиллар қолган молни сонларига қараб бўлишиб олишади (3-жадвал).
3-жадвал
Қиз |
Момо |
Бобо |
Учта туғишган опа-сингил |
½ |
1/6 |
1/6 |
1/6 ни тенг бўлиб олишади |
г) Бир аёл вафот этиб, ортидан эри, бешта қизи, бобоси ва тўртта туғишган ака-укалари қолди. Эрга тўртдан бир, қизларга учдан икки, бобога эса олтидан бир тегади. Туғишган ака-укаларга ҳеч нарса қолмайди, чунки фарз эгалари мероснинг ҳаммасини олиб қўйишди. Масала ўн иккидан ўн учга авл бўлади (4-жадвал).
4-жадвал
Эр |
Бешта қиз |
Бобо |
Тўрт ака-ука |
¼ |
⅔ |
1/6 |
0 |
Бу ерда масала 12 дан бўлиб, эр тўртдан бирни олади, бу 3/12 бўлади. Қизлар учдан иккини олишади, бу 8/12 бўлади. Бобо олтидан бирни олади. У 2/12 бўлади. Натижада улушлар йиғиндиси 3 + 8 + 2 = 13 га тенг бўлиб қолди. Шунинг учун масала 13га авл бўлади ва туғишган ака-укалар фуқаҳолар иттифоқи билан меросдан маҳрум бўлишади.
д) Бир эр вафот этиб, ортидан иккита хотини, қизи, ўғлининг қизи, онаси, бобоси ва ўнта туғишган опа-синглиси қолди. Икки хотин саккиздан бирни олади. Қиз яримни олади. Ўғилнинг қизи учдан иккини тўлдириш учун олтидан бирни олади. Она олтидан бирни, бобо ҳам олтидан бирни олиб, туғишган опа-сингиллар маҳрум бўлишади, чунки фарз эгалари тарикани тугатиб қўйишди (5-жадвал).
5-жадвал
Иккита хотин |
Қиз |
Ўғилнинг қизи |
Она |
Бобо |
Ўнта туғишган опа-сингил |
⅛ |
½ |
1/6 |
1/6 |
1/6 |
0 |
Бу ерда масала 24 дан 27 га авл бўлади. Иккита хотиннинг улуши саккиздан бир бўлганда 8/24=3 бўлади. Қизнинг улуши ярим бўлганда 2/24=12 бўлади. Ўғилнинг қизининг улуши олтидан бир бўлганда 6/24=4 бўлади. Бобонинг улуши ҳам олтидан бир бўлганда 6/24=4 бўлади. Онанинг улуши ҳам олтидан бир бўлганда 6/24=4 бўлади. Натижа 3 + 12 + 4 + 4 + 4=27 бўлиб қолди. Шунинг учун масала 27 га авл бўлади. Туғишган опа-сингиллар эса меросдан маҳрум бўлишади.
е) Бир аёл вафот этиб, ортидан эри, тўртта қизи, онаси, бобоси, иккита туғишган опа-синглиси ва учта туғишган ака-укалари қолди. Эрга тўртдан бир тегади, қизлар учдан иккини олишади. Онанинг улуши олтидан бир бўлади. Шунда фарз эгалари тарикани тугатиб қўйиб, бобога ҳеч нарса қолмайди. Бундай ҳолда масалани авлга учратиб бўлса ҳам, бобога фарз улуш ажратамиз. У олтидан бир бўлади. Масала авл бўлиб, туғишган ака-ука, опа-сингиллар юқоридаги қоидага кўра меросдан маҳрум бўлишади (6-жадвал).
6-жадвал
Эр |
Тўртта қиз |
Она |
Бобо |
Икки туғишган опа-сингил |
Учта туғишган ака-ука |
¼ |
⅔ |
1/6 |
1/6 |
0 |
0 |
Бу ерда масала 12 дан бўлиб, эрнинг улуши 3 га, тўртта қизники 8 га, онаники 2 га, бобоники 2 га тенг. Бобога эса ҳеч нарса қолмади, (шунинг учун) бобога олтидан бир (1/6)ни берамиз, яъни бу 12 дан 2 бўлади. Натижа 3 + 8 + 2 + 2=15 бўлиб қолди. Шунинг учун масала 15 га авл бўлиб, туғишган ака-ука, опа-сингиллар меросдан маҳрум бўлиб қолишди. Ушбу ҳолат «Манзуматур-Роҳбия»даги қуйидаги байтнинг маъносидир:
Баъзан бобо молнинг олтидан бирини олади,
Ҳеч бир ҳолда ундан пастга тушмайди.
Биз буни шундай қилдик, чунки бобо ушбу ҳолатда фарз эгасига айланади. Унинг фарз улуши олтидан бир бўлиб, у ўз улушини комил суратда олади. Бунда агар масала авлга учраса ҳам, бобони олтидан бир улушидан пастга тушириб юборилмайди. Бошқа масалаларни ҳам шунга кўра ечинг.
Мулоҳаза. Биз баён қилган ушбу масалаларнинг барчасида туғишган ака-ука ва опа-сингилларни зикр қилиш билан кифояландик. Агар туғишганлар бўлмай, улар ўрнида ота бир ака-укалар бўлса ҳам, масалада ўзгариш бўлмайди, чунки ота бир ака-укалар бобо билан бирга келганда туғишган ака-укаларнинг ҳолати каби бўлишади.
«Ислом шариатида мерос илми» китобидан
Ушбу китоб Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2021 йил 24 августдаги 03-07/5163-рақамли ҳамда 2022 йил 27 сентябрдаги 03-07/7348-рақамли хулосалари асосида чоп қилинган.