1446 йил 23 жумадул аввал | 2024 йил 25 ноябрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тарих

Ислом тарихидан ибратли бир қисса

05:00 / 11.03.2017 5604 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

- Яман аҳлидан бўлган-  ўн уч нафар мусулмонлардан ташкил топган Нужайб гуруҳи ўзлари билан Аллоҳ уларга фарз қилган молларининг садақаларини олиб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келганларида уларнинг бу қудумидан Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам шодландилар ва уларга иззат- икром кўрсатдилар.

-Эй Аллоҳнинг расули, -дедилар улар,- биз Сизга молларимиз ичидаги Аллоҳнинг ҳаққини олиб келдик. Шунда у зот: 

-Уларни қайтариб олиб боринг ва фақирларингизга тақсим қилинглар, дедилар.

- Эй Аллоҳнинг расули, биз Сизга фақирларимиздан ортиб қолганларини олиб келдик, холос, дедилар улар. Шунда Абу Бакр:

- Эй Аллоҳнинг расули, ҳали араблардан ҳеч бири ана шу Нужайб қабиласи одамлари олиб келганичалик нарсани олиб келган эмас, деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

- Албатта, ҳидоят Аллоҳ азза ва жалланинг қўлидадир. Бас, кимга яхшиликни ирода қилса, унинг кўксини иймон учун кенг қилиб қўядир, дедилар.  

Улар Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан Қуръон ва Суннатдан сўраб таълим олишга тушиб кетдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларни деб ҳимматлари зиёда бўлиб кетди ва Билолга уларни яхшилаб меҳмон қилишни буюрдилар. Бас, улар бир неча кун туриб қолдилар. Улар узоқ туриб қолмадилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни кўрганликлари, у киши билан суҳбатлашганликлари ва у кишидан ўрганган илмларининг хабарини ўз қавмларига етказиш учун юртларига қайтиб кетиш истагига тушдилар. Сўнгра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан хайрлашиш учун у зотнинг ҳузурларига келдилар. У зот меҳмонлардан: “Сизлардан яна бирортангиз келмай қолмадими?” деб сўрадилар. Улар: “Ҳа. Ичимизда энг ёшимиз бўлган бир болани туяларимиз олдига қўйиб келдик”, дедилар. У зот: “Уни бизга юборинглар”, дедилар. Меҳмонлар туяларининг олдига қайтиб боргач болага: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига боргинда у киши билан бўлган ишингни биткаргин. Биз ўз ишимизни биткардик ва у киши билан видолашиб келдик”, дедилар.

 Ўсмир бола Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига етиб келди ва: 

-Эй Аллоҳнинг расули! Мен Бани Абзадан бўлган бир кишиман. –У ҳозиргина Сизнинг ҳузурингизга келиб кетган ва Сиз ҳожатларини раво этган жамоадан бўламан – демоқчи эди. Шундай экан, эй Аллоҳнинг расули, менинг ҳам ҳожатимни раво қилсангиз, деди.

-Қандай ҳожатинг бор? сўрадилар у зот. У эса:

-Менинг ҳожатим – гарчи улар Исломга рағбат ила келган ва ўзлари билан садақаларини олиб келган бўлсалар-да,- шерикларимнинг ҳожатига ўхшамайди. Мен –Аллоҳга қасамки, - Аллоҳ азза ва жалладан мени кечириб менга  раҳм қилишини, менинг бойлигимни қалбимга жо қилиб қўйишини сўраб беришингиз учун ўз юртимдан келдим, холос, деди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам –болага юзланиб-:

- “Эй Аллоҳим, уни кечир, унга раҳм қил ва унинг бойлигини қалбига солиб қўйгин” дедилар. Кейин унга ҳам унинг шерикларига амр қилган нарсаларни амр қилдилар. Сўнг ҳаммалари ўз яқинлари томон қайтиб кетдилар. 

Кейинроқ ҳижратнинг ўнинчи йили Минода Расуллуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан яна учрашдилар ва:

-Биз Бану Абзамиз, дедилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: 

-Сизлар билан менинг ҳузуримга келган ғулом нима қилди? дедилар. Улар: 

-Эй Аллоҳнинг расули, биз унга ўхшаган болани асло кўрмадик. Аллоҳ ризқ қилиб берганига ундан кўра қаноат қиладиганроқ кишини учратмадик. Агар одамлар бутун дунёни бўлишиб олсалар ҳам у уларга бурилиб қарамаган бўлар эди, дедилар. 

Шунда Расул:

-Аллоҳга шукр! Мен унинг бир бутун ҳолда вафот этишини умид қиламан, дедилар.

Улардан бири:

-Киши бир бутун ҳолида вафот этмайдими, эй Аллоҳнинг расули? деди. Расулуллоҳ – уларга одамлар ичида тарқоқ бўлиб парчаланган ҳолда вафот этадиганлари ҳам бўлишини тушинтириш учун- шундай дедилар:

-Унинг ҳавои нафслари ва ғамлари дунёнинг турли тарафларига шохлаб кетган бўлади. Унинг ажали ўша тарафлардан бирида бўлса ажаб эмас. Аллоҳ азза ва жалла унинг ўша тарафларнинг қайси бирида вафот этишига эътибор ҳам қилмайди, дедилар.

Улар дедилар: 

“Ўша бола бизнинг ичимизда энг яхши ҳолатда, дунёда энг зоҳид сифатида, Аллоҳ берган ризққа энг қаноатли инсон бўлиб яшади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам вафот этиб яманликлардан Исломдан чиққанлар чиқиб бўлганларида у ўз қавмининг ичига чиқиб уларга Аллоҳни ва Исломни эслатди. Натижада унинг қавмидан ҳеч ким диндан чиқмади. Абу Бакр Сиддиқ уни эслаб у ҳақда суриштириб турар эди. Унинг қилган ишининг хабари Абу Бакрга етиб келганида Зиёд ибн Лабийдга унга яхшилик қилишни буюриб мактуб юборди.”

Бу қалби иймон билан обод бўлган, ғами кўплаб инсонларни машғул қилиб қўйган ҳаёти дунёнинг матоҳи бўлмаган балки Аллоҳнинг ҳузуридаги энг яхши ва энг боқий нарса унинг мақсади бўлган бир йигитнинг қиссасидир.

У Расулуллоҳдан ўз ҳожатларини сўрар экан шерикларининг  - ҳатто кўплаб одамларнинг ҳам – эҳтиёжларидан бошқа бир нарсани сўради. У дунё ҳожатидан олдин динининг ҳожатини сўради, жасадидан олдин руҳининг ҳожатини сўради. Инсоннинг суврати йўқ бўлган инсонийлик маъносидаги ҳожатини сўради.

Унинг Расулуллоҳдан сўрагани: Аллоҳга уни кечиришини, унга раҳм қилишини ва бойлигини қалбига жо қилиб қўйишини! сўраб дуо қилиши бўлди.

Бу – ҳеч шубҳасиз- Расулуллоҳни қувонтирган бир ҳожат бўлди. У Расулуллоҳ билан хайрлашиб ўз аҳли ва ватанига қайтиб кетса ҳам кишиларнинг кўнгилларидан хабардор бўлган Расул макони олисда бўлса-да, замонлар ўтса-да, бу йигитни унутмадилар.

Ҳаж мавсимида унинг қавмидан қобилиятли шогирдини суриштирган ориф мураббий сингари у ҳақда суриштирдилар. Улар у зотнинг дилларига шодлик соладиган хабарни бердилар ва у зот бунинг учун Аллоҳга ҳамд айтдилар ҳамда у ҳақида ўзларининг бир оғизгина аниқ сўзларини айтиб қўйдилар: “Мен унинг бир бутун ҳолда вафот этишини умид қиламан”.

Одамлар ўзлари яшаган ҳолатда ўлим топадилар. Шунинг учун ким бир бутун бўлиб яшаса бир бутун бўлиб вафот этади. Кимки тарқоқ бўлиб яшаса яшаганидек ўлади. 

Озчилик инсонлар, ҳатто, жуда ҳам озчилиги битта ғоя билан яшайди ва ўз ғамларини битта ғамга мужассам қилади. У учун яшайди ва унинг учун ўлади. Бу- ўша ўзининг ғоясини Аллоҳнинг ҳузуридан қарор топиш, йўлини Аллоҳ чизиб берган йўлга эргашиш қилиб қўйган ақл кўзи очиқ мўминдир. Ундаги ҳамма нарса Аллоҳники ва Аллоҳ билан. Унинг шиори: “Албатта, менинг намозим, ибодатларим, ҳаёт ва мамотим оламларнинг Робби Аллоҳ учундир. Унинг шериги йўқ. Ана шунга буюрилганман. Ва мен энг аввалги мусулмонман. Аллоҳдан ўзгани Роббим дейми? Ҳолбуки У ҳамма нарсанинг Роббидир”. 

Ана шу одамгина –ундан бошқасини топмаймиз- бир бутун бўлиб яшаб бир бутун ҳолда вафот этадиган кишидир! 



Алоуддин Хофий



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Исмоил алайҳиссалом пайғамбарлар ичида энг насаби машҳур, яъни отаонаси машҳур зотлардан бирлари десак, муболаға қилмаган бўламиз. У зот Иброҳим алайҳиссалом ва давоми...

6244 15:00 / 17.02.2019
Салжуқийлар давлатининг буюк султони АлпАрслон бўлиб, унинг тўлиқ исми Муҳаммад ибн Довуддир. У зотнинг унвон ёки фахрий тахаллуслари Зиёуддин, Азуддавла, Тожул давоми...

1763 09:00 / 25.02.2023
Қуръони карим тарихда ўтган бир неча қавмлар ҳақида хабар беради quotУларга ўзларидан илгари ўтган кишилар бўлмиш Нуҳ, Од, Самуд қавмларининг ва Иброҳим қавмининг, давоми...

9629 05:00 / 06.01.2017
Кавказ ҳақида фикр юритар эканмиз, бунда Осиё билан Европа ўртасида жойлашган, ғарб томони Қора денгиз, шарқ томони эса Каспий денгизи билан чекланган тоғли давоми...

4286 17:00 / 08.06.2022
Аудиолар

135322 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

55572 14:35 / 11.08.2021