1446 йил 20 жумадул аввал | 2024 йил 22 ноябрь, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тарих

Исломнинг энг аввалги элчиси

16:32 / 01.04.2021 2833 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Уҳуд ғазоти тугагач мусулмонлар ўзларидан шаҳид кетганларни қидира бошладилар ва қонга беланган, икки қўли узилган, юз кўринишидан дунёдан кўз юмишидан аввал машаққатли ҳаёт кечирганлиги билиниб турган бир йигитни топдилар. Мусулмонлар уни кафанламоқчи бўлган вақтларида жасадини тўлиқ ёпишга етарли бўлмаган бир бурда (чопон) дан бошқа нарса топа олмадилар. Агар у билан бошини ўраймиз десалар, икки оёғи очилиб қолар, икки оёғини ўрамоқчи бўлсалар, боши очилиб қолар эди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам изҳир (хушбўй ҳидли ўсимлик) билан ўрашга амр қилдилар.

Хўш, нима учун дунёдан кетар чоғи кафанлиги жасадини ёпишга ҳам етмай қолган ушбу йигит ҳақида эсланмоқда?

Нима сабабдан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва бошқа саҳобалар унинг  вафотидан жуда қаттиқ маҳзун бўлдилар?

Бундан бир неча йил аввал...

Моддий имконияти кенг, Маккадаги Қурайш қабиласига мансуб оиладан чиройли, нозик табиат, хушрўй юзли, Маккадаги энг сара либосларни кийиб юрувчи, энг яхши атирлар билан хушбўйланувчи бир йигит чиқди. Бу йигит Ислом рисолатини эшитгач таъсирланди ва даъватдан қаноат ҳосил қилиб Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам қўлларида нубувватнинг дастлабки йилларида иймонга келганини эълон қилди. Ўзининг мусулмон бўлганини аҳлига билдиргач улар унга қарши уруш эълон қилишди. Уни Исломдан воз кечишини исташди. У яшаб ўрганган неъматлардан мосуво қилинишини тушунтиришди. Йигит Ислом сабабли буларнинг барчасини қурбон қилишни ихтиёр қилди. Қолган ҳаётида қийинчилик, машаққат, муаммолардан сақланиш учун бошпана излаб у жойдан бу жойга кўчиб юрди. Маккада ўзининг дабдабали ҳаёти ила зарбулмасалга айланган бўлса ҳам шаҳид бўлиб ҳаётдан кўз юмган вақтида жасадини тўлиқ кафанлаш учун мусулмонлар кафанлик топа олишмаган бу хушбичим йигит Мусъаб ибн Умайр розияллоҳу анҳудир.

Мусъаб ибн Умайр розияллоҳу анҳу иймон келтиргач Маккадаги дабдабали ҳаётидан воз кечишга рози бўлгач, аҳли оиласи унга уруш очишди. Уни иқтисодий тангликка ташлашди. Уларнинг мақсадлари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг динларидан қайтаришлик эди. Аммо Мусъаб ибн Умайр розияллоҳу анҳу ҳақда собит турди, ўзи иймон келтирган йўлда дунё матолари, мол-дунёдан маҳрум бўлишдан ташвиш қилмади.

Мусъаб ибн Умайр розияллоҳу анҳу ва ясриблик мусулмонлар аҳолини Исломга даъват қилишда жонбозлик кўрсатган шахслардир. Мусъаб ибн Умайр розияллоҳу анҳу Пайғамбар алайҳиссаломнинг тавсиялари бўйича иш олиб борар эдилар. У киши одамларга Қуръон ўқитиш, Исломдан таълим бериш ва дин аҳкомларини ўргатишни ажойиб услуб билан йўлга қўяр эдилар. Гоҳида баъзи одамлар у кишининг олдига ўлдирмоқчи бўлиб, қурол кўтариб кирар эди. Аммо Мусъаб ибн Умайр розияллоҳу анҳунинг ширин муомаласи, қироати ва Ислом ҳақидаги сўзларидан кейин кўнгли эриб, мусулмон бўлиб, у киши нима топшириқ берса, ўшани сўзсиз бажарадиган бўлиб чиқар эди.

عَنْ خَبَّابٍ رَضِي اللهُ عَنْهُ قَالَ: هَاجَرْنَا مَعَ رَسُولِ الله صلى الله عليه وسلم نَبْتَغِي وَجْهَ اللهِ فَوَقَعَ أَجْرُنَا عَلَى اللهِ، فَمِنَّا مَنْ مَاتَ وَلَمْ يَأْكُلْ مِنْ أَجْرِهِ شَيْئًا، وَمِنَّا مَنْ أَيْنَعَتْ لَهُ ثَمَرَتُهُ فَهُوَ يَهْدِبُهَا، وَإِنَّ مُصْعَبَ بْنَ عُمَيْرٍ مَاتَ وَلَمْ يَتْرُكْ إِلَّا ثَوْبًا، كَانُوا إِذَا غَطَّوْا بِهِ رَأْسَهُ خَرَجَتْ رِجْلَاهُ، وَإِذَا غُطِّيَ بِهَا رِجْلَاهُ خَرَجَ رَأْسُهُ، فَقَالَ رَسُولُ اللهِ صلى الله عليه وسلم: غَطُّوا رَأْسَهُ وَاجْعَلُوا عَلَى رِجْلَيْهِ الْإِذْخِرَ. رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ بِسَنَدٍ صَحِيحٍ وَالْبُخَارِيُّ. 

:Хаббоб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга Аллоҳнинг розилигини тилаб, ҳижрат қилдик. Бизнинг ажримиз Аллоҳнинг зиммасига тушди. Бас, биздан ажридан бирор нарсани емай ўлганлар ҳам бўлди. Биздан кимнингдир меваси пишиб етилди ва ул уни териб олди. Мусъаб ибн Умайр ўлганда биргина кийимдан бошқа нарсани қолдирмади.

У билан бошини ёпсалар, икки оёғи очилиб қолди. У билан оёқлари ёпилса, боши очилиб қолди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«У билан бошини ёпинглар, оёқларига изхир ўсимлигидан қўйинглар», деб амр қилдилар».

Термизий саҳиҳ санад ила ва Бухорий ривоят қилганлар.

Мусъаб ибн Умайр розияллоҳу анҳу шаҳиди аъло бўлганларида ёшлари қирқда эди.

Уламоларимиз: «Аллоҳ таолонинг «Аҳзоб» сурасидаги: «Мўминлардан Аллоҳга берган ваъдаларига содиқ қолган кишилар бордир. Бас, улардан ажалини топганлар ҳам, интизор бўлиб турганлар ҳам бордир. Улар (бирор нарсани) алмаштирмадилар» (23-оят), деган қавли айнан Мусъаб ибн Умайр розияллоҳу анҳу ва у кишининг шаҳид биродарлари ҳақида нозил бўлган», дейдилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам Мусъаб ибн Умайр розияллоҳу анҳу ва у киши билан бирга Уҳудда иймон йўлида шаҳид бўлган зотларни муносиб тақдирладилар. Ўша куни мусулмонлар учун катта мусибат етганига ва ўзларига катта қийинчиликлар ориз бўлганига қарамай, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам жанг майдонида сочилиб ётган мурдалар ичидан Мусъаб ибн Умайр розияллоҳу анҳунинг жуссаларини излаб, топдилар. У зот ўзларининг биринчи элчилари, биринчи даъватчилари ва биринчи байроқдорлари Мусъаб ибн Умайр розияллоҳу анҳунинг қонга беланган муборак жасадларига алам билан назар солиб, туриб қолдилар. Сарвари оламнинг кўзлари Мусъаб ибн Умайр розияллоҳу анҳунинг биргина эски чопонидан иборат кафанига ҳам тушди ва дарду алам билан шаҳиди аъло саҳобийга қараб:

«Сени Маккада кўрган эдим. Унда сендан кўра кийими рақиқроқ, сочи гўзалроқ одам йўқ эди. Энди бўлса сен сочинг тўзиган, биргина чопондасан», дедилар.

Сўнгра оламларнинг сарвари алайҳиссалом Мусъаб ибн Умайр розияллоҳу анҳуга ва у кишининг шаҳид биродарларига қарата:

«Аллоҳнинг Расули шоҳидлик берурки, албатта, сизлар қиёмат куни Аллоҳнинг ҳузуридаги шоҳидларисиз», дедилар.

Бу сўзларни айтиб бўлганларидан кейин Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам тирик қолган саҳобаи киромларга мурожаат қилиб:

«Сизлар уларни зиёрат қилинглар. Уларнинг ҳузурларига келиб туринглар. Уларга салом бериб туринглар. Менинг жоним қўлида бўлган Зот ила қасамки, қиёматгача қай бир салом бергувчи уларга салом берса, албатта, улар алик олурлар», дедилар.

Бир йил ўтганидан сўнг Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам яна келиб, Уҳуд шаҳидлари қабри устида худди тобутдаги маййитга жаноза ўқигандек жаноза ўқидилар.

Аллоҳ таоло Мусъаб ибн Умайр розияллоҳу анҳуни Ислом динига қилган мардонаворлиги ҳамда қурбонлиги эвазига хайрли мукофоти ила мукофотласин!

 

«Ҳадис ва ҳаёт» ва «Ислом умматининг 100 буюк шахси» асарлари асосида 
Хуршид Маъруф тайёрлади

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Саъид ибн Усмон уларни Мадинага келтирди. Аммо бухоролик асирлар тутқунликдаги ҳаётдан ўлимни афзал кўришди ҳамда Саъиднинг саройида уни ўлдиришди ва ўзларини давоми...

2220 11:00 / 17.12.2020
Абдуллоҳ ибн Абду Наҳм Музаний исломга киришни ниҳоятда истар эди. Аммо унинг қавми унга босим ўтказиб исломга киришдан ман қилишди. Унинг бу йўлда қаттиқ давоми...

2397 14:00 / 18.06.2022
.Жазоирда араб халқини ташкил этадиганмусулмонлар яшайди. Кимдаким ушбухалқни ўз илдизини йўқотганёки ўлиб битган халқ деса, ёлғон айтади,.Имом Абдулҳамид ибн давоми...

1962 10:31 / 07.11.2021
ҳижратдан аввалги 13 йил Рамазон ойи, душанбага ўтар кечаси милодий 610 йил, августОиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга давоми...

2375 10:30 / 26.11.2019
Аудиолар

135080 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

55357 14:35 / 11.08.2021