1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тарих

Ислом пайғамбари

05:00 / 24.02.2017 5005 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

АРАБИСТОН. Бу Исломнинг бешиги. Ислом пайғамбари шу ерда таваллуд топдилар, у зот араб тилида сўзлашардилар ва у кишининг таълимотлари арабларга қарата ёзилган эди, улар эса бу таълимотни оламга ёйдилар. Бинобарин, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг уларга ва улар орқали бошқаларга таъсирини тушуниб етмоқ учун арабларнинг урф-одатлари, феъл-атвори ва, шунингдек, уларнинг Исломгача бўлган ҳаёт тарзлари билан танишганимиз сингари юртлари тўғрисида ҳам маълумотга эга бўлмоғимиз зарур. Араблар қадимий маданий дунёдан қарийб ажратиб қўйилаёзган мамлакат фуқароларидир, бу мамлакатнинг шимолини саҳро ишғол қилган, денгизлар эса уни уч томондан ювиб туради, шимоли-шарқий томонда Фурот дарёси оқиб ўтади, шимоли-ғарбида Ўртаер денгизи жойлашган. Араблар уни Жазиратул-араб деб аташади. Сомийлар ирқининг бир шохобчаси бўлган араблар жуда қадимий халқдир, улар қадим замонлардан буён ўзларига хос турмуш тарзига эга бўлганлар ва шу боисдан ўзларининг пайдо бўлишлари-ю келиб чиқишлари, ўз юртлари ва урф-одатлари билан фахрланадилар. Арабистоннинг каттагина қисми саҳродан иборат бўлиб, у ер-бу ерда бадавийлар, кўчманчи қабилалар учун яйловлар хизматини ўтайдиган водийлар жойлашган. Бу ерда ёввойи қумлар орасида воҳалар, кичик-кичик оролчалар ва ҳатто тоғлар учрайдики, у ерларда ёғингарчилик кўп бўлади. Яман ана шундай масканлардан бири ҳисобланади, биз Арабистон тарихи ҳақидаги ҳикоямизни шу мамлакатдан бошлаймиз.

ЯМАН. Қулай иқлимга эга ясси тоғлар мамлакати. У ерда ёмғирлар ёғиб туради, қишда эса совуқ бўлади. Кенг яшил водийларда буғдой, тариқ ва арпа ўсади. Тоғ ёнбағирларида токзорлар, мевали боғлар, масалан, хурмозорлар, ўрикзор, анорзорлар ва ёнғоқзорлар ястаниб ётибди. Шунингдек, мокко қаҳваси ҳам экиладики, уни етиштиришда Яман асрлар бўйи машҳур бўлиб келди ва ҳозир ҳам донг таратмоқда. Муайян миқдорда чорваси ҳам бор. Сана – Яманнинг пойтахти ҳисобланади. Яманликлар ҳамиша Арабистоннинг энг бой табақаларини ташкил қилиб келганлар. Қадимда Яман юксак даражада ривожланган ўз маданиятига эга бўлганлиги маълум. Яманликларни Исломгача ҳимёрлар деб аташарди. Улар Пайғамбар алайҳиссалом дунёга келишларидан анча илгариёқ Рим билан савдо алоқаларини олиб борганлар.


ҲАЗАРАЛМАВТ. Ямандан шарқда соҳил бўйлаб жойлашган. Унинг ҳам тарихий алоқалари бўлган ва гуллаб-яшнаган мамлакат саналганлиги эҳтимолдан холи эмас, зеро водийларида қадимий шаҳарчалар ва анҳорларнинг харобалари сақланиб қолган. Машҳур франкинсен дарахти танасидан чиқадиган сақичсимон шира атир-упа саноатида ишлатилиб, дунёда юксак қадрланиб келади. Мазкур жойнинг номи эса юнон тарихчиси Ҳеродот асарларида Исо пайғамбар дунёга келишларидан беш аср муқаддам қайд этиб ўтилган. Бу ерда меҳнатсевар кишилар яшаган. Улар резавор кўкатлар, мева, тариқ ва арпа етиштирганлар, бадавийлар эса мол боқишган, тери учун қўй асрашган. Бу ерлик кишилар қадим замонлардан бери денгизга меҳр қўйиб, у орқали Шарқ ҳамда Узоқ Шарқ билан савдо алоқаларини боғлаб туришган. Кўчиб кетганлари Шарқий Африқода, Ҳиндистон ғарбидаги денгиз соҳилларида ва Суматрада қўним топганлар.


НАЖД. Марказий Арабистоннинг ясси тоғликларида жойлашган. Унинг жанубида ва шимолида теп-текис, гиёҳ ўсмас чўллар ястаниб ётибди, жануб томондаги Руб-ал-Холи деб номланувчи кенглик чўл эмас, нақ биёбондир, шимол тарафдагиси эса Нуфуд чўли деб аталади. Нажд ўзига хос қуруқ, лекин кишига тетиклик бағишловчи иқлимга эга хушҳаво бир манзилгоҳдир. У ҳар доим жасур қабилалари ва зотдор отлари билан донг таратиб келган. Ўн тўққизинчи асрда Муҳаммад ибн Абдул Ваҳҳоб бошчилигида юзага келган сипоҳилар ҳаракатининг ватани ҳисобланади. Бугунги кунда Нажд нефт қазиб чиқариш билан боғлиқ корхоналар марказига айланган. Арабистон қироли Амир Сауд ана шу ерларда таваллуд топган. Унинг отаси Амир Абдул Азиз ибн Сауд Ҳижозни ҳам забт этди ва эндиликда, Яман, Ҳазаралмавт ва жануби-ғарбий соҳилни истисно қилганда, бутун мамлакат Саудия Арабистони деб аталади.


ҲИЖОЗ. Ниҳоят, Арабистон ярим оролининг энг муҳим қисми бўлган Ҳижозга мурожаат қиламиз. У Ямандан шимолда ва Нажддан ғарбда жойлашган бўлиб, бизнинг тадқиқотимизда бир оқ доғни ташкил қилади. Бу ерга Ямандаги сингари хуш иқлим ва яшиллик, Ҳазаралмавт каби ҳосилдорлик, Хас ва Форс кўрфазига ёндош шарқий туманлардагидек нефт бойлиги, шунингдек, Наждга хос яхши иқлим-у нефт конлари насиб этмаган экан. Ҳижоз ўз воҳаларига, Мадина ва Тоифда боғлари ҳамда ўсимликлари учун товхоналарига эга, ҳар ҳолда у  Арабистоннинг энг камбағал қисми ҳисобланади. Шунга қарамасдан ҳанузгача арабларнинг ғоят муҳим вилояти бўлиб қоляпти. Макка ва Мадинадек иккита Ислом шаҳри унинг тасарруфида. Макка ҳатто Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам туғилишларидан илгари ҳам муқаддас жой ҳисобланиб, Арабистоннинг турли бурчакларидан зиёратчилар оқими унга томон оқиб келаверган.


АРАБЛАР ТУРМУШИ. Арабистон шунчалик кенг ва турли-туман минтақалардан иборат бўлса-да, аҳолисининг турмуши ҳамма жойда бир хил эди.  Қулай ер ҳам, етарли даражада одамлар ҳам бўлмаганидан улар йирик шаҳарлар бунёд эта олмасдилар. Ўзаро оилавий ришталар билан боғланган кичик-кичик гуруҳларга бирлашиб яшардилар. Аждодлари муштараклигидан бўлса керак, баъзи оилалар уруғ жамоасига уюшардилар, худди шу асосда айрим жамоалар қабилаларни ташкил қилишарди. Ҳар бир араб ягона оила, уруғ ва аниқ бир  қабилага мансуб эди. Улар бир жойда яшаб, бирга курашардилар, қайғу-ғамларини, шоду-хуррамликларини биргаликда баҳам кўрардилар. Озиқ-овқат ҳамиша танқис бўлганлигидан одамлар учун ҳам, ҳайвонлар учун ҳам ҳаёт омонат ва хатарли эди, кишиларнинг кайфияти ҳеч қачон бирдай осойишта бўлолмасди. Исталган пайтда бир қўшни иккинчи қўшни устига бостириб келиши мумкин эди. Бундай ҳужумлар баъзида ғалаба келтирса-да, таҳликали ўтарди, чунки рақиб жангсиз таслим бўлмаслиги аён. Араб қўли қилич кўтара олмай ва отни бошқара олмай қолгунича олишаверарди. Уруғлар ўртасидаги ғанимлик ҳеч қачон битта одам билан чегараланиб қолмасди, бошқа бир жамоанинг аъзоси жангда, ҳужум пайтида ёки пистирмадан туриб ўлдирилгудек бўлса, дарҳол бутун қабила ўзаро низолар гирдобига тортиларди ва авлоддан-авлодга ўтиб, кўплаб кишиларнинг ёстиғини қуритарди. Чунки қонга – қон, жонга – жон, деган ақида устивор эди. Араб ўз жонини аямасди, унинг учун ҳаёт бир чақа, энг муҳими – шон-шарафни ҳимоя қилиш ҳисобланарди.


КЎЧМАНЧИ АРАБЛАР. Араблар жуда қадим замонлардан шундай яшаб келишади. Уларнинг кўплари ҳаётнинг бир хиллигидан безиб, кўникиб қолган жойларидаги ерларнинг унумсизлигидан безор бўлиб, шимол томон жила бошладилар. Зеро, у ёқда ям-яшил водийлар, кенг дарёлар мавжуд бўлганлигидан катта курашлар эвазига бўлса ҳам, қўлга киритилган маконда роҳат-фароғатга етишиши мумкин эди. Шундай қилиб, араблар шимол, шимоли-шарқ, Ироққа, икки дарё оралиғидаги мамлакатга, Фурот ва Дажла дарёлари томон, шунингдек, Шом ва Фаластинга – яшил тепаликлар ва серҳосил водийлар сари  йўл олдилар. Ироқда гуллаб-яшнаган қадимий аққадоилиқлар, холдейлар, шумерлар ва осурийлар узоқ ўтмишда чўлдан кўчиб келиб қолган бўлсалар, ажаб эмас. Шунингдек, Фаластин муҳожирлари – финикийлар, арамейлар, аморийлар ва хабрусийлар ҳам асли араблардир. Ислом рисолатидан юз йилча муқаддам ҳассанийлар ёки Бани Ҳассан Фаластинга кўчиб келишган, насороликни қабул  қилишган.


АРАБЛАРНИНГ ҚЎШНИЛАРИ. Суриянинг шимоли-ғарбида ва Ироқнинг шимоли-шарқида икки қудратли империя – насроний эътиқодидаги Византия ва форслар (сосонийлар деб ҳам аталган) давлати жойлашган эди. Форсларнинг аксарияти зардуштийликка эътиқод қўйгандилар. Бу давлатларнинг иккаласи ҳам қадимий маданиятга эга бўлиб, ҳар бири ўз маданияти билан фахрланарди. Арабларни қолоқ ёввойилар деб ҳисоблаб, улар билан савдо-сотиқдан бошқа алоқаларга эга бўлмаганлар ва бўлишни ҳам хоҳламасдилар. Бироқ ўша  византияликлар билан форслар ҳам бир-бирларини ёқтиришмасди. Исломдан юз йиллар илгари ўзаро курашиб ҳам турганлар, бу савашларда баъзан «Шаҳаншоҳ» деб ном олган Хисравшоҳ византияликларни мағлубиятга учратса, баъзида Византия императори форслар устидан ғолиб чиқарди. Оқибати эса, айниқса, савдо-сотиқ соҳасида кони зарар эди, форслар юрти орқали ўтиб, Узоқ Шарққа, Ҳиндистон ва Хитойга олиб борадиган савдо йўллари издан чиқарди.


ЯНГИ САВДО ЙЎЛИ.  Шу сабабларга кўра бошқа бир савдо йўлини очиш зарур эди ва гарчи у қадар тўғри, унчалик янги бўлмаса ҳам, шундай йўл очилди.  Йўлларнинг бир қисми денгиз узра ва бошқа қисми қуруқлик орқали ўтди. Жанубда кемалар юкларини Яманнинг Адан бандаргоҳига келтириб туширарди, у ердан моллар туя карвонлари ёрдамида соҳил бўйлаб Маккага етказиларди. Маккадан эса бошқа карвонлар шу моллар ҳамда маҳаллий араб хомашёсини – хурмо, мис, туя жунидан қилинган бўйраларни, чодирлар, хушбўй тутатқиларни олиб йўлга чиқарди. Карвонлар кейинчалик Мадина деб атала бошланган Ясриб томон йўл олишар, у ердан ҳам бошқа молларни ортиб, Суриянинг бой бозорлари ва савдо марказлари бўлган Дамашқ, Ҳалаб (Алеппо)га ёки Фаластин  бандаргоҳигача етиб боришарди. Бу йўл арабларга катта фойда келтирарди. У Маккага жуда кўп сонли кишиларни, улар билан эса пулларни олиб келарди. Макка асрлар бўйи муҳим савдо макони бўлиб келди. Шаҳар аҳолиси ҳам савдогарлик билан шуғуллана бошлади. Улар ўз карвонлари билан Шомга йўл олардилар, янги-янги жойларга бориб келишарди. Бир-биридан узоқда бўлмаган Макка ва Ясриб Шарқ билан Ғарб ўртасидаги савдо алоқаларининг муҳим нуқтасига айланди. Маккада кўп оилалар бой-бадавлат бўлиб қолдилар. Шундан буён пулнинг обрўси ошиб, эгаларига, агар улар аслзодалардан бўлсалар, жуда юксак мавқелар инъом этадиган бўлди. Уларнинг қабилалари эса аста-секин  Маккада имтиёзли мавқега эга бўла бошладилар. Қурайш қабиласи ана шулардан бири эди.


ҚУРАЙШИЙЛАР. Қурайш қабиласининг бобокалони ўз қабиладошларини  Иброҳимнинг кенжа ўғли Исмоилнинг бевосита авлодлари деб билган. Бешинчи асрда таниқли қурайшийлардан бири Абдул Манноф исми билан машҳур кишининг икки ўғли бўлиб, уларни Ҳошим ва Абд уш-Шамс деб атаган. Абд уш-Шамс иродаси бўш инсон бўлган, бироқ унинг ўғли Умайя ўзига ортиқча бино қўйган кимса эди. У ўз амакиси Ҳошимни ўша замонда араблар сиғинадиган ибодатхона – муқаддас жой Каъбани авайлаб-асрашга алоқадор ишларда ўзига рақиб деб биларди.

Бани Ҳошим ва Бани Умайя деб номланган иккала уруғнинг битта жамоага бирлашуви арафасида шундай аҳвол ҳукм сурарди. Бани Умайя Ҳижоз орқали  ўтадиган хавфли савдо йўлида савдогарлик билан шуғулланиб, бу соҳада донг таратиб, етакчи бўлиб қолган эди. Бани Ҳошим художўйликка ва овчилик, ёйдан ўқ отиш, қиличбозлик сингари жасурлик талаб қилувчи машғулотларга мойил эди. Бу уруғ аъзолари ҳам савдо билан шуғуллансалар-да, умавийларга бас келолмасдилар.


АБУ СУФЁН ВА АБДУЛ МУТТАЛИБ. Олтинчи аср ўрталарида Бани Умайя  аҳлига Абу Суфён ибн Умайя бошчилик қиларди. Бу таниқли маккалик ақл-заковатли, донишманд ва мулоҳазали бир қария эди. Бани Ҳошим уруғига Абдул Мутталиб бошлиқ бўлиб, Каъба билан боғлиқ жуда муҳим вазифалар унинг зиммасига тушганди. Уни ҳамма ҳурмат қиларди, лекин халқаро ва сиёсий мавқеи Абу Суфённикичалик эмасди. Шундан бери Арабистонда барча ижтимоий қонун-қоидалар қабилаларнинг урф-одатлари негизига асосланиб келди. Маккада ҳам шундай таомил устун эди. Уруғ ёки қабила бошлиғи унинг катта аъзоси ҳисобланиб, донишманд раҳнамо ва моҳир ташкилотчи ҳисобланарди. Жамоа ишларини оқсоқоллар билан бамаслаҳат унинг ўзи ҳал қиларди. Оқсоқоллар кенгаши ва бошлиқ макон тутган Маккада айни шундай эди. Бу ерда бошлиқ фақат маҳаллий вакил бўлганлиги учун эмас, балки қобилияти, тажрибаси, ёши, обрўси ва ақл-заковатига қараб сайланарди. Абу Суфён Макканинг ана шундай етакчиларидан бири эди. 


АБУ СУФЁН ВА АБДУЛ МУТТАЛИБНИНГ ЎҒИЛЛАРИ. Абу Суфён кундалик турмушдаги донишмандлиги билан ҳам донг таратганди. У ўз  карвонлари билан кўп марталаб Шомда бўлиб, олди-сотдида ўсиб-улғайди.  Унинг Муовия исмли ўғли бўлиб, бу қобилиятли ва бардошли йигитни у ҳар доим ўзи билан бирга олиб юрарди. Муовия ўқиш-ёзишни билишидан ташқари кишилар билан хушмуомала бўлиш сабоғини ҳам олган фавқулодда табиий  қобилият соҳиби эди. Абдул Мутталибнинг ўғиллари кўп эди. Ҳамза, Абу Толиб ва Аббос улар ичида энг оқиллари саналарди. Ҳамза катта овчи ва алпқомат жангчи ҳисобланарди. Абу Толиб ва Аббос сабр-бардошли, бамаъни ва вазмин  йигит бўлиб етилдилар. Унинг Абу Лаҳаб ва Абдуллоҳ исмли яна иккита ўғли бўлган. Абу Лаҳаб ақлий жиҳатдан чегараланган, қайсар ва қасоскор инсон, Абдуллоҳ эса энг кенжа ўғил эди. 570 йилда Абдуллоҳ Ваҳбнинг қизи Оминага уйланди. Аммо умри қисқа экан, денгиз сафари пайтида ҳалок бўлди. Ўлимидан кейин дунёга келган ўғлига Муҳаммад деган ном қўйдилар.


МУҲАММАД (С.А.В.) ҲАЁТЛАРИНИНГ ИЛК ДАВРИ (571 йил). Муҳаммад алайҳиссалом туғилганларидан сал ўтиб оналари қазо қилгач, у зотни боболари Абдул Мутталиб ўз тарбиясига олади. Саккиз ёшга тўлганларида боболаридан ҳам жудо бўладилар. Шундан кейин Муҳаммад алайҳиссалом амакилари Абу Толиб уйида камол топадилар. У зотнинг болаликлари тўғрисида маълумот кам. Нақл этишларича, Муҳаммад алайҳиссалом барча араб болалари каби тарбия топганлар, лекин ҳеч қачон кўпчилик болаларга ўхшаб ҳиссиётли ўйинларга қўшилмаганлар. Босиқ ва ёшларига нисбатан жуда ўйчан бўлганлар. Воқеа-ҳодисаларни диққат билан кузатиб, атрофдаги кишиларни тушуниб етишга ҳаракат қилардилар. Етимликлари туфайли жуда ёшликлариданоқ хушмуомалаликка ўргандилар. Болаларнинг ўзаро адоватли гуруҳларини яраштириб қўйишга ҳаракат қилар, ўзлари эса ҳеч қачон уларнинг урушларида иштирок этмасдилар. Баҳслар ечими у кишига топширилса, албатта адолат ғалаба қиларди, шунинг учун ҳам болалар Муҳаммад алайҳиссаломдан маслаҳат сўраб турардилар. Катта бўлганларида ҳам у зотнинг шу обрўлари сақланиб қолди. Кишилар у кишига суяниш мумкинлигига ишонч ҳосил қилдилар. У зот ҳар доим айтган сўзларининг устидан чиқардилар. Самимий маслаҳатлари ва амалий ишлари билан ёрдам беришга доим тайёр эдилар, ҳимояларидаги киши ҳам ҳеч қачон у зотдан хафа бўлмасди. Шу боисдан у кишига Ал-Амин, яъни ишончли инсон тахаллусини беришади.


МУҲАММАД АЛАЙҲИССАЛОМНИНГ ЁШЛИКЛАРИ. Ёш Муҳаммадни амакилари Абу Толиб баъзида ўзи билан бирга Шомга олиб кетарди, чунки у кишига ҳар хил савдо битимлари тузишни ишониб топширса бўлаверарди. Табиатан кузатувчи бола фойдали маслаҳатлар беришга ҳам қодир эди. Бу сафарлар пайтида Муҳаммад алайҳиссалом ўзга мамлакат фуқаролари ҳаётини кузатиб, турли ҳикоятларни диққат билан тинглардилар. Амакилари мулоҳазали боланинг саволларига ўзича пухта ўйлаб жавоб берарди. Шу баҳона у кимга ишониш мумкинлигини ҳам билиб олишга интиларди. Амакилари Каъбанинг соқчиси эканлигидан фойдаланиб, бу муқаддас даргоҳни ташқарисидан ҳам, ичкарисидан ҳам бир неча марта кўришга муваффақ бўлганлар. Тошларга ҳамда маъбуда ва илоҳаларнинг ҳайкалларига топинаётган кишиларни кузатганлар. У ерда Лот деб номланувчи ой маъбудаси бўлиб, арабларнинг аксарияти шунга сиғинарди. Манот номли бошқа олиҳа, Ҳубал деб аталувчи маъбуда ва яна аллақанча шакллар ҳам мавжуд эди. Муҳаммад алайҳиссалом ана шу тошлар ва ҳайкалларга топиниб ва шунча кўп маъбудаларга ишонишдан кишилар қандай наф кўраётганликларини ҳеч тушуна олмасдилар. Насронийлар ва яҳудийлар ўз эътиқодларига эга эди. У зотга яҳудийлар ниҳоятда қаттиққўл, уларнинг худоси эса шафқатсиз бўлиб туюлди: шундай маросимлари борки, кўриб тоқат қилиб бўлмайди. Насронийлар анча раҳмдил Худога ишонардилар, бироқ уларнинг пайғамбари «инсонийлик»дан юксакроқ тасаввур қилиниб, «худонинг ўғли» деб аталаркан, насронийлар шунга иймон келтиришади. Қанақасига бундай бўлиши мумкинлигига Муҳаммад алайҳиссаломнинг ақллари етмасди. Арабларнинг бир қисми орасида бутун мавжудот тепасида якка Худо туриши тўғрисида мавҳум бир ақида юрарди, лекин шу худонинг кимлигини ва қандай эканлигини ҳеч ким тасаввур қилолмасди. Айрим кишилар уни Аллоҳ деб аташарди.


МУҲАММАД АЛАЙҲИССАЛОМНИНГ ХАДИЧАГА УЙЛАНИШЛАРИ. Муҳаммад алайҳиссалом 25 ёшлар чамасида қурайшийлар қабиласига мансуб маккалик Хадича исмли бой хонимга хизматкор тутинадилар. Қисқа муддат ичида у зот ўзларини ниҳоятда ҳалол, ишчан ва серғайрат меҳнаткаш ҳамда камтарин инсон сифатида кўрсатадиларки, тез орада Хадича онамизнинг ўзлари у кишига жуфти ҳалолликни таклиф қиладилар. Муҳаммад алайҳиссалом ҳеч қачон хаёлпараст бўлган эмаслар, аммо бошқа йигитларга ҳам ўхшамасдилар, шундан бўлса керак, у зотни хотин-қизлар кам қизиқтирарди. Албатта ёш жиҳатдан Хадича розийаллоҳу анҳо у зотдан катта эдилар, лекин табиатан олийҳиммат, ғоят фаҳм-фаросатли аёл эдилар. Улар бир-бирларини ёқтиришиб, ўзаро тил топишдилар ва оила қуришди.


ХАЁЛОТ ОҒУШИДАГИ ЙИЛЛАР. Муҳаммад алайҳиссалом энди хўжалик ишларидан холи эдилар. У киши ҳанузгача хотинларининг ишларини бошқариб турган бўлсалар-да, ўзлари ҳар доим орзу қилиб келган иш билан машғул бўлиб, барча динларнинг илдизлари ҳақида мушоҳада қилиб, уларнинг амалий моҳиятини очиш билан шуғулланиш имкониятига эга эдилар. Инсоннинг бутга чўқиниши боиси нимада? Кишилар ёвуз руҳларга ҳам сиғинадилар. Бундай эътиқодлар уларга нима беради? Чамаси, инсон нимагадир ишониши зарур ва шу сабабдан ҳам у ҳар қандай нарсага сиғина бошлаган. «Нима учун?» ва «Қандай нарсаларга?» – у зот шуни тушуниб етишни хоҳлардилар. Бироқ эътиқод ҳаёт ва ўлим сирини, бутун мазмуни билан фалак тилсимотини, гуноҳни кечириш, жазолаш ва рағбатлантириш муаммоларини тушунтириб беришни тақозо қилади. Табиийки, турли кишилар бу сирларнинг турлича талқинларига ишониб келадилар. Хўш, ҳақиқат қаерда? Муҳаммад алайҳиссалом ана шулар хусусида чуқур ўйларга толдилар. Доно маслаҳатлар олиш илинжида бошқаларга маслаҳат солиб кўрдилар, лекин ҳеч ким у кишининг орзуларини рўёбга чиқара олмади. Сўнгра у зот хилват жой излаб шаҳардан чиқиб кетдилар. Тоғда Хиро номли ғорда шундай жой топиб, у ерга тез-тез бориб турадиган бўлдилар. Кўп йиллар давомида шу ерда ойлаб ўтириб қайтардилар.


ВАҲИЙ (611 йил). Қирқ ёшга кириб, кунлардан бир кун ўша сокин ғорда ўтирганларида у зот алайҳиссалом ғойибдан келган бир овозни эшитадилар. «Муҳаммад! Муҳаммад! Муҳаммад!» деб чақирарди ўша овоз. «Бардам бўл! Сен Аллоҳ таолонинг пайғамбари этиб тайинландинг!» деган овоз келади яна. Овоз акс садоси ғорни анча вақтгача тўлдириб туради ва Муҳаммад алайҳиссаломга қайта-қайта эшитилаверади. У зот ҳеч нарсага тушунолмай, ўз ҳис-туйғуларининг воқеъ эканлигидан шубҳаланадилар. Ҳатто қўрқувга тушадилар. Бир неча кун ўтгач, у киши ўша овозни қайта эшитганларида ва гўё бутун оламни нурафшон қилиб юборгандек туюлган шуъла пайдо бўлганида ҳайратлари янада ошади. Энди ўша ёғду у зотга Аллоҳ таоло Ўзига элчи ва пайғамбар сифатида тайинлаган Муҳаммад ҳузурига келган фаришта Жаброил эканлигини айтади. Сўнгра у ўқишни илтимос қилади. Муҳаммад алайҳиссалом ўқишни ва ёзишни  билмасалар-да, фавқулодда истеъдодли киши эдилар. У зот ноқулайлик сезиб турарканлар, фариштанинг ўзи кетидан такрорлашни амр этади: «Роббинг номи билан ўқи, У яратувчидир...» Шундан кейин фаришта ғойиб бўлади.


МУҲАММАД АЛАЙҲИССАЛОМ АЛЛОҲ ТАОЛОНИНГ ПАЙҒАМБАРИ. Юз берган воқеадан кейин бундай хабарлар мунтазам келиб турадиган бўлди. Шошилинч хабарлар ҳам келардики, Пайғамбар алайҳиссаломни энди улар кўпроқ ташвишга сола бошлади. У зот ниҳоятда ҳалолликларидан ўзларини ҳам алдагилари келмасди. Шу боис тез-тез кўнгилларида ғашлик сеза бошладилар, аммо рафиқалари далдасидан бироз таскин топардилар. Бора-бора кўзларига кўринаётган, қулоқларига эшитилаётган нарсалар хаёл маҳсули эмаслигига амин бўлдилар. Бу жараён анчагача давом этди. Пайғамбар ҳазратларига ҳали янги таълимотни тарғиб қилиш вазифаси топширилмаган эди,  шу сабабдан у зот мазкур масалада ўзларига яқин бир кишигагина маслаҳат солдилар. Бироқ уч йил ўтгач, Муҳаммад алайҳиссалом энди расул, яъни Аллоҳнинг ердаги вакили этиб тайинланганликлари тўғрисида ваҳий келиб, бундан маккалик маслакдошларни  воқиф қилиш керак, деган таклиф бўлди. Бу жуда мушкул вазифа эди. Чунки у зот алайҳиссалом бутун Маккада эмас, балки кичик бир даврадагина ҳурмат-эътибор топган оддий бир инсон бўлиб, бойликдан нишона ҳам йўқ эди. Боз устига уруғ ва ҳатто оилага ҳам бошлиқ эмас эдилар. Халқаро карвон йўлида жойлашиб, муҳим савдо маркази ҳисобланган Маккада эса анойи одамлар яшамайди. У ер, шунингдек, муқаддас сағаналар маскани. Макка ваколатхонаси бошлиғи тадбиркор киши, кенг алоқалари бўлган ўткир элчи, деярли бутун уруғ унга ён босади. Муҳаммад алайҳиссалом янги динни тарғиб қилишга киришгудек бўлсалар, Макка оқсоқоллари бу ишни дарҳол барбод қилишлари мумкин. Хуллас, Муҳаммад алайҳиссалом билан Абу Суфён, яъни умавийлар билан ҳошимийлар орасида шундай бир сарҳад ётарди.


ЯНГИ ДИН. 
Одамлар Абу Суфён ва Абу Толибга шикоят билан келишади.  Улар Муҳаммад алайҳиссаломни у зотнинг таълимотларида битилган «Аллоҳ ягонадир. У ҳамма нарсанинг ҳокими ва яратувчиси. У ҳаёт ато қилади ва ундан маҳрум ҳам этади. Унга баравар келадиган ҳеч ким йўқ. У ҳокими мутлақдир», деган ваъз-насиҳатдан тийишни илтимос қиладилар. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам эса кишиларни тошларга сиғинишдан воз кечишга даъват этардилар. Уларни бутга топинишдан ўзларини тийишга чақирадилар. Барчани Худо кечиради, дейдилар. Инсонлардан сахий, мурувватли ва кечиримли бўлишни талаб қиладилар. «Қодир бўлишни истаганлар қандай ҳолга тушганини эсда тутинглар, улар Аллоҳ таолонинг қаҳр-ғазабидан ёниб кул бўлдилар. (Од ва Самуд тарихи шундай эди.) Тавба қилинглар, ҳамма нарсани кўриб-билиб турган, лекин саховатли бўлган Худони ғазаблантирманглар!» дея мурожаат қиладилар уларга. Пайғамбар алайҳиссаломдан Аллоҳнинг ягоналигини қайта-қайта таъкидлаш талаб  қилинарди. «Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқ, Муҳаммад Унинг пайғамбари ва элчиси». Ислом дини ана шу негизга қурилиши лозим эди.


МУХОЛИФЛАР. Оддийгина бўлиб кўринган бу ғоялар Макка аҳолисининг катта қисми қалбига ғулғула солди. Чунки улар содда бўлгани билан барча худоларни инкор қилиб, эътиқодлар илдизига болта урарди, кишиларни эски майлларидан воз кечишга ундарди. Макка зодагонлари, манмансираб кетган умавийлар, шунингдек, кўпгина ҳошимийлар Муҳаммад Аллоҳнинг пайғамбари деб эълон қилинаётганлигидан хабар топиб, у қадар хафа ҳам бўлишмади. Чунки зарарсиз ҳамда ижтимоий ва сиёсий жиҳатдан кўзга ташланмас бу инсонга ҳар доим хайрихоҳлик билан муносабатда бўлар эдилар. Бундай ҳолат бутун ҳаёти ўзларининг кўз олдида ўтган Муҳаммад алайҳиссалом билан юз бераётганлигига ишонқирамадилар ҳам. Муҳаммад ақлдан озибди, деб ўйлашга мойиллик кучлироқ эди уларда. Қандай бўлмасин, Пайғамбарнинг амакилари Абу Толибга мурожаат қилиб, ўз жиянини тинчлантиришни, одамларга безовталик келтиришдан сақлашни сўрадилар. Абу Толибнинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан суҳбатидан натижа чиқмади: у зот, аксинча, амакиларига ўгит қилишга тушиб кетдилар. Бунинг устига Абу Толибнинг кенжа ўғли Али ана шу янги диннинг биринчи ишончли тарафдорларидан эди. Шу тариқа Абу Толибга берилган топшириқ барбод бўлди. У қайтиб келиб, нияти амалга ошмагани тўғрисида маккаликларга ҳикоя қилиб берганидан кейин улар ғазабга миниб, пасткаш, бефаҳм, ўта қайсар одамни – Абу Толибнинг акаси Абу Лаҳабни қўлга олишга муваффақ бўлдилар. Абу Лаҳаб Пайғамбар алайҳиссаломни ҳақорат қилишга, пўписа билан енгишга уриниб кўрди, хотини билан биргалашиб таъқиб қилсалар-да, лекин у зотни қўрқитиш қўлларидан келмади. Пайғамбар ҳазратлари ҳали очиқчасига таълим беришга жазм этмас, лекин Аллоҳ сўзларини сокинлик билан кишиларга етказаётган, ўз нутқлари билан улар қалбида ўт ёқаётган эдилар.


ЯНГИ ДИННИНГ БИРИНЧИ УММАТЛАРИ. Эркаклардан Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг дўстлари Абу Бакр, аёллардан ўз рафиқалари Хадича, болалардан Али янги динни биринчи бўлиб қабул қилган кишилар бўлишди. Анча  ўтгач, уларга бутун бир гуруҳга келиб қўшилди. Бу хабар ҳамма ёққа ёйилиб, кишиларда Исломга қизиқиш орта борди, мухолифлар эса ҳайратдан ёқа ушлаб қолдилар. Бечора мусулмонлар билан ёмон муомала қилардилар, лекин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларга далда бериб, сабр-тоқатли бўлишга даъват этардилар. Бир қанча вақт шундай давом этиб, мусулмонлар сони тобора ортиб борди. Пайғамбар алайҳиссаломнинг катта амакилари, машҳур овчи ва жангчи Ҳамза ошкора равишда ўз жиянлари томонига ўтдилар. Лекин кучли шахсияти ва соғлом ақл-заковати билан ҳамма ерда ҳурмат-эътибор қозонган қудратли маккалик Умар ибн Хаттоб янги динга юз тутмагунча мусулмонларнинг айрим қисми у зотни очиқ-ойдин қўллаб-қувватлашдан ўзларини тийиб турдилар. Ҳеч кимдан ҳайиқмайдиган бу киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ошкора ваъзга чиқишни маслаҳат бергач, Пайғамбар алайҳиссалом шунга амал қила бошладилар.

Бундай ҳолат маккаликлар ғазабини баттар қайнатиб юборди. Улар наздида Муҳаммад алайҳиссалом катта хавфга айланаётган эдилар, шунинг учун ҳам биргалашиб у кишидан халос бўлишга аҳдлашдилар.


ТАКЛИФ. Шундай бўлдики, бир гуруҳ ясрибликлар, яъни Маккага қўшни Ясриб шаҳри аҳолиси зиёратга келганларида Пайғамбар ҳазратларининг ваъзларини жон қулоқлари билан эшитдилар. Нутқ уларда жуда катта таассурот қолдирди, бир неча савол бериб, олган жавобларидан ҳам мамнун бўлишди. Кўтаринки кайфиятда янги ўй-хаёлларга тўлиб-тошиб уйларига қайтиб келишгач, кўрган-эшитганларини ҳамшаҳарлари билан ўртоқлашиб, улар қалбида ҳам катта қизиқиш уйғотдилар... Савдо қилишдан кўра кўпроқ янги дин моҳиятини тушуниб етиш мақсадида Маккага яна бир гуруҳ ташриф буюрди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам сўзларининг самимийлиги, равшанлиги ва ҳаққонийлиги гуруҳ аъзоларида чексиз таассурот қолдирди. Қуръон сураларига мафтун бўлган бу кишилар ҳам Ислом динини мамнуният билан қабул қилдилар. Маккаликлар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга ҳамда у зотнинг таълимотларига монеълик қилганликларидан хабар топишгач, у кишини ва маслакдошларини Ясрибга бориб, бу ерда ўз бурчларини бажаришга таклиф қилдилар.


ҲИЖРАТ (622 йил). Улар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламни сафдошлари билан яхши кутиб олишларига ва самимий муносабатда бўлишларига ишонтирдилар. Ёрдамларини аямай, ака-ука тутиниб, Ислом учун курашишларига иймон келтирдилар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ишни бирмунча орқага сурдилар. Аллоҳ таолонинг ижозатидан кейин умматларига кичик-кичик гуруҳ бўлиб Ясриб томон йўл олишни маслаҳат бердилар. Ғайридинларнинг шафқатсиз муносабатларидан сақланиш ниятида айрим мусулмонлар олдинроқ Ҳабашистонга жўнаб кетишганди. Лекин бу мамлакат жуда узоқда эди. Макка яқинидаги Ясриб деярли ҳаммага маълум ва улар ўз қабиладошлари орасида бўлардилар. Битта кентдан иккинчисига кўчиш араблар учун табиий ҳол бўлганлигидан улар тез орада ўзларининг янги гўшаларига кўчиб боришга қарор бериб, шуни амалга оширишга киришдилар. Пайғамбарнинг ўзлари ҳаммадан кейин кўчиб ўтдилар. У зотга эски дўстлари Абу Бакр ҳамроҳ бўлдилар. Улар ўзларини Ислом душманлари излаётганликларини яхши билганликлари учун икки кеча ғорда яшириниб ётишди, сўнг бироз ором олиб, Ясрибга етиб бордилар. Бу шаҳар шундан буён Мадина (Пайғамбар шаҳри) номи билан машҳурдир. Ҳижрат деб аталган мазкур воқеа 622 йилнинг 24 сентябрида юз берди. Мусулмон тақвими ана шу санадан бошланади.


ПАЙҒАМБАР АЛАЙҲИССАЛОМ МАДИНАДА. Ясрибда ўрнашиб қолган маккаликларни муҳожирлар, ясрибликларни эса ансорийлар (ҳалоскорлар), деб аташарди. Аҳолининг ана шу икки қатлами ўртасида аввалбошдан дўстлик юзага келди. Ансорийлар маккаликлар билан бирга қувонч-ташвишларини баҳам  кўрардилар, аралаш никоҳлар ҳам кўп эди. Улар жуда ҳамжиҳатликда яшардилар. Аллоҳ таолонинг Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам олдиларига қўйган вазифаси эса анча мураккаб эди. Мусулмонлар энди эътиқодда эркин бўлиб, ўз динини бошқаларга сингдириш ҳуқуқига эга бўлсалар ҳам, ҳали жуда кам сонли ва катта  қабилалари билан яхши боғланмаган эдилар. Бадавийлар бемалол кўчиб-қўниб юришарди. Маккаликлар савдо йўлларини назорат қилардилар, уларнинг бойлиги ва таъсири катта, ғанимлик туйғулари ҳам яққол сезилиб турарди. Бундай вазият ҳар қандай жасур одам қалбига ҳам ваҳима сола оларди. Лекин андишали инсон бўлган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўз бурчларига ва ўзларига ишончлари жуда катта эди. У зот Мадина аҳолисини маккаликлар билан бўлажак жангга ҳозирлай бошладилар. Табиатан тинчликсевар инсон бўлган Пайғамбар алайҳиссалом фақат воизгина бўлиб қолмасдан, фуқаролар раҳнамоси, уларни олийжаноб мақсадлар ҳамда ҳаракатлар сари илҳомлантирадиган киши ҳам эдилар. Бундан ташқари у зотга Аллоҳнинг сўнгги ва энг улуғ кишиси бўлишдек буюк вазифа белгилаб берилганди. Ҳадемай 52 ёшга кириб қолганликлари боис бирор яхши иш қилишга шошилардилар. Чунки инсоннинг бу ёруғ дунёдаги умри шу қадар қисқа эканлигини яхши билардилар.


БАДР ЖАНГИ. Ўзларига бақувват маккаликлар бойликлари ҳамда диёрлари билан фахрланар эдилар. Уларга қарши узоқни кўзлаб кураш олиб бориш зарур эди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам шу икки сифатнинг уйғунлигидан фойдаланишга қарор қилдилар. Уларнинг бойлиги Шом билан савдо-сотиққа боғлиқ. Шунга кўра Шом савдо йўли кесилди. Маккаликлар барча соҳаларда, ҳатто жасурликда ўзларини араблар ичида тенгсиз ҳисоблашарди, шунинг учун бу жабҳада ҳам улар ишончига путур етказиш лозим бўлди. Пайғамбар алайҳиссалом мусулмонлардан ташкил топган кичик бир қўриқчи гуруҳни Маккага йўл олган ва хойнаҳой соқчиси бўлган навбатдаги карвонга ҳужум қилиш вазифаси билан жўнатдилар. Исломнинг ашаддий душмани – Макканинг раҳбари Абу Суфён бошчилигидаги карвон билан шундай воқеа юз берди. У соқчиси бўлишига қарамасдан хавф сезиб, очиқ равишда Маккадан ёрдам сўради. Шу орада Расуллуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам раҳнамоликларида мусулмонлар ҳам етиб келишди. Улар 300 киши, маккаликлар эса 1000 нафар жангчидан иборат эди. 623 йил (ҳижрий ҳисобида иккинчи йил) Бадр шаҳри яқинида шундай кам сон жангчи билан дунёдаги ҳал қилувчи жанглардан бирида ғалаба қозонилди. Руҳи баланд мусулмонлар ўзларининг музаффар чиқишларига заррача шубҳаланмадилар. Бу буюк ғалаба эди. Кўплаб асир ва ўлжа қўлга киритилди. Лекин Пайғамбар алайҳиссалом ўч олиш таклифини рад этиб, ажойиб муомала ва узоқни кўра билиш маҳоратларини намойиш қилдилар: маккаликларни пулга алмаштиришдан бош тортиб, улар билан яхши муносабатда бўлдилар.


УҲУД ЖАНГИ (625 йил, январ). Бадр яқинидаги мағлубият маккаликлар шаънига қора доғ бўлиб тушдики, уларнинг бундан бошлари эгик эди. Инчунун, келгуси йили улар Мадинага 3000 кишилик катта куч билан ҳужум қилдилар. Мусулмонларнинг эса атиги 700 кишини қуроллантиришга қудрати етарди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам аҳволнинг жиддийлигини ҳисобга олган ҳолда умматларига қатъий фармойишлар бердилар. Ҳужум ва мудофаа режасини тузиб чиқиб, уларга ўз ўринларини қатъий сақлаб туришни амр қилдилар. Бироқ тажрибасиз мусулмонлар жангда қизишиб кетиб, барча буйруқларни эсдан чиқардилар. Улар рақиб мағлуб бўлишига кўзлари етмаса ҳам, ҳеч режасиз жангга киришиб, маккаликлар қўрғонига бостириб бордилар. Оқибатда маккаликларнинг моҳир қўмондони Холид ибн Валид бошқариб турган гуруҳ улар устига қўққисдан ташланиб, тумтарақай қилиб юборди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари ярадор бўлиб ётардилар. Шу пайт «Пайғамбар ўлдирилди!» деган ҳайқириқ эшитилди. Бу ҳолат мусулмонларни тушкунликка тушириб қўйди. Уҳуд жанги мағлубият билан тугади. Мадина мусулмонлари эса Пайғамбарларидан уятга қолдилар. Бироқ фавқулодда қобилиятли инсон бўлган Расулуллоҳ алайҳиссалом ҳаммани йиғиб панд-насиҳат қилдилар, йўл қўйган нодонликлари учун танбеҳ бериб, бундан буён буйруқларга хилоф ишларга чек қўйишни уқтирганларидан кейин мағлуб мадиналикларни яна ғолиб маккаликларга қарши бошлаб бордилар. Эрта тонгда у ерга етиб келиб, маккаликлар рўпарасига қўрғонларини тикар эканлар, катта-катта гулханлар ёқишни буюрдилар. Бунинг моҳияти мусулмонлар маккаликлар олдида руҳан тушмаганликларини намойиш қилишдан иборат эди. Тонг оқарганда маҳаллий аҳоли уларни ўзларининг шундоқ яқинларида қўрқув нималигини билмасдан бемалол кундалик ташвишлари билан машғул ҳолда кўрдилар. Шу тариқа Пайғамбар алайҳиссалом мағлубиятни ғалабага айлантирдилар.


ЯҲУДИЙЛАР ВА ИСЛОМ ҒАЛАБАСИ. Шундан кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мағлубият нималигини билмадилар, бутун Арабистон тез орада мусулмонлар бошқарувига ўтди. Мадинада ва унинг теварак-атрофида осойишталикни бузиб туришда яҳудийлар ҳам маккаликлардан қолишмас эди. Улар Пайғамбарнинг ваъз-насиҳатларига очиқдан-очиқ қарши чиқибгина қолмай, умуман, мусулмонларга қарши фитналар уюштириб турардилар, ўзлари эса аҳил ва бой-бадавлат яшашарди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам яҳудийларни бостиргунларича бир неча марта ғазавот олиб боришларига тўғри келди. Бироқ шунга қадар яҳудийлар билан маккаликлар ўз куч-ғайратларини бирлаштириш ҳисобига 10 минг кишилик кучли қўшин тўплаб, Мадинага ҳужум қилдилар. Пайғамбар алайҳиссалом шаҳар олдида мудофаа хандақлари қаздиришга мажбур бўлдилар. Мусулмонлар шу даражада қаттиқ қаршилик кўрсатдиларки, душман уни енгиб ўтишга ҳам ва ўзи қочиб қутулишга ҳам ожиз эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам энди яҳудийлар билан шуғулланиб, уларга шафқатсиз сабоқ бердилар. Яҳудийларнинг Ислом билан сўнгги жанги уларнинг Ҳайбар номли қалъасида бўлиб, бунда мусулмонлар ғолиб чиқдилар. Пайғамбар алайҳиссаломнинг ёш жиянлари Али худди шу савашда жасорат кўрсатдилар. Жангдан кейин Зайнаб исмли яҳудий қиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга тез таъсир қилувчи кучли заҳар қўшилган таом қўйиб кетади. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам овқатнинг оғу солинган бўлагини ажратиб, четга суриб қўядилар.


ҲУДАЙБИЯ СУЛҲИ (628 йил). Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзлари билан мусулмонларнинг катта бир гуруҳини Маккага ҳажга, яъни зиёратга бошлаб борадилар. Маккаликларнинг бошқа курашишга хоҳишлари бўлмаса ҳам, бундай катта йиғинга қарши эътироз билдирадилар, устига-устак мусулмонларнинг аксарияти қуролланган эди. Бир жиҳатдан бунга ажабланмаса ҳам бўларди, чунки араблар қуролсиз юрмасдилар. Лекин шундай бўлса ҳам, маккаликлар ташвишга тушиб қолдилар. Шунча катта омма муқаддас чегарани босиб ўтишига уларнинг йўл қўйгилари келмади. Мазкур масала юзасидан музокара бошлаб юборилди. Узоқ мулоқотдан кейин маккаликлар сулҳга рози бўлдилар. Ҳудайбия битими номи билан тарихга кирган бу воқеа Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сулҳ бобидаги буюк ғалабалари деб ҳисобланишининг боиси шундаки, маккаликлар мусулмонлар раҳнамосининг кўпгина шартларига кўнгандек бўлдилар. Шунга биноан улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ваъз-насиҳатлар олиб бориб, арабларни ўз эътиқодларига қаратиш ҳуқуқини эътироф этдилар. Пайғамбар алайҳиссалом ва унинг умматлари Маккага ҳажга келиб туришларига ҳам розилик бердилар. Сулҳ 10 йил муддатга тузилди. Исломлаштиришга қарши барча тўсиқлар бартараф қилингач, минглаб араблар мусулмон динини қабул қила бошладилар. Ҳарбий саркарда Холид ибн Валид янги динга кирган энг машҳур кишилардан эди.


МАККАНИНГ ФАТХ ЭТИЛИШИ (630 йил). Ўша пайтда маккаликлар хатога йўл қўйишди. Милодий 630 йили улар мусулмонлар қабиласига ҳужум уюштириб, сулҳни барбод қилдилар. Пайғамбар алайҳиссалом Маккага 10 минг кишилик катта қўшин тортди. Бу даврга келиб ҳамма нарса ўзгариб кетган эди. Энди маккаликлар Расулуллоҳдек саркарда бошқараётган шундай катта кучга юзма-юз бўлишга ночорликлари сабабли таслим бўлдилар. Уларнинг сардори Абу Суфён Ислом динини қабул қилди. Унинг ўғли Муовия Пайғамбар алайҳиссаломнинг ноибларидан бири бўлди. Арабистоннинг юраги саналмиш Макка бу гал Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни осойишта кутиб олди. Қадимий шаҳарнинг қувғинди ўғли энди унинг бағрига музаффар бўлиб қайтди. Кўрган азоблари учун ўч олиш ўрнига бу «ғалати» инсон бутун яхшилик намунаси бўлиб хизмат қилардилар. У зот ўз душманларини авф этиб, араблар учун янги хулқ-атвор намунасини намойиш қилдилар. Каъбани барча бутлардан тозалатиб, у ерда энг аввало ибодат ўтказдилар. Мазкур муқаддас даргоҳ калитини унинг ҳақиқий соқчилари ворисига топшириб, аҳли инсонларни бу ерга қалбида тинчлик, осойишталик нияти билан келишга даъват этдилар. Бу Пайғамбар алайҳиссаломнинг марҳаматлари, олийжанобликнинг юксак чўққиси сифатида баҳоланди, шу тарзда душманликни меҳр-оқибатга айлантирган ажойиб дин вужудга келди.


МУҲАММАД АЛАЙҲИССАЛОМ АРАБИСТОН САЛТАНАТИ СОҲИБИ. Навбатдаги йил охирига бориб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бутун Арабистонга ҳукмронлик қила бошладилар. Расулуллоҳ ҳар бир қабилага панд-насиҳат қилиб, уларга намоз ўқишни ўргатар, ўз уруғ ёки қабилалари тарафдори бўлиш билан барчанинг битта ғояга содиқлиги ўртасидаги фарқни исботлаб берар эдилар. Уруғ ва қабилалар ўртасида асрлар бўйи мустаҳкамланиб келган феодал муносабатларни бекор қилиш бобида зўр куч-ғайрат кўрсатдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз шахсиятларининг қудрати, нотиқлик санъатининг кучи туфайли буюк бардошлари ва фавқулодда донишмандликлари билан арабларнинг барчасига бирлик ва қардошлик ғоясини сингдира олдилар. У зот динга, Исломга эътиқод қўйиш билан бани башар қардошлиги ўртасида буюк алоқа борлигини таъкидлардилар. Аллоҳ олдида ҳамма инсонлар баробар, дердилар у зот. Ўз шахсий мисолларида бойлар ва камбағаллар, кучли ва кучсизлар, оиласи бўлганлар ва ёлғизлар – барчаси тенг эканлигини намоён этардилар. У кишининг ўзлари ҳам шундай инсонларнинг бири эканликларини, ёлғиз фарқи шундаки, Аллоҳ таоло у зот воситасида ва у зот орқали бандалари билан мулоқотда бўлишини таъкидлардилар.


ПАЙҒАМБАР СОЛЛАЛЛОҲУ АЛАЙҲИ ВАСАЛЛАМНИНГ ВАФОТЛАРИ (632 йил). Расулуллоҳ алайҳиссалом Маккани охирги марта 631 йили зиёрат қилдилар. Бу Қуръоннинг охирги суралари нозил бўлган даврга тўғри келди. «Бугун эътиқодингизни мукаммал қилдим ва шунингдек, Исломни дин қилиб танладим», дейилганди унда. Шу муносабат билан Пайғамбар алайҳиссалом инсонларга мурожаат қилиб ёлғиз Аллоҳгагина ишонишга, бошқа худоларга сиғинмасликка, ҳақиқат учун курашишга, барча мусулмонларга ўз ака-укаларидек меҳр қўйишга, бандаларга ожизларни ҳимоя қилиш, ёлғизлар ва хўрланганларга ёрдам кўрсатиш ҳуқуқини беришга чақирдилар. Мадинадан қайтиб келгач, кўп ўтмай кўрпа-тўшак қилиб ётиб қолдилар, бир неча кун давом этган бетобликдан кейин милодий  йил ҳисобида 632 йили (ҳижрий ҳисобида 10 йил) 8 июнда вафот этдилар. Шундай қилиб, саҳронинг буюк фарзанди – башариятга янги орзу-умидлар таълимотини етказиб берган Ислом Пайғамбари оламдан ўтди.


ПАЙҒАМБАР АЛАЙҲИССАЛОМНИНГ ФЕЪЛ-АТВОРЛАРИ. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам оддий одам бўлиб, инсонга хос ҳеч бир нарса – шоду хуррамлик ҳам, қайғу-ғам ҳам у кишига бегона эмасди. У зот ўзлари камбағал ва етим бўла туриб, ҳеч қачон бойларга ҳавас қилмаганлар. Ниҳоятда мўмин-қобил бўлганлари учун ҳатто шон-шуҳратга чулғанган пайтларида ҳам ўзларини мағрур тутмаганлар ва кибр-ҳавога берилмаганлар. Кишилар билан муомалада ҳар доим марҳаматли, камбағалларга, сўққабошларга, қашшоқлар ва очларга ғамхўр эдилар. Одамларга ҳамдард ва самимийликлари билан жуда катта меҳр-муҳаббат ва садоқатга сазовор бўлдилар. Хушмуомала ва одобли бўлган бу инсон бошқа кишилар ёвузлиги ва қўполлигини кўриб хафа бўларди. Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам одамларнинг кўнглини оғритувчилар ва фитначилар иши гуноҳ эканлигига ишонганлари ҳолда Макканинг таслим бўлишига ишонмаган кишиларга ёмон муомала қилган Холид ибн Валидга танбеҳ берган эдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саховатпешаликни ҳурмат қилар, ҳар қандай тақводорлик ва художўйлик билан айтилган сўзлардан хайрли ишларни афзал кўрардилар. Имкони бўлган ҳамма жойда билим излашда ўз умматларига ёрдам берардилар. Барчани ақл билан иш кўришга чақирар, бунинг аҳамияти ва қийматини ҳар бир кишига уқтиришдан чарчамасдилар. Ўзларини узоқ вақт таъқиб қилган душманларини кечириш билан бошқаларга асрлар бўйи хизмат қиладиган яхши ўрнак кўрсатдилар. Жасур ва қатъиятли бу инсон ҳеч нарсадан қўрқмас ва ўз ишида ҳеч қачон умидсизликка тушмас эди. Гарчанд у зотнинг исмлари мусулмон дунёси наздида Аллоҳи эгам номи билан боғланган бўлса ҳам, ҳамиша Худонинг буюклиги, иродаси олдида итоаткор, Унинг амридан қўрқувчи мусулмон банда эдилар. Бу оддий инсон ўзининг жуфти ҳалоли ва садоқатли турмуш ўртоғи вафотидан кейин турли вазият ва воқеалар тақозоси билан бир неча марта уйланишга мажбур бўлди: у зот ҳар хил қабилалар билан иттифоқ тузиб, диний алоқаларни мустаҳкамлашга интилардилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уч қиз ва икки ўғил  кўрдилар, ўғиллари гўдаклигидаёқ нобуд бўлиб, фақат битта қизлари – Фотима у кишидан ёдгор қолди. Фотима Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг жиянлари, дўстлари ва ишининг содиқ давомчиси Алига турмушга чиқди.


ИСЛОМ – УМУМИНСОНИЙ ДИН. 
Бошқа таълимотлардан фарқли равишда Ислом динида бешта мажбурий талаб мавжуд. Уларнинг ҳар бири муайян мазмун ва аниқ мақсадга эга. Ушбу талабларни чала ёки қисман эътироф этиш ва бажариш билан мўмин-мусулмонлик даражасига эришиб бўлмайди ва Аллоҳ таоло Исломга бундай муносабатни мутлақо маъқул кўрмайди. Ислом дини фақат тан олишни эмас, бутун вужуди, қалби билан қабул қилишни талаб этади. У бошқа динларни инкор қилмайди: Аллоҳи аълам барча халқларга Ўзининг муқаддас сўзларини ва пайғамбарини ато қилган. Одам Атодан тортиб кўплаб пайғамбарлар тайинланганки, уларнинг ҳар қайсиси ўз даврида инсонларга раҳнамолик қилган. Бироқ шунга қарамасдан, одамлар уларни унутиб қўйиб, бутун борлиқнинг ягона ҳокими бўлган ёлғиз қодир Аллоҳга эътиқод қилмасдан, ўзлари ўйлаб топган бошқа худоларга сиғина бошладилар. Илгари кишилар авом оломонни ташкил қилар эдилар, шу жиҳатдан ҳам баъзан уларни мажбур қилишга, қалбларига яхшилик уруғини сочишга тўғри келарди. Лекин вақти келиб, инсон етукликка эришди, энди илгариги пайғамбарлар таълимотида қисман бўлмаган жиҳатларни тўлдириб, такомилга етказар, деган мақсадда унга анча мукаммал сўз йўллаш зарур бўлиб қолди. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ана шу ишни амалга оширган сўнгги пайғамбар бўлдилар. 


ИСЛОМ ДИНИНИНГ АСОСИЙ ФАРЗЛАРИ. Улар қуйидагилар: калима келтириш (ақида), кунига беш вақт намоз ўқиш, рамазон ойида бир ой рўза тутиш, умумий даромаддан закот тўлаш ва ҳажга бориш.

Ақиданинг мазмуни жўн: Аллоҳдан бошқа худо йўқ, Муҳаммад алайҳиссалом эса Унинг пайғамбари. Мусулмон уммати кўп худолик ғоясини инкор қилиб, инсонга ҳаёт ато қиладиган ва куни битганда уни бир сиқим хокка айлантирадаган ёлғиз, абадий Аллоҳга ишонади. Парвардигор ухламайди ҳам, ўлмайди ҳам, азалий ва абадийдир. У Муҳаммад алайҳиссаломни ҳам яратган ва Ўзига элчи қилиб танлаган. Барча мусулмонлар доимо шу ақидага амал қиладилар.

Уммати ислом кўпчилик бўлиб ёки ёлғиз ҳолида ибодат қилиши лозим, кунига беш вақт ибодатда бўлиш фарз ҳисобланади. Чунки у шу туфайли мусулмон дўстлари билан учрашади, биргаликда Аллоҳ олдида итоат қиладилар, ибодатгача ва ундан кейин ўзаро мулоқотда бўлиб, доимий алоқа боғлаб туришлари, бир-бирларини яхши тушуниб, уйғунликда яшашлари мумкин. Ибодатдан олдин таҳорат қилиб, ўзини Яратган эгам билан учрашувга чоғлайди, бу умматларга кунига беш марта қалби ва руҳи ёмон фикрлардан ҳамда жамиятга қарши ниятлардан поклаб туриш имконини беради. Ибодат тартибларига тўғри риоя қилиш мусулмонни инсоний такомилга даъват этувчи буюк кучдир.

Уммати ислом ўз маслакдош дўстлари билан ҳар йили яна бир марта алоқа боғлайдики, бу умумий ифторлик кечалари ва ўз-ўзини чегаралаш даврига тўғри келади. Бир ой давом этадиган бу давр мобайнида урушлардан, гуноҳ ишлардан, ёмон ниятлардан, душманликдан ва қон тўкиб ўч олишдан ўзини тийиб, ёлғиз Аллоҳ тўғрисида ўйлайди ҳамда дунёнинг хасталикларини даволаш учун руҳан ва жисман чиниқади. У тўсиқларни енгиб ўтиб, ахлоқий жиҳатдан такомиллашади.  Рўза тутиш Исломнинг буюк афзалликларидан биридир.

Уммати ислом ўзининг барча оқилона эҳтиёжларини қондиргач, жамғармасининг қирқдан бир бўлагини садақа қилиши фарздир. Бу ўртоқлик, жамиятга дахлдорлик, масъулият туйғусини ҳис қилишни ўргатиши билан бирга жамиятга ҳам ёрдам ҳисобланади. Умматлар ўртасида ҳақиқий қардошлик ришталарини мустаҳкамлашда ҳеч бир нарса мусулмон дини талабларига бас келолмайди.

Ҳар бир мусулмон киши умрида камида бир марта Маккага зиёратга – ҳажга бориб, бутун мусулмон дунёсига дахлдор бўлиш йўлини топиши лозим. Шу тариқа у бошқа мусулмонлар билан дийдор кўришиш, янги муносабат ва алоқалар ўрнатиш имкониятига эга бўлади. Ўз фикр доирасини, тушунчаларини кенгайтиради, кишилар терисининг рангига, табақасига, яшаётган мамлакатига ва ирқига доир ҳеч қандай тўсиқни тан олмайдиган Ислом динининг ҳақиқий аъзоси бўлиб қолади.


ИСЛОМНИНГ БОШҚА МАҚСАДЛАРИ. Ҳар бир мусулмон уммати ўз эътиқоди, ўз Аллоҳи учун жангга киришга доим тайёр бўлиши керак. Жиҳод (муқаддас уруш) унинг учун фарздир, лекин бундай уруш сабаби ўз-ўзидан Исломнинг чинакам манфаатларига хизмат қиладиган бўлиши лозим. Модомики, Ислом жиҳодни зарур деб билар экан, уммати унда қатнашмаслиги мумкин эмас. Шундай қилиб, Ислом ҳеч қандай оғир солиқлар солишни ёки мажбур этишларни талаб қилмайди. Унинг юксак мақсадлари учун жанг қилиш ҳар бир мусулмон бандасининг бурчидир. У бутун куч-ғайратини оламда тинчликни сақлашга сафарбар қилиши лозим. Адовату хусуматга ён босмаслиги керак. Ўз душманлари  аҳволига тушуниб муносабатда бўлиши, шафқатсиз бўлмаслиги, ўзига тобе кишиларни муҳофаза қилиши даркор. Уларга ўз динини мажбуран тиқиштирмаслиги ва Аллоҳга хоҳлаган тарзларида хизмат қилишларига йўл қўйиб бериши лозим. Алҳол тақдирлари учун жавобгар бўлганлиги сабабли ҳуқуқларини ҳам ҳимоя қилишлари лозим. У ўзини ранжитган кишидан тегишли товон талаб қилишга, қўлидан келгудек бўлса, кечиришга ҳақли, авф этиш эса Худонинг хоҳишидир. Унинг ожизларни муҳофаза қилмоғи мақбул эрур. Аллоҳ уни аёлларнинг посбони қилиб яратган, шунга кўра хотин-қизларга ва болаларга  меҳрибон бўлмоғи қарздир. Уларга бошчилик ҳамда васийлик қилиши, зарур ҳолларда йўлга солиб туриши, лекин албатта адолатли ишларга йўналтириб бориши керак. Энг аввало у Аллоҳ марҳаматли ва раҳм-шафқатли эканлигини эсда тутмоғи вожиб. Шу боисдан марҳаматлилик ҳамда раҳм-шафқат илоҳий хусусиятлар бўлиб, авайлаб-асралмоғи жоиз саналади.


Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
1. Муовия ибн Абу Суфён. Ҳижрий 41 йилдан 60 йилгача.2. Язид ибни Муовия. Ҳижрий 60 йилдан 64 йилгача.3. Муовия ибн Язид. Ҳижрий 64 йилда бир неча ой 40 кун халифалик қилган.4. давоми...

3344 09:00 / 05.08.2021
Қуллар жуда оғир шароитларда яшаганликлари ҳаммага маълум. Уларнинг кўпчилиги хур бўлиб туғилганлигига қарамасдан, туғилишдан то ўлимигача бўлган ҳаёт тарзи давоми...

5447 12:24 / 11.06.2018
Соҳибқирон Ислом дини арконларига оғишмай амал қилишда ҳам пешқадам эди. У ҳамиша жамоат намозидан қолмасликка ҳаракат қилар эди. Доимо юришларида кўчма масжид давоми...

3922 15:00 / 23.12.2020
Ҳарра воқеъаси ҳижрий 63йилда бўлиб ўтган. Ҳарра ndash Мадийнаи Мунавваранинг ташқарисидаги қора тошли жойнинг номидир. Ўша вақтдаги халийфа Язид ибн Муовия ўз давоми...

3890 05:00 / 06.01.2017
Аудиолар

137666 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

57726 14:35 / 11.08.2021