1446 йил 21 жумадис сони | 2024 йил 23 декабрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тарих

Қабасотун мин ҳаётир росул (6-қисм)

05:00 / 06.03.2017 3825 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

(Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг

ҳаётларини ўрганиш)

 

АХЛОҚ

 

 “Ва, албатта, Сиз улкан хулқ узрадирсиз” (Қалам сураси, 4-оят).

 “Мен ахлоқ гўзаллигини тамомига етказиш учун юборилганман”.

Ахлоқ – умматнинг жони эрур. Қачонки жон соғлом бўлар экан, уммат ҳам бақувват, ғолиб ва азиз, мардонавор, барҳаёт бўлади. Аксинча, у фасод бўлса, уммат ҳалокатга йўлиқади, қуввати кетади, ёвларнинг муддаосига айланади ва душманларга нишон бўлади.

         Уммат муштарак мақсаддаги инсонларнинг мажмуасидан таркиб топар экан, ўша инсонлар юксак ахлоқий фазилатлардан мосуво бўлса, у ҳолда инсон уммат учун қандай моддий қийматга эга бўлиши мумкин? Ҳа, фақат юксак ахлоқий фазилатларга эга бўлган инсонларгина умматга Ер юзидаги олтинлардан кўра қимматбаҳо кўрк ва бойлик бўла олади. Уммат учун фақат юксак ахлоққина дунё ҳисоби билан ўлчаб бўлмайдиган бойлик ва аслаҳа бўла олади.

         Исломий ахлоқ мутлоқ яхшилик, омма учун салоҳиятдан иборат бўлиб, унинг асли манбаси муқаддас Ислом динидир. Унда бутун башарият учун фақтгина яхшилик ва  салоҳият кафолатланган.

         Унинг булоғидан ошкора ва махфий ҳолатда ҳам, фаровонлик ва машаққатда ҳам бир хил маромда қувватли ва нуфузли чашма отилиб чиқади. Зеро, унинг нозири Аллоҳ азза ва жалладурки, Уни мудроқ ҳам, уйқу ҳам олмас. На ер юзида ва на осмонларда зарра миқдоридаги, ундан кичикроқ ёки каттароқ нарса Ундан махфий бўла олмас.

         Саодат асрининг йўлчи юлдузлари ва уларга эргашган улуғ зотлар Аллоҳ таолога ибодат қилдилар, тақвода юқори даражаларга етишдилар ва юксак ахлоқ савиясида бўлдилар. Натижада Ислом таълимотларини тез фурсатларда бутун дунёга ёйишга эришдилар.

         Ахлоқнинг булоғидан поклик, мусаффолик, иффат, ростгўйлик, саховат, хушмуомалалик ва вафо каби инсонлар учун абадий сўнмас булоқ отилиб чиқадики, бу буюк инсоний одоблар Аллоҳ таолога ҳақиқий тақво қилиш, буйруқларига итоат этиш ва гуноҳлардан сақланишга асослангандур.

         Улуғ саҳобийлар мана шу ахлоқ ила Исломий жамиятда жамландилар. Мана шу ахлоқ ила уларнинг байроқлари курраи Заминнинг барча гўшаларида ҳилпиради. Қандоқ ҳам шундай бўлмасин, ҳолбуки улар иззат ва жабарут Соҳиби – “Сиз буюк хулқ узрадурсиз” деб сифатлаган жаноб Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам мактабларидан сабоқ олган бўлсалар!

 

Қарзимни эртага узаман

 

         Ривоят қилишларича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир яҳудийдан қарз бўлиб қолган эдилар. У қарзни қайтариб олмоқчи бўлди. Мадина кўчаларида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга рўпара келиб:

– Сиз Абдул Мутталиб уруғи қарзни чўзиб юборадиган одамлар экансизлар! – деди. Бу ҳолатни кўриб Умар розияллоҳу анҳунинг ғазаби келди ва:

– Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам изн берсалар, бу яҳудийнинг калласини узиб ташлар эдим! – деди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам эса ҳалимлик ила:

– Эй Умар, мен ва бу яҳудий бошқа чорага муносибмиз. Сен, яхшиси, унга қарзни мулойимлик билан сўрашни, менга эса вақтида адо қилишни таклиф қилсанг бўларди, – дедилар. Сўнг яҳудийга илтифот қилиб:

– Худо хоҳласа, эртага қарзимни тўлаб бераман, – дедилар.

 

Дўст дўст учун йиғлайди

 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мавлолари Зайд ибн Ҳориса Мўъта ғазотида шаҳид бўлдилар. Сарвари коинот соллаллоҳу алайҳи васаллам:

– Зайд ҳақиқатан ҳам Аллоҳ йўлида ҳақиқий жиҳод қилди. Энди у қиёмат кунида Аллоҳга барча гуноҳлардан покланган ҳолда йўлиқади, – дедилар.

Зайд розияллоҳу анҳунинг қизи Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам отасининг жасадининг устида йиғлаб турганини кўриб сўради:

 – Нега Сизни йиғлаган ҳолда кўрмоқдаман?

– Дўст албатта дўсти учун йиғлайди, – деб жавоб бердилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кўзлари тўла ёш билан.

Инглиз адиби Томас Карлейл бу қиссадан таъсирланиб шундай ёзган: “Бу каби қиссалар ва воқеалар бизларга Муҳаммад алайҳиссалом тимсолида ҳақиқий инсонийликка асосланган биродарлик ва меҳрибонликни кўрсатади. У зот бизлар учун ўта раҳмдил, мушфиқ инсон. Бизлар ҳаммамиз Одам ато ва Момо Ҳавонинг фарзандларимиз”.

 

Яхши иш қилдимми?

 

Бир аъробий Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан нарса сўради. У зот сўраганини бердилар ва:

– Сенга яхши иш қилдимми? – деб сўрадилар.

– Йўқ, яхши иш қилмадинг! Чиройли иш ҳам қилмадинг! – жавоб берди аъробий. Мусулмонлар дарғазаб бўлиб унга қарши қўзғолишди. Аммо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларга ишора қилиб тинчлантирдилар. Сўнг аъробийни уйларига олиб бориб яна нарсалар берди.

– Сенга яхши иш қилдимми? – деб сўрадилар яна.

–  Ҳа. Аллоҳ ажрингни берсин! – деди аъробий.

– Сен нима десанг-дединг. Асҳобимнинг кўнгилларига бу гапларингдан турли фикрлар келди. Энди қачон уларнинг ёнларига борсанг, ҳозирги сўзларингни айтиб бер. Токи уларнинг кўнгилларидан сенга бўлган ғашликлар кўтарилиб кетсин.

– Хўп, – деди у.

Эртаси куни Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам асҳоблари билан бирга турганларида:

– Манави аъробий кеча шундай-шундай деган эди. Кейин биз нарса қўшиб берган эдик у бизлардан рози бўлди. Шундайми? – деб аъробийга юзландилар.

– Ҳа, – деди аъробий. – Аллоҳ ажрингизни берсин. Уйингизга барака кирсин.

Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак чеҳралари шодликдан ёришиб кетди.

– Мен билан бу аъробийнинг мисоли шундайки, бир кишининг туяси бор эди, қочиб кетди. Одамлар унинг ортидан нафрат билан қувиб кетишди. Шунда туянинг эгаси одамларга: “Қўяверинглар. Мен ўзим туямга меҳрибонроқман. Унинг феълини ҳам яхши биламан”, деди. Ердан бир сиқим ахлат олиб уни чақирди. Туя келиб чўккалади. Эгаси эгарни боғлаб, устига чиқиб ўтирди. Мен ўша ҳолатича қолдирсам, сизлар уни ўлдиришгача борур эдингиз. У ҳам дўзахга тушар эди, – дедилар Сарвари коинот соллаллоҳу алайҳи васаллам.

 

Инсонларнинг яхшиси

 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига бир киши келди. Бироқ Сарвари коинотнинг ҳайбатлари босиб гапиришга журъат қила олмади.

– Тортинма, – дедилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам, – Мен ҳам қуритилган гўшт еган аёлнинг боласиман.

Бошқа куни одамларнинг олдиларидан ўтиб бораётган эдилар, одамлар таъзим бажо айлаб ўринларидан турмоқчи бўлдилар. Аммо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ишдан қайтариб:

– Ажамлар бир-бирларига таъзим қилиб ўринларидан тургани каби сизлар ҳам ўринларингиздан турманглар! – дедилар.

Аллоҳ таоло мўминларга неъматини охирига етказиб, динларини мукаммал қилганидан сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам фоний дунёдан рихлат қилиш фурсати етганини сезиб қолдилар. Минбарга кўтарилиб:

– Эй инсонлар! Мен кимнинг орқасига савалаган бўлсам, мана менинг орқам, ўчини олсин! Кимнинг шаънига тегиб сўккан бўлсам, мана менинг шаъним – ўчини олсин! Кимнинг молини олган бўлсам, мана менинг молим – қайтариб олсин! Ғазабланади деб чўчимасин, бу иш менинг шаънимга тўғри келмайди, – дедилар.

Яна бир куни Ғавс ибн Ҳорис жаноб соллаллоҳу алайҳи васалламнинг йўлларини тўсиб, қиличини суғурди ва:

– Эй Муҳаммад! Сени мендан ким сақлаб олади? – деди.

– Аллоҳ! – дедилар соллаллоҳу алайҳи васаллам.

Шу пайт Ғавснинг қўлидан қиличи тушиб кетди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам қилични қўлларига олдилар ва:

– Энди сени мендан ким сақлаб қолади? – дедилар.

– Бир яхшилик қилинг, – деди Ғавс. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уни афв қилдилар ва қўйиб юбордилар. Ғавс қавмига қайтиб бориб уларга:

– Мен инсонларнинг энг яхшисининг ҳузуридан келяпман! – деди.

 

Онажон, қўй соғувчи киши келди!

 

Саййидимиз Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу халифаликларидан аввал мусулмонларга имомлик қилар эди, ҳазрат Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга халифа эдилар. Хизматларини аъло даражада адо қилар эди. Қўшниларини ҳурматлар, ожизу нотавон, етим ва бечораҳолларнинг ҳолларидан хабар олар, оила аъзолари вафот этган ёки Аллоҳ йўлида шаҳид бўлганларнинг хонадонларига бориб ҳамдардлик билдирар эди. Уларга ҳурмат ва меҳрибонлик кўрсатиб қўйларини соғиб, хамирларини қориб берар эди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Рафиқул Аълога рихлат қилиб, халифа бўлганларидан сўнг мазкур инсонлар энди бу зот хабар олишлари ва аввалгидек ёрдам беришларидан маҳрум бўлиб қолишларидан қўрқдилар.

Ёлғиз қолган беванинг: “Бугун қўйларимиз соғилмай қоладиган бўлди”, деган гаплари саййидимизга етиб борди. “Аллоҳга қасамки, яна ўзим бориб соғиб бераман!” деб, Сиддиқ розияллоҳу анҳу кампирнинг уйига бориб эшик қоқди. Эшикни кичкинагина бола очди. Халифани кўрибоқ ҳайқириб юборди:

– Онажон! Қўйимизни соғадиган киши келди!

Шунинг учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам у зотни юқори баҳолаб: “Умматимнинг ичидан умматимга энг меҳрибони – Абу Бакр”, дея илтифот айлаган эдилар.

 

Шайх Аҳмад Муҳаммад Ассофнинг

“Қабасотун мин ҳаётир-Росул” китобидан

Асака туман бош имом-хатиби

Шаҳобиддин ПАРПИЕВ таржимаси.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Бану Тамим қабиласига олти нафар амир тайинлаган эдилар. Улар ndash Зибриқон ибн Бадр, Қайс ибн Осим, Сафвон ибн Сафвон, Сабра давоми...

1908 09:25 / 19 февраль
Вақт ўтиши билан Ислом жамияти ҳар томонлама ривожланиб борарди. Чегаралар, вилоятлар, амирлар ва бошқаларнинг сони тезлик билан ортиб бормоқда эди. Девонлар давоми...

926 15:43 / 19 июль
Албатта, бўлиб ўтаётган бу гапсўзлар ўша вақтда худолик даъвосини қилган подшоҳга етиб борган бўлиши керак. Шунинг учун ҳам у Иброҳим алайҳиссаломни мунозарага давоми...

3717 14:00 / 02.02.2019
Пайғамбарлар қиссаси иймон йўлидаги тинимсиз курашнинг узоқ йўлини акс эттирувчи баёнотдир. Ўтганлар ҳаётида иймон учун кураш қандай борганини, оқибат нима давоми...

5220 05:00 / 06.01.2017
Аудиолар

137679 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

57737 14:35 / 11.08.2021