1447 йил 6 ражаб | 2025 йил 26 декабрь, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тарих

Қуръони каримнинг одамларга таъсири

15:55 / 28.12.2019 2880 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Маккада ўз даъватларини давом эттирар эдилар. У зотнинг Қуръон тиловат қилишларининг ўзи кучли даъват эди, чунки тиловатни эшитган одам ўзи билмаган ҳолда унга мафтун бўлиб қоларди.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Қуръони Каримни тиловат қилганларида, Қурайшнинг бошлиқлари ҳам тинглашар, лекин ундан таъсирланиб қолмаслик учун турли чораларни кўришга, сунъий тўсиқлар пайдо қилишга уринишар эди.

Бу ҳақда энг машҳур Ислом тарихчиларидан, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сийратлари ҳақидаги дастлабки китоблардан бирининг соҳиби Ибн Исҳоқ имом Зуҳрийдан қуйидагиларни ривоят қилади:

«Иттифоқо, бир кечада Абу Суфён ибн Ҳарб, Абу Жаҳл ибн Ҳишом ва Бану Зуҳра қабиласининг иттифоқчи раҳбари Ахнас ибн Шариқлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз уйларида намоз ўқиётганларида қулоқ солиш учун чиқишибди. Улардан ҳар бири алоҳида-алоҳида ўтириб, тинглабди. Бир-биридан хабари йўқ экан.

Кечаси билан у зот соллаллоҳу алайҳи васалламга қулоқ солиб, тонг отганда тарқалишибди. Йўлда учрашиб қолиб, бир-бирларини маломат қилишибди. Бир-бирларига: «Энди бошқа келмайлик, эсипаст одамларимиз кўриб қолишса, кўнгилларига баъзи шубҳалар тушишига сабаб бўламиз», дейишибди-да, тарқалиб кетишибди.

Иккинчи кеча улардан ҳар бири яна келиб, кечаси билан (Қуръон) эшитиб чиқибди. Тонг отганда қайтиб кетаётиб, йўлда учрашиб қолишибди ва яна бир-бирларига аввалги гапларни айтишибди.

Учинчи кеча ҳам келиб, туни билан (Қуръон) эшитиб чиқишибди. Тонг отгач қайтиб кетаётганларида, яна аввалги ҳол такрорланибди. Бир-бирларига: «Қайтиб келмасликка аҳд қилмагунимизча тарқалмаймиз», дейишибди. Сўнг аҳдлашиб, тарқалиб кетишибди.

Кундузи Ахнас ҳассасини қўлига олиб, олдин Абу Суфён ибн Ҳарбнинг, сўнг Абу Жаҳлнинг уйига борибди ва Абу Жаҳлга: «Эй Абул Ҳакам, Муҳаммаддан эшитганларинг ҳақида фикринг қандай?» дебди. Абу Жаҳл: «Нима ҳам эшитибман? Биз Бану Абдуманоф билан шараф талашганмиз. Улар ҳам кишиларга таом беришган, биз ҳам берганмиз. Улар улов беришди, биз ҳам улов бердик. Улар хайр-эҳсон беришди, биз ҳам бердик. Ниҳоят, тиз тушиб, пойгага қўйилган икки отдек бўлиб қолди. Шунда улар: «Биздан пайғамбар чиқди, унга осмондан ваҳий келади», дейишди. «Биз бунга қачон етамиз? Аллоҳга қасамки, биз ҳеч қачон унга иймон ҳам келтирмаймиз, уни тасдиқ ҳам қилмаймиз», деди. Ахнас унинг олдидан туриб кетди».

Мутаассиблик ва мансабпарастликкина уларни иймонга келишдан тўсиб турарди. Лекин аста-секинлик билан бўлса ҳам баъзи бир кишилар ҳақиқатни англаб ета бошладилар.

«Ислом тарихи» биринчи китоб

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ислом оламининг шавкатли қаҳрамони, Пайғамбаримиз Муҳаммад с.а.внинг ишончли ва садоқатли сафдоши, мусулмонларнинг иккинчи халифаси, доно ва одил Умар Ибн давоми...

9066 05:00 / 06.01.2017
Аллоҳ таолонинг инояти ва ёрдами билан мусулмон уммати Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак ҳаётларининг ҳар бир лаҳзасини катта аниқлик ва давоми...

2287 11:00 / 15.08.2019
Ҳижрий 17 йилда Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг масжидларини кенгайтириб ислоҳ қилдилар.Бухорий ва Абу Довуд Ибн Умар давоми...

1381 09:44 / 10.08.2024
Биз яшаб турган авлод ҳам, биздан кейин келадиган авлодлар ҳам ndash ҳаммаҳаммаси рисолаи Муҳаммадиянинг ва унинг шомил ва боқий даъватининг ҳамда самарали давоми...

1749 14:00 / 10.02.2023
Аудиолар

216696 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

135853 14:35 / 11.08.2021