1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Намоз

"Фотиҳа"дан кейин оминни айтиш

05:00 / 04.01.2017 7268 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Қачон имом, омин, деса, сизлар ҳам, омин, денглар. Чунки кимнинг омини фаришталарнинг оминига мувофиқ келса, унинг ўтган гуноҳлари мағфират қилинади», дедилар».

Бешовлари ривоят қилган.

Шарҳ: Демак, намозда имом «Фотиҳа» сурасини ўқиб бўлиб, омин, деганда қавм ҳам, омин, дейди. Омини фаришталарнинг оминига тўғри келиб қолган кишининг ўтган гуноҳлари кечирилади.

«Омин» дегани, қабул қил, деган маънодаги дуодир. Бу дуони «Фотиҳа» сурасининг ўқиб бўлгандан кейин айтмоқ мустаҳабдир.

Бошқа бир ривоятда:

«Қачон имом, «Ғойрил мағзу’би алайҳим валаззо’ллийн» деса, омин, денглар. Чунки, кимнинг сўзи фаришталарнинг сўзига мувофиқ келса, унинг ўтган гуноҳлари мағфират қилинади», дейилган.

Бухорий ва Насаий ривоятларида эса:

«Қачон бирингиз, омин, деганда фаришталар ҳам осмонда, омин, деса, бири-бирига мувофиқ келиб қолса, унинг олдин ўтган гуноҳлари мағфират қилинади», дейилган.

Шарҳ: Бу икки ривоят ҳам биринчи ривоятни қўллаб келмоқда. Фақат баъзи лафзларида фарқ бор, холос.


Яна ўша кишидан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам «Ғойрил мағзу’би алайҳим валаззо’ллийн»ни тиловат қилсалар, омин, дер эдилар, у кишининг ортида, биринчи сафда турган одам эшитар эди».

Абу Довуд, Термизий ва ал-Ҳоким саҳиҳ, деган.

Шарҳ: Бу ривоятда Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари, омин, деганлари ва уни биринчи сафда у кишига яқин турган одам эшитадиган даражада бўлиши айтилмоқда.

Намозда, «Фотиҳа» сурасини овоз чиқариб ўқилганидан сўнг, омин, дейиш ҳақида ҳамма иттифоқ қилган. Лекин, ўша омин, дейишни овоз чиқариб айтиладими ёки секин (маҳфий) ичида айтиладими, деганда икки хил ижтиҳод бўлган.

Шофеъий ва Ҳанбалий мазҳабларида қироати махфий бўлган намозларда, омин ҳам махфий айтилади, қироати ошкора бўлган намозларда, омин ҳам ошкора айтилади, дейилган.

Уларнинг далиллари ушбу биз ўрганган ҳадислардир. Лекин, кўриб ўтганимиздек, уларнинг бирида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг, омин, деганларини биринчи сафда у зотга яқин турган одам эшитиши ҳақида гап бормоқда. Қолганларини махфийга ҳам, ошкорага ҳам таъвил қилиш мумкин.

Улар ўз фикрларини тасдиқлаш учун бошқа ҳадисларни ҳам далил сифатида олиб келишади. Уларнинг бирида:

«У (омин) билан овозларини кўтарди» дейилса, иккинчисида, биринчи сафдаги одам эшитадиган қилиб айтдилар, учинчисида, масжид ларзага келди», дейилган.

Қарши тараф эса Шофеъий ва Ҳанбалий мазҳаблари далил қилиб келтирган ҳадисларнинг заиф жойларини батафсил баён қиладилар. Сўнгра ўзлари далил келтиришни бошлайдилар.

Имом Термизий Алқама ибн Воилдан, у ўз отасидан ривоят қилган ҳадисда:

«Ва у(омин)ни овозини пастлатиб айтдилар», дейилган.

Бу, «Фотиҳа» сурасини баланд овоз билан ўқиб келиб, оминни айтишга келганда овозларини пастлатдилар, деганидир. Унда оминни биринчи сафда у зотга яқин турган одам эшитадиган қилиб айтдилар, дегани ҳам худди шу маънода бўлади.

Имом Дора Қутний Воил ибн Ҳужр розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан намоз ўқидим. «Ғойрил мағзу’би алайҳим валазз’ллийн», деганларида овозларини пастлатиб, омин, деганларини эшитдим», дейилган.

Ибн Абу Шайба Иброҳийм ан-Нахаъийдан қилган ривоятда Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу:

«Имом тўрт нарсани – аъузу биллаҳи, бисмиллаҳ, лиман ҳамида ва оминни махфий айтади», деганлар.

Худди шу маънодаги бошқа ривоятлар ҳам бор.

Имом Табароний Абу Воилдан қилган ривоятда:

«Умар ва Али розияллоҳу анҳумолар бисмиллаҳир роҳманир роҳиймни ҳам, оминни ҳам ошкора айтмас эдилар», дейилган.

Ҳанафийлар ўз мазҳабларини қувватлаш учун ақлий далил ҳам келтирадилар. Улар, ҳаммамиз оминни айтишга иттифоқ қилганимиздек, унинг дуо эканига ҳам иттифоқ қиламиз (маъноси-қабул эт). Биз ушбу дуони махфий қилишни ихтиёр қилдик. Чунки дуони махфий қилиш ошкора қилишдан афзал эканига сиз ҳам, биз ҳам иттифоқмиз. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда «Роббингизга тазаруъ ила махфий дуо қилинг», деган, дейдилар.

Ўтган имомларимиз, уламоларимиз бу масалани соф илмий баҳс қилдилар. Ҳар бирлари ўз илмлари етганича фикр билдирдилар. Лекин бир-бирлари билан уруш-жанжал қилганлари йўқ. Балки бир-бирларини ҳурмат қилдилар.

Имом Шофеъий, Имом Абу Ҳанифанинг қабрларини зиёрат қилгани келганларида ҳанафий мазҳабида намоз ўқидилар.

Шу билан бирга ҳамма, оминни айтиш мустаҳаб экани ҳақида иттифоқ қилган. Оминни айтиш суннат ҳам, вожиб ҳам, фарз ҳам эмас.

Бас, шундоқ экан нима учун ҳозир баъзи кишилар ушбу мустаҳаб масалани деб, мусулмонлар ўртасида турли уруш-жанжал, келишмовчиликлар чиқарадилар?

Ҳамма ўз мазҳабидагини қилиб, ўзга мазҳабларни эҳтиром қилиб юраверса бўлмайдими?

Афсуски, қадимдан динимиз аҳкомларини яхши билмаслигимиз ўзимизга зарар бўлиб келган.

Шунинг учун ҳам ўтган уламоларимиз бундоқ масалаларни ҳатто, ақида масалаларига киритишга мажбур бўлганлар.

Мана, олиб кўрайлик, 234 ҳижрий санада туғилган Имом Таҳовий ўзларининг «Ақийдатут Таҳовийя» китобларида нима, дейдилару ва уни 729 ҳижрий санада вафот этган Имом Абул Изз қандоқ шарҳ қилганлар.

Матн: «Биз жамоатни ҳақ ва тўғри деб, тафриқани тойилиш ва азоб, деб биламиз».

Шарҳ: яъни, саҳобалар жамоасига, тобеъинлар жамоасига ҳамда Қуръон ва суннатни ушлаган асрлар жамоасига эргашишни ҳақ ва тўғри, деб биламиз. Тафриқачилик ва жамоатга хилоф қилишни йўлдан тойиш ва азобга сабаб, деб эътиқод қиламиз.

Билингки, ихтилоф икки хил бўлади:

1. Бир нарсанинг турида ихтилоф.

2. Бир нарсага қарши ихтилоф.

Бир нарсанинг туридаги ихтилоф шулки, ихтилоф қилинган гап ёки ишнинг ҳар бири ҳақ бўлади ва шариатда бор бўлади. Бунга мисоллар:

Саҳобалардан иккиталари Қуръон қироатида ихтилоф қилиб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурига келганларида, икковингизники ҳам тўғри, деганлар.

Бухорий ривоят қилган.

Шунга ўхшаш, Азон ва иқоматнинг сифати, саҳв саждасининг маҳали, ташаҳҳуд, хавф намози, ийд ва жаноза намозлари такбирлари каби нарсалар шариатда бир неча турли нарсалар ҳисобланади.

Бунга ўхшаш нарсаларда хусумат қилиш ҳаромдир. Кўпинча бунга ўхшаш ихтилофларда уммат ичида хусумат чиқиб, уруш даражасига етиб боришининг гувоҳи бўламиз. Мисол учун, иқоматда калималарни жуфт ёки тоқ айтиш, «омин»ни овоз чиқариб ёки ичида айтишда шундоқ бўлади. Бу эса айни ҳаром ишдир.

Бу турдаги ихтилофларга далилларнинг сийғалари, баъзи бир номларни айтиш ва шунга ўхшаш нарсалар киради. Жаҳл ва зулм юзасидан бир гап ёки иш мақталади-ю, иккинчиси ёмонланади. Оқибатда икки тараф орасида хусумат кучайиб уруш-жанжалга бориб етади». (Иқтибос тугади.)

Кўриниб турибдики, ўтган уламоларимиз уммати Ислом аъзоларини мазкур ихтилофлардан четда бўлишга чақирганлар. Бугунги кунда ҳам шу чақириқ бор. Ҳар ким ўз мазҳабидаги уламолар таҳқиқидан чиққан ишни қилиб, ўзгани сўкиб ёки танқид қилишнинг ўрнига бошқа мазҳабларни ҳам ҳурмат қилса, ҳеч қандай хилоф ва уруш-жанжал чиқмайди.

Уруш-жанжал бўлганида ҳам мустаҳаб нарса устида бўлади. Маълумки, мустаҳабни қилса ҳам, қилмаса ҳам бўлаверади. Ана шундоқ ишни деб, ҳаром ва катта гуноҳ ишни, мусулмонларнинг орасида хилоф чиқаришни заррача ақли бор одам ўзига эп кўрмаслиги керак.

Намозда, «Фотиҳа» сурасидан кейин «омин»ни айтишда ошкора ёки махфий бўлиши мустаҳаб иш тўғрисидаги ихтилофдир. Бу ихтилофда ютиб чиққан ҳеч нарса ютмайди. Шунингдек, ютқазган ҳам ҳеч нарса ютқазмайди. Аммо хилоф ва уруш-жанжал чиқарган катта мағлубиятга учраши аниқ ва равшан.

Агар икки тараф бир бўлиб бенамозларга намоз ўқишни ўргатсалар, уч томон ҳам улкан ютуққа эришиши равшан.

Мусулмон инсон закий ва фаросатли бўлади. Ўзи динининг ва умматининг фойда ҳамда зарарини тўғри ажратади.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам .Бирортангиз уйқусидан уйғонса, қўлини уч марта ювмасдан туриб, уни идишга давоми...

4003 05:00 / 04.01.2017
Бир она айтиб беради .Мен фарзандларимга .Намоз ўқи, деб айтишдан жуда толиқдим. Ҳар азон айтилганида каттаюкичигига кўп маротаба .Намозингни ўқи, намозингни ўқи, давоми...

2310 09:00 / 10.10.2021
1. Мунофиқликдан қутулиш дипломини қўлга кирита олмайди. Чунки Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам .Мунофиқларга энг оғир намоз хуфтон намози ва бомдод давоми...

4994 09:00 / 13.05.2022
Намозни қуйидаги нарсалар бузадиМутлақ калом, қасддан берилган салом ва унга алик олиш, ингираш ва унга ўхшаш овозли нарсалар, охират ишидан бошқа сабабла овозли давоми...

16156 05:00 / 04.01.2017