1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Намоз

"Фотиҳа"дан кейин зам сура қилиш

05:00 / 04.01.2017 99626 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Сиздан бирортангиз, қачон аҳлига қайтса, у ерга учта катта, семиз бўғоз туяни топишни яхши кўрадими?» дедилар.

«Ҳа», дедик.

«Сиздан бирингиз ўз намозида ўқиган уч оят, унинг учун учта катта, семиз бўғоз туядан яхшироқдир», дедилар».

Муслим ривоят қилган.

Шарҳ: Бу ҳадиси шарифдан мусулмон инсон ўз намозида қироат қилган ҳар бир оят Қуръон учун битта катта, семиз бўғоз туяни садақа қилганнинг савобини олишини билиб оламиз.

Маълумки, ўша вақтларда бир одам эга бўлиши мумкин бўлган энг катта мулк катта, семиз бўғоз туя бўлган. Ундан бошқа бирор нарсага яроқли мулк бўлмаган. Биров уйига келиб, учта катта, семиз туя ўзига мулк бўлиб турганини кўрса қанчалар қувонади. Намозида уч оят Қуръон тиловат қилган одам ҳам, яна шунчалик қувонса бўлаверар экан. Энди уч эмас, ўттиз ёки ундан кўп оятни ўқиган одам нималарга эришади ўйлаб кўрайлик-а!

Аллоҳ таоло сиз билан биз мусулмонларни қанчалар улуғлаб қўйган. Савоб олиш йўлларимизни қанчалар осон қилиб қўйган! Лекин, биз шу нарсани тўлиқ англаб етамизми? Унинг қадрига етамизми? Ундан керакли даражада фойдалана оламизми?

Демак, намозда кўпроқ оятларни ўқишга ҳаракат қилайлик. Ҳар бир оят учун бир катта, семиз бўғоз туя садақа қилганга савоб олишимизни унутмайлик.


Абу Қатода розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Пешин намозининг аввалги икки ракъатида китобнинг «Фотиҳа»си ила икки сура ўқир, биринчисида узоқ қилар, иккинчисида қисқа қилар эдилар. Аҳёнда оятни эшиттириб қўяр эдилар. Асрда ҳам шундоқ қилар эдилар. Бомдод намозининг биринчи ракъатида (қироатни) узоқ қилар, иккинчисида қисқа қилар эдилар».

Бешовларидан фақат Термизий ривоят қилмаган.

Шарҳ: Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1. Намозда «Фотиҳа» сурасидан кейин Қуръоннинг бошқа сурасини ҳам ўқиш кераклиги.

Буни зам сура қилиш, дейилади. Зам қўшиш, дегани. Зам сура қилиш Ҳанафий мазҳаби бўйича вожиб. Бошқа мазҳабларда суннат.

2. Пешин тўрт ракъат фарзининг биринчи икки ракъатида «Фотиҳа»дан кейин зам сура қилиш.

3. Биринчи ракъатга узунроқ сурани, иккинчи ракъатга қисқароқ сурани қўшиш.

4. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам кундузги – Пешин намозида аҳёнда баъзи оятларни эшиттириб қўйишлари.

5. Кундузги намозлар – Пешин ва Асрда қироат махфий бўлиши.

6. Аср намозида ҳам аввалги икки ракъатнинг биринчисига узунроқ, иккинчисига қисқароқ зам сура қилиш.

7. Бомдод намозининг биринчи ракъатида қироатни узун иккинчисида қисқароқ қилиш.

Имом Бухорий ва Имом Муслим қилган ривоятда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам, Бомдод намозида олтмиш ила юз оят ўртасида қироат қилишлари айтилган.


Хаббобга:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Пешин ва Асрдаги қироатларини нимадан билар эдингиз?» дейилди.

«Соқолларини қимирлашидан», деди».

Бухорий ва Абу Довуд ривоят қилганлар.

Шарҳ: Бу ривоятдан Пешин ва Аср намозида қироат махфий бўлиши очиқ-ойдин айтилиб турибди. Саҳобалар фақат Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам соқолларининг қимирлашидан у кишининг қироат қилаётганларини билиб олар эканлар.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Бир она савол сўради .Мен .Тур намозингни ўқи,, деб ўғлимга айтсам, у .Хўп бўлади, дейди, лекин бироздан сўнг .Намозингни ўқидингми, деб сўраганимда у менга .Йўқ ҳозир давоми...

3325 07:00 / 26.10.2021
Абу Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Бир одам .Аллоҳга қасамки, эй Аллоҳнинг Расули, мен фалончининг бизга намозни чўзиб юборганидан бомдод намозидан давоми...

4615 05:00 / 09.01.2017
Намознинг Исломда иймондан кейинги фарз, энг улуғ ибодат эканини ҳар бир мусулмон яхши билади. Мусулмон киши намозни Аллоҳ таолонинг амри бўлгани учун ўқийди. давоми...

11664 18:49 / 27.03.2017
Изоҳ .Хало, деганда қазои ҳожат тушунилади. Инсон қазои ҳожат қилаётганида холи қолиши учун хало, дейилган. алМуғийра ибн Шўъба розияллоҳу анҳу .Пайғамбар давоми...

6922 05:00 / 04.01.2017