1447 йил 22 жумадис сони | 2025 йил 13 декабрь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Намоз

Аъузу биллаҳини айтиш...

05:00 / 04.01.2017 29848 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Бу ерда намозда ният қилиб, қулоқ қоққандан кейин «Аъу’зу биллаҳи минаш шайтонир рожийм»ни ўқиш ҳақида сўз боради. Намозхон ўзидан шайтон васвасасини нари қилиш учун намозининг аввалида «Аъу’зу билла’ҳи минаш шайтонир рожийм»ни ўқиши жорий қилинган.

Шу билан бирга ҳар бир Қуръон тиловат қилувчи ҳам «Аъузу биллаҳи минаш шайтонир рожийм»ни ўқимоғи лозим. Чунки


Аллоҳ таоло: «Қуръон ўқиган чоғингда, Аллоҳдан қувилган шайтон(шарри)дан паноҳ сўрагин», деган. (Наҳл: 98)

Яъни, аввал «Аъу’зу билла’ҳи минаш шайтонир рожийм»ни айтиб туриб, кейин Қуръон қироатини бошлагин.

«Аъузу биллаҳи»ни айтиш Қуръони Карим тиловати учун тилни поклайди. Кишини Аллоҳнинг китоби Қуръони Каримни ўқишга тайёрлайди. Шайтоннинг васвасасидан сақлайди. Бутун вужуди ва шуурини Аллоҳ томон буради.

Ушбу ояти каримадан уламоларимиз Қуръон ўқишни бошламоқчи бўлган ҳар бир инсонга «Аъузу биллаҳи»ни айтиш вожиблиги ҳукмини чиқарганлар. Чунки Аллоҳ шунга амр қилмоқда. Аллоҳнинг амри ҳар бир мўминга вожиб. Уни қилмаган одам гуноҳкор бўлади.


Абу Саъид розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кечаси қачон намозга турсалар такбир айтар эдилар ва сўнгра:

«Субҳанакаллоҳумма ва биҳамдика ва таба’рока’смука ва таъа’ла жаддука ва ла’ илаҳа ғойрук», дер эдилар.

Кейин эса, «Аллоҳу акбару кабийро», ундан кейин, «Аъу’зу билла’ҳис самийъил алийми минаш шайтонир рожийми мин ҳамзиҳи ва нафсиҳи ва нафхиҳ», дер эдилар».

Сунан эгалари ривоят қилганлар.

Шарҳ: Имом Термизий, ушбу ҳадис бу бобдаги энг машҳур ҳадисдир, деганлар.

Ҳанафий ва Ҳанбалий мазҳаблари санога ушбу дуони ўқишни ихтиёр қилганлар. Дуонинг маъноси:

«Эй, бор Худоё! Сенинг Ўзингни поклаб ёд этаман ва шу билан бирга Сенга ҳамду сано айтаман. Исминг муборак бўлди. Шаънинг олий бўлди. Сендан бошқа илоҳи маъбуд йўқ».

У зот сўнгра:

«Аъу’зу билла’ҳис самийъил алийми минаш шайтонир рожийми мин ҳамзиҳи ва нафсиҳи ва нафхиҳ», деб туриб намоз қироатини бошлар эканлар.


Усмон ибн Абул Осс розияллоҳу анҳу Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб:

«Эй, Аллоҳнинг Расули, Шайтон мен билан намозим ва қироатим орасида тўсиқ бўлди. У мени қироатда илтибосга соляпти», деди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ўша Ханзаб, деб номланадиган шайтондир. Қачон уни ҳис қилсанг «аъу’зу билла’ҳи»ни айтгин-да чап томонга уч марта туфлагин», дедилар.

У: «Мен ўшандоқ қилган эдим, Аллоҳ мендан уни кетказди», деди».

Муслим «руқя» - «дам солиш» бобида келтирган.

Шарҳ: Усмон ибн Абул Осс розияллоҳу анҳунинг саволлари намоз ичидаги шайтон васвасаси ҳақида бўлган.

Ушбу ҳадислардан олиниб, Ҳанафий мазҳабида биринчи ракъатда «аъузу биллаҳи»ни ичида айтилади, дейилган.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Намоз осмонда, аниқроғи меърожда фарз қилинган. Мўмин киши учун унинг намози mdash меърожи ҳисобланади. Яъни, намоз ўқиётган киши Аллоҳнинг ҳузурига кўтарилган давоми...

3647 09:30 / 17.03.2022
Абу Бакра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бир хурсандчилик иш ёки суюнчилик хабар келса, Аллоҳга шукр қилиб саждага йиқилар давоми...

13108 05:00 / 04.01.2017
Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам уловлари устида у қаёққа қараб юрса, ўша ёққа қараб намоз ўқир эдилар. Қачон фарз давоми...

4233 05:00 / 09.01.2017
Пайпоққа масҳ тортиш тўғрисида авваллари ҳеч гап бўлмас эди. Аммо кейинги пайтларда турли кишилар томонидан бу масала ҳам гап қилиб кўтариладиган бўлиб қолди. давоми...

13110 05:00 / 04.01.2017
Аудиолар

213136 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

132357 14:35 / 11.08.2021