1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мерос

Асаба маъал-ғойр

12:04 / 20 ноябрь 558 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

(биров билан асаба бўлиш)
 
«Асаба маъал-ғойр» туғишган ёки ота бир опа-сингилларга хос бўлиб, улар қизлар билан бирга келиши ва улар орасида ўғил ака ёки ука бўлмаслиги шартдир. Туғишган ёки ота бир опа-сингил қиз билан ёки ўғилнинг қизи билан, даражаси қанча пастласа ҳам, асаба бўлади. Ушбу ҳолат «асаба маъал-ғойр» дейилади. Асабаларнинг ушбу тури опа-сингиллар қизлар билан бирга бўлишига хосдир. Бунга мерос уламоларининг ушбу сўзлари далолат қилади: «Қизлар билан бирга бўлиб қолса, опа-сингилларни асаба қилинглар».
 
Ушбу калима мерос уламоларининг сўзи бўлиб, у ҳадис эмас. Аллома Божурий «Шаншурий»га ёзган ҳошиясида буни айтиб ўтган.
 
«Манзуматур-Роҳбия»да шундай дейилган:
 
Агар қизлар билан бирга бўлиб қолса,
 
Опа-сингиллар асабадирлар.
 
Дарҳақиқат, вафот этган кишининг опа-сингиллари қизларнинг улуши эмас, балки опа-сингилларнинг улуши кам бўлиши учун улар ўша кишининг қизлари туфайли асаба бўлади. Агар биз фарз улушни опа-сингилларга берсак, масала авл бўлиб, қизларнинг улуши камайиб қолади. Опа-сингилларни эса соқит қилиб юбориш мумкин эмас. Шунинг учун айнан уларнинг улуши камроқ чиқиши учун улар асаба қилинди («Ҳошиятул Божурий», 108-саҳифа).
 
Асаба маъал-ғойрнинг мерос олишига далиллар
 
«Асаба маъал-ғойр»нинг мерос олишига имом Бухорий ва бошқалар ривоят қилган ҳадис далил бўлади:
 
عَنْ هُزَيْلِ بْنِ شُرَحْبِيلَ رَضِي اللهُ عَنْهُ قَالَ: سُئِلَ أَبُو مُوسَى عَنِ ابْنَةٍ وَابْنَةِ ابْنٍ وَأُخْتٍ، فَقَالَ: لِلاِبْنَةِ النِّصْفُ وَلِلْأُخْتِ النِّصْفُ، وَائْتِ ابْنَ مَسْعُودٍ فَسَيُتَابِعُنِي، فَسُئِلَ ابْنُ مَسْعُودٍ وَأُخْبِرَ بِقَوْلِ أَبِي مُوسَى، فَقَالَ: لَقَدْ ضَلَلْتُ إِذًا وَمَا أَنَا مِنَ الْمُهْتَدِينَ، وَلَكِنِّي أَقْضِي فِيهَا بِمَا قَضَى النَّبِيُّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ، لِلاِبْنَةِ النِّصْفُ، وَلِابْنَةِ الْاِبْنِ السُّدُسُ تَكْمِلَةَ الثُّلُثَيْنِ، وَمَا بَقِيَ فَلِلْأُخْتِ، فَأَتَيْنَا أَبَا مُوسَى فَأَخْبَرْنَاهُ بِقَوْلِ ابْنِ مَسْعُودٍ، فَقَالَ: لَا تَسْأَلُونِي مَا دَامَ هَذَا الْحَبْرُ فِيكُمْ.
 
Ҳузайл ибн Шураҳбийл розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
 
«Абу Мусодан қиз, ўғилнинг қизи ва сингил ҳақида сўрашди. У: «Қизга ярим ва сингилга ярим, Ибн Масъудга борсанг ҳам, мен айтганни айтади», деди. Сўнг Ибн Масъуддан сўраб, Абу Мусонинг нима деганини ҳам айтишди. Ибн Масъуд шундай деди: «Ундай бўлса, мен адашибман-да?! Мен ҳидоят топганлардан эмас эканман-да?! Лекин мен бу масалада Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қилган ҳукмни қиламан: қизга ярим, ўғилнинг қизига учдан иккини тўлдириш учун олтидан бир, қолгани эса сингилга». Абу Мусога бориб, Ибн Масъуднинг гапини айтган эдик, «Модомики орангизда шундай буюк олим бор экан, мендан сўраманглар», деди» (Бухорий, Абу Довуд, Термизий ва Ибн Можа ривоят қилган).
 
Дарҳақиқат, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам туғишган сингилни қизлар билан бирга қилиб, қолган меросни бердилар. Шунда у улар билан «асаба маъал-ғойрга» айланди.
 
Муҳим эслатма. Агар туғишган опа-сингиллар «асаба маъал-ғойр» бўлишса, улар худди туғишган ака-укага ўхшаб қолиб, ота бир ака-ука ёки опа-сингилларни (эркак ёки аёл бўлсин) ҳажб қилишади. Шу билан бирга, улардан кейин келадиган ака-укаларнинг ўғиллари, туғишган амакилар ёки ота бир амакилар каби асабаларни ҳам ҳажб қилишади.
 
Яна шунингдек, ота бир опа ёки сингил қизлар билан асабага айланса, уларнинг қуввати ота бир ака ёки укага тенг бўлиб, ака-уканинг ўғилларини ва улардан кейингиларни ҳажб қила олади. Бу фикрни ойдинлатиш учун баъзи мисолларни келтирамиз.
 
1-мисол

 

2

Қиз ½

1

Биров билан асаба бўлган туғишган сингил

1

Ота бир ака ёки ука ҳажб бўлади

0

 
Қизга фарз эгаси бўлгани учун ярим, қолган мол туғишган сингилга, чунки у қиз билан бирга «асаба маъал-ғойр» бўлди. Унинг қариндошлик қуввати туғишган ака қувватига тенг бўлди ва ота бир акани меросдан тўсди.
 
2-мисол
 

 

4

Эр ¼

1

Ўғилнинг қизи ½

2

Икки туғишган опа-сингил (асаба) маъал-ғойр

1

Ота бир ака ҳажб бўлади

0

 
Эр меросхўр фаръ борлиги учун тўртдан бир олади. Ўғилнинг қизига фарз соҳиби сифатида ярим тегади. Қолган тўртдан бир (¼) туғишган икки опа-сингилга берилади, чунки улар «асаба маъал-ғойр» бўлиб, қариндошлик қуввати туғишган ака қувватига тенг бўлади. Ота бир акани туғишган икки опа-сингил ҳажб қилади.
 
3-мисол
 

 

3

Иккита қиз

2

Ота бир сингил (асаба) маъал-ғойр

1

Туғишган аканинг ўғли ҳажб бўлади

0

 
 
Икки қизга учдан икки берилади. Ота бир сингилга асаба бўлганлиги учун қолган мол тегади. У учдан бирдир. Унинг қариндошлик қуввати ота бир ака қувватига тенг келганлиги учун ўзидан кейинги асабаларни ҳажб қилади. Бу мисолда ҳажб бўлган асаба туғишган аканинг ўғлидир.
 
4-мисол

 

6

Қиз ½

3

Ўғилнинг қизи 1/6

1

Она 1/6

1

Ота бир сингил (асаба) маъал-ғойр

1

Туғишган амаки ҳажб бўлади

0

 
Бу мисолда қиз фарз соҳиби ўлароқ яримни олади. Ўғилнинг қизига учдан иккини тўлдириш учун олтидан бир берилади. Онага олтидан бир, қолгани эса «асаба маъал-ғойр» бўлган ота бир сингилга тегади. Бу ҳам олтидан бирдир (1/6). Ота бир сингилнинг қуввати ота бир ўғилнинг қувватига тенг келганлиги учун ўзидан кейинги туғишган амакини ҳажб қилмоқда. Худди шундай давом эттириш мумкин.
 
Мулоҳаза. Она бир ака-ука, опа-сингиллар қизлар билан мерос олмайдилар, чунки улар қизлар туфайли ҳажб бўладилар. Она бир опа-сингиллар қизларга қўшилиб асаба бўла олмайдилар. Буни яхши билиб қўйиш керак.
 
Асаба бил-ғойр билан асаба маъал-ғойрнинг фарқи. Юқорида кўриб ўтганимиздек, «асаба бил-ғойр»нинг барчаси фарз эгаси бўлган аёллар бўлиб, улар ака ёки укалари билан бирга асабага айланишади. Қиз ўғил билан, туғишган сингил туғишган ака билан ва ҳоказо. Буларнинг ҳукми «бир эркакка икки аёл улушича» қоидаси тартибида бўлади. Аммо «асаба маъал-ғойрлар» опа-сингиллар қизлар билан бирга келганда бўлади. Улар фарз эгалари улушларини олиб бўлгач, қолган молни олишади. Шундан улар ўртасидаги фарқ билинади. «Асаба бил-ғойр»ларда доим «асаба бин-нафс» топилади. У ўғил, ўғилнинг ўғли, туғишган ака ёки ука ва ота бир ака ёки ука. «Асаба маъал-ғойрлар»да эса «асаба бинафсиҳи» бўлмайди. «Асаба бил-ғойр»да асабалик эркакдан аёлга ўтиб, аёл асабаликда эркакка шерик бўлади. Аёлнинг фарз улуши бекор бўлиб, эркакка икки аёл улуши қоидасига амал қилинади. Аммо «асаба маъал-ғойрда» асабалик эркакдан аёлга кўчиб ўтмайди. Сингил қизга ёки ўғилнинг қизига ўз улушида шерик бўлмайди, балки қиз ўзининг фарз улушини мерос қилиб олади, сингил эса қолган молни олади. Қисқача қилиб айтганимизда, булар ўртасидаги фарқ шундан иборатдир. Валлоҳу аълам.
 
«Ислом шариатида мерос илми» китобидан
 
Ушбу китоб Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2021 йил 24 августдаги 03-07/5163-рақамли ҳамда 2022 йил 27 сентябрдаги 03-07/7348-рақамли хулосалари асосида тайёрланган.
 
 
 
 
 
 
Муаллиф
Шайх Муҳаммад Али Собуний
Таржимон
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Олтидан бирни оладиган меросхўрлар етти тоифадир 1. Ота 2. Саҳиҳ бобо 3. Она 4. Ўғилнинг қизи 5. Ота бир опасингил 6. Саҳиҳ момо 7. Онанинг боласи она бир акаука ёки давоми...

834 17:10 / 20 октябрь
Мерос олувчи аёллар умумий саналганда еттита, тафсилоти билан санайдиган бўлсак, ўнтадир 1. Қиз 2. Она 3. Ўғилнинг қизи, қанча пастласа ҳам 4. Саҳиҳ момо, қанча давоми...

662 10:06 / 07 август
Ўғиллар ва қизларга оид ҳукмлар 1. Аллоҳ таолонинг .Бир ўғилга икки қиз улушича..., деган қавли қуйидаги ҳукмларга далолат қилади bull агар марҳумнинг ортидан фақат давоми...

941 10:57 / 21 февраль
Саккиздан бир улушни меросхўрлардан фақат биттаси, яъни хотин ёки хотинлар олади. Марҳумнинг хотини битта бўладими ёки ундан кўпми, агар эрнинг шу хотинидан ёки давоми...

1010 10:43 / 16 сентябрь