1446 йил 23 жумадис сони | 2024 йил 25 декабрь, чоршанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мерос

Исломда мерос низоми

14:21 / 07 май 1917 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ислом шариати мерос низомини молиявий низомлар ичида энг гўзал, энг мукаммал ва энг адолатли суратда жорий қилди. Ислом дини инсониятнинг барчаси учун, у хоҳ эркак, хоҳ аёл бўлсин, мулкка шаръий йўл билан эгалик қилиш ҳуқуқини берди. Шу билан бирга, бир кишининг ҳаётлик давридаги мулки, у вафот этгач, ёшу қариси ажратилмасдан, эркак ва аёл меросхўрларига кўчиб ўтишини ҳам тайин қилди. Дарҳақиқат, азиз ва мўътабар Китоб мерос ҳукмларини, ҳар бир меросхўрнинг ҳолатини тўла-тўкис баён қилиб берди. Мерос тақсимлашни ёки ундан бирор нарсани белгилашни одамзотдан бирортасига ташлаб қўймаган. Мерос аҳкомлари ва миқдорлари борасида асосий манба Қуръони Каримдир. Фақатгина оз қисми суннат ёки ижмо билан собит бўлган. Ислом шариатида Қуръони Карим мерос ҳукмларини баён қилганидек, бошқа бирор ҳукмни бу қадар батафсил баён қилмаган. Ислом дини мерос масалаларига шу қадар олиймақом даражада иноят кўрсатдики, ҳатто Қуръони Карим уни ўзининг мукаммал бўлган баёни билан, хоссатан, баён қилди. Зеро, мерос мулкка эгалик қилиш сабабларининг энг муҳими, мол-мулк эса якка шахслар ва жамият учун ҳаёт кечиришнинг асосий омили ҳисобланади, чунки башариятнинг тиргаги, ҳаётнинг чархпалаги ана шу молга боғлиқдир.

Мероснинг таърифи

Мерос араб тилида (وَرِثَ، يَرِثُ) إِرْثًا وَمِيرَاثًا «вариса» сўзининг масдари бўлиб, араблар «Фалончи яқинига меросхўр бўлди», «отасига меросхўр бўлди», деган гапларда шу сўзни ишлатишади.

Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:

ﭯ ﭰ ﭱ

«Сулаймон Довудга ворис бўлди» (Намл сураси, 16-оят).

Аллоҳ таоло яна шундай марҳамат қилади:

ﯪ ﯫ ﯬ ﯭ

«Биз ворис бўлдик» (Қасас сураси, 58-оят).

Мероснинг луғавий маъноси. Мерос – бир нарсанинг бир шахсдан бошқа шахсга ёки бир қавмдан бошқа қавмга кўчиб ўтишидир. Мерос тушунчаси фақат мол-мулккагина боғлиқ эмас, балки у умумий маънода илмга, обрў ва шарафга ҳам боғлиқдир.

قَالَ رَضِي اللهُ عَنْهُ: سَمِعْتُ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَقُولُ: «الْعُلَمَاءُ وَرَثَةُ الْأَنْبِيَاءِ إِنَّ الْأَنْبِيَاءَ لَمْ يُوَرِّثُوا دِينَارًا وَلَا دِرْهَمًا، وَإِنَّمَا وَرَّثُوا الْعِلْمَ، فَمَنْ أَخَذَهُ أَخَذَ بِحَظٍّ وَافِرٍ». رَوَاهُ أَحْمَدُ وَأَبُو دَاوُدَ وَالتِّرْمِذِيُّ وَابْنُ مَاجَهْ وَابْنُ حِبَّانَ وَالْبَيْهَقِيُّ فِي شُعَبِ الْإِيمَانِ عَنْ أَبِي الدَّرْدَاءِ رَضِي اللهُ عَنْهُ.

«Расуллуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Олимлар анбиёларнинг меросхўрларидир. Анбиёлардан динор ҳам, дирҳам ҳам мерос қолмаган, улардан илм мерос қолган. Ким ўшани олса, улуғ улушни олибди», деган сўзлари шу маънода».

Аҳмад, Абу Довуд, Термизий, Ибн Можа, Ибн Ҳиббон ва Байҳақий «Шуъабул-иймон»да Абу Дардо розияллоҳу анҳудан ривоят қилган.

Мероснинг истилоҳий маъноси

Мулкка эгалик ҳуқуқининг марҳумдан тирик меросхўрларга кўчиб ўтишига мерос дейилади. Марҳумдан қолган мол-мулк кўчмас мулк ёки шаръий ҳуқуқлардан бири бўлсин, фарқи йўқ.

Тариканинг таърифи. Бир одам вафот этгач, ортидан қолган мол-мулк, молиявий ёки молиявий бўлмаган ҳуқуқлар тарика дейилади. Одамнинг вафотидан кейин қолган ҳар қандай нарсаси фуқаҳолар жумҳури истилоҳида тарика деб номланади. Марҳумнинг зиммасида қарз бўлиши ёки бўлмаслигининг ёки унинг зиммасида айний[1] ёки шахсий[2] қарзлар бўлишининг ҳам фарқи йўқдир.

Тарикага тегишли ҳуқуқлар. Марҳумнинг тарикасига боғлиқ бир неча ҳуқуқлар бўлиб, улар қуйидаги тартибга кўра бўлади:

• марҳумни ўзи каби бошқа марҳумларга қилинадиган харажат билан исрофга ҳам, зиқналикка ҳам йўл қўйилмаган ҳолда дафнга тайёрлаб, кафанланади. Марҳумни дафнга тайёрлаш деганда у вафот этганидан кўмилгунига қадар қилинадиган ишлар назарда тутилади. Булар – марҳумни ювиш, кафанлаш ва дафн қилишдан то уни қабрга қўйгунга қилиш керак бўладиган барча нарсалардир. Бу нарсалар унинг бой, камбағал, эркак, аёл бўлишига қараб турли хил бўлади.

• марҳумнинг зиммасидаги бандалар томонидан талаб қилинадиган қарзлар тарикадан тўланади.

Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ушбу сўзларига кўра, марҳумнинг қарзи тўланмай туриб, меросхўрлар ўртасида мерос тақсим қилинмайди:

نَفْسُ الْمُؤْمِنِ مُعَلَّقَةٌ بِدَيْنِهِ حَتَّى يُقْضَى عَنْهُ». رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ وَابْنُ مَاجَهْ وَأَحْمَدُ عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِي اللهُ عَنْهُ.

«Мўминнинг қарзи адо қилинмагунча унинг руҳи қарзига боғланиб тураверади».

Термизий, Ибн Можа, Аҳмад Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган.

Аммо марҳумнинг Аллоҳ таолодан закот, каффорат ва назрлар каби молиявий қарзлари бўлса, ҳанафий уламоларнинг наздида бу қарзлар у тарикадан адо қилинмайди. Аммо жумҳурнинг наздида ушбу қарзлар ҳам мерос тақсимотидан олдин адо қилиниши лозимдир.

Ҳанафий мазҳабининг ҳужжати

Банданинг Аллоҳ таолодан бўлган молиявий қарзларини адо этиш ибодатдир. Ибодатлар эса ўлим билан банданинг зиммасидан соқит бўлади, чунки аслида ибодатни ният ва ихтиёр билан адо қилинади. Бу нарсалар марҳумдан содир бўлиши тасаввур қилинмайди. Кишининг вафоти билан бу нарсалар ундан соқит бўлса-да, зиммасидаги вожиб амални адо қилмагани учун у гуноҳкор бўлиб, охиратда жазоланади. Унинг иши ҳисоб-китоб қилувчи якка-ёлғиз бўлган Аллоҳ таолога ҳавола қилинади. У Зот хоҳласа (адолати ила) азоблайди, хоҳласа лутфи ва карами билан кечириб юборади (агар марҳум васият қилмаган бўлса, шундай бўлади. Бироқ васият қилган бўлса, барча уламоларнинг иттифоқи билан унинг Аллоҳ таолодан молиявий қарзлари ҳам ундан қолган тарикадан адо қилинади).

Жумҳур уламоларнинг ҳужжати

Банданинг Аллоҳ таолодан бўлган қарзи бандалардан қарзлари каби бўлиб, уни адо қилиш вожибдир. Қарзни адо қилишда қасд ва ниятга эҳтиёж йўқ, чунки қарзларни ўташ соф ибодат эмас, балки молнинг ўзига боғлиқ бўлган ҳақлардан биридир. Уни адо қилиш, гарчи марҳум васият қилмаган бўлса ҳам, вожиб бўлаверади. Шофеъий мазҳабида бандаларнинг қарзидан олдин, моликий мазҳабида эса бандаларнинг қарзларидан кейин Аллоҳнинг қарзини бериш вожиб бўлади. Ҳанбалий мазҳабида у бандаларнинг қарзлари билан баробар адо этилади.

• марҳумнинг васиятлари меросхўрдан бошқа одамга тааллуқли бўлса, ундан қолган тариканинг учдан бири доирасида, ҳеч кимнинг рухсатига қарамай бажарилади. Мазкур васиятлар марҳумни кафанлашга етарли маблағни ажратиб ва унинг зиммасидаги қарзларни адо қилиб бўлингач амалга оширилади. Аммо васиятнинг миқдори мероснинг учдан бирдан кўп бўлса, учдан биридан ошган ҳолда ортиғи хусусида меросхўрларнинг розилигини олгандан кейингина бажарилади.

Бунга далил шуки, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Саъд ибн Абу Ваққосга шундай деганлар:

...الثُّلُثُ وَالثُّلُثُ كَثِيرٌ، إِنَّكَ إِنْ تَذَرَ وَرَثَتَكَ أَغْنِيَاءَ خَيْرٌ مِنْ أَنْ تَذَرَهُمْ عَالَةً يَتَكَفَّفُونَ النَّاسَ. رَوَاهُ الْخَمْسَةُ.

 

«...Учдан бир? Учдан бир ҳам кўп. Лекин меросхўрларингни бой ҳолларида ташлаб кетишинг уларни бировларга юк бўлиб, одамлардан тиланиб юрадиган қилиб ташлаб кетишингдан яхшироқдир».

Бешовлари ривоят қилишган.

قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: «إِنَّ اللهَ تَصَدَّقَ عَلَيْكُمْ عِنْدَ وَفَاتِكُمْ بِثُلُثِ أَمْوَالِكُمْ زِيَادَةً لَكُمْ فِي أَعْمَالِكُمْ». رَوَاهُ ابْنُ مَاجَهْ عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِي اللهُ عَنْهُ

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: «Аллоҳ сизларга вафотингиз олдидан амалларингизга зиёда қилиш учун молларингиздан учдан бирини садақа қилди».

Ибн Можа Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган.

• тарикадан қолган нарса меросхўрлар ўртасида Аллоҳ таолонинг Китоби, Расулининг Суннатлари ва уммат ижмоси асосида аввал фарз эгаларига, сўнгра асабаларга ва ҳоказо тақсимланади. Бу ҳақда, иншааллоҳ, кейинроқ тўхталамиз.

Эслатма. Ояти каримада «У қилган васият ёки қарз(адо этилгани)дан сўнг» деб, васият қарздан олдинга қўйилмоқда. Аммо юқорида кўриб ўтганимиздек, шаръий ҳукмда қарзни тўлаш васиятдан олдин туради. Агар «Бунинг ҳикмати нима?» деган савол берилса, шундай жавоб берилади:

«Оятда васиятнинг олдин келиши, унга кўпроқ эътиборни жалб қилиш ва меросхўрларни васиятни адо этишга тарғиб қилиш учундир. Меросхўрлар васият ишини енгил санамасинлар, чунки васият эвазсиз, беғараз ҳадя бўлиб, унинг муқобилида эваз бўлмагани учун меросхўрлар пулни қизғаниб, уни адо қилишга эътиборсизлик қилиши мумкин. Қарзнинг эса муқобилида эваз бор, уни талаб қилувчи ҳақдор ҳам бор. Шунинг учун ояти каримада васият олдин келтирилмоқда. Валлоҳу аълам».

«Ислом шариатида мерос илми» китобидан

[1] Айний қарзлар – мол-мулкнинг ўзига боғлиқ бўлган қарзлар. Масалан, гаров унинг эвазига олинган молга боғлиқ бўлади.

[2] Шахсий қарзлар – қарз, маҳр каби қарздорнинг зиммасига тегишли қарзлар.

 

Ушбу китоб Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2021 йил 24 августдаги 03-07/5163-рақамли ҳамда 2022 йил 27 сентябрдаги 03-07/7348-рақамли хулосалари асосида тайёрланган.

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Али Собуний
Таржимон
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Аслида агар она ота билан бирга мавжуд бўлса, меросдан молнинг учдан бирини олишларини юқорида кўриб ўтдик. Ояти карима ҳам шунга ишора қилади. Аллоҳ таоло шундай давоми...

949 12:55 / 08 октябрь
Аллоҳ таоло марҳамат қилади Сизларга хотинларингиз қолдирган нарсанинг, агар уларнинг фарзанди бўлмаса, давоми...

1704 14:51 / 22 март
Ҳажби ҳирмон бўладиган қариндошларни эркагу аёлларга бўлиб кўриб чиқамиз. Эркаклар 1. Саҳиҳ бобо. Саҳиҳ бобо ота сабабли ҳажби ҳирмон бўлади. Яқин бобо узоқ давоми...

556 10:42 / 15 декабрь
Ҳажбнинг таърифи Ҳажбнинг турлари Ҳажби ҳирмон ва ҳажби нуқсон Меросдан асло ҳажб бўлмайдиган меросхўрлар Ҳажб бўладиган эркак ва аёллар .Баракали ака, ва давоми...

773 14:31 / 08 декабрь