1446 йил 19 жумадис сони | 2024 йил 21 декабрь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Алданиб қолманг

Неъматлар заволи

14:34 / 15 август 1261 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Инглиз профессори С. Э. М. Жоуд шундай деган эди:  «Албатта, табиий фанлар бизга олиҳаларга муносиб бўлган қудратни бериб қўйган. Биз эса улардан ёш болалар ва ҳайвонларга ўхшаб фойдаланмоқдамиз».

Бошқа бир ўринда шундай дейди:

«Бизлар ўзимизнинг кишини ҳайратга солиб қўядиган илмий ютуқларимиз билан кишини хижолатга солиб қўядиган ижтимоий жиҳатдан ёш болага ўхшашлигимизнинг ўртасидаги тафовутни ҳар қадамда учратамиз. Биз ўз уйимизда туриб қитъалар ва денгизлар ортидагилар билан суҳбатлаша оламиз, телеграф орқали расмлар юбора оламиз, уйларимизга радио ўрната оламиз, Лондондаги катта соат ­ Биг Бэннинг жарангини Цейлондан туриб эшита оламиз. Ернинг ва денгизнинг устида ҳам остида ҳам юра оламиз. Ёш ­ ёш болалар телефонда гаплашиб юришади. Ёзув машинкаларидан овоз чиқмайдиган бўлди. Ҳеч қандай оғриқсиз тишга пломба қўямиз. Электр токи туфайли экинлар униб ­ ўсади. Кўчалар асфальтланган. Рентген нурлари орқали жисмимизнинг ичида нима борлигини кўрамиз. Сувратлар (мултфильмларда) гапиради ва қўшиқлар айтади. Радио орқали жиноятчилар ва қотилларни излаб топилади. Сув ости кемалари шимолий қутбгача бораётган бўлса, самолётлар жанубий қутбгача учиб бормоқда. Ана шунча ишларни қилиб қўйган бўлсак ҳам катта шаҳримизнинг ичида камбағалларнинг болалари тинч ва саломатлик билан ўйнаб ­ куладиган ўйин майдончалар ажратиб беришга қурбимиз етмайди. Бунинг оқибатида биз ҳар йили болалардан 2000 нафарининг умрига зомин бўламиз ва 90 000 нафарининг мажруҳ бўлишига сабаб бўламиз. Мен цивилизациямизнинг ажойиб томонлари ҳақида мақтаб: айрим ҳайдовчилар Пендин қумликлари устида уч ё тўрт мийл келадиган масофани бир соатда босиб ўтгани, қисқагина муддат ичида Москвадан Нью Йоркка қадар учадиган самолётлар яратилганини гапирганим учун мени қаттиқ танқид қилган ҳиндистонлик бир файласуф менга шундай деган эди: «Ҳа! Сизларнинг қушга ўхшаб ҳавода учишга қурбингиз етади. Балиққа ўхшаб сувда суза оласизлар. Лекин ҳозирга қадар ерда қандай юриш кераклигини билмайсизлар!».

Улар ўзларига фойда берадиган илмларни эмас зарар берадиган илмларни ўрганмоқдалар:

­ Агар уларни ишлатадиган кишилар яхшиликни танийдиган, яхшилик қилиш қўлидан келадиган бўлишганида инсон зотига яхшилик келтириши мумкин бўлган ­ ана шу ихтиролару янги кашфиётларнинг зарари фойдасидан кўра кўпроқ бўлиб қолди ва сеҳргарлар хусусида Қуръонда айтилган гапга ўхшаб қолди: «Ва  ўзларига зарар келтирадиган, ўзларига фойда келтирмайдиган нарсани ўрганадилар» .

Сиз уларнинг ўзларидан бўла туриб ана шу ихтироларни танқид қилаётган ва ҳақиқатни очиқ айтаётган бир гувоҳ ­ юқорида зикри ўтган Жоудга қулоқ солиб кўринг-а: 

«Бир жойдан иккинчи жойга жуда ҳам тез фурсатда етиб боришга қодир бўлдик. Бироқ биз сафар қилиб бораётган маконларнинг ҳаммаси ҳам сафар қилишимиз учун арзимайди. Саёҳат қилгувчилар учун заминнинг масофаси қисқарди, одамлар жипслашиб кетганидан бир ­ бирларининг остонасига қадар чиқиб кетдилар. Бироқ бунинг оқибати шу бўлдики, ўртадаги алоқалар кескинлашиб аввалгидан кўра ёмон тусга кирди. Ён ­ атрофдагилар билан танишиш имконини берадиган қулайликлар қайтага дунёни урушга тўлдириб юборди. Инсоният радиони ихтиро қилди ва унинг ёрдамида яқинимиздаги қўшни давлатлар ва биродар халқлар билан суҳбатлашдик. Аммо оқибатда ҳар бир халқ ўзининг сиёсий тузуми ҳамманинг тузумидан афзал эканлигига ишонтириш ҳаракатида табиий ресурсларни ўзига яқин бўлган халқларга озор бериш, уларга қарши иш қилиш учун ишлатадиган бўлди».

«Самода учиб юрган самолётга бир қаранг. Сиз унинг ихтирочилари ўз амаллари, саноатлари ва тартиб ­ қоидаларида ҳаммадан зўр бўлган, илк марта унда парвоз қилганлар ўзларининг олийҳиммат, қатъиятли ва жасур эканликлари билан довюрак қаҳрамонлар бўлганликларига ҳеч бир шубҳа йўқ, деб ўйлайсиз. Бироқ ҳозирги кунда самолётларнинг нима учун ишлатилаётгани­ю, келажакда қандай мақсадларда ишлатилишини бир ўйлаб кўринг. Бомбалар ёғдирмоқда, инсонларнинг жисмларини тилка ­ пора қилмоқда, тирикларни янчиб, ўлганларни ёқиб юбормоқда. Улкан босқинчиликлар қилмоқда. Ана шу ёмонликдан нажот берадиган кишилари йўқ бўлган кучсизларни пора ­ пора қилиб юбормоқда. Бу эса ё аҳмоқларнинг мақсади, ёки шайтонларнинг».

«Бизларнинг тилло конларини нималарга ишлатганимиз ҳақида эртага тарихчилар нималар дейишлари мумкин? Олтинни радио орқали топишга эришганимизни ёзади. Банк эгаларининг олтиннинг оғирлигини ўлчаш ва санашдаги маҳорат ва лаёқатлари ўз ифодасини топган сувратларни чоп этади. Уни бир пойтахтдан иккинчи бир пойахтга олиб ўтишда тортишиш кучига қандай туриб берганимизни ёзади. Ўзларининг саноат билан боғлиқ ютуқларида моҳир ва жасур бўлган ҳайвонсифат одамлар олтинга эгалик қилиш ва тўғри тақисмлашда халқаро ҳамкорлик қилишга ожиз эдилар, маъданларни мумкин қадар тезроқ беркитишдан бошқа мақсадлари бўлмаган, улар Африканинг жанубидан олтин ва қимматбаҳо тошларни қазиб олар ва Лондон, Нью Йорк ҳамда Париж сингари давлатларнинг банкларига яширар эдилар деб ёзади».

Ана шу баҳс ­ илм ва саноат билан инсоний ахлоқлар, ўз вазифасини адо этишда янги маданиятнинг муваффақиятсизлиги ўртасидаги тафовут ­ ҳақида фалсафа ва табиий фанларни яхши ўзлаштирган яна бир мутафаккир ­ Alexis Carrel ўзининг «Инсон ­ ўша номаълум нарса» (Man the Unknown) номли китобида ўта аниқлик ва юқори услуб билан сўз юритади:

«Замонавий маданият маҳорат, заковат ва журъат эгалари бўлган инсонларни етиштириб чиқара оладиганга ўхшамайди. Киши деярли ҳар бир ўлкадаги ишларни бошқараётган, мамлакатга раҳбарликни эгаллаб турган табақаларда  мафкуравий ва ахлоқий тубанлашишни кўради.

Биз ҳозирги маданиятнинг инсоният ундан умид қилган катта­катта орзуларини рўёбга чиқармаганини, ақлу заковат эгалари бўлган, ўзи қоқилиб тушадиган хатарли йўлда маданият билан юрадиган довюрак кишиларни вужудга келтиришда муваффақиятсизликдан бошқасига эришмаганини, бизлар тизгинидан қўйиб юборадиган ўша муассасалар илгарилаб кетганларидек тезлик билан илгарилай олмаган шахслар ва инсониятни кўришимиз мумкин. Албатта, бу сиёсатчиларнинг мафкуравий ва ахлоқий камчиликлари, замона халқларини хатарга мубтало қилиб қўядиган нодонликларидан бошқа нарса эмасдир».

«Инсониятга хос бўлган табиий фанлар ва саноат илм вужудга келтирган муҳит инсонга муносиб эмасдир. Негаки у аввалдан ўйланиб пухта режа асосига барпо қилинмаган омонатдир. Унда инсоннинг шахсияти билан унинг чиқишиб кетиши назарда тутилмаган. Бизнинг ақлу заковатимиз ва кашфиётларимизнинг натижаси бўлмиш ана шу муҳит на қоматимизга ва на шаклу шамоилимизга тўғри келади. Бизлар бахтиёр эмасмиз. Бизнинг ахлоқимиз тубанлашиб кетмоқда. Саноат билан цивилизациси равнақ топган ва авжига етган халқлар аввалгидан кўра кучсизроқ. Ўзи сезмаган ҳолда тезлик билан ёввойилик сари юриб кетмоқда. Ана шу халқларнинг теварагида табиий фанлар бунёд қилган гуркираган муҳитдан уни ҳимоя қиладиган ҳеч ким йўқ. Ҳақиқатни айтадиган бўлсак бизнинг ана шу цивилизациямиз ўзидан олдин ўтган цивилизациялар сингари яшаш учун ҳали ҳам ноаниқ бўлиб келаётган сабаблар туфайли баъзи бир шартларни фарз қилиб қўйганки, улар ҳаётни муҳолга айлантириб қўяди. Бизнинг ҳаёт ҳақидаги, инсон қандай яшаши кераклиги ҳақидаги илмимиз моддийликлар ҳақидаги илмимиздан жуда ҳам орқада қолиб кетган ва ана шу орқада қолишлик бизнинг жиноятимиздир».

«Асбоблар билан кашфиётларнинг сони ортиб бораётгани наф бермайди. Табиий фанлар, фалакиёт ва кимё фанлари орқали эришиладиган кашфиётларга катта аҳамият қаратишмизда ҳам ҳеч бир фойда йўқдир. Агар заифларимиз фойдаланишларига ва бизларнинг манфаатимиз учун йўналтиришга имкон берилмайдиган бўлса роҳат ва буюкликнинг, гўзаллик ва ташқи кўринишнинг ҳамда цивилизациямизнинг дабдабаси кундан кунга ортиб бораётганида қандай яхшилик бўлсин? Буюк халқларнинг аслзодалари четда қолиб оддий халқлар риоя қилиши керак бўладиган ҳаёт учун хос бўлган йўл аҳкомларида ҳеч бир яхшилик йўқдир. Бизлар тезюрар пороходлар, қимматбаҳо автомобиллар, арзон радиолар ва узоқ­узоқдан хира кўриниб турган шарпани кўришимиз учун телескоплар ясашга аҳамият бергандан кўра кўпроқ ўзимизга аҳамият қаратсак тўғри бўлар эди».

«Бирор бир самолёт бизларни Хитой ёки Европага бор йўғи бир неча соат ичида олиб бориб қўяётган бир пайтда биз қўлга киритган ҳақиқий тараққиёт қанчалар салмоқли? Инсон ўзига фойдаси тегмайдиган кўпгина нарсалардан жуда кўпини ишлатиб юбориши учун ишлаб чиқаришни тўхтовсиз равишда ошириб бориш биз учун керакми? Бу ўринда механика, табиат ва кимё фанлари бизга ақлу заковат, ахлоқий тартиб қоида, саломатлик, миллий мувозанат, тинчлик ва хотиржамлик ато қилишдан ожиз эканлигида бироз шак­шубҳа бор эмасми?».

«Олам ва одам, дин ва илм» китоби асосида тайёрланди

Ушбу мақола Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2023 йил 30 ноябрь 03-07/9089-сонли хулосаси асосида тайёрланди.

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ҳозирги пайтда дунёнинг барча жойида мансублари мавжуд ва дунё нуфузининг 15 қисми дин сифатида эътироф этган Христианлик дини Фаластин ерларида христианлик мил. давоми...

5472 11:06 / 17.08.2020
Европаликларда, юқоридаги сафсаталардан сўнг, илмфан Худо йўқлигини исбот қилди, унда дин қаердан пайдо бўлган, динга қандай муносабатда бўлиш керак каби давоми...

1378 13:48 / 02 декабрь
Аллоҳ таоло .Ҳадид, сурасида марҳамат қилади .Батаҳқиқ, расулларимизни очиқойдин ҳужжатлар ила юбордик ва одамлар адолатда туришлари учун улар давоми...

1402 12:34 / 24 июль
Испания қироличаси Изабелла Кастильская XV асрнинг охири бутун ҳаёти давомида икки марта ndash туғилганида ва тўйи куни чўмилганини эътироф этган. Француз давоми...

1738 09:00 / 27 январь