1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ислом

Саҳобалар даврига оид мусҳафлар ва бошқа қўлëзмалар зиёрати

18:34 / 15 август 970 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Яқинда Аллоҳнинг фазли инояти билан Европанинг бир қатор мамлакатларига сафар уюштирдик. Сафардан кўзланган асосий мақсадлардан бири – Европа кутубхоналарида сақланаётган айрим қўлёзмалар, хусусан, қадимий мусҳафлар билан танишиш эди. Берлин кутубхонаси ва Франция миллий кутубхонасида айни мақсадда ўтган учрашув менда жуда катта таассурот қолдирди. Айниқса, мазкур кутубхоналарда кўрганим қўлёзмаларнинг ҳар бири алоҳида тавсифу таърифга лойиқ. Улар ичида Париж давлат кутубхонасида сақланаётган бир мужаллад ичидаги Қуръон саҳифалари менга ўзгача завқ берди. Сабаби шундаки, бу мусҳафлар асри саодатда ёки рошид халифалар даврида ёзилган.

Одатда қўлёзмаларнинг асл нусхаси кўрсатилмайди, электрон нусхаси таклиф қилинган. Бироқ мезбонларимиз эҳтиром юзасидан бизга илтифот кўрсатишди. Айниқса, Франсия миллий кутубхонаси араб адабиётлари бўлими бошлиғи Холид Ҳилолий бизни жуда илиқ кутиб олди. Унинг ҳақиқий илм одами экани барча сўзу афъолидан намоён эди. Бу учрашувларни уюштиришда ўша мамлакатлардаги элчихоналаримизнинг кўмаги ҳам катта бўлди. Бунинг учун ул азизларимизга алоҳида ташаккур айтаман.

Тўрт нусхадан айрим сураларни ўзида жамлаган бу мужалладда Қуръони Каримнинг бир қатор суралари мавжуд. Улар хат услуби ва бошқа жиҳатлардан бир даврда ёзилгани эътиборидан бир жилдга солинган. Уларни илгари тадқиқотчилар биринчи ҳижрий аср охири ёки иккинчи ҳижрий асрнинг биринчи ярмида ёзилган деб тахмин қилишар эди. Аммо сўнги йилларда қилинган карбон текшируви натижасида бу мусҳафлар узоғи билан 655 милодий сана, яъни Усмон розияллоҳу анҳу халифалиги даврида ёзилгани аниқланди. Қуръоннинг ушбу нусхалари Усмон розияллоҳу анҳу мусҳафлар кўчиртиргач бошқа Қуръон битикларини йўқ қилиш ҳақида фармон чиқарганда ёқилмай қолиб кетган мусҳафлар бўлиши ҳам мумкин, деган қарашлар ҳам бор.

Аксар қисми Қоҳирада сақаланаётган яна бир қадимий мусҳафнинг айрим саҳифалари ҳақида ушбу мусҳаф устида илмий иш қилаётган франсиялик қуръоншунос аёл Элеонора Селлард ҳам анча яхши маълумотлар айтиб ўтди. Унинг мусҳафлар тарихига оид изланишлари диққатга сазовор. Мавзуга оид қарашлари у билан илк танишганимдагидан анча юксалганини сездим.

Мусҳафларни варақлаб, айрим сўзларнинг имлоси хусусида гапирганимда мавзу устида баҳс қизғин давом этар экан, менинг қорилигим иш берди. Улар ўйланиб, мисоллар топишга қийналиб турганда назарда тутилаётган оятларни кўрсатиб турдим. Оятларни ёддан ўқиб беришим уларни яна ҳам таажжублантирди. Қуръонни ёд олишнинг фазилати яна бир бор намоён бўлди ва ёшлигимда қори қилган ота­-онам, устозларим ҳаққига бехосдан дилдан дуо қилдим.

Эътиборлиси шундаки, ана шундай қадимий мусҳафларда Қуръони карим айни бугунгидек шаклда ёзилган бўлиб, ҳатто унда айрим сўзларнинг ўзига хос имлоси ҳам тўлиқ сақланган. Саҳифалардаги сатрлар худди ўша давр мусҳафлари тавсифига тўла мос. Мусҳафларнинг бунчалар қадимийлиги ва уларда ҳам Қуръони карим айни бугунги шаклида ёзилгани уларни яна бир бор ҳайратга солибди.

Олмон профессори, ҳозирда мусҳафлар бўйича энг таниқли тадқиқотчилардан бири Михаил Маркс ҳам илмий марказида қилган суҳбатимиз асносида: «Бу мусҳафларни қадимий деб билардигу, лекин бунчалар илгари ёзилганини кутмагандик”, дея ўз ҳайратини изҳор қилди.

Хуллас, саҳобалар вақтида битилган ва кўп эҳтимолга кўра айнан саҳобаи киромлар ёзган мусҳаф намуналарини бевосита кўриб, ўқиш насиб бўлди. Бунинг учун Аллоҳ таолога ҳамду шукр айтгум!

Буни қарангки, ана шундай энг ноёб мусҳафлар бугун кўпроқ Ғарб кутубхоналарида сақланмоқда. Бу ҳам бир илоҳий ирода. Балки биз уларни асрашга ва ўрганишга лойиқ бўлмай, қадрига етмаганимиз учун улар бизда эмас, бошқалардадир. Агар ўзимизни ўнгласак, аҳвол ўнгланса ажабмас.

Берлин ва Франсиядаги кутубхоналарда кумушда ёзилган мусҳаф ва яна бошқа қадимий гўзал Қуръон нусхалари билан ҳам танишдик. Шунингдек, «Саҳиҳи Бухорий»ва унинг шарҳи, Ҳазрат Навоийнинг девонларининг айрим ноёб нусхаларини ҳам кўрсатишди. Улардаги илму ирфон бир олам, китоблардаги жамолу жалол яна бир олам. Уларни томошо қилар экансиз, аждодларимиз қанчалар буюк бўлганларини, мусулмон уламолари қанчалар юксак маданият, илму санъат соҳиби бўлганларини, бир сўз билан айтганда, улар Ислом билан қанчалар иззату шараф топганларини яна бир бор ҳис қиласиз. Бу бетакрор буюк меросни ўрганишга ва дунёга қайта тараннум этишга қанчалар муҳтож ва бурчли эканимизга яна бир бор амин бўласиз.

Мазкур мусҳафлардан олинган айрим суратларни сизларнинг эътиборингизга ҳам ҳавола қилгим келди. Бу борада вақти келганда яна батафсил сўз юритармиз.

Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид

Ушбу мақола Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2024 йил 3 август 03-07/4702-сонли хулосаси асосида тайёрланди.

Муаллиф
Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
rdquoва пешқадамлар, пешқадамлар ndash Учинчи тоифа пешқадамлар тоифаси бўлиб, бу дунёда иймонга киришда ва Аллоҳ таолонинг ибодати ва тоатида бошқалардан кўра давоми...

4129 17:22 / 28.01.2018
Нолевой чиқиндиларсиз ҳаракатининг деярли ҳар бир эргашувчиси Би Жоннинг Чиқиндиларсиз уйrdquo ёки Исрофсиз уйrdquoкитобини ўқишдан бошлаган бўлса керак. Bea Johnson, Zero давоми...

3706 18:00 / 21.05.2018
Шартлари таҳорат қилиш, қиблага юзланиш ҳамда аврат жойларини беркитиш. Вожиб бўлишининг сабаби сажда оятини ўқиш ёки эшитиш. Сажда ояти намоздан бошқа пайт давоми...

3421 15:45 / 08 май
Динимизда ниятнинг гўзаллиги сабабли одатлар ибодатга айланади.Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам .Албатта, амаллар давоми...

3755 15:01 / 20.04.2022