1446 йил 19 жумадис сони | 2024 йил 21 декабрь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мерос

Меросни ман қилувчи нарсалар

15:34 / 05 июль 780 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Меросхўрни меросдан маҳрум қилиб қўядиган сифатлар учтадир:

1. Қуллик. Қуллик сабабидан киши қариндошларининг ҳеч биридан мерос ола олмайди, чунки агар қул мерос олса, уни хўжайини олиб қўяди. Хўжайин эса қулнинг қариндошларига бегонадир. Фуқаҳоларнинг қуйидаги сўзлари машҳурдир: «Қул ва унинг топгани хўжайининикидир». Демак, мерос хўжайинга кўчиб ўтмаслиги учун қул мерос олмайди. Шу ўринда қулнинг қайси тури бўлишидан қатъи назар, мерос олмаслигини таъкидлаш лозим. Қуллик турли кўринишда бўлган:

• қин: мутлақ қулга қин дейилади.

• мудаббар: хожаси «Мен ўлсам, сен озодсан», деган бўлса, бу қул мудаббар бўлади.

• мукотаб: хожаси билан озод бўлиши учун маълум маблағ тўлашга келишиб, шартнома тузган қул мукотаб дейилади. Мисол учун, хожаси қулига: «Агар менга минг дирҳам олиб келсанг, сен озодсан», деса, шу қул мукотаб қул бўлади.

Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:

ﭶ ﭷ ﭸ ﭹ ﭺﭻ

«Уларда яхшилик борлигини билсангиз, улар билан мукотаба тузинг» (Нур сураси, 33-оят).

Озод бўлиши бирор сифатга боғлиқ бўлган қул.

Масалан, хўжайин қулига «Агар аёлим ўғил бола туғса, сен озодсан», деган бўлса, қулнинг озод бўлиши мана шу ишга боғлиқ бўлади.

Шундай қилиб, қулликнинг барча турлари мерос олишга монелик қилади. Қул мерос ола олмаганидек, унинг қўлида мол бўлмагани учун ундан мерос ҳам қолмайди.

2. Қотиллик. Меросхўр мерос қолдирувчини ўлдирса, мерос олишдан маҳрум бўлади.

أَنَّ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «لَيْسَ لِلْقَاتِلِ مِنْ تَرِكَةِ الْمَقْتُولِ شَيْءٌ».

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қотилга мақтулнинг меросидан ҳеч нарса йўқ», деганлар».

Насоий ва Дорақутний ривоят қилган.

Қотил қотиллик билан меросни тезроқ олмоқчи бўлди. Фиқҳий қоидага кўра: «Ким бир нарсани вақтидан олдин олмоқчи бўлса, ундан маҳрум қилиш билан жазоланади».

Демак, қотил меросдан маҳрум қилинади. Худди сигир қиссасида амакиваччасини ўлдирган киши маҳрум қилинганидек.

Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:

ﭾ ﭿ ﮀ ﮁ ﮂﮃ ﮄ ﮅ ﮆ ﮇ ﮈ ﮉ

«Бир жонни ўлдириб қўйиб, у ҳақда ихтилофга тушганингизни эсланг. Аллоҳ сиз беркитган нарсани чиқарувчидир» (Бақара сураси, 72-оят).

Меросни тезроқ олиш мақсадида амакисининг ўғлини ўлдирган одам меросдан маҳрум қилиниб, ундан қасос олинди. Бу ҳукмда кўплаб ҳикматлар бордир. Агар қотил меросдан маҳрум қилинмаса, кўпчилик инсонлар мол-дун­ёга эришиш мақсадида ўз яқинларини ўлдириб юбориши мумкин. Натижада интизом бузилиб, ўзбошимчалик тарқалиб кетади, тинчлик йўқолиб, барқарорликка футур етади. Иккинчи томондан қараганда, қотиллик зотан қабиҳ жиноятдир, жиноят қилиш фаровонликка сабаб бўлиши, жиноятчини жабрдийданинг молига эга бўлиб ундан фойдаланишига васила бўлиши ақлан ҳам, шаръан ҳам жоиз эмас.

Меросдан маҳрум қиладиган қотиллик ҳанафий мазҳабида қасддан, хато юзасидан ёки қасдга ўхшаш бўлган ва хато юзасидан бўлганнинг ўрнига ўтадиган қотилликдир. Ҳанафий мазҳаби наздида буларнинг барчаси хато юзасидан қилинган қотилликка йўйилади. Ҳанафий мазҳаби қоидасига кўра, каффоратни вожиб қилувчи ҳар қандай қотиллик меросни ман қилади. Каффоратни вожиб қилмаса, меросни ҳам ман қилмайди.

Моликий мазҳаби наздида меросни ман қилиб қўядиган қотиллик қасддан қилинган қотилликдир. Бошқа қотилликлар меросни ман қилмайди.

Ҳанбалий мазҳабида қасосни, дияни ёки каффоратни вожиб қилувчи ҳар қандай қотиллик меросни ман қилади. Бундан бошқалари эса ман қилмайди.

Шофеъий мазҳабида эса қотилликнинг барча турлари меросни ман қилади. Ҳатто гувоҳлик билан ёки гувоҳни тафтиш қилишда унинг ишончли эканини айтиш билан ҳам қатлда иштирок этган киши меросдан маҳрум бўлади.

Мисол учун, бир киши ўзига мерос қолдирувчи яқини зино қилгани тўғрисида гувоҳлик берса ёки шу гувоҳликни берган кишиларни ишончли деб маъқулласа ва шунга кўра зинокор тошбўрон қилиб ўлдирилса, барча ҳолатларда меросхўр меросдан маҳрум бўлади. Бу қарашлар ичида мўътадилроғи ҳанбалий мазҳабининг сўзи бўлса ажаб эмас. Валлоҳу аълам.

3. Турли динда бўлиш. Мерос қолдирувчи билан мерос олувчининг дини турлича бўлса, улар бир-биридан мерос олмайди.

عَنْ أُسَامَةَ بْنِ زَيْدٍ رَضِي اللهُ عَنْهُ ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «لَا يَرِثُ الْمُسْلِمُ الْكَافِرَ وَلَا يَرِثُ الْكَافِرُ الْمُسْلِمَ.

Усома ибн Зайд розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мусулмон кофирдан мерос олмайди, кофир мусулмондан мерос олмайди», дедилар» (Бухорий, Муслим, Абу Довуд ва Термизий ривоят қилган).

Ушбу сўз тўрт мазҳаб имомларининг ҳам сўзидир. Ҳадиснинг зоҳири ҳам шунга далолат қилиб турибди. Баъзи уламолар «Мусулмон кофирдан мерос олади, кофир эса мусулмондан мерос олмайди», деб, бунга «Ислом олийдир, ундан олий бўлинмайди», деган далилни ҳужжат қилишади. Ушбу мазҳаб Муъоз ибн Жабал розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган. Жумҳурнинг фикри Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилинган очиқ матнга суянгани учун кейинги фикрдан кўра тўғрироқдир. Зеро, мерос ўзаро ёрдам ва ўзаро ҳамкорлик асосига қурилган бўлиб, мусулмон билан кофир ўртасида бундай асос йўқдир. Исломдан бошқа ҳар қандай дин ягона миллат ҳисобланади. Насроний яҳудийдан, яҳудий қариндоши насронийдан мерос олиши мумкин ва ҳоказо, чунки куфр миллатининг барчаси бирдир.

Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:

ﯽ ﯾ ﯿ ﰀ ﰁﰂ

«Ҳақдан сўнг залолатдан ўзга нима бўлади?» (Юнус сураси, 32-оят).

Кофирлар динлари ва йўналишлари қандай бўлишидан қатъи назар, бир-бирларидан мерос олаверишади.

Баъзи уламолар меросни ман қилувчилар жумласига муртадликни ҳам қўшганлар. Муртадлик Ислом миллатидан чиқишдир (Аллоҳ асрасин!). Бу ҳам турли динда бўлиш жумласидандир. Муртаднинг мусулмондан мерос ола олмаслигига уламолар иттифоқ қилишган. Лекин мусулмоннинг муртад қариндошидан мерос олиши тўғрисида турли фикр билдиришган. Жумҳур фуқаҳолар (моликий, шофеъий ва ҳанбалий мазҳабидаги саҳиҳ гап), мусулмон муртаддан мерос олмайди, чунки бу мусулмон билан кофир ўртасида мерос олиш бўлиб қолади. Муртадлик Исломдан чиқиш бўлиб, у бу иш билан кофирга айланади. Унинг моли мусулмонлар учун ўлжа ҳисобланади, дейишади. Ҳанафий уламолар эса муртаднинг моли унинг мусулмон меросхўрлари учун мерос ҳисобланади, дейишади. Абу Бакр, Алий ва Ибн Масъуд розияллоҳу анҳумлардан ривоят қилинган мана шу фикр балки бугунги даврда қувватлироқ бўлса керак, чунки ҳозир мусулмонларнинг мунтазам равишда фаолият кўрсатаётган байтулмоллари йўқдир.

«Ислом шариатида мерос илми» китобидан

Ушбу китоб Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2021 йил 24 августдаги 03-07/5163-рақамли ҳамда 2022 йил 27 сентябрдаги 03-07/7348-рақамли хулосалари асосида тайёрланган.

 

 

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Али Собуний
Таржимон
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ҳажби ҳирмон бўладиган қариндошларни эркагу аёлларга бўлиб кўриб чиқамиз. Эркаклар 1. Саҳиҳ бобо. Саҳиҳ бобо ота сабабли ҳажби ҳирмон бўлади. Яқин бобо узоқ давоми...

518 10:42 / 15 декабрь
Маҳжуб билан маҳрумнинг ўртасида нозик фарқ бор. Кишининг меросдан маҳрум бўлишига қатл ёки турли динда бўлиш каби сифатлар сабаб бўлса, бу истилоҳда маҳрум ва давоми...

854 11:24 / 17 июль
Меросхўрлардан иккитаси тўртдан бирни олади 1. Эр. Агар эрнинг хотинида хоҳ унинг ўзидан, хоҳ бошқа эридан боласи бўлса ёки боласининг боласи бўлса қанча пастласа давоми...

876 11:42 / 03 сентябрь
Ҳажбнинг таърифи Ҳажбнинг турлари Ҳажби ҳирмон ва ҳажби нуқсон Меросдан асло ҳажб бўлмайдиган меросхўрлар Ҳажб бўладиган эркак ва аёллар .Баракали ака, ва давоми...

761 14:31 / 08 декабрь