1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Жамият

Йўл ёқасидаги зиёратгоҳ

09:49 / 19 январь 2376 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Рамазон ойининг биринчи куни. Пешиндан сўнг ифторлик режаларини тузиб турган эдим, курсдошларимдан бири қўнғироқ қилиб, кўп йиллик дўстимизнинг отаси бандаликни бажо келтирганини айтиб қолди. Инна лиллаҳи ва инна илайҳи рожиун. Отахон муборак кунларда охиратга риҳлат қилибдилар. Жойлари жаннатдан бўлсин. «Жаноза эртага эрталаб қишлоқда ўқилар экан. Самарқандга 8–10 нафар курсдош йиғилиб, 2–3 та машинада борамиз, иншааллоҳ», деб қўшиб қўйди у. Шу тариқа қадрдонлар кечки пайт, таровеҳ намозидан сўнг йўлга чиқдик. Саҳарликни йўлда қилиб, бомдоддан сўнг маърака ўтадиган жойда ҳозиру нозир бўлдик. Жанозани ўтказиб, Тошкентга қайтаётганимизда жуманамозни Махдуми Аъзам мажмуасидаги масжидда ўқишга қарор қилдик. Зеро, кўпчилигимиз анчадан буён ана шу табаррук масканни зиёрат қилишни ният қиларканмизу аммо имкон топа олмас эканмиз... 


Самарқанд шаҳридан 8–10 чақирим узоқликдаги Даҳбет қўрғонида, шундоққина катта йўл (М-37 халқаро магистрал йўли) ёқасида жойлашган мажмуа ҳовлиси ҳавас қилса арзигулик даражада ободонлаштирилган. Ям-яшил майса, тувакларга экилган гуллар, бизни кутиб олаётгандек, баъзилари аскарлардек саф тортиб турган, айримлари эса эгилиб таъзим қилиб турган дарахтлар. Мажмуа марказида тарвақайлаб ўсган, каваклари бўм-бўш бўлса-да, виқор билан кўкариб турган бир неча асрлик чинорни айтмайсизми! Ўзига хос услубда барпо этилган чироқ устунлари, ўриндиқлар. Бошқача айтганда, бу ерга келганларнинг ибодатларини амалга оширишу зиёрат қилиши учун ҳамма шароитлар яратилган. Эртакнамо қурилган минора, қатор баланд устунлар қуршовида қолган кенг айвон, тўрт юз йил аввал барпо этилган хонақоҳ ҳар бир сайёҳ эътиборини жалб этиши табиий. Рамазоннинг биринчи жума намозини шундай табаррук масканда адо этганимиздан мамнун бўлиб, бунинг учун Аллоҳга ҳамду санолар билдирган ҳолда мажмуанинг асосий объекти – мақбара томон юрдик.


Ғиштин девор билан ўралган қабристонга шарқона услубда бунёд этилган аркали дарвоза орқали кирилар экан. Мақбара ҳовлисига кириб борар экансиз, дастлаб марказда мармар тошлардан барпо этилган, баландлиги бир ярим метр атрофида бўлган, тахминан 10 га яқин қабрни бағрига олган тошсупа – катта дахмага кўзингиз тушади. Дахмадан пастроқда, шунингдек мажмуанинг бошқа қисмларида жами 30–40 та алоҳида тошли қабрлар бор...

Махдуми Аъзам ким бўлган?
Маълумотларга кўра, ислом тарихида «аъзам» унвонига эга бўлган учта машҳур шахс ўтган. Улардан биринчиси – мазҳаббошимиз Абу Ҳанифа Нўъмон ибн Собит – Имоми Аъзам раҳматуллоҳи алайҳ бўлса, иккинчиси Абу Муҳаммад Муйҳиддин Саййид Абдулқодир Ғийлоний ҳазратлари – Ғавсули Аъзамдир. 


Мазкур унвонга эришган учинчи мўътабар зот – Махдуми Аъзамнинг асл исми Саййид Аҳмад Хожаги ибн Саййид Жалолиддин Косоний-Даҳбедий бўлиб, 1461 йили қадимги Фарғона водийсининг Ахсикент вилояти (ҳозирги Наманган вилоятининг Косонсой тумани) Косон шаҳрида таваллуд топган. Насаблари Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам авлодларига бориб тақалган (Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг 21-авлоди) Саййид Аҳмад Косонийнинг отаси Қорахонийлар (840 – 1212 йиллар) сулоласига мансуб султонлардан Бурҳониддин Қилич (XI аср) авлодларидан бўлиб, онаси Косон саййидлари оилаларига мансуб эди. Саводини Косон мактабларидан бирида чиқарган бўлажак уламо таълим олишни Ахсикентда, Хожа Муборак мадрасасида давом эттиради.


Мадрасани битиргач, ёш Саййид Аҳмад Шайх Мир Саййид Алига шогирд тушади. Кўп ўтмай, устоз шогирдини билимини синаб кўриш учун унга қийин-қийин саволлар беради. Косоний саволларга аниқ ва тўлиқ жавоб қайтаради. Шунда шогирдининг билимидан мамнун бўлган шайх: «Энди мен сенга эмас, балки сен менга устоз бўлдинг», деб яна бир неча кундан сўнг: «Шош вилояти томон йўл олки, ул вилоятда замонимиз қутби Муҳаммад Қози бордур. Хожагон (Нақшбандия) тариқатининг бутун ишлари ул жавонмарднинг қўлларидадур», деган экан. Муҳаммад Қози машҳур Хожа Аҳрор Валийнинг шогирди бўлиб, ўз замонида мазкур тариқатга раҳбарлик қилган. У Саййид Аҳмадни аввал ўзига шогирд қилиб олади ва тез орада ўзига халифа этиб тайинлайди. Манбаларга қараганда, Махдуми Аъзам ўша чоғларда устози Муҳаммад Қози билан биргаликда Ҳиротга сафар қилиб, у ерда таниқли аллома ва шоир Абдураҳмон Жомий билан бир неча бор учрашиб суҳбатлашади.


Мовароуннаҳрга қайтгач, маълум вақт давомида Бухоро ва Тошкентда яшаган Саййид Аҳмад устози Муҳаммад Қози рухсати билан Ахсикентга қайтади ва бу ерда мустақил ваъзхонлик қилиб, Нақшбандия тариқатини тарғиб этишга астойдил киришади.
Муҳаммад Қози вафотидан сўнг, Нақшбандия тариқатининг барча мовароуннаҳрлик шайхлари Махдуми Аъзамни «пешвойи тариқат» (тариқат пешвоси) сифатида эътироф этишади. Тез орада Махдуми Аъзамнинг шуҳрати бутун Мовароуннаҳр ва унинг атрофидаги қўшни мамлакатларга ёйилади. Тариқат илмини ривожлантириш, мамлакатда тинчлик- осойишталикни сақлаш, ризқ-барака улашиш каби хизматлари учун улуғлик даражасига етган Саййид Аҳмад Саййид Жалолиддин Косонийга уламолар томонидан Аъзам унвони берилади.


1520-йилларнинг охирларида Шайбонийлар ҳукмдори Жонибек Султон Махдуми Аъзамга элчи юбориб, катта ҳурмат билан уни ўз саройига чорлайди. Олим Султоннинг таклифига рози бўлиб, дастлаб бироз Самарқанд шаҳрида, кейин Карманада яшайди. Ҳукмдор Миёнқол ҳудудидаги (ҳозирги Оқдарё туманининг Даҳбед қишлоғи атрофи) ер-сувларни ўзининг пири деб билган Махдуми Аъзамга мулк қилиб берганидан сўнг эса олим ҳозирги мажмуа атрофидан қўним топади.


Ўрта аср манбаларида ёзилишича, янги жойга кўчиб келгач, Махдуми Аъзам биринчи навбатда ўнта мажнунтол дарахти кўчатини («даҳбед» сўзининг форс тилидан таржимаси «ўнта мажнунтол» маъносини англатади) экади. Кейинроқ у 20 гектардан кўпроқ ерда жуда йирик боғ барпо этади.


Шу ўринда Даҳбедда яшай бошлаган Махдуми Аъзам фиқҳ, тасаввуф, фалакиёт илмларини ўрганиш баробарида унга ажратилган ерда деҳқончилик ҳамда боғдорчилик билан шуғулланганини, хусусан, янги навларни яратиш, пайвандлаш, яъни селекция ишлари билан банд бўлганини таъкидлаш жоиз. Сўзимиз исботи сифатида бу улуғ зотнинг тасаввуф, ахлоқ, илоҳиёт, адабиёт, фалсафа, фалакиёт, геология, ҳуқуқ масалаларига оид «Асрор ун-никоҳ», «Ганжнома», «Баёни зикр», «Рисолаи силсилаи Хўжагон, «Шарҳи ғазали Убайдий», «Меърож ул-ошиқин», «Рисолаи Нақшбандийя», «Рисола вужудийя» каби 30 дан ортиқ рисолалар ёзиб қолдирганини айтиш ўтиш мумкин. Тоат-ибодатда камтарликни афзал билган Махдуми Аъзам зикр ва намознинг хуфия шакли, яъни, ортиқча дабдабасиз ва намойишкорона бўлмаган шаклини маъқул кўрган. Бундан ташқари, бир мунча таҳликали, тахт учун тинимсиз курашлар олиб борилган даврда яшаган аллома моҳир сиёсатдон, бугунги тил билан айтганда дипломат инсон бўлганини, хусусан, Самарқанд ерлари учун ўзаро уруш олиб борган Шайбоний Убайдуллахон ва Заҳириддин Муҳаммад Бобур ўртасида ёнган оловни маърифат сувлари билан ўчириб турганини айтиб ўтиш даркор.


Зеро, Махдуми Аъзам ўз асарларида баён этишича, Нақшбандия тариқати уч зарурий қоидага бўлинган:
– биринчи қоида – «иҳвон» (биродарлик) дея аталиб, унга кўра, тариқат аъзолари ўз хатти-ҳаракатларида бир-бирларига ҳамдард, ҳамнафас ва ҳамфикр бўлишлари лозим.
– иккинчи қоида – «макон» (ўрин, мавқе). Ушбу қоидага мувофиқ, ҳар бир толиб муршидининг насиҳатларига амал қилиб, баркамолликка интилмоғи лозим ва шу жараёнда тариқат аъзолари ўзига муносиб мавқе соҳиби бўлиб, улар ўз мартабасига лойиқ иш қилмоғи керак.


– учинчи қоида – «замон» қоидаси. Мазкур қоидага кўра, агар маълум бир замоннинг халқлари ва қавмлари орасида зиддият ва ихтилофлар пайдо бўлса, бу ҳолат тариқат биродарларини қарама-қарши қилиб қўймаслиги лозимдир.


Даҳбеддаги масканида Баҳоуддин Нақшбандийнинг «Дил ба ёру, даст бакор» (Қўлинг меҳнатда-ю, дилинг Аллоҳда бўлсин) деган ўта дунёвий ва ҳаётий ғоясига амал қилган ҳолда ҳам илоҳиёт илмини тарғиб қилиш, ҳам меҳнат билан банд бўлган Саййид Аҳмад Косоний ўта доно ва ҳаким бўлгани учун ўз даврининг жуда кўплаб етук олимлари, шоирлари ва давлат арбоблари унга қўл беришиб мурид бўлганлар. Жумладан, Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Жўйборий хожалардан Муҳаммад Ислом, Шайбоний ҳукмдорлардан Убайдуллахон, Абдулазизхон ва Жонибек Султон, Эрон, ва Афғонистоннинг бир неча подшоҳлари, қолаверса, Мовароуннаҳр, Хуросон, Ҳиндистонда яшайдиган минг-минглаб мусулмонлар Махдуми Аъзамни ўзларига пир деб билганлар.


Айнан ўша кезларда Заҳириддин Бобур Махдуми Аъзамнинг эътиборини қозониш мақсадида унга Хожа Аҳрорнинг «Рисолайи волидия» асарини туркий тилга ўгириб, Ҳиндистонда битилган ўз рубоийлар девони — «Девони Бобур»га қўшиб юборади. Ўз навбатида, Махдуми Аъзам «Рисолаи Бобурия» асарида Бобур ҳақида кўп маълумот беради.


Махдуми Аъзам нақшбандия тариқатининг йирик назариётчиси бўлган ва сўфийлик бўйича кўплаб асарлар ёзган. Ислом ва сўфийчилик, художўйлик, ахлоқ, фалсафа, адабиёт ва тарихнинг назарий ва амалий муаммолари бўйича низом ва мактублар ёзган. Улардан кўплари «Мажмуа ар-Расоил» (Рисолалар тўплами) номи остидаги умумий тўпламдан жой олган. Ўзбекистон Фанлар академияси Шарқшунослик институтида алломанинг кўплаб асарлари сақланиб қолган. Маълум бўлишича, институтнинг Қўлёзмалар бўлимида сақланаётган асарлардан бирининг ҳажми 668 бетни ташкил этади.


«Деҳқон ерга меҳр берса, тупроқни тошлардан, бегона ўтлардан тозалаб, чопиб, текислаб, унга уруғ қадаса ва сув берса кўп ўтмай меҳнатлари самарасини кўради – ҳосилни йиғиб олади, – деган эди Махдуми Аъзам ўз ҳикматларида. – Инсон қалби ҳам ер кабидир, унга эътибор қаратиб, меҳр бериб, асраб-авайлаб, маънавий жиҳатдан озиқлантирсангиз, вақти келиб бу ҳаракатлар ўз натижасини беради».

Мажмуани қачон ва ким қурдирган?
Махдуми Аъзам мажмуасига кирувчи масжид хонақоси Самарқанд ҳокими Ялангтўшбий Баҳодир (1576 – 1656) ташаббуси билан қурилган. Эътиборлиси, Самарқанд шаҳрининг Регистон майдонидаги Шердор ва Тиллакори мадрасалари ҳам айнан ана шу ҳукмдор даврида, унинг саъйи ҳаракатлари билан барпо этилган. Маълумотларга кўра, Ялангтўшбий Баҳодир Махдуми Аъзамнинг набираси – Хожа Ҳошим Даҳбедийга (шу ўринда Махдуми Аъзамнинг 13 нафар фарзанди бўлиб, улар ва уларнинг авлодлари уч юз йил давомида боболарининг илмий изланишларини давом эттирган ҳолда Нақшбандий тариқатига раҳбарлик қилишганини айтиб ўтиш жоиз) қўл бериб, унинг муриди бўлган. Ялангтўшбий ўз пирининг бобоси Махдуми Аъзамнинг қабри устида дахма қурдирган ҳамда йирик масжид барпо қилдиради. Шунингдек, Ялангтўшбий бу ерда илми толиблар учун ҳашаматли мадраса ва кутубхона ҳам қурдиради. Топган мол-мулкини хайрли мақсадлар ва илм маърифатга сарфлаган Ялангтўшбий ўз васиятига кўра Даҳбедда пири-устози Махдуми Аъзамнинг невараси – Ҳожа Ҳошим оёқ томонига дафн этилади.


Мажмуа ҳудудидаги жоме масжидига баланд ва кенг айвон орқали кириш мумкин. Айвон шифтига тиргак бўлиб турган, 14 та нақшинкор ёғоч устун билан безатилган. Хонақоҳга кириб борар экансиз, ўзингизни ўрта аср даврига тушиб қолгандек ҳис қиласиз. Зеро, мураккаб меъморий ечимлардан фойдаланган ҳолда қурилган бинонинг 12 та кичик гумбазини ушлаб турувчи гўзал аркаларни ҳосил қилувчи маҳобатли оқ устунлар хонақоҳга ўзгача руҳ бахш этиб туради. 


Зиёратгоҳнинг шимолий қисмидан ўрин олган деярли тўртбурчак шаклидаги (17,6х16,6 м) дахма Самарқанднинг кулранг мармаридан тикланган. Дахма устига қўйилган қабр тошлари Қуръон оятлари билан зийнатланган. Бу ерга келган зиёратчилар дахма рўпарасида барпо этилган кичикроқ айвон ўриндиқларида тиловат қилишлари мумкин. 
Шу ўринда мустақиллик даврида Махдуми Аъзам мажмуаси қайта таъмирланиб, зиёратгоҳни ободонлаштириш бўйича кенг қамровли ишлар амалга оширилганини алоҳида эътироф этиб ўтиш лозим. Мамлакатимизда сайёҳлик, жумладан, зиёрат туризми шиддат билан ривожланаётган бугунги кунда Махдуми Аъзам шахси ҳамда ушбу мажмуа ҳақида юртимиз аҳли ва хорижлик меҳмонларга кўпроқ маълумот тақдим этилса мақсадга мувофиқ бўлар эди.


Шуҳрат Абдуҳамид ўғли
«Ҳилол» журналининг 8(53) сонидан

 

Мавзуга оид мақолалар
Бир подшоҳнинг қўшини орасида қўй боқар оддий чўпон бор эди. Сарой қозиси уни ёқтирмас эди. У чўпонга нисбатан шундай ҳийла ишлатдики, оқибатда подшоҳ чўпонни қатл давоми...

1578 11:00 / 03.09.2022
Али Тантовий роҳимаҳуллоҳ айтади.Баъзи кишилар менинг даъватларимни эшитиб, мени тараққиётга қарши, ривожланишдан узоқ инсон, дейишади. Таажжуб...Мен машинанинг давоми...

2242 09:39 / 24.10.2021
.Қатар таълим, фан ва жамиятни ривожлантириш жамғармаси, ҚФ аъзоси Ҳамад Бин Халифа университети ҲБКУ 2010 йилда ҚФнинг инсон потенциалини очишга қаратилган давоми...

1079 15:41 / 06.06.2023
Тошкентнинг Эски шаҳарида ndash Ҳазрати Имом Ҳастимом мажмуаси ҳудудида Ислом цивилизацияси маркази барпо этилаётганидан кўпчилик юртдошларимиз хабардор. .Мазкур давоми...

954 11:59 / 29 сентябрь