1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Жамият

Фарзандлик бурчига садоқат

17:00 / 02.03.2022 2620 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Жанубий Кореяда пул ўтказмалари тизимида иш бошлаганимдан бери кунига ўттизга яқин киши билан мулоқотга киришишга мажбур бўламан. Баъзилари билан юзма-юз кўришмаган бўлсам ҳам қисқа муддат ичида худди ака-укадек бўлиб кетдик. Дастурдаги баъзи ноқулайликлар, баъзи камчиликлар ҳақида қўнғироқ қилиб, эринмай ўз фикрлари билан ўртоқлашишади. Ишонсангиз, ярим кечаси қўнғироқ қиладиган, хабар йўллайдиганлариям топилади. Бироқ мана шу фойдаланувчилар ичида биттаси ажралиб туради...

Дастур ишга туширилганига эндигина бир ҳафта бўлган пайтлар эди. Тонгда фойдаланувчилардан бири телеграм орқали хабар йўллаб қолди. Телефонни овозини ўчириб қўймаган эканман. Кўзимни ишқалаб хабарни ўқидим: «Ассалому алайкум! Ака, кеч бўлганда безовта қилмадимми?».

Телефон соатига қарадим. Тунги 10 дақиқаси кам 4 бўлибди. Уйқуси ўчган шекилли дедим-да: «Валайкум ассалом» деб жавоб хабари йўлладим. Яганда (кечки сменада) ишласа керак. Шундай хаёл қилаётган эдим бирдан телефоним жиринглади. Фарзандларим уйғониб кетмасин деб шоша-пиша телефонни ўчириш тугмаси ўрнига қабул қилиш тугмасини босиб юборибман. Гўшакдан бир йигитнинг овози эшитилди:

– Ассалому алайкум, ака! Яхшимисиз?

– Валайкум ассалом, – дея алик олдим имкон қадар овозимни пасайтириб.

– Ака, узр ярим кечаси безовта қилдим. Уйга зарил пул чиқаришим керак эди. Интернетда шу дастурни кўриб қолиб, бир савол билан телефон қилётгандим. Дастурдан нелегаллар ҳам фойдаланса бўладими? – ҳижолат тортиб савол бергани сезилиб турарди.

– Ҳа, паспорт билан рўйхатдан ўтсангиз бўлади.

– Раҳмат, ака, – дедию, алоқа узилди.

Тўғриси кулгим келди. Сабаби бир ҳафта давомида ким қўнғироқ қилган бўлса, деярли ҳаммаси пулни қанча муддатда, қандай ўтказилиши, дастурнинг ишончли ёки ишончли эмаслиги, қайси банклардан олиш мумкинлиги, рўйхатдан ўтиш учун нима қилиш ҳақида узундан узоқ савол беришар эди. Бу йигит эса буларнинг бирортаси билан ҳам қизиқмади.

Тонг отди. Ишхонага келиб, дастурни ишга туширдим. Эрта билан бир киши пул ўтказибди. Телефон рақамидан ким эканини эсладим. 70 доллар пул ўтказганига қараганда дастурни синаб кўриш учун юбориб кўрган бўлса керак.

Кун ўтгани сари дастуримиз ўзини оқлаб, аста-секин пул ўтказмаларининг ҳажми ҳам ошиб борди. Бироқ ўша тунда безовта қилган рақам эгаси ҳар уч-тўрт кунда 200-250 доллар жўнатишни одат қилганди. Ҳар жўнатганида пул уйдагиларининг қўлига тегиши билан қўнғироқ қилиб раҳмат дейишни унутмайди. Орадан 5 ой ўтди. Дастуримиз юртдошларимиз орасида кутилганидан анча тез оммалашди.

Бир ой олдин қўнғироқ қилган янги фойдаланувчиларимиздан бири бир пайтлар мени тунда безовта қилган рақам эгаси билан хонадош эканини, дўсти дастурни тавсия қилгани учун қўнғироқ қилаётганини айтиб пул жўнатиш тартиби ҳақида суриштирди. Суҳбат якунида «Дўстингизга айтиб қўйинг, ҳар ҳафта майдалаб пул чиқаргандан кўра, ўша пулни йиғиб ойда бир чиқариб юборсалар анча тежаларди», дедим ҳазил аралаш.

– Ҳа, ака, дўстимни айтяпсизми? – деди қўнғироқ қилган йигит. – Мен ҳам шуни тушунтирдим. Йиғиб жўнатгин, десам бир ойда бир жўнатсам, болам пулга қийналиб қолибди, деб онам ўйламасин, дейди. Бечора отаси эрта вафот этган. Онаси касал, шифокорлар саратон деб ташхис қўйишган экан. Ҳар уч-тўрт кунда Кореяда ишлаб топган кундалик пулини орттириб синглисига жўнатади. Онам тузалиб олса, қайтиб кетаман, дейди. Текшир-текшир қаттиқ кетяпти, деб тунги сменадан иш топиб олган.

Ўшанда тушундим. «Нелегаллар ҳам ўтказса бўладими?» деб ийманиб сўраганининг сабабини тушундим. Ҳа, деган жавобни олгач, нега бошқа савол бермаганини сабабини тушундим. Дастурда рўйхатдан ўтган аккаунтига юклаган расмини қизиқиб, топиб кўрдим. Мендан 10 ёш кичкина, укам тенги йигит экан.

Пул ўтказмалари тизимида иш бошлаганимдан бери кунига 30 га яқин одам билан суҳбатлашаман. Баъзилари билан кўришмаган бўлсам ҳам худди ака-укадек бўлиб кетганмиз. Дастурдаги баъзи ноқулайликлар, баъзи камчиликлар ҳақида қўнғироқ қилиб эринмай ўз фикрлари билан ўртоқлашишади. Бироқ мана шу фойдаланувчилар ичида биттаси ажралиб туради. Нимаси билан дейсизми? Индамасдан туриб, ортиқча гап-сўзларсиз шукроналик ҳиссини кўрсатиб бергани билан... ғурури билан... ор-номуси билан… фарзандлик бурчига садоқати билан... инсонийлиги билан...

Ҳафтада бир-икки бора эрта тонгда дастуримиздан ўша рақамдан пул ўтказилганини кўрсам, алланечук ғалати бўламан. Илоҳим, шу йигитни онасига шифо бергин, деб билганимча дуо қилиб қўяман.

 

Олимжон Абдушукуров

2019.05.10

«Ҳилол» журналининг 2(35) сонидан

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Мендан қандай қилиб Аллоҳга етишиш мумкин деб сўрайсан. Мен айтаманки, агар Аллоҳга етишган зотларнинг сийратига боқсанг, уларни фақатгина мутлоқ таслим давоми...

3973 11:00 / 10.11.2021
Англиялик машҳур футбол дарвозабони Сэмюэл Бартрэмнинг футболчилик фаолиятида қизиқ воқеа юз берди. 1937 йил 25 декабрь куни .Челси,га қарши .Стемфорд Бридж, футбол давоми...

5606 14:00 / 29.05.2022
Эътиборингизга бир неча хорижий нашрларнинг Ўзбекистон ҳақида ёзган мақолаларининг жамланмасини ҳавола этамиз.НьюЙоркда Сайфулло Соипов номли террорчи давоми...

7572 19:41 / 15.11.2017
Бисмиллаҳир роҳманир роҳиймАллоҳ таолога ҳамду санолар бўлсинки, юртимиз ҳам моддий, ҳам маънавий жиҳатдан тараққий этиб боряпти. Бир томондан давоми...

4793 22:12 / 23.11.2017