1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Жамият

Тасаттур иймондандир, ҳаёдандир!

22:35 / 10.02.2018 11168 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Тасаттур, яъни ўраниш муслималарга Қуръони карим ҳукми билан фарз бўлган. Аллоҳ таоло буюради: 

«Мўминаларга  айтинг: «Кўзларини тийишсин, фаржларини сақлашсин ва зийнатларини кўрсатишмасин, кўриниб қолгани мустасно. Рўмолларини кўксиларига тўсиб юришсин» (Нур, 31); 

«Эй Пайғамбар,  хотинларингизга, қизларингизга ва мўминларнинг аёлларига айтинг: устларига ёпинчиқларини ташлаб олишсин» (Аҳзоб, 59). 

Мусулмон аёлларга ўраниш амри ҳижратнинг тўртинчи йилида Мадинаи мунавварада нозил бўлди. Тасаттур ояти тушиши билан Пайғамбар алайҳиссалом уни асҳобга етказдилар. Саҳобалар эса буни аёлларига хабар қилишди. Аёллар дарров газламалардан, ҳатто устки кийимларини қирқиб, ёпинчиқ тайёрлаб олишди.

Бу ояти карима, илоҳий амр нозил бўлгунига қадар бутун Араб жазирасида ҳам, дунёнинг бошқа ўлкаларида ҳам аёл шаънини, оналик виқорини сақлайдиган тасаттур (ўраниш) йўқ ҳисоби эди. Аёллар кўкраклари, сон-болдирларини бемалол намойиш қилиб юришарди. У пайтда эркакдан қочиш, чекиниш, тортиниш деган нарса йўқ эди. Аёллар уйларидан ясан-тусан билан безаниб чиқишар, яхши-ёмон эркаклар билан аралаш ўтириб суҳбатлашишар, беҳаёлик ва шилқимликлар одатга айланган эди. Тўғри, Исломдан аввал араб аёллари бошга рўмол ёпиниб олишарди. Аммо икки учини елкадан орқага ташлашгани учун гардан ва кўксилари очиқ қоларди.

Юқоридаги ояти карималар нозил бўлганидан сўнг балоғатга етган муслима аёлга ўраниш, эркакларга эса уларни шаҳвоний назардан йироқ тутиш фарз бўлди. Буни инкор этган  кофир бўлади, иймонидан ажрайди. «Бир кун ўрарман» деган аёл кофир бўлмайди, гуноҳкорга айланади.

Аёллар нима учун ўранишлари керак? Энг аввало, Аллоҳнинг амр-фармонига бўйсуниб, унга бандалик қилиш, розилигини топиш ва эвазига охират мукофотига сазовор бўлиш учун! Чунки инсоннинг дунёга келиши ва яшашидан асосий мурод ҳам Аллоҳнинг ризосига эришишдир. Намоз, рўза, закот, ҳаж каби ибодатларимизни ҳам Аллоҳ ризосидан ташқари фойдасини кўзлаб қилсак, улар мақбул бўлмайди.

Бундан ташқари ўранишнинг бир қанча фойдалари, аёлларга қулайликлари борки, бу ҳақда батафсилроқ тўхталишга тўғри келади.

Тасаттур, ўраниш баъзи «замонавий» кишилар ўйлаганидек, аёлларни асиралик, қулликка солувчи тушов эмас. У аёлнинг манфаатига, ўз ҳаққига, ҳуқуқига,  ҳурриятига  тааллуқли нарса. Ўраниш аёлни эрларнинг ёмон, шаҳват аралаш назарларидан, ҳайвоний ҳирсларидан ҳимоя қилади. Ўранган аёл ўз жозибасини, иффатини, ҳаёсини ёмон назарлардан асраган бўлади. Бу билан у ёлғиз ўзигагина тегишли ҳуқуқини ҳимоялаган бўлади. Америкалик бир шифокор Ғарб аёллари устида тадқиқот ўтказиб, улар ёш бўлишларига қарамай жозибаларини эрта йўқотганлари, ажинлари барвақт кўпайгани, гўзаллашиш ўрнига чиройлари бузилганини аниқлади ва буларга асосан эрларнинг шахвоний назарлари, яъни уларнинг назар орқали аёлга таъсир ўтказадиган салбий қувватлари сабаб бўлганини тасдиқлади.

Америкалик бошқа бир тери мутахассиси эса етмиш ёшли мусулмон аёлнинг териси 35-40 ёшли Ғарб аёлникидан гўзаллиги, ажин тушмагани, юзи ниҳоятда нурли эканидан таажжубга тушган. Тадқиқотларга кўра, Ғарб аёлларида кўп учрайдиган тери саратони (раки) хасталиги муслималарда деярли учрамайди. Мусулмон аёллари пардозда сунъий бўёқлардан фойдаланишмагани, зўриқиш (стресс)га дуч келиши ниҳоятда камлиги, қуёшнинг зарарли ультрабинафша нурларидан ва эркакларнинг бузуқ назарларидан яхши ҳимояланишгани учун ёшлари кексайганига қарамай, чирой ва жозибаларини йўқотишмаган, хасталикка чалинишмаган. Ўша тери тадқиқотчиси шундай ёзади: «Машина чироқларидан таралган нурлар ҳашарот ва қуённи қанчалик беҳузур қилса, эркаклар назаридаги электромагнит тўлқинлар (альфа, бетта, гамма нурлари) аёлларнинг баданига ҳам шунчалик салбий таъсир кўрсатади». (Фотима Темур, «Тарихда хотин ва жилбоб», Истанбул, 1998, 112-бет).

Тасаввур қилингки, бир аёл ўтириш ёки маъракага бормоқчи бўлса, қандай йўл тутади? Топдингиз: ясан-тусан, пардоз-андоз қилади. Энг яхши кийимларини кияди. Сочларини урфга кўра турмаклайди. Атир-упани мўл сепиб, кўчага чиқади. Аммо бу ишларни ўз уйида, эри учун камдан-кам қилади. У кўча учун ясанади. Маърака аҳли эътиборини қозониш, бегона эрларга ёқиш, уларнинг ҳирсини қўзғаш, жалб этиш учун ўзига оро беради. Унинг бу қилиғи чорбозорчининг ўз молини кўз-кўз қилиб бозорга солганига ўхшайди. Унинг бу ҳатти-ҳаракати «Ҳой одамлар, мана бу ҳусну-жамолимга қарамайсизларми? Висол онларидан баҳраманд бўлишга рағбат кўрсатмайсизларми?» деб нафсларни васвасага солувчи, харидорини кўпайтиришга интилувчи беҳаёларнинг сатанглигига ўхшайди.

Бу ҳолатни мисрлик мутафаккир Сафиназ Козим чиройли таърифлаган: «Ўзининг назокатини жамоатчиликка намойиш қиладиган аёл «кўз билан ўғирлаш» деб аталувчи нарсадан (яъни кўз зиносидан – муаллиф эскартиши) зарар кўради. Нотаниш эркаклар унинг рухсатисиз рухсоридан баҳра олишлари мумкин. Аёл жисмоний мавжудот сифатида юзини тўсиш орқали фақат оиласи ёки аёллар жамиятидагина ўз малоҳатини намойиш қилиш шарафига муяссар бўлади». Демак, ҳижобга замонавий ҳаётнинг “ноқулай иқлим шароити”да қўл келадиган ахлоқ ёмғирпўши деб қараш тўғрироқ бўлади. Аёл киши «умумжамиятнинг мулки» эмас, балки ўз эрининг ёри ва ҳамдамидир. Шунинг учун унинг чиройи, зийнатлари, нозу-карашмаси ва ясаниши фақат эрига тегишли бўлиши керак.

Аёлнинг гавдаси ва авратини яшириб, ўраниб юриши эрининг унга бўлган эҳтироси ва муҳаббатини орттиради. У ардоқли ва сирли, жозибадор ва мафтункор бир хилқатга айланади. Масалан, ёввойи қабилаларда аёллар қип-яланғоч юрганига қарамай, эрларида эҳтирос ва қизиқиш уйғотмайди. Улардаги эрлар ойига бир марта, баъзан ярим, бир йилда хотинлари билан тўшакни баҳам кўришади. Ҳомиладор ва янги туққан рафиқаларига эса икки йилгача умуман яқинлашишмайди.

Худди шунингдек, курортлардаги қумлоқларда (пляжларда) юрган яланғоч баданлар жалб қилувчилик кучини йўқотади, қизиқиш уйғотмайди. Яланғочлик оддий нарсага айланиб, ҳеч қандай завқ-шавқ қўзғамай қўяди. Шунинг учун ўранишни аёллар ҳаққига тажовуз, эркини бўғиш деб дод солаётган Ғарбда оилалар муҳаббат, шавқ-завқ, эҳтиросга ташна. Уларнинг бузилиб кетаётгани, эр-хотин ўртасидаги илоҳий никоҳ ўрнини ақлга сиғмайдиган муносабатлар – эркакнинг эркак билан, аёлнинг аёл билан қовушиши тобора кўпроқ эгаллаётгани тасаттур инкор этилганининг аччиқ меваси эмасми? Шундай экан, аёл киши ўраниб-чирманиб, сирли, мафтункор ва суюмли бўлиб юргани маъқул эмасми?

Ислом душманлари учун ўраниш Исломга қарши курашнинг бир шохобчаси, холос. Бунинг сабаби оддий: ўраниш мусулмон аёлларни оиласидан, динидан, боласи тарбиясидан, эрига итоатдан узиб олишда энг катта тўсиқ ҳисобланади. Ҳаёли, иффатли аёлни кўчага чиқариш, унинг бегоналар назаридан пинҳон сақланадиган жозибасидан ўтмас молини сотишда фойдаланиш, бузуқларнинг фаҳшга тўла эҳтиросларини қондиришга сафарбар қилиш каби қабиҳ режалар шу туфайли амалга ошмай қолиши мумкин.

Мусулмон аёлининг диндорлиги, ахлоқи, иффати ҳақидаги тушунчалар ёқаси очиқ ёки енги йўқ кўйлаклар, тор, калта, баданини кўз-кўз қилишга мўлжалланган либослар, очиқ-сочиқ, ҳаёсизларча кийинишлар билан асло келиша олмайди. Исломда кийим одам танасини намойиш қилиш, аёл гўзаллиги ва рухсорини бегона суқ назарларга хомталашга ташлаш учун эмас, балки ўраниш, авратини яшириш, жозибасини, чиройини фақат эри ва яқинлари билангина баҳам кўриш учун кийилади. Кийим жинсий майлни кучайтириш, шаҳватни қўзғатиш, фитна чиқариш учун эмас, аксинча нафсни тинчлантирмоқ, инсонни маънавий юксалтирмоқ учун ишлатилади.

Қай бир жамиятда таннозлик, сатанглик, кийинишда беҳаёлик, ўзгаларга жозиба улашиш авжга минар экан, бундай жамиятлар шармандаликка учрайди, инқирозга юз тутади, уларда сўзак, заҳм каби расво хасталиклар кўпаяди. Аллоҳ бундай бузуқлар орасига СПИД каби бедаво ваболарни ёки Помпей, Садум ва Ғоморра ўлкаларининг аҳолиси бошига келгани каби улкан фалокатларни юборади. Замонавий тиббиёт киндигини мунтазам очиб юрган қизлар келажакда оналик бахтидан маҳрум бўлиши ҳақида ташвишланиб ёзмоқда. Бу кўргилик ҳам Аллоҳ томонидан уларга юборилган илоҳий жазонинг ўзгинасидир.

Бузуқлик жинини кўзасидан чиқариб юбориб, жойига қандай киритиш йўлини тополмай боши қотган Ғарб энди мусулмон оламини ҳам бу балога гирифтор қилиш учун бор ҳийла-найрангини ишга солмоқда. Бу худди оғир тузалмас дардга чалинган одамнинг ўз касалини ғанимларига ҳам юқтириш учун уринишига ўхшаб кетади. Ана шу фитна ва разилликларни аниқ кўра-била туриб туриб ҳам Ғарбнинг ноғорасига ўйнашимиз, уларнинг «аёллар ҳуррияти» ниқоби остида аёлларимизни очиқ-сочиқ қилишларига томошабин бўлиб туришимиз, маънавий хасталикка чалинган Ғарбнинг андозаларига ўзимизни мослашимиз жамият инқирозига сабабчи бўлиб қолмасмикин?


Аҳмад МУҲАММАД



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Тошкентнинг Эски шаҳарида ndash Ҳазрати Имом Ҳастимом мажмуаси ҳудудида Ислом цивилизацияси маркази барпо этилаётганидан кўпчилик юртдошларимиз хабардор. .Мазкур давоми...

955 11:59 / 29 сентябрь
Кун тарихига қарайдиган бўлсак, 26 июнь халқаро гиёҳвандликка қарши курашиш куни. Ёдимга келгани, мактабда ўқиб юрган пайтларимизда ҳам шу кун муносабати билан давоми...

850 11:35 / 12 октябрь
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинага ўрнашгач, Бани Нажжор қабиласи Зайд ибн Собитни олиб келди. Ўшанда Зайднинг ёши ўн олтидан ўтмаган эди. Улар Эй давоми...

3623 11:51 / 09 январь
Таълим мудирлигидан бир мактабга текширувчи юбормоқчи бўлишибди. Текширувчи яъни, комиссия йўлга чиқиб йўлнинг ярмига келганида машинаси бузилиб қолибди. У давоми...

2254 13:28 / 10.12.2021