1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тарих

Тарих омонатдир (еттинчи қисм)

13:49 / 29.09.2023 1081 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Шундай қилиб, мусулмон тарихчилиги бошқалардаги тарихшунослик услубларидан фарқли равишда, ҳис ва ақлдан ташқари ишончли, таҳлил қилинган хабар билан устун ҳисобланади. Бироқ, бу мусулмонларда ҳис аъзолари ва ақл берган илмнинг қадри паст дегани эмас. Балки, бу бошқаларда мавжуд икки манбага қўшимча равишда учинчи услубдан ҳам тўғри фойдаланиш мавжудлигини билдиради. Бу уч манба бир бирини тўлдириб, бир бирини қувватлаб келади.


Фақатгина моддий топилмаларга асосланган тадқиқотлар ҳақида гап кетганда яқин тарихимизда бўлиб ўтган бир ҳодиса эсимга тушади. 


1983 йили Бобур Мирзонинг 500 йиллик юблейини ўтказиш учун режага киритилган тайёргарликлар ичида Андижон тарихини янада кенгроқ ўрганиш ҳам бор эди. Шу мақсадда 1981‒1982 йиллар Андижон шаҳрининг “Арк ичи” маҳалласидаги қабристонда археологик қазилма ишлари олиб борилади. Бунинг учун Самарқандаги археология институтидан мутахассислар жалб қилинади. Тахминан 2 3 метрча қазишганда, одам суякларидан ташқари, сопол идишлар, тангалар чиқади. Мутахассислар “ҳар бир метр чуқурлик бир асрга тенг” деган ўлчов асосида ашёларни бир неча юз йил илгарги нарсалар эканини айтиб, муҳокамалар қилишади. Ковлаш ишлари давом этиб, XVI асрга етиб келдик деб туришса, бирдан тупроқлар остидан газета кўриниб қолади. Олиб қарашса, “Известия” газетасининг бир неча йил олдинги нашри экан. Бунга ўхшаш мисолларни яна келтириш мумкин, ҳатто баъзан шаҳарларнинг қадиймилиги борасида мусобақалашишлар ҳам бўлганини соҳа эгалари яхши билишади.


Бу ерда ашёвий далиллар орқали тарихни ўрганишни инкор ёки истеҳзо қилмоқчи эмасмиз, балки тадқиқот хулосалари ҳар доим ҳам бор ҳақиқат бўлмаслигини, кўпинча нисбийлигини эътиборда тутиш даркорлигини эслатмоқчимиз. Шу боис, биз муҳаддислар авлоди ўлароқ, тарихимизни ўрганишда содиқ хабардан ҳам унумли фойдаланишимиз лозим.


18. Жаҳон тарихини, жумладан, юртимиз тарихини замон талабига жавоб берадиган, илмий асосда, айни пайтда миллий диний руҳиятимизни акс эттирадиган тарзда қайта ёзиш керак. Бунинг учун инглиз араб, форсу турк тилларини чуқур биладиган етук мутахассисларни етиштириш, керакли манбаларни жалб қилиш лозим. Очиғини айтиш керак, ҳалигача юртимиз тарихининг бир қанча даврлари тўлиқ ўрганилмаган, ўргатилмаган. Масалан, сомонийлар, салжуқийлар, қорахонийлар, темурийлар, шайбонийлар даврлари ҳанузгача халқимизга деярли маълум эмас. Шунингдек, рус босқини, мустабид тузум қатағонлари борасида ҳам тарих китобларимизда жўяли маълумот топиш қийин. Буюк уламоларимиздан фақат 3 4 тасини аранг чалча чулпа ўргатилади, улар ва бошқа алломаларимиз ҳақида ёш авлод айтарли маълумтга эга эмас.


Юртимизда яхши деб билинган мактаблардан бирида ўқувчилар билан учрашув бўлган эди, Ибн Сино, Беруний, Улуғбек каби энг машҳур олимларимиз ҳақида берилган саволларга мактаб битирувчилари ҳам жўяли жавоб бера олмади. Олимларни том маънода, мусулмон олими сифатида таништиришни қўйинг, оддий ҳаёти хусусида ҳам айтарли маълумот тақдим қила олишмади. Дарсликларда шариат илми уламоларидан фақат битта иккитаси хусусидагина қисқача маълумот бор, бу жиҳатни ҳам бойитиш лозим.
19. Минбардан сўзлаган киши масъулиятни ҳис қилиши лозим. Тингловчилар доираси қанчалар кенг бўлса, масъулият шунчалар юқори бўлади. Охиратдаги жавобгарлиги янада оғир.


Ҳозирда интернет ҳамма учун бирдек минбар бўлиб қолди. Бу бир жиҳатдан катта қулайлик бўлса, иккинчи тарафдан назоратсиз манба сифатида жамият онгига салбий таъсир кўрсатмоқда. Ҳар ким эсига келганни айтиб, фикр эркинлиги баҳонасида бўлар бўмас гапларни ҳам тарқатиб юбормоқда. Ҳали писихологлар, ҳали бошқалар ўзи яхши билмаган мавзуда сўз қотиб, ўта тор ёки бузуқ фикрларни ҳам омма ўртасида ёйишмоқда. Бу жуда ҳам ёмон ҳолат. Сўз эгаси оғиздан чиқаётган гапга жавоб беришга мажбур. Хато маълумотлар сингиб қолгач уларни тўғрилаш жуда қийин. Энг яхшиси, нотўғри маълумот ёйилишининнг олдини олиш керак. Бунинг учун оммага сўзламоқчи бўлган одам айтадиган гапини яхшилаб пишириб, маълумотни пухта ўрганиб, кейин жамиятга тақдим этиши керак.


20. Мазкур суҳбатнинг хом гаплар билан кўпчиликнинг фикрини чалкаштириши том маънода маънавиятимизга хатар бўлган эса да, бошқа бир тарафдан тарихимизга оид бир қанча масалаларни ўртага чиқаргани фойдали бўлди. Шу баҳона яшириниб ётган қанча ҳақиқатлар кўпчиликка тарқади. Шунинг учун ҳам очиқ баҳслар тараққиёт омили, дея қаралади.


Суҳбатнинг яна бир фойдаси, у биздаги бир қатор камчиликларни ҳам кўрсатиб берибди. Бизда ҳанузгача ҳатто Ислом олийгоҳларида ҳам ихтисослик етилмагани, Ислом тарихи ва фалсафасида етук мутахассислар етишмаслиги янада яққол намоён бўлди. Қаранг, бир бола чиқиб улуғ алломалар ҳақида қатор хато фикрлар айтса, унга керакли муносабат билдиришга Ислом фалсафасини, мусулмон файласуфлари асарларини асл манбадан ўрганган бирорта тайинли мутахассис топилмади. Тўғри, фалфаса фанлари ёки тарих бўйича мутахассислар бор. Бироқ, бу фанларни буюк олимларимиз каби шаръий илмлар билан жамлаган ҳолда ўрганган, аждодларнинг илмий меросини бевосита таҳлил қила оладиган кишимиз йўқ. Улуғ алломаларнинг фикрларини тушуниш, уларни тўғри англаш учун улар каби ҳаёт кечиришга уриниш ҳам топилиши керак. Бугун биз ана шундай мутахассисларга муҳтожмиз.


Биргина енгил гурунгдан жамиятимиз онгида қанча изтироб келиб чиққан бўлса, агар бу каби мунозалар кўпайса, халқ нима аҳволга тушишини ўзингиз тасаввур қилаверинг. Шу боис, маънавий таҳдидларнинг олдини олиш учун барча соҳаларда етук мутахассислар ҳамиша тайёрлаб борилиши лозим.


Хулоса қилиб айтганда, тарих ҳақида, улуғ уламоларимиз хусусида сўз айтишга ҳар кимга изн берилмаслиги керак. Тингловчилар эса илмни кимдан олаётганларига боқишлари лозим. Ҳар кимга, ҳар қайси китобга суянавериш ярамайди. Тарихимизни асл манбалардан асл ҳолича ўрганиб, уни борича тўғри талқин қила оладиган мутахассисларни етиштириш жамият зиммасига фарзи кифоя, авлодларнинг аждодлар олдидаги бурчларидандир.


Мақолани «Тарих омонатдир» деб номладим. Сабаби, мақолани ёзаётиб бехос устозимиз Шайх Ҳазратлари раҳматуллоҳи алайҳ Амир Темур ва бошқа бобокалонларимиз хусусида тарқалган нотўғри фикрларга раддия сифатида айни шу номда ёзган мақолалари ёдимга тушди. Бу мақола кейинроқ шу номдаги бир рисолага айланган эди. Рисола номидан барака истаб, юқоридаги сатрлар ҳам устознинг хизматларига давомчи бўлса ажаб эмас, деган умидда мақола учун айни ном танланди. Хайрли дуо ва самимий ислоҳларингиз ражосидаман.


Яхшилик бўлса, Аллоҳдан, камчиликларимизни Ўзи мағфират айласин.
(Тамом)


Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид

Ушбу мақола Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2023 йил 7 сентябрдаги 03-07/7119-рақамли хулосаси асосида тайёрланди.

 

Муаллиф
Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Умавий амирларидан Валид ибн Абдулмалик ҳукмдорлиги 705715 даврида Испания ва Португалия Мусо Нусайя ва унинг мавлоси Ториқ ибн Зиёд томонидан ҳижрий 92 милодий 711 давоми...

3186 08:55 / 21.07.2019
Абдулмутталибнинг вафотидан кейин ҳеч кимсиз қолган ёш Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламни у зотнинг амакилари Абу Толиб ўз қарамоғига олди.Абу Толиб давоми...

3088 09:05 / 25.09.2019
Ана шундай оғир бир пайтда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Маккадан бошқа ерда ҳам Ислом даъватини қилиб кўриш ҳақида ўйлай бошладилар. Бу жой ўша пайтларда давоми...

5147 19:03 / 25.03.2020
VIII бобФақиҳ Абу Лайс Самарқандий раҳимаҳуллоҳ айтадилар .Илмни ишончли зотлардан олиш лозим, чунки диннинг устуни илм биландир. Киши ўзининг жонини ишонадиган давоми...

2112 14:00 / 27.04.2019
Аудиолар

137651 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

57719 14:35 / 11.08.2021