1446 йил 21 жумадис сони | 2024 йил 23 декабрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тарих

Аббосийлар

05:00 / 24.02.2017 9076 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

АББОСИЙЛАРНИНГ МУҲИМ ВАЗИФАСИ. Аббосийларнинг давлат ичида низолар чиқаришга, ҳокимлар обрўйини тўкишга, қимматчиликка, араблар билан мусулмонлар, яъни маволилар орасида жанжалларга олиб келган бузғунчилик тарғиботи – барчаси жам бўлиб уларнинг ҳокимият тепасига чиқишини тезлаштирарди. Умавийлар ҳам уларни ҳайратда қолдириб, ҳатто ўзларининг мунтазам қўшинларини сақлаб туриш тўғрисида ҳам  қайғурмадилар. Шуларнинг ҳаммасини ҳисобга олган аббосийлар ўзлари бундай хато ва нуқсонларга йўл қўймасликка ҳаракат қилишлари натижасида юз эллик йил мобайнида анча-мунча нарсага эришдилар. Бу араб маданиятини тиклаш, араб тилини шу даврда оламшумул аҳамиятга эга бўлган тил даражасига кўтаришдек улуғ ишни амалга оширган ўша буюк аббосийлар асри бўлди.


ИСЛОМ ДУНЁСИ (750 йил). Араб дунёси тарихига бироз саёҳат қилиш ўша давр вазиятини аниқлашни енгиллаштиради. Мадина ва Макка сиёсатдан узоқлашиб, фан ва маданият масканларига айландилар. Исломнинг ана шу азалий масканларига қайтиб келган кишилар боғ-роғли кошоналар қуриб, ўзларига хос турмуш тарзини қарор топтира бошладилар. Дамашқ мусулмонларнинг йирик шаҳарларидан бири ҳисобланарди, Фустат ва Кайравон ҳукуматнинг муҳим қароргоҳларига айланди. Куфа ва Басра бўлса, аллақачон сиёсий ҳамда маданий аҳамияти билан эътиборни ўзларига тортган эдилар. Араблар чанқоқлик билан юнонлар, ҳиндлар, форслар ва шомликларнинг илмий хазинаси мағзини чақа бошладилар. Уларнинг саъй–ҳаракатлари туфайли илм ва маърифатнинг барча соҳалари барқ уриб ривожланди. Айни шу пайтда улар биринчи бўлиб форслар ҳамда византияликларнинг бошқариш тузумига фуқаролар маъмуриятини жорий этдилар ва ўз турмуш шароитларини эҳтиёжларига мувофиқлаштирдилар. Арабларнинг бундай тартиб-қоидалари Ислом дунёсининг мўмин бандалари – барча мусулмонлар орасида кенг ёйилди; уларнинг бундай таомиллари ўрганилиб, барча мусулмонларнинг умумий бахт-саодати учун аҳамияти хусусида мушоҳада юритиладиган бўлди. Бу ерда бир ярим аср ҳукм сурганчалик якдиллик бошқа ҳеч қачон ва ҳеч қаерда кузатилмаган.


ИЛК АББОСИЙЛАР. АС-САФФАҲ (750-754 йиллар). Умавийлардан аббосийларга буюк империя мерос қолди, унга фақат Испания ва Ал-Мағриб кирмас эди. Араблар турмуши ҳали жуда оддий, Исломга интилиш эса кучли эди, ҳеч ким истилочиликдан, ҳукмдорликдан, обрўли лавозимлар ва ижодий меҳнатдан, шон-шуҳратдан безиб улгурмаганди. Буюк умавийлар тайёрлаб кетган ана шу заминда аббосийлар янада юксакроқ марраларга эришишлари мумкин эди. Улар айни шу йўлдан бордилар. Қонхўр киши бўлган биринчи халифа Ас-Саффаҳ «Умавийлар ўзларига насиб қилган ҳамма нарсага муносибдирлар, аммо менинг қилмишим фахрланишга арзимайди», деб тан олиш билан ўзини оқларди. «Қонхўр» тахаллуси ҳеч кимга шон-шуҳрат келтирмаслиги аниқ. Лекин унга ўз мавқеини сақлаб қолиш учун қатъий чоралар кўришга тўғри келди, чунки подшоҳлигининг дастлабки пайтиданоқ кўплаб қўзғолонлар кўтарилиб турдики, уларни буюк ҳазрат Алига ва у кишининг ўғиллари Ҳасан ва Ҳусайнга ҳамда Зиёд, унинг ўғли Убайдуллоҳ, Ҳажжож ибн Юсуф ва Ал-Касрий сингари кейинроқ ўтган ҳокимларга эътиқоди баланд эди. Улар яхши ҳукумат қандай бўлишини билишарди. Аббосийлар тарғиботининг имкониятларини тушунганликлари боис кўп марталаб махфий ҳаракатлар уюштирдилар. Шу сабабдан ҳам Ас-Саффаҳ ўзига тескаричиларни темир қўл билан босиб турарди. Шунчаки салобатли кўриниш учун у кишилар олдида ўзини муқаддас қилиб кўрсатар, Ислом халифаси сифатида жума намозига Пайғамбар алайҳиссалом тўнларини кийиб бошчилик қиларди. Атрофини олим кишилар билан қуршаб, аббосийлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қабилаларининг вакиллари эканлигига халойиқни ишонтиришга бутун куч-ғайратини сарфларди. Бундан равшан кўриниб турибдики, ҳозиргача халқнинг энг яхши оддий вакили бўлишдан кўра Пайғамбар алайҳиссалом авлодларига мансубликка алоҳида ва катта аҳамият бериб келинган. Халифалар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг вакилларигина эмас, балки Аллоҳ таолонинг ҳам сояси деб ҳисобланардилар. Тезда улар, ҳатто, яратган Эгам «тайинлаб қўйган» кишиларга айланиб қолдилар. Янги халифани сайлашни ҳеч ким хаёлига келтирмасди. Халифалик меросга айланди. Бундай ҳолат ҳазрат Али ворислари бўлган шиаларга, яъни у киши номлари билан боғлиқ гуруҳга жуда катта куч-қувват бағишлади. Уларнинг тасдиқлашларича, модомики халифалик ҳуқуқий иш экан, бундай ҳуқуққа у кишининг ўғиллари Ҳасан ва Ҳусайн қиёфаларидаги  авлодларидан бошқа ҳеч ким эга бўла олмайди. Шу боисдан у кишининг насллари янада кўпроқ ҳуқуқлидирлар, дейишарди улар ўз фикрларини асослаган бўлиб. Бундай ғоя кейинчалик Исломнинг парчаланиб кетишига хизмат қилди.


МАНСУР (754-755 йиллар). ҚЎЗҒОЛОНЛАР. Ас-Саффаҳ қисқа умр кўрди, унинг ўрнига анча қобилиятли, лекин шафқатсизлик ва қайсарликда ундан  қолишмайдиган укаси Абужаъфар келди. Кейинчалик Мансур номини олган Абужаъфар аббосийлар давлатининг ҳақиқий асосчиси бўлди. Подшоҳлигининг дастлабки давридаёқ у кўп сонли исёнлар билан тўқнашди. Уларнинг бири Заб дарёси яқинида Марвон II ни таслим қилиб, Шомни эгаллаган ва барча  умавийларни қириб ташлаган амакиси додхоҳ Абдуллоҳнинг чиқиши эди. Ас-Саффаҳ вафот қилганида Абдуллоҳ «Навбатдаги халифа мен бўламан», деб ўйлаган эди. Бу вазифага Абужаъфар тайинлангач, у Қуфага қўшин тортди. Абужаъфар унга қарши бошқа бир додхоҳни – машҳур Абумуслимни юборди. Абдуллоҳ кучлари 754 йили Нисибин яқинида тор-мор келтирилиб, унинг ўзи қамоқда жон берди. Бошқа аббосий додхоҳ Абумуслим эса энди қудратли шахсга айланган эди. У Хуросон ҳокими бўлиб, ҳарбий ҳукмдорлик йўлини тутди. Бу Абужаъфарни хушёр торттирди. Абумуслимнинг ярим қарамлик ҳолати уни  қўзғолонга бошласа керак, деб қўрқарди у. Абумуслим ҳаддидан оша бошлагани ҳам эҳтимолдан холи эмасди. Абужаъфар йўллаган номасида уни сотқинликда айблади. Абумуслим қўйилган айбни рад қилди, лекин текшириб кўрганларида, сири фош бўлди. Бироқ уни ўз лавозимида қолдирдилар. Энди Абужаъфар олдида иккита муаммо кўндаланг турарди. Ҳазрат Али муридлари ўз ниятларидан қайтмаган. Имом Ҳасаннинг Иброҳим ва Муҳаммад исмли иккита неваралари Мадинада қўзғолон кўтардилар. Ҳижоз ва Ироқ шиалари ҳам қўшилган бу қўзғолонлар бостирилди. Хуросонда Абумуслим тарафдорлари бош кўтариб чиқишган эди, Абужаъфар уларни ҳам яксон қилди. Ислом дунёсида бош бўлгач, у Мансур (Музаффар) номини олиб, ўз маъмуриятини мустаҳкамлашга, қўшинларини самарали «муқаддас уруш»лар олиб бориши учун шайлашга киришди.


МУҚАДДАС УРУШЛАР. Мансур тахтга мингани ҳамоноқ Кичик Осиёда аббосийлар ва византияликларнинг алоҳида давлатлари ўртасида адоқсиз урушлар бошланиб кетди. Византияликлар ҳам, аббосийлар ҳам беихтиёр Кичик Осиё шарқий овруполиклар билан ғарбий осиёликлар учун асрлар бўйи  анъанавий жанг майдони бўлиб келганига асосланиб иш  кўрдилар. Бу ерлар учун юнонлар билан форслар ҳам курашишди. Византияликлар ва сосонийлар эса шу минтақада икки йил олишдилар. Кейинроқ византияликлар ва аббосийлар бошқа йўсинда, яъни насронийларнинг мусулмонларга қарши кураши шиори билан шарқда ҳамда ғарбда жангни давом эттирдилар. Мусулмонлар бир-бирларини бўғизлаётганликларини кўриб турган византияликлар ғанимат фурсатни бой бермай, чегара томон интилдилар. Бундай ҳолатга узоқ вақт тоқат қилиб туролмаган Мансур византияликларга қарши қўшин юборди. Шунгача насронийлар Арманистондаги Малатяҳ қалъасини, Галиъиядаги Массишоҳни эгаллаб улгургандилар. Лекин мусулмонлар уларни орқага қайтаришга муваффақ бўлдилар. Шу билан аббосийларнинг қўшинлари ҳам йўлга чиқишди. Шимолга юборилган ҳарбий кучлар Кавказга кириб бориб, Табаристонни истило қилдилар. Каспий соҳили бўйлаб анча ичкарилаб бордилар. Шарқий қўшинлар Қандаҳорни забт этишгач, Ҳайбар довонигача етдилар. Бир неча йилдан кейин мусулмонлар ҳозирги Покистоннинг шимоли-ғарбий чегарасида жойлашган вилоятлар орқали Ҳиндистонга кириб боришди. Улар ҳатто Каспий водийсида ҳозир бўлдилар.


БАҒДОДГА АСОС СОЛИНИШИ (762йил). Ички рақибларни бостирган Мансур бутун диққатини ташқи душманларга қаратди. Халифаликда осойишталик ва тартиб-интизом барқарор бўлди. Савдо-сотиқ авж олиб, хазина тўла бошлади. Энди бошқа нарсаларга ҳам эътибор бериладиган вақт келганди. Мансур 762 йили Дажла дарёси соҳилида янги шаҳарга асос солиб, унга Бағдод номини берди. Юз минглаб усталар, бинокорлар, дурадгорлар, пардозчилар доира шаклидаги бу шаҳар қурилишида меҳнат қилдилар. Шаҳар уч қаторли қалъа деворлари билан ўралган бўлиб, марказида халифа саройи ва унинг қўшимча иморатлари жойлашди. Улар устида қабулхона (девони омм)нинг баландлиги 130 фут бўлган гумбаз бўй чўзганди. Бағдод жуда катта шаҳарга айланиб, 500 йил мобайнида шарқнинг маданий маркази сифатида савлат тўкиб турди.


БАРМОҚИЙЛАР. Тўрттала халифа ҳукмронлик қилган даврда маълум хизмати синган оила Мансур тахтда эканлигида ҳокимият тепасига чиқди. Бу Холид ибн Бармоқ бошчилигидаги бармоқийлар оиласи эди. Холид вазирликка тайинланди, унинг авлодлари ҳам навбатдаги халифалар саройида шундай лавозимларни эгаллаб турдилар. Оила аъзоларининг барчаси истеъдодли кишилар бўлганлигидан секин-аста жуда бадавлат ва қудратли арбоблар бўлиб етишдилар. Улар адабиёт ва санъатнинг катта ҳомийлари бўлишлари билан бирга кўзга кўринган зоҳидлар сифатида ҳам машҳур эдилар. Буюк Хорун ар-Рашиднинг вазири бўлган Жаъфар ал-Бармоқий араб кечаларига бағишланган эртакларда улуғ шахс сифатида тасвирланган.


БИДЪАТЧИЛИК. Мансур ҳукмдорлиги шу даврда юзага келган кўплаб бидъатлар билан ҳам диққатга сазовордир. Қадимий ва теран илдизларга эга бўлган бу диний ҳаракатлар Исломгача бўлган даврдаги бидъатчилик ибодатларига бориб тақаларди. 776 йили Абумуслимнинг давомчиси буюк доҳий сифатида майдонга чиқди. Юзига ниқоб кийганлигидан Муқанна ёки «ниқобланган» номига эга бўлган бу киши Хуросон вилоятини босиб олгач,  маҳаллий исёнчиларнинг арабларга қарши ҳаракатига сабаб бўлди. Эрон шимолида хорижийлар кўтарилиши юз берди. Журжонда Маздакнинг маслакдошлари – маздакийлар уйғонаётганликларидан далолат берарди. Исломга моҳияти билан зид бўлган бу ҳаракатлар Мансур томонидан шафқатсизларча бостирилди.


МАНСУР ИМПЕРИЯ АСОСЧИСИ. Мансур 21 йил подшоҳлик қилиб, 775 йили вафот этди. Унинг феъл-атворида нохуш жиҳатлар ҳам оз эмасди: у қўпол ва кекчи, шунингдек, иродаси мустаҳкам, зийрак киши эди. У Ислом халифаси бўлишдек юксак мақсадни кўзлаб, ўз ҳаётини шунга бағишлади. У кайфу сафо изламасди, лекин кишилар кўзида ўзини форсларнинг Хисравидан кам тутмаса ҳам, аслида илгариги мусулмонларга хос оддий ҳаёт кечирарди. Бироқ вақти келиб, аббосийлар дабдабабозликда дунёдаги барча ҳокими мутлақларни ортда қолдириб кетдилар.


МАҲДИЙ (755-785 йиллар). Мансурдан кейин унинг ўғли Маҳдийга навбат етди. Холид ибн Бармоқнинг ўғли унга вазирлик қилди. Маҳдий Кичик Осиёда олиб борган урушлари билан машҳур бўлди. Византияликлар ўн беш йилча тинч турдилар. Улар Кичик Осиё томон юриш бошлашлари билан Маҳдий ҳам тезда муносабат билдирди. У ўз ўғли Хорун (бўлғуси Хорун ар-Рашид)ни қўшинларга бош қилиб жиҳод урушига йўллади. Хорун машҳур лашкарбоши сифатида отасининг ишончини оқлаб, византияликларни ҳар томонлама мағлуб қилиб, уларни Мармар денгизигача қувиб борди. Ўша пайтда Византия империясини император Ирене хоним бошқарарди. У сулҳ сўрагач, Ислом халифасига ҳар йили 8000 динор ҳажмида тўлаб туриш шарти билан битим тузилди. Худди ўша тадбирлар натижасига кўра, Хорунга Ар-Рашид, яъни «қатъиятли» унвони берилди. 


МАҲДИЙ ЮТУҚЛАРИ. Мансур Бағдодни барпо этиб кетди. Маҳдий эса унга одил кишиларни кўчириб келтирди. У рассомлар, ёзувчилар, мутафаккирлар, файласуфларни ўта олийжаноблик ва сахийлик билан ёқларди. Унинг подшоҳлик чоғида ақлий фаоллик бобида жуда катта юксалиш кузатилди. Шунингдек, йўллар созланди, савдо-сотиқ ишлари авж олдирилди. Бунинг шарофатидан Бағдодга ташриф буюрувчилар ҳам кўпая борди. Ҳар жиҳатдан қараганда Маҳдийнинг подшоҳлик даври қисқа, аммо жуда муҳим бўлди, зеро бу ҳаётий аҳамияти катта бўлган воқеалар палласи эди. Маҳдий кўнгилчан ҳукмдор бўлса ҳам, қуруқ сафсатани ёқтирмасди. Ибн Абдул Қуддус исмли аллақандай бир шайх ниқобланган шаклда зардуштийлар илмини тарғиб қилиб юрганлигини билиб қолганида, дарҳол уни ҳибсга олиб, сўнгра эса бидъатчи («зиндик»), деб эълон қилди. Бу чора ҳамма жойда ўзгача фикрлашга чек қўйди.


ХОРУН АР-РАШИД (789-809 йиллар). Маҳдийдан кейин унинг валиаҳди Мусо ал-Ҳодий подшоҳ бўлди. Лекин у ота бир, она бошқа укаси Хорунни ўзига рақиб деб биларди. Ҳар иккаласининг оналари ўзаро бир-бирига ашаддий душманликни шу даражага етказдиларки, натижада Ал-Ҳодий ўлдирилди. Шу тариқа Хоруннинг битта ўзи меросхўр бўлиб қолиб, халифаликда аббосийларнинг энг таниқли вакилига айланди. Унинг 23 йиллик подшоҳлигида амалга оширган ишлари Исломга шон-шуҳрат келтирди. Бутун Ғарб ва Шарқ қироллари уни Ислом халифаси сифатида эътироф этдилар. У Хитой императори билан ҳам мухтор вакиллар алмашиб турди. Тўққиз марта Маккага ҳажга борган бўлса-да, жуда кўп саёҳат қилар, тўлақонли ҳаёт кечириб, ҳеч қандай лаззатдан ўзини тиймас эди. Унинг номи Оврупо мамлакатлари ёзувчиларининг асарларида ҳамда Хорун ар-Рашиднинг қудрати ва улуғворлиги, араб маданиятининг шон-шуҳрати тўғрисида тасаввур берувчи «Минг бир кеча» туркумидаги эртакларда кўплаб марта тилга олинади.


КИЧИК ОСИЁДАГИ УРУШ. Аста-секин барча мусулмон мамлакатларига ёйила борган осойишталик ва тартиб-интизом туфайли Хорун салтанатининг улуғворлиги янада ошиб кетди. Албатта, византияликлар билан уруш давом этарди, лекин буни ҳисобга олмаса ҳам бўларди. Чунки византияликлар ҳар бир подшоҳ билан бир ёки бир қанча марта урушиб чиққан эдилар. Илгаригидек уруш ташаббуси сулҳга хиёнат қилувчи византияликлардан чиқиб турарди. Константинопол императори Ирене хоним билан Хоруннинг отаси Маҳдий ўртасида тузилган шартномани эслайлик. Бир неча йил ўтгач, Ирене донишмандликдан йироқроқ, ўзига ортиқча бино қўйган, мунофиқликда ҳеч нарсадан тоймайдиган Найсфорус I таъсирига берилди. Найсфорус Хорунга битим шартларини рад этувчи ниҳоятда қўпол хат йўллади, унда ҳар йилги товон пулини тўлашдан бош тортибгина қолмасдан, император Ирене хоним илгари тўлаган пулларни қайтариб беришни ҳам талаб қилди. Жавоб хатида Хорун (бу хат таниқли араб тарихчиси Табарий китобининг саҳифаларида Византия императори ва Ислом халифаси ўртасидаги муносабат эслатилган жойда баён этилган) шундай деб ёзади: «Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм. Эътиқодли лашкарбошидан роман ити Никфуруга. Эй саёқ онанинг ўғли, албатта мен хатингни ўқидим. Сен жавобимни эшитмайсан; сен уни кўрасан». Шундан кейин у бир нечта чоғроқ ҳарбий черикларига Кичик Осиёга жанг қилишни буюрди. Улар Ҳеракл ва Тианани, Икониум ва Эфесни эгалладилар. 805 йилда Қибрисга ҳужум уюштирилди. 807 йилда Родос босиб олинди. Никфура ёки Найсфоруснинг ялиниб-ёлворишларига қулоқ солинмай қўйилди. У сулҳ тузишни, шунга кўра анча мўмай товон тўлашга рози эканлигини ва яна қўшимча равишда шахсан ўзи ва императордан тортиб то унинг ҳамма оила аъзоларигача жарима тўлашларини билдириб, ўтинч сўради.


ХОРУН ПОДШОҲЛИГИДАГИ ҚЎЗҒОЛОНЛАР. Хорун ар-Рашиднинг подшоҳлик даврида у ер-бу ерда кичикроқ қўзғолонлар юз бериб турди. Улардан бири 786 йили Мадинада бўлиб ўтди, унинг қатнашчилари ҳазрат Али авлодларига лаънатлар ёғдирдилар. Исён бостирилди, лекин унинг бошчисига амакивачча бўлган Идрис Мағрибга қочиб кетиб, юқорида айтилганидек, Марокашда идрисийлар сулоласига асос солди. Сулола икки юз йил давр сурди. Шомда мударийлар билан ҳимйарийлар ўртасида давом этаётган шафқатсиз курашга буюк вазир Жаъфар ал-Бармоқий бутунлай чек қўйди. Ифриқия ҳокимининг ҳуружларини тинчлантириш учун Хорун Иброҳим ал-Аълобни у ерга жўнатди. Кейин маълум бўлдики, Иброҳим ўша мамлакатда аълобийлар сулоласини илдиз орттирган экан. Кейинги қўзғолон деярли 15 йилдан кейин икки дарё оралиғида (Мовароуннаҳрда) бўлиб ўтди. Бу ерда 805 йили Самарқанд ҳокими Рафиъ ибн Лайс бош кўтарди. Унга қарши юришга отланган Хорун йўлда касалланиб, Хуросондаёқ вафот этди.


БАРМОҚИЙЛАР ИНҚИРОЗИ. 
Бармоқийлар қудрати учта подшоҳ ҳукмронлиги даврида сақланиб қолди. Хорун салтанатида уларнинг обрўси фақат халифанинг улуғворлиги туфайли иккинчи ўринга ўтиб қолган эди. Бармоқийларнинг фанга ҳомийлиги, совға-саломлари, дид-фаросати ва салобати тўғрисидаги овоза чор атрофга ёйилди. Халифалари сингари улар бунёд этган кошоналар ҳам ғоят жозибали эди. Ишқилиб, буюк бармоқийларга қарши фисқ-фасодлар бошланиб кетиб, ниҳоят бу гаплар халифа Хорун қулоғига ҳам етиб борди. Шиаларга мансуб бармоқийлар аббосийларнинг суннийпараст саройига бошқа тоқат қила билмасликларини унга маълум қилдилар. Хорун синглисини ўзига қадрдон бармоқийлардан бири – улуғ вазири Жаъфарга никоҳ қилдирди, лекин охир-оқибатда бу ҳам ёрдам бермади. 803 йили бармоқийлар таназзулга учрадилар. Хорун улардан юз ўгирганича бор мол-мулкларини мусодара қилиб, ҳаммасини қамоққа ташлади. Жаъфар ҳамда машҳурликда ундан кам бўлмаган укаси Фадл қатл этилди. Шаҳзодалар меҳридан қаттиқ нарса йўқ, деган нақл борки, бу бармоқийлар тарихига нисбатан жуда тўғри келади.


АББОСИЙЛАРНИНГ ТУРМУШ ТАРЗИ. Аббосийлар даври араблар эришган ютуқларнинг авж нуқталаридан бири бўлди. Араблар ҳамма жабҳаларда жаҳон маданиятининг олдинги маррасида бордилар. Уларнинг ҳаётга қарашлари, ундаги тасодифларга хайрихоҳлиги, имконият излашлари, билимнинг барча соҳаларини нозик тушунишлари, турмушга, қулайликлар яратишга, хатти-ҳаракат тарзига, халқаро савдога, бошқалар билан муносабатларга нисбатан дид-ҳаваслари – буларнинг барчаси бутунлай янги ҳаётни англатар эди. Шу ҳаётнинг юзлаб йиллари жаҳон тарихининг гўзал саҳифаларини ташкил қилади. Юнонлардан ва бошқа халқлардан нималарнидир олганликлари уларнинг қадрига асло путур етказмайди, чунки бундай оқилона меросхўрлик бутун инсониятга хизмат қилади. Араблар мақбул нарсаларнинг ҳаммасидан заррама-зарра тўплаб, ўзлари мерос яратдилар ва сўнгра адабиётда, фалсафада, фан тарихида, жуғрофияда, санъат ва ҳунармандчилик бобида алпона қадамлар билан буюк сакраш ясадилар. Аббосийлар Бағдодда дунё марказини барпо этдилар, уларнинг ғоялари мисоли улкан бир чироқ ёғдуси сингари ўша ердан бутун атрофга таралиб турарди. Бағдоддан тарқаган шуъла ер куррасининг ғарбий ярим қисмидаги барча бурчакларга кириб борарди. Арабларнинг ҳимоя бобидаги ютуқларига Маҳдий ва Ар-Рашид ҳукмронлиги даврида уруғ сочилган бўлиб, ундан униб чиққан ҳамма нарса Хоруннинг ўғли улуғ Маъмун даврида барқ уриб гуллаб-яшнади.


АББОСИЙ ҲУКМДОРЛАР. 
Камдан-кам ҳокими мутлақлар аббосийларчалик фан тўғрисида жон куйдирган; улар ўз турмуш тарзига ҳам ўзгариш киритган эдилар. Илгариги умавийлар ҳали ҳам оддий нарсаларга ишонардилар. Муовия аслида бир кекса араб шайхи эди. Бошқа умавийларнинг кўплари дамашқликларга хос бир хил ҳаётнинг ҳашаматли гўзаллигидан воз кечиб, асосан, чўлда оддий қишлоқилар орасида яшашарди. Умавий шаҳзодаларнинг аксарияти дастлаб ана шундай йўсинда тарбия топдилар. Аббосийлар эса бундай тирикчиликни қабул қилмадилар. Аббосий халифалар ва шаҳзодалар дабдабали турмуш кечиришарди. Улар аввал бошданоқ форсий турмуш тарзига ошна бўлиб, тобора кўпроқ форсийлаша бордилар. Масалан, аббосийга бевосита мурожаат қилиб бўлмасди, улар ибодатхоналарга мутасаддилик қилишмасди, кейинроқ ўз қўшинларини ҳам бошқармай қўйдилар. Уларнинг буюк вазири, ноиби халифанинг вакили саналиб, ундан сал пастроқ ҳуқуққа эга эди. Чўрилар, қуллар ва бошқа хизматкорлар устидан хўжайинлик қилиб юрувчи бошқа вазирлар ҳам бўларди. Уларнинг турмуш даражаси анча юксак бўлиб, тўкин-сочин яшайдиган амалдорларникидан ҳам аъло эди. Ана шундай тўкин-сочинлик, серҳашамлик, беғамлик уларни таъмагирлик иллатидан холи қилганди. Бироқ заифлашиб бораётган ҳукмдорлар ва ғам билмас сарой хизматкорларининг мақсадсиз ҳаётига янгилик жорий этилган ҳоллари илгари ҳам бўлган. Шунинг учун мусулмонлар бунга  бошқа тоқат қилиб туролмасдилар.


АМИН (809-813 йиллар). Хорун ар-Рашиддан уч ўғил қолди: Амин, Маъмун, ва Қосим. Онаси Зубайда соф араб қизи сифатида бош малика бўлганлиги учун ўғилларининг биринчиси маълум устунликка эга эди. Иккинчисининг онаси томирида форс қони оқарди. Хорун ҳаётлик пайтидаёқ Аминни Шом ва Мисрга, Маъмунни Хуросоннинг шарқий вилоятларига, учинчи ўғли Қосимни эса Ироққа ҳоким қилиб тайинлаб, маълум тўхтамга келганди. У Аминнинг валиаҳдлиги тўғрисида ҳам бир қарорга келди. Шунга биноан Амин халифа бўлди. Кўп ўтмай, ака-укалар орасида жанжал чиқди. Бу шундай юз берди: Амин амри билан Маъмунни унчалик ёқтирмайдиган Қосим ҳокимликдан четлатилди. Амин ўз ўғли Мусони Маъмунга ворис этиб белгилаганлиги Маъмунга маъқул тушди. У бундай қарорнинг сабабларига ишонқирамади. Лекин пойтахтдан жуда узоқда бўлиб, енгиб чиқишига яхши кўзи етмаганлигидан дарҳол бош кўтаришдан ўзини тийди. Бундан ташқари Амин фақат ўзигагина содиқ бўлган араблар гуруҳига таянарди. Шунга қарамасдан, Маъмун ваколатини бекор қилиб, Хуросонда тартиб ўрнатиш ва исёнкор укасини қўлга олиш учун додхоҳ Али ибн Исо бошчилигида қўшин юборди. 

Додхоҳнинг омади чопмади, у ҳарбий унвонидан маҳрум қилиниб, қатл этилди. Маъмунга қарши бошқа қўшин йўллаш ҳам муваффақиятсиз тугади. Шундан кейин Маъмуннинг Тахио ва Хорсмаҳ исмли додхоҳлари Аминнинг ўзига қарши чиқдилар. Улар Бағдодгача бориб, қамал натижасида уни босиб олдилар. Амин ушланиб қатл этилди. Бу фуқаролар уруши қарийб тўрт йил давом этди. Маъмун ҳали ҳам Хуросонда эди.


ТАРТИБСИЗЛИКЛАР – АЛИ МУРИДЛАРИНИНГ ИСЁНИ. Маъмун дастлаб оғир даврни бошдан кечирди. У кетма-кет бўлиб турган исёнларни бостиришга кўп йилларни зое кетказди. Асосий ғалаёнларни, айниқса, кўпгина ҳукмдорлар салтанатида такрорланиб турган тартибсизликларни эслатиб ўтиш зарур. Энг аввало бу ҳазрат Али муридларининг ҳукмронликка даъвогарлик маъносида исёнлари бўлди. Улар ўзларидан бошқа ҳеч ким халифаликни кўзлашга жазм этолмайди, деб ишонардилар. Улар наздида ўзларидан бошқа ҳамма ҳокимиятни зўравонлик билан тортиб олувчилардир. Шу маънода гўё умавийлар билан аббосийлар ўртасида ҳеч қандай фарқ йўқ, ҳар иккалалари ҳам номуносиб. Ҳеч бирлари Алига ворислик ҳуқуқига эга эмас. Ислом меросхўрлик даъвосини тан олмаслигини, Аллоҳ таолога бўйин эгувчи, инсонлар йўлида хизмат қилувчи одам Унга яқинроқ ва азизроқ эканлигини ҳазрат Али муридларига ҳеч ким тушунтира олмади. Ҳукмдор бўлиш бобида ҳазрат Али авлодлари муқаддас ҳуқуққа эга эканликларига шиа мазҳабига мансуб мусулмонларнинг ишончлари комил эди. Шу жиҳатдан ҳам улар имкон бўлди дегунча ҳар доим ва ҳамма жойда бош кўтариб чиқаверардилар. Маъмун подшоҳлиги даврида улар Муҳаммад ибн Иброҳим исмли одам раҳнамолигида оёққа турдилар. Бироқ Али муридларининг бахтига қарши уларнинг қўзғолонларини одамлар моддий ёрдамлари ёки шахсий иштироклари билан камдан-кам ҳолларда қўллаб-қувватлардилар. Шундай қилиб уларнинг мағлубиятдан бошлари чиқмасди. Бу гал ҳам Хорсмаҳ Муҳаммад устидан ғолиб келди. Ғоят зукко киши бўлган Маъмун  алипарастлик руҳида юрганликларини кўра-била туриб қизларидан бирини шиаларнинг саккизинчи имоми – Имом Али ар-Ризога турмушга бериб, уни ўзига куёв деб жар солдирди. Аббосийларнинг оқ рангли байроғини ҳам яшилга алмаштирдики, бу ҳазрат Али оиласига хос ранг ҳисобланарди.


ИРОҚДАГИ БЕЗОВТАЛИКЛАР. Бундан қониқиш ҳосил қилмаган ироқликлар аввалига Маъмуннинг амакиси Мансурни халифаликка қизиқтирмоқчи бўлиб кўрдилар. У рад жавобини бергач эса, Маҳдийнинг ўғли Иброҳимни ҳамда Маъмуннинг бошқа бир амакисини номзод қилиб кўрсатдилар. Бундан хабар топган Маъмун шахсан ўзи Бағдоддан Хуросонга боришга қарор қилди. У йўлда эканлигида Хуросонда Муқанна ишининг давомчиси халифа Мансур давридаги сохта пайғамбар пайдо бўлди. Бобак исмли бу киши ҳам юзига ниқоб тутиб олган бўлиб, баъзи ғалати ғояларни тарғиб қилиш билан машғул эди. Масалан, у руҳнинг кўчиб юришига ишонтирмоқчи бўларди, бошқа ғайриисломий фикрларни ҳам ёярди. Бобакка қарши юришга вақти бўлмаганлигидан Маъмун Бағдодга қайтишга ошиқди. Тусга яқинлашганларида куёви Имом Али ар-Ризо бетобликка учради, харчанд уринишмасин, уни сақлаб қололмадилар, у Тусда дафн этилди.  Шунинг учун ҳам бу ер Машҳад – азоб-уқубатлар макони деб аталадиган бўлди. Шиалар имом ўлимининг сабабларига ишонмасдан, уни заҳарланган ва шаҳид бўлган деб ҳисоблашади. Шундан буён Машҳад шиалар учун энг муқаддас жой саналиб келади.


МАЪМУН ИРОҚДА. Ниҳоят, у Бағдодга қайтди. Қай кўз билан кўрсинки, шаҳар харобаликка айлантирилган. Хорун қанчалик катта куч ва маблағлар сарфлаб бунёд этган гўзал иморатларни Маҳдий ва Мансур култепаларга айлантирган эдилар. Маъмун у ерда  яшаб бўлмаслигига амин бўлгач, аслзодалар билан бирга собиқ улуғ вазир Жаъфар ал-Бармоқий саройини ўзларига қароргоҳ қилиб танладилар. Шундан кейин ишларини тартибга солишга киришмоқчи бўлди, лекин ҳали осойишталикдан дарак йўқ эди. Хорижийлар исён кўтарган Хуросонда тартиб ўрнатишга истеъдодли додхоҳ Тоҳирни йўллади. Бу вазифа бажарилганлигига қарамасдан, Маъмун Тоҳирнинг Хуросонда бўлиб туришини зарур билиб, уни шу юртга ҳоким этиб тайинлади. Кейинчалик ҳокимлик наслий мерос бўлиб қолди. Тоҳир уруғи Маъмун вафотидан сўнг ярим мустақилликка эришиб, Хуросонда тоҳирийлар сулоласига асос солинди.


МИСР. БОБАК ВА ВИЗАНТИЯЛИКЛАР. 
Аббосийлар салтанатида ҳали тинчлик қарор топмаган эди. Қайсилар ва қалбийлар ёки мударийлар ва ҳимйарийлар орасидаги азалий рақобат энди бутун Нил дарёси бўйлаб қаттиқ жанжалга айланганди. Асосан суннийлардан ташкил топган мударийлар Аминга ён босишарди, ҳамиша шиалик тарафдорлари бўлиб келган ҳимйарийлар эса Маъмунга қайишардилар. Бу иккита мазҳаб ўртасидаги қарама-қаршилик ҳеч қачон суст ва осойишта бўлмаган, мухолифликдан жанжаллар учун баҳона ва сабаблар топиш уларга ҳеч гап эмасди. Натижада ҳар доим бўлганидек, бу ошкора урушга олиб келди. Вазият қалтис эканлигини эшитган Маъмун уларни тартибга чақириш учун у ерга Тоҳирнинг ўғли додхоҳ Абдуллоҳни юборди. Бироқ Абдуллоҳ ўз бурчини бажариб улгурмасиданоқ  аббосийларнинг азал-абад рақиблари бўлган византияликлар Форснинг шимоли-ғарбий вилоятларида, Озарбайжонда исён кўтарган бидъатчи Бобакка ёрдам бериб, уни қўллаб-қувватлай бошладилар. Шу сабабдан ҳам Бобакка қарши тўрт йил (829-833 йиллар) давом этган курашга Маъмуннинг шахсан ўзи бошчилик қилди. У исёнчилар ҳаракатини бостирди. Бобакни мағлубиятга учратиб, форслар юрти ҳудудидан қувиб чиқарди. Сўнгра византияликларга қарши курашиб, Тарсус яқинидаги Зубру қалъасини эгаллади. Маъмун  ана шу тадбирлар давомида ҳалок бўлди.


ЎРТАЕР ДЕНГИЗ СОҲИЛЛАРИДАГИ ҒАЛАБАЛАР. Салтанати узлуксиз исёнлар ва қўзғолонлар даврига тўғри келган Маъмун истироҳат учун ҳам, қурилиш ишлари ҳамда халифаликнинг илмий марказларида машғулот олиб боришга ҳам вақт топарди. Айни унинг ҳукмронлиги даврида мусулмон маданияти Ўртаер денгизи атрофига ёйилди. Бу даврда иккинчи амир Ҳакам  Испаниядан суриб чиқарган аббосийпараст араблар Критни забт этдилар, шундан кейин Ифриқиянинг аббосийлар авлодига мансуб ҳокимлари аълобийлар Сиъилияни, Сардинияни ва Малтани эгалладилар. Мусулмон маданияти Сиъилияда ўзининг юксак чўққисига кўтарилиб, бу оролни қарийб тўрт юз йил мобайнида маданий марказ даражасида сақлаб турди. Орол араб дунёси билан насронийлар Оврупоси ўртасидаги учта асосий кўприкнинг бири бўлиб хизмат қилди. Бошқа иккита кўприк вазифасини ғарбда Испания ва шарқда Боғдод бажариб келди.


БОҒДОДДА АРАБ МАДАНИЯТИ. Маъмуннинг хавотирда ўтган подшоҳлиги қисқа бўлса ҳам, тарих унинг буюк аҳамиятга эга бўлганлигини эътироф этади. У дорулфунунларга асос солди, ҳамма жойдан китоблар тўплади, қобилиятли кишиларни йиғиб, уларнинг янги-янги зафарларга эришувлари учун йўл очиб бериб ёки шу соҳадаги ишларига кўмаклашиб турдики, бу унинг самарали салтанатидан ажойиб хотира қолдирди. Маъмун фанни ҳам, ҳунармандчиликни ҳам рағбатлантириб турди. У Бағдод ва Дамашқ яқинида расадхоналар қурдирди. Бундан ташқари бунёд этилган Дор ул-Ҳикмада олимлар фаннинг турли соҳаларида иш олиб бордилар. Улардан ўнлаб кишилар юнон, форс, санскрит, шом (эски араб) тилларидан таржима қилиш билан шуғулланардилар. Адабиёт, фалсафа, фиқҳ ва бошқа фанлар соҳасида мустақил иш олиб бориларди. Инсонпарвар мутафаккир Маъмун «Бизнинг барча ғояларимиз тафаккур тарзимиз мезонига айланур», деб ишонарди. У шу давргача ташкил топган ва кўпгина илмий асарлар яратган фалсафий мактабни юксак қадрлар эди. «Мутаъзилийлар диний ғояларимизга ҳам ақл йўналтирилган бўлиши керак, ақлан текшириб кўрмасдан ва тўлиқ аниқламасдан туриб, ҳеч бир нарса  қабул қилинмаслиги лозим», деб ҳисоблашарди.


МАЪМУННИНГ ХАЛИФАЛИГИ. Маъмуннинг бош ютуғи шунда эдики, у инсон тафаккури эркинлигига интилди ва шунинг учун ҳам билимнинг барча соҳаларига кириб борди. У ўзини олим санамас, лекин шахсан ташкил эттирган Билимлар уйи – Дор ул-Ҳикмада мунтазам ўтказиладиган мунозараларда иштирок этиб турарди. Маъмунга сохта фикр ёт эди, у суннийларга ҳам, шиаларга ҳам баравар муносабатда бўларди. Ҳатто, зардуштийлар ва бошқа ғайридинлар эътиқодларига нисбатан ҳам ақл билан иш тутарди. Шундай бўлса ҳам, унинг ўз эзгу ғоялари бор эди. У бидъатчиларга тоқат қилолмасди, буни унинг Бобакка муносабати кўрсатиб турарди. У аллома бўлибгина қолмасдан, вазият талаб қилганда лашкарбоши сифатида ҳам майдонга чиқаверарди, Бобак ҳамда византияликларга қарши курашда у шундай қилди. Маъмун асосан ўзининг инсонпарвар дунёқараши, бутун фан равнақини рағбатлантирган улкан маданий ютуқлари билан тарихда қолди. Унга ўхшаб ақл-идрок тараққиётини моддий фаровонликдан ҳам устун қўядиган подшоҳлар кам бўлган.


АЛ-МУТАСИМ (822-842 йиллар). Маъмун анча ёш кетди, уни ўрнини Ал-Мутасим номини олган укаси Муҳаммад эгаллади. Ал-Мутасим подшоҳлиги воқеаларга бой бўлди. Дастлаб Ироқнинг қуйи қисмида зоттилар қўзғолони бўлиб ўтди. Бу зоттилар форслар юртида сосонийлар ҳукмронлик қилган даврда бир неча аср муқаддам Ҳиндистондан кўчиб келган ғалати одамлар эди. Ўша пайтда жотлар деб аталган бу жамоа аъзолари Дажла ва Фурот дарёлари қўшилган жойда пайдо бўлдилар. Кейинчалик уларни зоттилар деб номлай бошладилар. Табиатан шилқим бу одамлар тинчланишни ўйламасдилар. Қўпол ва сурбетларча ҳаракат қилардилар. Доимо дайдиб юриб, бирор жойда қўним топмасдилар. Зоттилар Маъмун подшоҳлигида ҳам ғалаён кўтариб турдилар, лекин бу даврдлаги исёнлари анча чегараланган кўламда ўтарди. Ал-Мутасим подшоҳлигида эса улар катта қўзғолон бошлаб, карвонларни талашга, Ироқ шаҳарлари ва кентларида босқинчилик қилишга ўтдилар. Ал-Мутасим қатъий чоралар кўриб, ниҳоят 825 йилда исённи бостириб, зоттиларни Кичик Осиёнинг чеккароқ ўлкаси Сиъилияга кўчирди. Уларнинг кўплари шу ерда ўрнашиб қолган бўлсалар, айрим қисми Оврупога бориб, дайдилик турмуш тарзини афзал кўрди. Ҳозир кўплаб мамлакатларда учратиш мумкин бўлган лўлилар деб аталадиган халқ шуларнинг авлодларидир.


ТУРК ТАНСОҚЧИЛАРИ. Биринчи бўлиб турк тансоқчилари гуруҳини Ал-Мутазим ташкил этди. Шунгача Маъмун тансоқчилари бўлинмаси сифатида турк қуллари қўшилмасини тузган бўлса-да, унинг барча зобитлари араблардан эди. Ал-Мутасим шу қўшилмани кенгайтириб, истеъдодли турк қулларига зобитлик вазифаларини эгаллаш учун йўл очиб берди. Бу анча халқчил ва Ислом таълимотларига кўпроқ мос тушадиган тартиб эди. Бироқ у аста-секин шунга олиб келдики, қўшилма соф туркларнинг таъсирчан қуролли кучларига айланди; уларнинг лашкарларига ҳам яхшигина маош тўланарди. Халифалар заифлашгач, турк тансоқчилари қўлдан чиқиб кетиб, сарой иғвогарликларида қатнаша бошладилар. Кейинроқ улар порахўрликка берилдилар, халифаларни тахтдан ағдариб, унга ўзлари чиқиб олишди. Романлар даврида ъезарларнинг преториан гвардияси деб номланувчи тансоқчилари ҳам шундай иш тутган эдилар.


АЛ-МУТАСИМ – САМАРА БУНЁДКОРИ. Ал-Мутасим Бағдоддан 100 чақирим шимолроқда жойлашган Самара яқинида ўзига қароргоҳ қурдирди, тез орада бу ерда талайгина кошоналар бунёд этилди. Табиийки, халифага яқинроқ бўлишни орзу қилган зодагонлар ўз уйларини у яшаган жойда қурдилар. Масжид ва мадрасалар ҳам барпо этилди. Шу боис қисқа муддат ичида Самара муҳташамликда Бағдод билан беллашадиган бўлиб қолди, бироқ у йирик илмий марказ ҳисобланган Бағдодга ҳеч қачон тенглаша олмади.


ВИЗАНТИЯЛИКЛАР БИЛАН УРУШ. Маъмун бидъатчи Бобакни мағлуб этиб, қонини кечган эди. Ал-Мутасим даврида у яна бош кўтарди. Халифа турк додхоҳи Афшинни унга қарши юборди. Маъмун вақтида бўлганидек, бу гал ҳам дастлаб византияликлар қўли баланд келди. Уларнинг императори Теофилус мусулмонлар шаҳри Зибатуни босиб олиб, ер билан яксон қилди. Зибату эса Маъмуннинг она шаҳри эди. Шунинг учун ҳам ғазабга минган Ал-Мутасим ўч олиш учун қўшинлар бошида ўзи турди. Қарши кучлар Ансира остонасида тўқнашиб, Теофилус қақшатқич зарба еди. Шундан кейин Ал-Мутасим императорнинг ватани Мориумни қамал қилди. 50 кун давом этган қамалдан кейин ғалаба қозонилиб, бу шаҳар ҳам теп-текис қилинди. Кўп аҳоли ўлдирилди, қолганлари асир олиниб, Бағдодда қул қилиб сотилди. Византияликлар Ал-Мутасимдан ўч олиш иштиёқи билан ёндилар. Теофилусни қувиб келаётганида унга турк додхоҳи Афшин исён кўтарганлаги ҳақидаги хабарни етказишди. Шунинг учун у тезда Кичик Осиёни тарк этиб, қайтишда Афшинни қамоққа олди. Энди Ал-Мутасим Константинополга ҳужумини давом эттириб, ҳозирланиш тўғрисида денгиз кучларига амр берди. Улар Константинопол томон йўл олаётганларида даҳшатли пўртана бошланиб, барча кемаларни алғов-далғов қилиб ташлади. Уларнинг кўпи умуман дом-дараксиз йўқолиб, юришни тўхтатишдан бошқа илож қолмади. Бу жуда катта талафот эди.


АЛ-МУТАСИМНИНГ ФЕЪЛ-АТВОРИ. Халифа сифатида у ўз салафларига ўхшар, қатъий эътиқодли ва шиддатли одам эди. Маъмун даврида гуллаб-яшнаб, араблар тафаккурига жадал ривож бағишлаган илмий, фалсафий тадқиқотларга монелик қилмасди. Шу туфайли мазкур соҳаларда тараққиёт давом этди. У византияликлар ҳурматини қозонди. Самара эса унинг даврида гўзаллик ифодаси бўлиб турди. У ҳукуматининг обрўси учун курашар, ғайридинларга даҳшат солар эди.

АЛ-ВОСИҚ (842-849 йиллар). Ал-Мутасим ўрнига келган Ал-Восиқ сўнгги аббосий ҳукмдор бўлди. У жуда қобилиятли, олийжаноб, дунёқарашда холис раҳбар, ҳурфикрлик учун улкан курашчи бўлиш билан бирга жамиятнинг саховатталаб эҳтиёжларидан маблағ аямасди, фанни рағбатлантириб турарди. Ўзи ғоят дилкаш инсон, яхши созанда, сермаҳсул бастакор эди. Унинг даврида давлат хамма ишларни яхши йўлга қўя билди: саноат ҳамда Мағриб ва Машриқ ўртасида савдо-сотиқ ривожланиб, айни аббосийлар туфайли янги-янги юксак марраларга эришиб борди. Бу чинакамига маърифатли ҳоким салтанатида ҳам жаҳолатпарастлар фаоллиги сабабли диний баҳслар авжида бўлди.


ЯНГИ КУЧЛАР ҲАРАКАТДА. Янги кучлар ўзлигини намоён қила бошладилар. Кейинги тўрттала ҳукмдор, айниқса, Маъмун подшоҳлигида ҳукм сурган бетарафлик тескаричиликни келтириб чиқарди. Жумладан, муътазила, деб ном олган ақл-идрокка таяниш тарафдорлари таъсирига кучли оммавий қаршилик мавжуд эди. Муътазила кейинги икки ҳукмдор даврида диний мафкура вакили бўлиб келди ва Ал-Восиқ томонидан рағбат кўрди. Унга қарши машҳур Имом Аҳмад ибн Ханбал – мусулмон қонуншунослиги соҳасида тўртинчи йирик мутахассис бу тескарича кучнинг раҳбари ҳисобланарди. Унинг фикрлари шу қадар яланғоч эдики, у халифани ҳаддан ташқари ошкора қилардики, уни қамоқда сақлашга мажбур бўлдилар. Ал-Восиқ турк зобити Ашнасни халифаликнинг катта ҳарбий бошлиғи ёки ноиби этиб тайинлаб, хатога йўл қўйди. Бу юксак лавозим одатда зодагонлар ичидан энг истеъдодли кишига бериларди. «Мана, аббосийлар қанчалик холис эканликларини кўриб қўйинглар» қабилидаги бу эркинлик белгиси Ал-Восиқ ворисларига жуда катта ташвиш келтирди. Уларга ўзларининг турк зобитларига қарши курашишга тўғри келди, кўплари улар қўлида вафот этиб, ўрнига Мутаваккил келди. Унинг ўлими билан аббосийлар давлати ҳам завол топди.


МУТАВАККИЛ (847-861 йиллар). Холис ва бетараф Ал-Восиққа қараганда Мутаваккил бошқача табиатли одам, мустаҳкам эътиқодли халифа эди. Илгариги халифалар даврида сезиларли куч ҳисобланмаган уламолар у тахтга ўтириши билан бош кўтардилар. Улар муътазийларга сарой томонидан бериб қўйилган  имтиёзларга қарши норозилик изҳор қилишди. Мутаваккил ўзи танқидий фикрни тан олмаганлигидан ҳурфикрлик раҳнамоларига қарши ҳаракат қилиш зарурлигига қандайдир ишонтиришга асло муҳтожлик сезмасди. Дастлаб у Имом Аҳмад ибн Ханбални қамоқдан бўшатиб табрикладики, бу кишиларнинг катта оммаси томонидан қўллаб-қувватланди. Сўнгра муътазилийлар устидан назорат ўрнатди, сал кейин уларни таъқиб қилишга ўтди. Уларнинг анчаси жавобгарликка тортилиб, аксарияти қамоққа ташланди. Жуда кўп кишилар қатл этилди. Мутаваккил шиаликка ва номусулмонларга нисбатан шу даражада бетоқат эди. Айни унинг ҳукмронлик даврида биготлар гуруҳи Имом Ҳусайннинг Карбалодаги мақбарасига ҳужум қилиб, уни вайрон этганди. Аббосийлар пойтахтидаги ички тартибсизликлардан хабар топган византияликлар руҳланиб кетдилар. Улар Кичик Осиёдаги мусулмон вилоятига, Сиъилияга ҳужум қилдилар, Мисрдаги Дамиетта шаҳрини забт этдилар. Халқ норозилиги сезилиб турарди, бу турк гуруҳининг фаоллашуви учун жуда қулай вазият эди. Мутаваккил Дамашққа кўчиб ўтиб, соқчилардан халос бўлишга ҳаракат қилди, бироқ бунга эришолмади. Шунинг учун у соқчиларни тинчлантиришларини сўраб тоҳирийлар наслига мансуб Хуросон ҳокимига чопар юборди. Бироқ соқчилар Мутаваккил кўрсатмасини олгунларига қадар уни ўлдириб улгуришган эди. Аббосийлар давлатининг биринчи даври шу билан якун топди.


КЕЙИНГИ АББОСИЙЛАР. Ал-Восиқдан кейин аббосийлар шуҳрати сўна бошлаган бўлса-да, Мутаваккил ҳокимият жиловини бир қадар ушлаб туришга эришди. Шундан кейин халифалик 400 йил умр кўрди, лекин халифалик борган сари заифлашиб, пойтахтдаги кўз илғамас сояларга айланиб қолди. Аббосийлар халифалиги ичида подшоҳликлар пайдо бўлди; ҳаётнинг ҳамма жабҳаларида  буюк тараққиёт давом этарди; аббосийлар ёрдамисиз ҳам янги шаҳарлар, дорилфунунлар, янги саноат маҳсулотлари пайдо бўлаверди, бироқ кейинги муваффақиятлар аббосийлар қўйиб кетган пойдевор туфайли эканлиги шубҳасиз эди.


АББОСИЙЛАР ҲУКУМАТИ. Бу ҳукумат яхши ташкил этилганди. Исломда олий ҳукмдор Аллоҳ ҳисобланади, халифа эса Унинг ердаги вакили, шу боис бутун маънавий, дунёвий ҳокимият унинг қўлида маълум вазифаларни бажариш учун тайинланарди, ҳукумат таркибига яна бош вазир ҳамда вазирлар кенгаши кирарди. Молия ва даромадлар, алоқалар ҳамда тадбирлар учун маблағ йиғиш вазирлиги, ички ишлар ва мудофаа вазирлиги мавжуд эди. Иш юритишнинг ҳамма жиҳатларини ўлчов ва тарози, сотиладиган моллар сифатини назорат қилиш сингари бошқармалар кузатиб боришарди; «Иҳтисоб» бошқармаси тижоратчилар ўртасидаги олди-сотди муомалаларида ҳакам, «Муҳосиб» ваколатли ва ҳожатбарор киши – олий назоратчи ҳисобланарди. Маҳсулот сифатини текшириш учун унинг ҳамма томонга йўллаб турадиган тафтишчилари нопок корчалонларга омонлик бермасди. Чегараларни қўриқлаш, тартиб-интизомга ва  қонун-қоидаларга риоя этилиши учун ҳарбий кучлар сақланарди, лекин ғазавот уруши олиб бориш зарурати туғилиб қолган тақдирда кўнгиллилар жалб этиларди. Бундай ҳолларда сафарбар аскарларнинг аксариятига маош  тўланмасди, бироқ қўлга тушган ўлжа (мол ал-ғанимат)нинг маълум ҳиссаси уларга ўз бурчларини адо этганликлари учун мукофот тариқасида бериларди. Халифа кўплаб императорлардан қудратлироқ бўлса-да, мусулмонлар билан муомалада оддий эди; у жума намозларига бошчилик қилар, қўшинларига саркардалик вазифасини бажарар эди. Шунинг учун ҳам у давлатнинг ҳақиқий раҳнамоси ҳисобланарди.


АББОСИЙЛАР ДАВРИНИНГ УЛУҒ КИШИЛАРИ. Бу ўринда биз аббосийлар замонида араб дунёси кўркига кўрк қўшган атиги бир неча шахсни тилга ола оламиз. Бу кишиларнинг ҳаммаси ўз соҳасида кўп асрлар давомида дунё ақл-идрокини бошқариб турдилар. Фалсафа бобида Ал-Киндий ва Ал-Форобий энг буюк алломалар эди. Ал-Киндий ??? асрнинг биринчи ярмида йирик илм арбоби сифатида майдонга чиқди, Ал-Форобий эса ҳозиргача машҳурдир. Улар донишмандлик ва билимдонлик рамзи бўлиб қолдилар. Ўрта асрдаги табобат илмида Ар-Розий номи кучли жаранглади. Унинг ёзган китоблари шарқда ҳам, ғарбда ҳам ҳозиргача ўқилиб келинмоқда, то XVII асрга қадар улар дарслик хизматини ўтаб келдилар. Фалакиёт жадвалини тузиб чиққан, фанга алжабр ва араб рақамларини ато қилган Ал-Хоразмий ўша даврда ва яна етти аср мобайнида энг буюк риёзиётчи бўлиб келди. Шу замонларда мусулмонлар илми нужум соҳасида олдинги марраларни эгаллаб турган эдилар. Барча расадхоналар мусулмонча услубда қуриларди, Ал-Баттоний ва Фаразий сингари мунажжимлар эса фаннинг бу соҳадаги энг юксак чўққилари ҳисобланардилар. Улуғ кимёгар ва таҳлилчи Жобир ибн Ҳайён аббосийлар даврининг илк даврига мансуб аллома бўлиб, унинг амалий усуллари кўп асрлар давомида ҳамма жойда қўлланиб келинди. Жуғрофия илмида Ал-Яъқубий бошқа ҳар қандай олимдан устун эди. Ўша давр мусулмонлари тарихчилар сифатида ҳозир ҳам қадрланадилар. Кўплаб кашфиётлар қилган Ибн Ҳишом, Ат-Табарий ва Ал-Масъудий хотираси олдида дунё қарздордир. Ат-Табарий ва Ал-Масъудий фан тарихида ўз йўналишларини ишлаб чиқдилар.


МУСУЛМОН ҚОНУНШУНОСЛИГИ. Ҳуқуқ бобида мусулмон қонуншунослиги ўрганилиб ва амалий қўлланиб келинди. Билимларнинг ушбу жабҳасида тўртта буюк ном машҳурдирки, уларнинг фикрлари, Ислом қоидаларига тафсирлари бутун мусулмон қонуншунослигига асос бўлиб хизмат қилди. Булар мужтаҳид олимлар: Имом Абу Ҳанифа, Имом Молик ибн Анас, Имом аш-Шофеъий ва Имом Аҳмад ибн Ханбалдир. Диний тафаккур пешталқинлари ҳисобланиб, жуда кенг доирада давомчилари бўлганлиги учун ҳам уларни имом деб аташарди. Имом Абу Ҳанифа улар орасида анча бетараф ва ҳаётга мослашган мавқени эгаллаган эдилар. Ислом қонуншунослигини у киши зарурият туғилганда, янги шарт-шароитларга ва янги ижтимоий майлларга ҳамда юзага келаётган янги ғояларга мос тушадиган ўзгартиришлар киритиб бориладиган узвий ривожланиш деб талқин қилардилар. Бетараф имом бўлган Абу Ҳанифа билан эскилик тарафдори Имом Молик ибн Анас ораларида ўрталиқ мавқеда турган Имом аш-Шофеъийнинг ҳозирги суннийлар жамоаси ичида жуда кўп давомчилари бор. Имом Аҳмад ибн Ҳанбал Қуръонни ва шариатни тўғри изоҳлашни маъқул билардилар ва улардан ҳар қандай заррача чекинишларни ҳам инкор қилардилар. Қуръон ва Суннатни қабул қилиш биринчи тўрт халифа кўрсатмаларига амал қилиш, шунингдек, Ислом эркинлиги ва қардошлигига содиқлик тафсирлари шариатни ташкил қилган шу тўрттала имом эътиқодларидаги асосий жиҳатлардир.


ҲАДИСЛАР. Мусулмонлар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадисларига жуда эътибор бера бошлаган эдилар, бироқ фақат аббосийлар даврига келиб улар устида мунтазам иш олиб боришга киришдилар. Дастлаб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадисларининг сони ошиб бораётганлиги, инсонлар эса уларни йиғиш ва ўрни-ўрнига қўйишга ҳар хил қараётганликлари сабабли бу ҳидоятларни ўрганиш биринчи даражали вазифа деб қаралди. Шунга қадар бундай фаолият аста-секин ривожлана ва такомиллаша бориб, ўз қоидаларига эга бўлди, кейинчалик мунтазам илмга айланди. Бу ишга ўз умрларини бағишлаган икки руҳоний – Имом Муҳаммад ибн  Исмоил Бухорий ва Имом Муслим ибн ал-Ҳажжож мусулмонлар учун Пайғамбар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам таълимотларини тарғиб қилган муқаддас кишилар бўлиб қолдилар. Улар юз минглаб ҳадисларни тўплаб, сўнгра пухта аниқлаб чиқиб, умумлаштириб, тўпламлар туздилар. Саҳиҳ ал-Бухорий ва Саҳиҳ ал-Муслим номи билан аталадиган бу тўпламга ривоятларнинг атиги бир нечта минги киритилган, холос. Уларнинг иккаласи саҳиҳ, яъни бир-бирига тўғри ҳисобланиб, Қуръон қоидаларини шарҳлаб беришда асос сифатида қабул қилинади.


Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
10бобФақиҳ Абу Лайс Самарқандий раҳимаҳуллоҳ айтадилар Музаккирда бўлиши шарт энг биринчи хислат солиҳликдир, чунки солиҳ бўлмаса, ақлли кишилар ундан қочиб, давоми...

1416 19:30 / 15.09.2020
Азиз ўқувчи, салибчиларга Фаластиннинг бир қарич ерини ҳам беришдан бош тортган, тарих тажовузкорлари томонидан ёмонотлиқ қилинган mdash Усмонийлар халифасининг давоми...

5570 19:00 / 04.04.2021
Валид ибн Муғийра Қурайш қабиласининг бошлиқларидан ва бойларидан бўлиб, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга озор беришда, Қуръони Каримга қарши ҳужум давоми...

3988 16:30 / 06.01.2020
Қуллар жуда оғир шароитларда яшаганликлари ҳаммага маълум. Уларнинг кўпчилиги хур бўлиб туғилганлигига қарамасдан, туғилишдан то ўлимигача бўлган ҳаёт тарзи давоми...

5447 12:24 / 11.06.2018
Аудиолар

137678 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

57736 14:35 / 11.08.2021