1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тарих

Исмоил алайҳиссалом қиссаси

07:20 / 10.06.2019 2807 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Исмоил алайҳиссаломнинг қиссалари, у зотнинг ҳаётлари ҳақида юқоридаги саҳифаларда «Исмоил алайҳиссалом» сарлавҳаси остида батафсил сўз юритганмиз. Бу ерда эса ана шу воқеаларни қисқача эслаб ўтамиз.

Исмоил алайҳиссалом ҳақларидаги кўплаб хабарлар оталари Иброҳим алайҳиссаломнинг хабарлари ила чамбарчас боғлиқ. Иброҳим алайҳиссалом қариган чоқларида кўрган ўғилларини онаси билан бирга ўсимликсиз чўлда қолдириб кетдилар. Қайтиб кетаётиб Иброҳим алайҳиссалом ўзларининг машҳур дуоларини қилдилар…

«Роббимиз, ҳақиқатда мен ўз зурриётимни Байтул ҳароминг ёнига, гиёҳсиз водийга жойлаштирдим. Роббимиз, намозни тўкис адо этишлари учун. Бас, Ўзинг одамлардан баъзиларининг қалбларини уларга талпинадиган қилгин ва уларни мевалардан ризқлантиргин. Шояд, шукр қилсалар» (Иброҳим сураси, 37-оят).

Сувлари қолмаган Ҳожар онамиз ўғилларининг чанқаганини кўриб, чидаб туролмадилар, Сафо билан Марванинг орасида етти марта бориб-келдилар. Кейин Аллоҳ таоло Замзамнинг ўрнидан сув чиқарди. Бир неча йил ўтиб Ямандан келаётган бир гуруҳ журҳумлик йўловчилар мана шу жойга ўрнашиб қолишди.

Иброҳим алайҳиссалом ҳар замонда келиб, оилаларидан хабар олиб турдилар. Исмоил ҳам ўсиб-улғайиб борди.

Иброҳим алайҳиссалом кўрган тушларига биноан ўғилларини қурбонлик қилиш учун уринганларида, Исмоил алайҳиссалом юксак одоб билан бу ишга бош эгдилар. Аллоҳ таоло у кишининг ўринларига жаннатдан бир қўчқорни ато этди.

Исмоил алайҳиссалом Байтуллоҳни бино қилишда оталарига елкама-елка туриб ёрдам бердилар.

Аллоҳ таоло Марям сурасида айтади:

«...ва Китобда Исмоилни эсла. У ваъдасига содиқ эди ҳамда расул ва набий бўлган эди» (54-оят).

«Эй Муҳаммад, илоҳий китоб – Қуръонда Исмоилнинг қиссасини эсла». Исмоил, ҳеч шубҳасиз, ваъдасига содиқ зот эдилар. Содиқлик ҳар бир пайғамбарга хос сифатдир. Аммо Исмоил алайҳиссалом бошқа пайғамбарлардан ўзларининг ваъдага садоқатлари билан ажралиб турганлар.

«...ҳамда расул ва набий бўлган эди».

У зотнинг расул ва набий эканларига шак-шубҳа йўқ. Демак, Исмоил алайҳиссалом халойиқни ҳидоят йўлига чақирганлар.

«У аҳлини намозга ва закотга буюрар эди ва Робби ҳузурида рози бўлинган эди» (55-оят).

Маълум бўладики, Исмоил алайҳиссаломнинг шариатларида ҳам намоз ва закот ибодатлари бўлган. Бўлганда ҳам, алоҳида зикрга сазовор, юксак мақомли ибодатлардан эди.

«...ва Робби ҳузурида рози бўлинган эди».

Яъни «Роббининг розилигига сазовор бўлган эди».

Аллоҳ таоло Бақара сурасида қуйидагиларни айтади:

«Ҳамда Иброҳим ва Исмоилга: «Байтимни тавоф қилувчилар, муқим турувчилар, рукуъ ва сажда қилувчилар учун покланглар», деб амр этдик» (125-оят).

Яъни «Байтуллоҳни атрофдан келиб тавоф қилувчилар, муқим турувчилар, рукуъ ва сажда қилувчилар учун поклаб қўйишни буюрган эдик. Бу ҳам Иброҳим алайҳиссалом билан бир қаторда Исмоил алайҳиссаломнинг мақомлари улуғ эканига далолатдир.

Шунингдек, Анбиё сурасида:

«...ва Исмоил, Идрис ва Зулкифлни (эсла). Уларнинг ҳар бири сабр қилувчилардандир. Уларни Ўз раҳматимизга киритдик. Улар солиҳлардандир», дейди (85–86-оятлар).

Юқорида келтирилган ояти карималарда Исмоил алайҳиссаломнинг бир неча сифатлари зикр қилинмоқда:

1. Сиддиқ.

2. Набий.

3. Олий мақом соҳиби.

4. Сабр қилувчи.

5. Аллоҳнинг раҳматига кирган.

6. Солиҳ.

Аллоҳ таоло Сод сурасида қуйидагиларни келтиради:

«Исмоил, Ал-Ясаъ ва Зулкифлни ҳам эсла. Барчалари ахёрлардандир» (48-оят).

Исмоил алайҳиссалом ўзлари яшаб ўтган жойлардаги арабларга пайғамбарлик қилдилар.

У зот алайҳиссалом ўн икки ўғил ва бир қиз фарзанд кўрганлар. Ўғилларининг ҳар бири араб қабилаларига ота бўлганлари, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг насаблари ҳам Исмоил алайҳиссаломга туташиши ҳақида юқорида сўз юритилди.

Исмоил алайҳиссаломдан сўнг Маккани катта ўғилларидан Нобит ва Қайдорлар бошқаришди. Сўнг Макка ҳукмдорлиги уларнинг боболари, яъни Исмоил алайҳиссаломнинг қайноталари Музоз ибн Амр Журҳумий қўлига ўтди ва шу тариқа Макка бошқаруви журҳумликлар қўлида қолиб кетди. Сўнг бу қабила мазкур муқаддас шаҳарда фисқу фасод ишлар қилди. Милодий II аср ўрталарида Маккаи мукаррамада яманлик қабилалардан бири – Хузоъа қабиласи ҳукмдорлик қилди. Исмоил алайҳиссаломнинг авлодлари эса бетараф бўлиб туришди. Исмоил алайҳиссалом даврлари тахминан милоддан аввалги XX асрларга тўғри келади. Демак, журҳумийлар Маккада йигирма бир аср яшаб, йигирма асрга яқин вақт мобайнида у ерга эгалик қилиб келишган.

Бир ривоятга кўра, мазкур Хузоъа қабиласининг уч юз йиллик ҳукмронлиги даврида Маккаи мукаррамага бутларга ибодат қилишдек ширк амали кириб келди. Бутларни Шомдан Маккага Хузоъа қабиласининг раҳбари Амр ибн Луай олиб келган бўлиб, уларга ибодат қилган, Макка аҳли ҳам бу ишда унга эргаша бошлаган.

Вақт ўтиши билан Исмоил алайҳиссаломнинг авлодлари кўпайиб борди. Уларнинг ичида Кинона қабиласи машҳур бўлди. Қурайш қабиласи ўша Кинонанинг бир шохобчаси ҳисобланади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бешинчи боболари Қусай ибн Килоб милодий 440 йили Хузоъа қабиласини Маккадан қувиб чиқарди ва шаҳарга ўзи раҳбарлик қила бошлади. Шундан сўнг Маккаи мукаррамада раҳбарлик қилиш Қурайш қабиласига ўтди. Қусайдан кейин Маккада унинг тўнғич ўғли Абдуддор ҳоким бўлди. Ундан кейин лавозимларни унинг ва укаси Абдуманофнинг ўғиллари ўзаро тақсимлаб олишди. Тақсимотга кўра, сиқоя (ҳожиларни сув билан таъминлаш), рифода (муҳтож ҳожиларни таом билан таъминлаш) ва қиёда (карвонларнинг хавфсизлигини таъминлаш) лавозимлари Абдуманоф фарзандларига берилди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг учинчи боболари Ҳошим ибн Абдуманоф вафотига қадар сиқоя, рифода мансабларининг эгаси бўлиб турди. Ҳошимдан кейин укаси Мутталиб ибн Абдуманоф, ундан кейин Ҳошимнинг ўғли Абдулмутталиб, ундан кейин Абдулмутталибнинг болалари бу шарафли хизматларга масъул бўлишди. Ислом келган пайтда бу вазифалар Аббос ибн Абдулмутталибда эди.

Абраҳа Ямандан келиб Маккага ҳужум қилганида, Аллоҳ таоло унинг ҳужумини қайтарди. Бу ҳодиса милодий 571 йилнинг бошида юз бериб, «Фил йили» номи билан машҳур бўлди. Бу воқеадан салкам икки ой ўтиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дунёга келдилар.

«Ислом тарихи» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Аллома, машриқ фақиҳи, шамсул аимма Абул Ваҳда Муҳаммад ибн Абдусаттор ибн Муҳаммад Имодий Кардарий Ҳанафий Баротқиний.Баротқин ndash Кардарнинг бир томони. Кардар давоми...

2523 15:00 / 03.03.2019
.Мўъжиза, сўзи луғатда .ожиз қолдирувчи, деган маънони англатади. Яъни мўъжизани бошқалар қилишдан ожиз қолишади.Истилоҳда эса .Аллоҳнинг изни ила пайғамбарларга давоми...

2544 13:40 / 06.08.2019
Бу галги қаҳрамонимиз Рим марказини истило қилган Муҳаммад Фотиҳ ҳақида бўлади.Тахминан, бундан саккиз аср муқаддам, мусулмон армиясининг қўмондони Язид ибн давоми...

2885 16:12 / 05.04.2021
Тақводор одам Аллоҳ таоло эслатилганда ҳар қандай ёвузликдан қайтади. Марямнинг ҳузурига Аллоҳ томонидан элчи бўлиб келган Жаброил алайҳиссалом унга.Мен сенга давоми...

2031 19:10 / 05.05.2019
Аудиолар

137635 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

57700 14:35 / 11.08.2021