1445 йил 27 зулҳижжа | 2024 йил 03 июль, чоршанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тарих

Музаккир — эслатувчининг одоби

19:30 / 15.09.2020 1211 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

10-боб

Фақиҳ Абу Лайс Самарқандий раҳимаҳуллоҳ айтадилар: Музаккирда бўлиши шарт энг биринчи хислат солиҳликдир, чунки солиҳ бўлмаса, ақлли кишилар ундан қочиб, фақат нодонлар эргашади. Шундан кейин олам фасод бўлади. Солиҳ бўлмаса, сўзи қалбларга фойда бермайди. Музаккир яна тақводор бўлиши, саҳиҳ бўлмаган ҳадисни ривоят қилмаслиги керак. Чунки Али ибн Абу Толиб розияллоҳу таоло анҳу Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилган ҳадисда айтиладики: «Ким бир ҳадисни ривоят қилса ва уни ёлғон деб ўйласа, у ёлғончиларнинг биттасидир». Шунингдек, даъватчи мажлисни чўзиб юбормаслиги лозим. Агар чўзиб юборса, инсонлар малолланиб қолади ва бу ҳол илмнинг баракасини кетказади.

Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу айтадилар: «Қалбларда фаоллик ва юзланиш, уларнинг келиши ва қайтиб кетиши бор. Қавм сендан илмни қабул қилиш учун юзланганида гапир».

Зуҳрий ривоят қиладилар: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қалбларга бир соат-бир соат дам беринглар», деб айтдилар». 

Зайд ибн Аслам отасидан ривоят қилади: «Бани Исроилдаги бир қози қавмига узун-узун мавъиза қилар эди. Бас, уларни малоллантириб қўйди, натижада ўзи ҳам лаънатланди, улар ҳам лаънатландилар». 

Музаккир эслатувчи, даъватчи мулойим, тавозеъли бўлиши, мутакаббир, дағал, қўпол бўлмаслиги лозим. Чунки тавозеъ ва мулойимлик Пайғамбаримизнинг соллаллоҳу алайҳи васаллам ахлоқларидир. Аллоҳ таоло:

«(Эй Муҳаммад), Аллоҳ томонидан бўлган бир марҳамат сабабли уларга юмшоқ сўзли бўлдингиз. Агар қўпол, қаттиқ дил бўлганингизда эди, албатта, улар атрофингиздан тарқалиб кетган бўлар эдилар» (Оли Имрон сураси, 159-оят), деб айтган.

Агар у инсонларга намоз, рўза, садақанинг фазилатларидан бирор нарсани хабар бермоқчи бўлса, аввал ўзи айтаётганига амал қилиши лозим. Токи қуйидаги оят аҳлидан бўлиб қолмасин:

«Одамларни яхшиликка чорлаб, ўзларингизни унутасизларми? Ҳолбуки, ўзларингиз китоб тиловат қиласизлар. Ақлингизни юргизмайсизларми?» (Бақара сураси, 44-оят). 

Иброҳим Нахаъий айтадилар: «Мен учта оят сабабли қисса айтишни ёмон кўрдим». Дарҳақиқат, у оятларни юқорида зикр қилиб ўтдик. 

Музаккир Қуръон тафсирларини, хабар-ҳадисларни, фуқаҳоларнинг сўзларини ўрганган бўлиши керак. Али ибн Абу Толиб инсонларга ҳикоя айтаётган кишини кўриб: «Носих ва мансухни биласанми?» деб сўрадилар. У: «Йўқ», деди. Шунда Али унга: «Ҳалок бўлибсан ва ҳалок қилибсан», дедилар. 

Музаккир гапираётганида бир кишига эмас, оммага юзланиши лозим. Ҳабиб ибн Абу Собит айтадиларки: «Гапираётганда фақат бир кишига юзланмасдан, бутун жамоага қараб гапириш суннатдир». 

Музаккирнинг тамаъгир бўлиши асло мумкин эмас. Чунки тамаъ инсоннинг обрўсини туширади, юзининг ва илмининг қадрини кетказади. Аммо бир инсон масала сўрамасдан олдин унга ҳадя берса, унинг ҳадясини қабул қилишининг зиёни йўқ. 

Музаккирнинг мажлисида хавф ва ражо бўлиши лозим. Мажлиснинг ҳаммасини бутунлай хавф ёки фақат ражо қилмайди. Чунки бундан қайтарилгандир. Агар музаккир мажлисни узун қилишни хоҳласа, унга мажлиснинг орасида инсонларга ёқадиган ва табассум қилинадиган сўзларни қўшиши мустаҳаб. Чунки бу иш эшитишга қизиқиш ва иқболни зиёда қилади. Умар розияллоҳу анҳу ҳақларида ривоят қилинишича, агар у киши мажлисга ўтирсалар, инсонларни охиратга рағбатлантирар ва дунёга берилиб кетишдан қайтарар эдилар. Агар инсонларнинг дангасалик қилаётганини кўрсалар, дарахт экиш, бино тиклаш, деворлар қуриш ҳақида гапирар эдилар. Агар инсонларни ғайратли, шижоатли ҳолатда кўрсалар, охират зикрига қайтарардилар.

«Бўстонул Орифийн» китобидан

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ҳунайн ғазоти Маккаи мукаррама фатҳ қилингандан сўнг, ҳижрий саккизинчи йил шаввол ойининг ўнинчиси, чоршанба куни бўлган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам давоми...

2347 18:30 / 10.03.2022
Ҳудайбия сулҳи тузилиб, тинчлик ҳукм сура бошлагач, Ислом даъватини кенг миқёсда ёйиш учун қулай имконият туғилди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам чор давоми...

2373 09:00 / 17.07.2022
Али ибн Абу Толиб каррамаллоҳу важҳаҳу ўта камбағал ва дунё ишларига зоҳид бўлганликларидан уларнинг ҳаётлари иқтисодий танглик ила ўтар эди. Бу ҳақиқат мўътабар давоми...

20331 18:55 / 19.03.2017
Уҳуд жангининг сўнгида Абу Суфён мусулмонларга қарата .Биз сизларни келаси йили Бадрда урушга чақирамиз, деган, мусулмонлар ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи давоми...

1377 15:00 / 21.01.2021
Аудиолар

123898 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

45070 14:35 / 11.08.2021