1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Исломни гўзаллигини қаранг! (биринчи мақола)

19:30 / 12.08.2020 3925 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Бу шундай динки, ўз номига муносиб равишда одамларни адолат, яхшилик, эҳсон, раҳмдиллик, меҳр-шафқат, мўътадиллик, эзгуликка буюради. Зулм, истибдод, фасод, ёмонлик, душманлик, бузғунчилик, тажовузкорликдан қайтаради.

Бу шундай динки, мусулмонлар у ёқда турсин, ҳатто ўзга дин, эътиқод ва миллат вакилларига мурувватни, халқ ўртасида тенглик, аҳиллик, ўзаро ҳурматни тарғиб қилади, аёлларнинг шаънини кўтаради.

Бу шундай динки, инсонларнинг асосий ҳақ-ҳуқуқлари – ҳаёт кечириш, обрў ва ҳурматини сақлаш, эътиқод ва дин танлаш, тафаккур ва изланиш, илм олиш, мулкчилик ва мулкни сақлаш, хавфдан омонда бўлиш, ҳалол меҳнат қилиш, барча башар билан тенглик, туғилгандан бошлаб ҳур, озод бўлиш, одил судлов, эркин сафар қилиш ва кўчиш, уйланиш ва оила қуриш, ислоҳ қилиш, яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтариш ҳуқуқларини кафолатлайди.

Ислом динига иймон келтириш, унинг ақида, шариат, ибодат, ахлоқ, одоб каби асосларига, арконлари ва вожибларига амал қилиш – Аллоҳга бўлган иймоннинг шартидир. Ким ушбуларни қабул қилса, мусулмондир, уни рад этса, оқибати фалокатдир.

Ислом ўз шавкати билан фитрий чин инсонлигимизга қайтишга имкон беради. У иймонимизни асровчи, хасталикдан қутқарувчи турмуш тарзи билан ҳаёт уммонидан сузиб ўтишга имкон берадиган нажот қайиғидир. Ислом Аллоҳ юборган динлар ичида хотималовчи, қиёматгача барча даврлар ва жамиятлар учун баравар жавоб берадиган ва хизмат қиладиган ягона диндир. Бу дин «Илгариги пайғамбарлар фақат ўз қавмига пайғамбар этиб юборилганди, мен бўлсам ер юзидаги барча инсонларга пайғамбар қилиб юборилдим», дея баралла айтган хотам ун-набий Муҳаммад алайҳиссаломга нозил этилган илоҳий дастурдир.

Абдуллоҳ ибн Ҳузаймани Рум ҳукмдори ўз динига даъват қилиб, киришга кўнса, дунё молининг ярмини ва қизини бермоқчи бўлганида рад қилдирган, иймонни асраш учун душман томонидан қизиб турган қозонга ташланишига рози қилган ҳам Ислом эди.

Халифа Умар ибн Хаттобни «Дажла қирғоғида бир чўпоннинг қўзисини бўри олиб қочса, Аллоҳ халифа Умардан сўрайди», деб нола-изтироб чектирган, Аллоҳдан қўрқиб ўн икки ямоқ хирқада юришга, амирлик саройида тунашдан воз кечишга мажбурлаган ҳам Ислом эди.

Мазҳаббошимиз Абу Ҳанифани бир кийимнинг нуқсонини айтишни унутиб сотиб юборгани учун тижоратдаги ўттиз йиллик шериклари Ҳафс ибн Абдураҳмон билан ажрашиб кетишга ва савдодан тушган ҳамма пулни садақа қилиб юборишга рози қилган нарса ҳам Ислом эди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сафдошларидан асҳоби суффани эгнидаги юпун кийимга, оч-наҳор юришга, масжид ёнидаги суффани бошпана қилишга кўндирган ҳам Ислом эди.

Муҳаддислар султони Имом Бухорийни охиратдаги ҳисоб-китобда масъул бўлмаслик учун барча мол-мулк ва бойликлардан воз кечишга, фақат қотган нон ва сув билан қаноатланишга чорлаган нарса ҳам Ислом эди.

Молик ибн Динорни битта бўйра, Мусҳафи шариф ва битта кўзачадан бошқа бисот ушламасликка рози қилган нарса ҳам Ислом эди.

Сўфийя Робиаътул-Адаввиййани «Тавбаларимизнинг ўзи тавба-тазарруга муҳтождир», дея фарёд чектирган нарса ҳам Ислом эди.

Ислом инсониятнинг ҳаёт тарзини белгилаб берадиган, уни ахлоқ қоидалари билан иҳоталайдиган, барча ёмонлик – гуноҳлардан муҳофаза қиладиган, фақат эзгулик, яхшилик, солиҳ амалларга даъват этадиган сўнгги Ҳақ диндир!

Кишилик тарихини кузатсангиз, ҳалигача бирорта тузум, дин ёки мафкура инсонлар ўртасида чинакам адолат ва тенглик ўрната олган эмас. Аксинча, ҳозирги ғарб мутафаккирлари «Дунёнинг энг катта ҳокими – адолатсизлик, уни ҳақсизлик бошқаради», деб иддао қилишади. Фақат Исломгина инсонларга чинакам илоҳий адолатни таклиф эта олди, жамиятда бу адолатни ўрната олди. Унинг Низомидаги бош ғоя ҳам Адолатдир.

Исломнинг буюк адолати шундаки, у бу дунё ортидан охират дунёси борлигини эълон қилди. Агар шундай бўлмаганида инсон дунё ҳаётидаги олтмиш-етмиш йиллик қисқагина умрини меҳнат-машаққатлар, уруш-жанжаллар, турли касаллик ва фалокатлар, хўрлик ва изтироблар ичида совуриб, эвазига ҳеч қандай мукофот олмай ўтиб кетган бўлур эди. Дунёда ҳақсизлик, зулм, қийноқ, адолатсизликларга дуч келганида «Бунинг эвазига охиратда ажр бор-ку!» деган улуғ таскин-тасаллини топа олмаган бўлур эди.

Исломнинг буюк адолати шундаки, у ўлгандан кейин қайта тирилиш борлигини эълон қилди. Агар шундай бўлмаганида, ўлим инсон учун энг катта фожиа, кулфат, адолатсизликка айланган, уни ўрганиб қолган ҳаётидан, яқинларидан, мол-мулкидан, мавқе-мартабасидан бир лаҳзада узиб қўядиган золимликка айланган бўлур эди. Инсон бир куни ўлимдан қўрқа-қўрқа жон берган ва ҳайвонлар каби ўлиб кетиб, тупроқда беному-нишон чириган бўлур эди.

Исломнинг буюк адолати шундаки, у охиратда ҳисоб-китоб борлигини эълон қилди. Агар шундай бўлмаганида дунёни ҳақсизлик, фитна-фасод, зулм-истибдод, зўравонлик ва муттаҳамлик босиб кетган бўлур эди. Исломдан чекинган ёки узоқда бўлган жамиятларнинг ҳозир ҳам ана шу кулфатлар исканжасидан чиқа олмаётгани бунга ёрқин далилдир.

Исломнинг буюк адолати шундаки, у барча инсонларни ҳур, тенг ва насаб-мансабда баравар деб эълон қилди. Агар шундай бўлмаганида қулдорлик авжига чиққан бир даврда юборилган бу дин қул билан хожани бир мақомга қўймаган (Расули акрамнинг Аммор ибн Ёсир, Билол Ҳабаший, Салмон Форсий каби ўнлаб саҳобалари мусулмон бўлишгунича қул эди), қул озод қилишни ибодат ва гуноҳларга каффорат (эваз) даражасига кўтармаган, қулининг айби учун бир тарсаки туширган хожага бу гуноҳи эвазига қулини озод қилишга буюрмаган бўлур эди.

Агар шундай бўлмаганида оддий бир кампир Ислом давлатининг ҳукмдорини (масалан, Ҳазрати Умарни) кўчада тўхтатиб танбеҳ бера олмаган бўлур эди. Ёки Мафтуна исмли қоратанли бир ночор аёл Миср ҳукмдоридан девори бузилиб кетгани, қўшнининг товуғи чиқиб озор бераётгани, шунинг учун деворини тузатиб беришни сўраб, унга мактуб йўлламаган бўлур эди.

(Давоми бор)

Беҳзод Абдуррашид

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Инсон илоҳий таълимотдан узоқлашганда турли номаъқулчиликларни қилади. Жумладан, ўзини мақташ, мутакаббирлик қилиш, ўзини бошқалардан устун қўйиш каби хислатлар давоми...

1700 19:00 / 11.08.2019
Зиёд ибн Ҳасандан ривоят қилинади .Мен Умар ибн Абдулазиз раҳимаҳуллоҳ ўғли Абдулмаликни кўмаётганини кўрганман. Умар ўғлининг устига тупроқ тортди. Одамлар давоми...

2684 07:00 / 20.12.2018
Сенга кафолати берилган нарсада ижтиҳод қилмоғинг ва сендан талаб қилинган нарсада камчиликка йўл қўймоғинг сендаги қалб кўзининг беркилганидир.Бандага давоми...

2279 13:30 / 10.07.2019
Ҳазрати Алининг набираси Али ибн Ҳусайн Зайнулобидин одамлар таниб қолмаслиги учун тунда қиёфасини ўзгартириб, амакиваччасининг уйига келиб, сақада қилиб кетар давоми...

2700 10:10 / 03.11.2018