Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
«Маҳалли қиём» масаласи
«Маҳалли қиём» деб мавлид асносида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг таваллудлари зикр қилинганда ўриндан туриш пайти ва ҳолатига айтилади. Одатда мавлид асарларида Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг насл-насаблари, ота оналари ҳақида ва туғилишлари арафасидаги ажойиботлар айтиб ўтилгач, Жанобимизинг таваллудлари ҳақида сўз кетади. «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам туғилдилар» деган ибора айтилганда ушбу таваллуднинг шодиёнасига, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ҳурмат изҳор этиш маъносида бир ўриндан туриб, салавот ва наътлар айтиш мавлид маросимига хос бўлган одатлардан бири ҳисобланади. Бу амал ҳанузгача уламолар ўртасида, ҳатто мавлидхонлар ўртасида ҳам ихтилофли бўлиб келаётган масаладир. Кимдир уни яхши санаса, кимдир жоиз деб билади, учинчиси эса ножоиз деб айтади. Бу хилоф яқин ўтмишимизда юртимиз уламолари ўртасида ҳам бўлган. Шундай бўлса да, маҳалли қиём илгари Ислом оламининг деярли барча жойларида мавлид йиғинларида мавжуд амал бўлиб келган. Ўтган асрда ҳам кўп жойларда, жумладан, Андалусия, Шом диёрларидаги ва Маккаи Мукаррамадаги мавлид маросимларида маҳалли қиёмда туриш одати бўлган. Мавлид асарларига ёзилган шарҳларда, мавлид маросимига бағишланган рисолаларда бу масалага алоҳида тўхтаб ўтилган, ҳатто ушбу мавзуга доир алоҳида мақола ва рисолалар ҳам битилган.
Ўз даврида Мадинада шофеъий мазҳаби муфтийси бўлган Жаъфар ибн Саййид Ҳасан Барзанжий раҳматуллоҳи алайҳ ўзининг «Иқдул-жавҳар фии мавлиди ан-Набий ал-Азҳар» (Порлоқ юзли Набийнинг мавлидлари хусусидаги гавҳар маржон») номли асарида шундай дейди:
«Ҳа, ривоятга ва ўткир мулоҳазага эга имомлар у зот алайҳиссаломнинг таваллудлари тилга олинганда ўриндан туришни мустаҳсан санашган. Орзусининг ва кўзлаган мақсадининг чўққиси у зот соллаллоҳу алайҳи васалламни улуғлаш бўлган кишига туубо – хушнудлик, яхшилик бўлсин!»
Муаллиф айтмоқчики, бир қатор кўзга кўринган, ишончли, мўътабар, етакчи уламолар мавлид маросимларида Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг таваллудлари зикр қилинганда ўриндан туриб, таъзим изҳор қилишни мустаҳсан амал санашган экан.
Муаллифнинг абираларидан бири Саййид Жаъфар ибн Саййид Исмоил Барзанжий бобосининг «Мавлид» китобига ёзган шарҳида мазкур гапларни изоҳлаб, қуйидагиларни айтади:
«Жорий бўлган одат шуки, воизлар, мадҳчилар Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг таваллудлари мавзуси келганида, у зотнинг туғилишлари зикр қилинганида кўпчилик одамлар у зот соллаллоҳу алайҳи васалламга таъзим ўлароқ ўринларидан туришади. Бу шариатда асли йўқ бўлган бидъатдир, аммо бидъати ҳасанадир, чунки бунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни улуғлаш бор».
Йигирманчи асрнинг кўзга кўринган уламоларидан бири, мавлидни ҳимоя қилишда кўп жонбозлик кўрсатган олим, Масжидул Ҳаром мударрисларидан бири Муҳаммад Алий ибн Ҳасан Моликий раҳматуллоҳи алайҳ ўзининг «Ал ҳудйут-таамму фии мавааридил мавлидин Набавий ва маа уътиида фииҳи минал қийаам» («Мавлиди Набий ва унда одат қилинган қиём хусусида келган гаплар борасида тугал тўғри йўл») номли китобида ушбу мавзуга алоҳида тўхталиб ўтган. Аъло Ҳазрат эса маҳалли қиёмнинг жоизлиги, мандублиги ҳақида айрим уламолар айтган гапларни бир рисолага жамлаб, уни «Иқоматул қийаамаҳ ъалаа тоинил қийаам ли Набиййи Тиҳаамаҳ» («Тиҳома Набийси учун ўриндан туришни айблайдиган кишига қиёматни қоим қилиш») деб атаган. Яна мавлид ҳақидаги айрим илмий мақолаларда ҳам бу ҳақда баҳслар боради. Биз қуйида бу борада битилган бир қатор рисола ва баҳслардан олинган хулосаларни ўрганишга ҳаракат қиламиз.
Айрим уламолар маҳалли қиёмда туришни ножоиз деб биладилар ва бунга қатор далиллар келтирадилар.
1. Бу иш бидъатдир. На саҳобалар, на тобеинлар, на улардан кейинги мужтаҳидлар бу ишни қилмаган. «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам таваллуд топганлари ҳақида гап кетганда таъзим ўлароқ ўриндан турилади» деган гап ҳеч қаерда йўқ. Ҳатто олдинги мавлидхонлар ҳам бундай қилмаган.
2. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаётлик даврларида бировга ҳурмат юзасидан ўриндан туришдан қайтарганлар. Ҳатто у зот масжидга кириб келганларида саҳобалар қўзғалишганда: «Роббиминг уйида мени бундай улуғламанглар», деганлар. Имом Термизий Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан қилган ривоятда: «Саҳобалар у зотни кўрганларида ўринларидан туришмасди, чунки у зот буни ёқтирмасликларини билишарди», дейилади. Маҳалли қиёмда турадиганлар у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзлари қайтарган иш билан у зотга ҳурмат кўрсатмоқчи бўлишади. Бу эса умуман жоиз эмас.
3. Маҳалли қиёмда турадиганлар шу пайтда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг руҳлари ҳозир бўлади деб эътиқод қилишади ва шунинг учун туришади. Бу эса энг қабиҳ бидъатдир, залолат ва хурофотдир. Бу ғайбий иш. Ғайб ҳақида эса оят ҳадисдан бошқа нарса манба бўлмайди. На бирорта оятда, на бирорта ҳадисда бунга ишора қиладиган гап келмаган ва келиши мумкин ҳам эмас. Ана шундай нотўғри эътиқод асосига қурилган амал қандай қилиб яхши иш бўлиши мумкин?!
4. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни эҳтиром қилиш йилда бир икки марта қилинадиган йиғинда тик туриб салавот айтиш билан эмас, балки у зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шариатларига амал қилиш, суннатларини жорий қилиш билан бўлади.
Маҳалли қиёмни қоралайдиган кишиларнинг бундан бошқа гаплари ҳам бор, аммо асосий далиллари шулар. Зеро, бир амални ножоиз дейишга, қоралашга уни «диндаги бидъат» деб таъриф этишнинг ўзи етарли.
Ўз навбатида маҳалли қиёмда туришнинг тарафдорлари ҳам мазкур гапларга жавоб бериш билан бирга, бу ишнинг жоизлигига, яхши амал эканига ўзларининг қатор далилларни келтиришади:
1. Маҳалли қиёмда туриш кейинги асрларда пайдо бўлганини биз ҳам биламиз. Аммо кейин чиққан ҳар бир нарса ҳам бидъат дейилавермайди. Қолаверса, биз буни динга қўшимча амал сифатида қилмаймиз, балки бу бир одат, холос. Унда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни улуғлаш, у зотга эҳтиром изҳор қилиш борлиги эътиборидан яхши, савобли амал деб айтамиз.
2. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам масжидга кирганларида ўрнидан турган саҳобаи киромларга қарата айтган ҳадисларининг иборасига эътибор беринг: «Роббиминг уйида мени улуғламанглар». Демак, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ҳурматан туриш саҳобаларда бор бўлганки, улар ўринларидан туришмоқда. Аммо Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бу иш масжидда дуруст эмаслигини уқтирмоқдалар. Саҳобаи киромларнинг у зот учун ўриндан туришларини суймасликлари эса у зотнинг камтарликлари, тавозуъларидан бўлган. Анас розияллоҳу анҳунинг «туришмас эди» деган гапларини «масжидда туришмас эди» деб ҳам, «баъзан туришмас эди» деб ҳам тушуниш мумкин. Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинган саҳиҳ ҳадисга кўра, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига Фотима розияллоҳу анҳо кирса, ўринларидан туриб кутиб олар эканлар. Бу ҳақда бошқа саҳиҳ ҳадислар ҳам бор. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ансорларга Саъд ибн Муъоз розияллоҳу анҳунинг истиқболи учун туришни ўзлари буюриб, «Саййидларингиз учун туринглар», деганлар. Бу борадаги далилларни батафсил ўрганиб чиққан жумҳур уламолар бировга ҳурматан ўриндан туриш, агар зарур шартлар топилса, мумкин эканини таъкидлаганлар.
3. Маҳалли қиём пайтида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг руҳан ёки жисман ҳозир бўлишлари ҳақидаги гап мўътабар олимларимизнинг гапи эмас. Бунақа гапларни одатда илмсиз одамлар тарқатишади. Бизнинг маҳалли қиёмда туришимиз у зот алайҳиссаломга ғойибона эҳтиром изҳор қилиш маъносидадир. Сизлар айтган гапнинг бизга алоқаси йўқ.
4. Биз маҳалли қиёмга туриб қўйсанг бўлди, иш битди, шариатга амал қилмасанг ҳам бўлаверади, деяётганимиз йўқ. Биз мана шундай таъзим билан кишиларнинг қалбида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга нисбатан эҳтиром руҳини тиклашни ва бу билан у зотнинг суннатларига эътиборни кучайтиришни кўзлаймиз. Сизлар айтгандек, шариатга амал қилиш, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга тўлиқ эргашиш диннинг аслидир, мақсад ўзи шу. Аммо биз айтаётганга ўхшаш эҳтиром кўрсатиш муҳаббатли қалбларга бир юпанч ўлароқ рухсат берилган ишлардир. Мисол учун, Расули Акрам алайҳиссалом кишиларга шариат аҳкомларини етказиб, ҳақиқий эҳтиром шуларга амал қилиш эканини уқтирганлар, ҳеч қачон ўзларига нисбатан таъзим кўрсатишларини талаб қилмаганлар. Аммо айрим саҳобаларнинг муҳаббатлари қайнаб, шавқу завқлари жўшиб кўрсатган ғайриоддий эҳтиромларини тўхтатмаганлар. Саҳобаи киромлар Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг таҳорат сувларини, тупукларини талашиб, уришиб кетай дейишар, соч олдирганларида муборак соч толаларини бўлишиб олар, юз қўлларини, оёқларини ўпиб олишар эди. У зот дин аслида илм ва амалдан иборат эканини уқтирсалар да, уларни мазкур тасарруфлардан қайтармаганлар, чунки бу каби ишлар муҳаббат ўтининг алангаси мавж урганидан бўлган эди, набавий ҳикмат бу ўтни ўчириб қўймасликни тақозо қилган эди. Буюк саҳобаларнинг бу ҳолатини Расулига ана шундай муҳаббат қила олган кишиларгина тушуна оладилар, бошқалар уларни ҳеч қачон англай олмайди.
Маҳалли қиём ва унинг тарафдорларини тўлиқроқ тушуниш учун уларнинг далиллари билан танишиб чиқишимиз лозим. Уларнинг асосий далиллари қуйидагилар:
1. Бировга ҳурматан ўриндан туриш ҳақида келган ҳадислар ва асарлар.
Бу борадаги ҳадис ва асарлар ҳақида уламоларимиз турлича фикр билдирганлар. Хулоса қилиб айтганда, ушбу таъзимга эҳтиром кўрсатилаётган шахснинг илми, тақвоси, фазилати сабаб бўлса ва у киши одамлардан буни талаб қилмаса, бу унга салбий таъсир кўрсатиб, ахлоқини бузмайдиган бўлса, ундай инсонни ҳурмат қилиб ўриндан туриш мустаҳаб амалдир, одобдир. Жумҳур уламоларнинг хулосалари шу. Бу ҳақда имом Нававий алоҳида бир китоб ёзган, ҳужжат далилларни келтирган, таҳлил этган ва мазкур хулосани тақдим қилган.
Маҳалли қиём тарафдорлари яна шундай дейишади: «Оддий бир олим учун ўриндан туриш мустаҳаб бўлади ю, махлуқотлар саййидининг ҳурматидан ўриндан туриш мустаҳаб бўлмайдими? Олим фозил инсонлар учун туришни жоиз деб билганлар энди қандай қилиб Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга таъзим ўлароқ ўриндан туришни ножоиз дейишади? Амиру султонлар учун ўриндан турилади ю, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни эслаганда таъзим учун ўриндан турса, нега бўлмайди? Биз ушбу мақомда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дунёга келган соатни хаёлан кўз олдимизга келтирар эканмиз, ўша пайтда борлиқда кечган ўзгаришларни, ҳодисаларни тасаввуримизга олиб келамиз ва у зотнинг ҳурматидан ўрнимиздан туриб, у зотга салавот айтамиз, бу неъматнинг шодлигини изҳор этамиз».
2. Маҳалли қиёмни мусҳаф учун ўриндан туришга, уни ўпишга қиёс қилиш ҳам мумкин. Кўпчилик уламолар мусҳафнинг эҳтироми учун ўриндан туришни, уни ўпиб эъзозлашни мустаҳаб амал дейишган.
Закариё Ансорий шу ҳақдаги саволга берган жавобида шундай дейди: «Мусҳаф учун ўриндан туриш худди фозил инсонлар учун туриш мустаҳаб бўлгани каби мустаҳабдир. Буни бидъат деганларга қарши ўлароқ, ихтиёр қилинган гап шу».
Ибн Ҳажар Ҳайтамий «Туҳфа»да айтади: «Мусҳаф учун ўриндан туриш олим учун туриш каби мустаҳабдир, балки авлороқдир. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Таврот учун уни худди ўзгармагандек билиб, ўриндан турганлари саҳиҳ ривоятларда нақл қилинган».
«Дуррул мухтару шарҳу Танвирил абсор» асарининг муаллифи айтади: «Мусҳафни ўпишни бидъат дейишади. Лекин ривоят қилинадики, Умар розияллоҳу анҳу ҳар куни эрталаб мусҳафни олиб, ўпиб: «Роббимнинг аҳди, Роббим азза ва жалланинг юборгани», деб қўяр эканлар. Усмон розияллоҳу анҳу ҳам мусҳафни ўпиб, юзларига суртар эдилар».
Имом Субукийдан мусҳафни ўпиш жоизлигининг далили ҳақида сўралганида: «Бунинг далили Ҳажарул асвадни, олимнинг, ота онанинг ва солиҳ кишиларнинг қўлини ўпиш ҳақидаги далилларга қиёс қилишдир. Мусҳафнинг мазкурлардан афзал экани ҳаммага маълум», деб жавоб берган.
Умуман олганда, Аллоҳ таолони ва У Зотнинг Расулини, Қуръонни, Исломни ва уларга боғлиқ нарсаларни улуғлашда, эҳтиром қилишда қатъий бир чегара қўйилмаган. Модомики Қуръон ва Суннатга зид бўлмаса, шариат мақсадларига хилоф бўлмаса, монеълик йўқ. Бунга саҳобалар ҳаётидан ҳам, салафлар ҳаётидан ҳам, бугунимиздан ҳам мисоллар келтириш мумкин.
5. Бу ишда Аллоҳнинг шиъорларини, диннинг нишоналарини улуғлаш бор.
Аллоҳ тало айтади: «Ким Аллоҳнинг шиъорларини улуғласа, бу қалбларнинг тақвосидандир» (Ҳаж сураси, 32 оят).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳнинг шиъорлари ичида энг буюгидирлар. У зотга ғойибона эҳтиром кўрсатиш ҳам у зотни улуғлаш бўлади. Биз бу жойда айнан шуни эътиборда тутамиз.
6. Ўз даврининг ҳофизи, замонасининг Шайхулисломи, «Қозилар қозиси» унвонини олган, муфассир, муҳаддис, фақиҳ, тасаввуф билимдони, адиб олим имом Тақюддин Субукий (683–756 ҳ) раҳматуллоҳи алайҳга боғлиқ бир воқеа.
Бу воқеани қатор мавлид шориҳлари, жумладан, Саййид Жаъфар ибн Саййид Исмоил Барзанжий бобоси Жаъфар Барзанжийнинг юқорида эсга олинган иборалари шарҳида ушбу қиёмга асос бўлган ва унинг кенг тарқалишига сабаб бўлган ҳодиса сифатида келтиради. Бу ҳодисани аслида Абдулваҳҳоб Тожуддин Субукий «Тобақотуш шафиъиййатул кубро» асарида отаси имом Тақюддин Субукий раҳматуллоҳи алайҳ ҳақида ёзган сатрларида келтирган. Унга кўра, шайхулислом Субукий Дамашқдаги Жомеъи Уммавийда бир хатмга ҳозир бўлади. Йиғинда нашидхонлар ҳам бўлиб, улар ўз даврида «Замонанинг Ҳассони» лақабини олган улуғ адиб Абу Закариё Яҳё Сарсарий ал Ҳанбалийнинг Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга бағишлаб ёзган бир қасидасидаги қуйидаги байтларни куйлашарди:
قليلٌ لمدحِ المصطفى الخطُّ بالذهَبْ
على وَرِقٍ مِن خَطِ أحسنِ مَن كتبْ
وأن تَنْهضَ الأشرافُ عندَ سَماعِهِ
قيامًا صفوفًا أو جُثِيًّا على الرُكبْ
«Кам эрур Мустафо мадҳин ёзсалар
Ақчага тиллода ҳусни хат билан,
Кам эрур ҳам тинглаганда ашрофлар
Саф бўлиб, тизда турса ҳурмат билан».
Шу пайт имом Субукийда бир ҳол пайдо бўлади-ю, сакраб ўрнидан туради ва шу алфозда бир муддат тик туриб қолади. Мажлисда қозилар, юртнинг катталари, қатор уламолар ҳам бор эди. Ҳаммалари имом Субукийга эргашиб ўринларидан туришади. Мажлисда ажойиб бир файз, юксак руҳият барқ уради.
У киши байтнинг мазмунидан қаттиқ таъсирланганидан, шоирнинг сўзларига ижобат қабилида, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга таъзим изҳор қилиш маъносида шарт ўриндан туриб кетган эди. Айтиш мумкинки, бу ўша мажлисдаги руҳий ҳолат, маънавий вазият, шавқу завқнинг турткиси билан бўлган.
Маҳалли қиёмни қўллаб қувватловчиларнинг кўпчилиги ушбу ҳодисани далил сифатида келтиришади. Аммо бу ерда айрим мулоҳазали жиҳатлар бор. Биринчидан, бу йиғин мавлид мажлиси дейилмаган, хатм дейилган. Иккинчидан, бу ерда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг таваллудлари ҳақида гап йўқ. Оддий бир нашидхонлик қилинган ва унда «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мадҳларини тинглаганда тингловчилар ўринларидан туриб кетсалар ҳам кам», деган маъно келган. Учинчидан, бу одатий иш эмас, балки ўша мажлисдаги руҳият таъсирида, беихтиёр амалга оширилган таъзим бўлган. Бироқ, бундан Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳақларида гап кетганда таъзим учун ўриндан туриш жоизлигини, яхши иш эканини тушуниш мумкин.
7. Хатиб Бағдодий ўз санади билан Абу Заръадан ривоят қилади: «Эшитдимки, Аҳмад ибн Ҳанбал касаллиги сабабли суяниб ўтирганида, унинг ҳузурида Иброҳим ибн Таҳмон зикр қилинибди. Шунда у киши тикланиб ўтира туриб, «Солиҳлар зикр қилинса ю, суяниб ўтирилса, бу ҳеч ҳам дуруст эмас», дебди».
Бу воқеа Ибн Ҳажар Асқалонийнинг «Таҳзибут таҳзиб»ида, Заҳабийнинг «Сийару аъламин нубала» асарида ва тарихга оид бошқа китобларда ҳам зикр қилинган.
Бу ҳам умумий маънодаги иш, айнан бир йиғилишга ёки Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг таваллудларини зикр қилишга боғлиқ бўлмаса да, ундан солиҳ кишилар зикр қилинганда ғойибона эҳтиром кўрсатиш мандублиги, жумладан, уларга ҳурмат изҳор қилиш маъносида ўнгланиб олиш, ўриндан туриш яхши иш эканини тушуниш мумкин.
Маҳалли қиёмни ёқлайдиганлар бу ишга яна бошқа далилларни ҳам келтиришган. Аммо асосийлари шулар бўлиб, бошқаларини шуларнинг атрофидаги гаплар, десак ҳам бўлади.
Мазкур далилларга умумий равишда эътироз бўлмаса да, ушбу таъзимни маълум бир йиғинга, махсус бир жумлага хослаш ва буни диний амал даражасига олиб чиқиш, диний одат қилиб олиш барибир бидъат бўлади, чунки ҳурмат изҳор қилишни маълум бир йиғинга, махсус бир жумлага хослаш динда кўрсатилмаган, дейди мухолифлар.
Ўз навбатида маҳалли қиём тарафдорлари ҳам қуйидагича жавоб берадилар:
«Бу йиғилиш мавлид ойида, кўпинча мавлид кечасида бўлади. Мавзу ўзи мавлид бўлгач, унда эҳтиром учун туришга энг муносиб пайт таваллуд зикр қилинган он бўлишини табиий завқ ҳам тақозо қилади. Биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг таваллуд топганларини эшитганимизда ўша пайтда юз берган ҳодисаларни, борлиқдаги ўзгаришларни, шодлик ва сурурни ўйлаб, тасаввур қилар эканмиз, эҳтиросларимиз жўшиб, туйғуларимиз қайнаб кетадики, бу ҳол бизни индамай ўтираверишга қўймайди, шу боис, бехос ўриндан туриб, у зот соллаллоҳу алайҳи васалламга таъзим изҳор этамиз, таваллудларига шодлик намойиш этамиз. Иккинчидан, биз буни диний мажбурият деяётганимиз йўқ, бу ушбу вазиятга ярашадиган бир одат, холос».
Хуллас, бу ҳақда гапирилса, яна гап чиқаверади, баҳс мунозара давом этаверади. Айрим тарафдорлар масалани қаттиқ олганиданми ёки ўз вақтларидаги мавжуд ҳолатдан келиб чиқибми, «Бугунги кунда маҳалли қиёмда туриш Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни ҳурмат қилишнинг белгиси, рамзи бўлиб қолди. Бинобарин, бу ўринда турмаслик у зотга ҳурматсизлик ҳисобланади, ҳокимлар бундай кишиларнинг таъзирини беришлари керак бўлади», дейишгача борган бўлса, қарши тараф: «Буни қилганлар бидъатчилар, адашганлар, ундайлар, бундайлар» деб, ҳаммасини қоралайди. Холис туриб айтганда, ҳар икки тарафнинг ҳам ўз ҳолларида ниятлари яхши бўлган, аммо ёндашувлари фарқлидир. Ўртада тушунмовчилик ҳам бор.
Бу мавзудаги маълумотларни холис ўрганадиган бўлсак, бу ҳақда озми кўпми тушунча ҳосил бўлади ва бир қатор хулослар келиб чиқади. Жумладан:
1. Маҳалли қиём тушунчаси салафлар вақти у ёқда турсин, даставвал мавлид жорий қилинган даврларда ҳам бўлмаган, кейинроқ пайдо бўлган. Бу амалнинг илк бор айнан ким тарафидан йўлга қўйилгани ҳақида аниқ маълумот йўқ. Ҳар қалай, бу иш мавлид йиғинлари авж олиб, уни мунтазам ўтказиш, мавлидга атаб шеърлар, асарлар ёзиш урф бўлиб, тарихий жараён тартибида мавлид китоблари битилиб, уларни мавлид маросимларида ўқиш йўлга қўйилгач, ўша асардан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг таваллудлари зикр қилинган жойини ўқилганда ички туйғу ва эҳтирослар турткиси билан, эҳтиром маъносида ўриндан туриб салавот, наът айтиш шаклида юзага келган.
2. Маҳалли қиёмда туриш ҳам худди мавлид каби махсус бирор насснинг далолатидан келиб чиқиб, унинг ижроси учун йўлга қўйилган амал эмас. Балки уни мажлисдаги вазиятдан келиб чиқиб, ўша жойда ҳукм суриб турган руҳий ҳолатнинг турткиси билан, шариат умумий тарзда тарғиб қилган, рухсат берган амал сифатида жорий қилишган ва бунга қаршилик қилганларга раддия бериш маъносида даллиллар келтиришган.
Улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга эҳтиром кўрсатиш шариат чегараларини кўрсатган ҳолда очиқ қўйган майдондир, бу борада ҳар бир ҳаракат учун маълум нассга суяниш талаб қилинмайди, деб билишган. Мисол учун, имом Молик раҳматуллоҳи алайҳ Мадинада уловда юрмас, «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг жасадлари бор жойда уловда юраманми?» дер эди. У киши ҳадис айтадиган бўлса, таҳорат олиб, энг кўркам кийимларини кийиб, соқолларини тараб, ўзига оро бериб олгандан кейингина ҳадис айтишга киришар эди. Ҳолбуки, бу ишларнинг ҳеч бири ҳақида ҳеч қандай шаръий кўрсатма йўқ ва саҳобаи киромлардан биротаси бу ишни қилмаган. Аммо бу иш диннинг шиъорини улуғлаш эътиборидан мақбул амал ҳисобланган.
Солиҳ подшоҳлардан бири Маҳмуд Ғазнавий Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг номларини бетаҳорат тилга олмас эди. Бир гал таҳорати йўқлиги сабабли Муҳаммад исмли котибини унинг отасига нисбат бериб: «Ҳой вазирнинг ўғли!» деб чақирган эди. Ўтган асрнинг ўрталарида Андижон уламоларининг пешвоси бўлган Абдулмажид қози домла: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ёшларига етмаган киши у зотнинг номларини айтмай, «Пайғамбаримиз», «Расулуллоҳ» деб тилга олсин, одоб шу», дер экан.
Бу каби ишлар одоб ва ахлоқ намуналаридир, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бўлган чин муҳаббат ва эҳтиромнинг ифодасидир. Ана шу эътибордан ва энг муҳими, шариат доирасидаги иш бўлгани учун бундай амаллар яхши, савобли иш ҳисобланади. Бу бобда қатъий чегара қўйилмайди. Бунга ўхшаш ишлар замон ва маконга кўра ўзгариб, алмашиб тураверади, аммо мақсад ва манҳаж бир бўлади.
3. Маҳалли қиём фақат бизда эмас, балки бутун Ислом оламида кенг тарқалган одат бўлган. Айниқса охирги асрларда бу амал мавлид маросимининг бир қисмига айланган эди. Аммо бугунги кундаги мавлид маросимларида бу одат жуда кам учрайди. Бунга ҳозирда мавлид йиғинларида тарихий жараён тартиби бўйича ёзилган асарларни ўқишдан кўра турли мавзулардаги наътларни айтиш, суҳбатлар қилиш одат тусини олаётгани ҳам сабаб бўлмоқда.
4. Маҳалли қиёмда туриш мавлид маросимларида кенг тарқалган бўлишига қарамай, ҳатто мавлид тарафдорлари ичида ҳам ихтилофли масаладир. Жумладан, Ибн Ҳажар Ҳайтамий раҳматуллоҳи алайҳ мавлидни савобли амал деб айтиш билан бирга, унда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг таваллудлари зикр қилинганда ўриндан туришни дуруст эмас деб айтган.
Биздаги маълумотларга кўра, ўтган асрда Фарғона водийси уламолари ўртасида ҳам бу ишни ёқламайдиган олимлар бўлган. Ишончли кишилардан эшитишимизча, андижонлик уламолардан бири Наманганга мавлид маросимига боради. Маросимда ўтирган уламолар маҳалли қиёмни дурустмас деб билишар экан. Бундан бохабар бўлган андижонлик олим маҳалли қиёмга келганда ёнида ўтирган, мажлис аҳлининг ичида энг мўътабар саналган наманганлик олим шеригини туришга ундайди ва уларнинг нима учун турмаётганини фаҳмлаб, шартта ўрнидан туради, шунда мажлисдагилар ҳам меҳмоннинг ҳурматидан ўринларидан турадилар.
Биз бу ерда ким тўғри иш қилганини таҳлил қилмоқчи эмасмиз, балки қиём ҳақидаги хилоф кўп жойларда қадимдан бўлиб келганини айтиб қўймоқчимиз, холос.
Бу борадаги ихтилофнинг хулосаси шуки, маҳалли қиёмни жорий қилган кишилар бу ишни юқорида айтилган умумий таъзим, эҳтиром деб санашган ва унга шаръий амал деб эмас, оддий одат деб қарашган. Қарши тарафлар эса бу ишни диний тус олган амал деб, бидъат дейишган.
5. Маҳалли қиём аслида мажлисдаги кишилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг таваллуд онлари ва ушбу соатдаги ажойиботлар ҳақидаги байтларни тинглаганларида бу буюк неъмат шодлигининг изҳори учун, у зот алайҳиссаломга таъзим ўлароқ, ўзларини гўё у зот дунёга келган чоғларида ҳозир бўлгандек, у зотни кутиб олаётгандек ҳис этиб, эҳтирослари қайнаб, ғалаёнга келганидан тушадиган ҳолатдир. Шунинг учун маҳалли қиёмда одатда кутиб олинаётган меҳмонга айтиладиган олқишли сўзлар, мақтов ва мадҳлар айтилган. Мисол учун, имом Барзанжий ўзининг насрий мавлид асарида маҳалли қиём учун Шарафуддин Бусурийнинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг таваллудларига бағишлаб ёзган айрим байтларини танлаган бўлса, назмий мавлидида хитоб шаклида битган «Марҳабо»сини келтиради. Айрим жойларда бу мақомда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга айтилган илк мақтовли шеър – ансорлар бадиҳа шаклида айтган «Толаъал бадру»ни айтишади. Бунда мавлидхонлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Мадинага кириб келган пайтларини ҳам тасавур қилиб, ўзларини ансорлар сафида ҳис қиладилар, ўша дамдаги шодлик ҳиссини вужудларида туядилар. Баъзан эса маҳбублари соллаллоҳу алайҳи васалламга бўлган муҳаббатлари ва соғинчлари жўш уриб, хаёлан у зотнинг шу мажлисга кириб келганларини тасаввур қиладилар, у зотни шу жойда бордек фараз қиладилар. Ана шундай юксак руҳият уларни бу ўринда тик туришга ундайди. Бу ҳол уларнинг мавлидда зикр қилинаётган сўзларга ўта берилиб, киришиб кетганларидан, ўзларини ўша саодат асрида, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қаршиларида тургандек ҳис этганларидан юзага келади. Улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни соғинганларидан, у зотга таъзим изҳор қилишга иштиёқлари баландлигидан шу баҳона ушбу туйғуларини қондиришга интилишади.
6. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг таваллудларини эшитганда ўриндан туриш фақат мавлид маросимларига хос бўлган, шу йиғиннинг ярашиғи сифатида қилинган. Ҳеч ким, ҳеч қачон, ҳеч қаерда «Қачон Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг таваллудлари ҳақида гапирилса, ўриндан турилади ёки турамиз», деб айтмаган ва бундай бўлиши мумкин ҳам эмас. Шундан ҳам билса бўладики, бу амал тадбирдаги оддий бир одат бўлган, у ердаги руҳий ҳолатнинг инъикоси бўлган.
7. Аслини олганда, маҳалли қиёмда туришни сўфийларда учрайдиган ҳолнинг, яъни уларнинг руҳий оламидаги ғалаённинг, жазбанинг бир ифодаси, дейиш ҳам мумкин. Зотан, мавлид йиғинларида асосан ана шундай ҳассос қалбли кишилар, аҳли завқлар бош бўлишган. Ушбу жиҳатдан олиб қаралганда, бу амал ҳар кимнинг шахсий ҳолига ҳавола қилинади. Шунда «ҳол эгалари ўз ҳолларига қўйилади» деган қоидага кўра, буни қилганларга нисбатан айтиладиган танқид ўринсиз ҳисобланади. Аҳмад Зарруқ раҳматуллоҳи алайҳ ўзининг «Тасаввуф қоидалари» номли китобидаги 40 қоидада жумладан шундай дейди:
«Илм изланиш ва тадқиқ қилишга асосланади. Ҳол эса таслим ва тасдиққа асосланади. Агар ориф инсон илмдан гапирса, унинг Китобу Суннатга, салафларнинг сўзларига қанчалик таянганига қаралади, чунки илм ўзининг асосига кўра эътиборга олинади. Аммо ориф инсон ўзидаги ҳолдан келиб чиқиб гапирса, уни ўз завқига таслим қилиш лозим, чунки бу ҳолга фақат унга ўхшаш кишигина ета олади. Бинобарин, бундай одам ўзининг виждони – ички оламидаги ҳолатга кўра эътиборга олинади. Ҳол ҳақида эса ўша ҳол эгасининг омонатдорлиги, салоҳиятига кўра хулоса чиқарилади. Кейин эса унга эргашилмайди, чунки унинг ҳукми умумий бўлмай, фақат унга ўхшашлар ҳақидагина эътиборлидир».
Шуни ҳам айтиб ўтиш лозимки, бугунги кунда илгаргидек ҳол аҳлларини топиш жуда ҳам мушкул. Ҳар ким ўзини ҳол аҳли деб даъво қилиши мумкин эмас. Ҳол аҳллари одатда ўзларининг аҳли ҳол эканларини халқдан яширадилар. Акс ҳолда мақомларига путур етади. Ҳақиқий аҳли ҳол кишиларнинг қатор аломатлари бўлади ва бунинг ҳам ўз илми бор. Аҳмад Зарруқ раҳматуллоҳи алайҳ «Ҳол ҳақида эса ўша ҳол эгасининг омонатдорлиги, салоҳиятига кўра хулоса чиқарилади» деганда ана шуни назарда тутган.
8. Ҳар нима бўлганда ҳам, маҳалли қиёмда туриш асосан ички туртки билан бўлган, шунчаки тақлид шаклида қилинмаган. Аммо айрим доираларда, хусусан кейинчалик бу ишни қилган кишиларда кўпинча аввалги руҳият топилмай қолган.
9. Зоҳиран олганда, маҳалли қиёмда туришни бугунги кундаги давлат мадҳияси айтилганда ҳурмат юзасидан тик туришга ўхшатиш мумкин. Ҳозирда барча давлатларда бу урф бор. Бу давлат белгиларига ва шу орқали давлатга ҳамда ўша давлатнинг халқига эҳтиром изҳор қилиш рамзидир. Мадҳия учун ўриндан туриш ҳам ҳамма жойда бўлавермайди, яъни мадҳия овози эшитилсаки, тик туриб олинмайди, балки одатда бу иш расмий аҳамиятга эга бўлган мажлисларда кузатилади. Мисол учун, халқаро спорт мусобақаларидан аввал иштирокчи давлатларнинг мадҳияси ижро этилганда ҳамма баравар тик туравермайди, кимдир туради, кимдир ўтиради, ҳеч ким ҳеч кимга турмадинг ёки турдинг, деб эътироз билдирмайди. Мадҳияни эшитганда тик туришни одамлар ўзларининг завқларидан келиб чиқиб ўйлаб топишган ва худди шу завқлари асосида ҳар жойда турлича тартибга солишади. Бу бир ярашиқ, холос, ҳал қилувчи омил эмас.
Олдинлари подшоҳларнинг фармони ўқилганда тик туриш одати ҳам бўлган экан. Шунинг учун маҳалли қиёмни ёқлаб чиққан кишилар: «Айрим жойларда подшоҳнинг эълонини етказиш учун унинг номини тилга олинганда, фармони ўқилганда одамлар тик туришади. Бунга ҳеч ким индамайди. Нега энди Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг номлари зикр қилинганда ҳурматан тик туриш мумкин бўлмайди? Ахир, у зотнинг эҳтиромларини қилиш устунроқ эмасми?» дейишади.
Шуни холис айтиш лозимки, маҳалли қиёмда туриш тарафдорлари айтган юқорида келтирилган гаплар вазиятни қўлдан келганча тушунтириш учун кўрсатилган далиллардир. Аммо бу билан маҳалли қиёмда туришни одатга киритган кишиларнинг ҳолларини тўлиқ англадик дея олмаймиз, балки тушунишга ҳаркат қилдик десак тўғрироқ бўлади, чунки бу каби ишлар кўпинча аҳли ҳол инсонлардан зоҳир бўлган. Ҳол аҳлининг ҳолини эса ўша мақомга етишган кишиларгина ҳис қила олади, бошқалар барибир тўлиқ тушуниши қийин.
Маҳалли қиёмда кузатиладиган хатолар:
1. Маҳалли қиёмда туришни таъаббудий, диний амр деган тушунчага олиб келиш. Бу энг хатарли иш, энг ёмон бидъатдир. Бунинг олдини олиш учун аввало бу амалнинг келиб чиқишини, мазмун моҳиятини, ундан кўзланган мақсадни кишиларга етказиш керак. Унга унинг ўзига муносиб баҳо бериш лозим. Ортиқча гапнинг кераги йўқ. Шу билан бирга, буни доимий одат қилмай, ўрни келганда тарк этиб туриш керак бўлади.
2. Бу ишни ҳеч қандай тушунчасиз, турткисиз, кўр кўрона тақлид шаклида, шунчаки одат сифатида, онгсиз равишда амалга ошириш. Бу ҳам кўп учрайдиган ҳолат. Очиғини айтганда, бугунги кунда кўп жойларда маҳалли қиёмга туришнинг сурати бор у, руҳи йўқ, қобиғи бор у, мағзи йўқ. Шунинг учун бу иш ҳозир кўпчиликка ёқмайди, танқид қилинади. Агар мавлидхонлар маҳалли қиёмда турмоқчи бўлишса, мажлис аҳлининг шу ишга қанчалик салоҳияти борлигини эътиборга олишлари, бу борада керакли таълимотларни тақдим қилиб, керакли вазиятни юзага келтиришлари керак. Бунга завқи етишмайдиган кишилар ўртасида бу ишни қилишга ҳожат йўқ. Акс ҳолда, натижалар ҳам аксинча бўлади.
3. Маҳалли қиёмда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг руҳлари кириб келади, деган эътиқодда бўлиш. Бу гап жуда кам учраса да, айрим жойларда ҳануз бор. Бу ҳеч қандай асосга эга бўлмаган, тамоман бидъат гапдир. Мабодо бирорта одам мен маҳалли қиёмда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни кўрдим, деган тақдирда ҳам, бу гапнинг ўша одамдан бошқага тегишли жойи йўқ, шаръий тушунча маъносида ҳеч қандай аҳамият касб этмайди. Бу каби гапни айтиш, тарқатиш мутлақо жоиз эмас.
4. Маҳалли қиёмга туришга мажбурлаш. Баъзан мавлидда бош бўлиб турган кишилар ҳаммани маҳалли қиёмга туришга мажбурлашга ўтиб кетишади. Турмаганларни турли айблар билан айблаб, маломат қилиб, ҳатто уларнинг эътиқодига тил текказишади, ҳар хил лақаблар билан аташади, қандайдир фирқа аъзосига чиқариб ҳам юборади. Бу умуман нотўғри тасарруф. Бу нарса «Маҳалли қиёмда туриш вожиб экан да», деган тушунчага ҳам олиб келади. Бу эса жуда ҳам хатарли ишдир.
Биз нима қилишимиз керак?
Биз юртимиздаги кўпчилик уламоларнинг сўзларини олиб, қиёмни яхши амал деб билсак-да, унинг вожиб ё суннат эмас, балки мустаҳсан, яъни яхши саналган, чиройли, фойдали деб қаралган амал эканини унутмаслигимиз лозим. Мустаҳсан амал мустаҳабдан ҳам қуйироқ ҳисобланади. Мавлидда қиёмга туриш мустаҳсан бўлганда ҳам, Ислом уммати қадимдан эътироф этиб келган мустаҳсан эмас, балки мавлид маросимлари авж олиб, кенг тарқалганидан кейин айрим мўътабар уламолар тарафидан мавлиддаги вазият ва руҳий ҳолатдан келиб чиқиб, яхши амал деб саналган мустаҳсан ишдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг таваллудлари зикр қилинганда ўриндан туришнинг мавлидга хослиги шундаки, ҳеч ким бошқа бирор ўринда у зот алайҳиссаломнинг таваллудлари ҳақида сўз кетганда ўриндан туриш кераклигини айтмаган. Бу қиёмга туришнинг баҳосини пасайтириш эмас, балки бор гапнинг ўзи шу. Мавлид китобларда ва уларга ёзилган шарҳларда ҳам худди шу маъно таъкидланган. Ким хоҳласа турсин, лекин узрли кишилар, билмаган одамлар, туришни истамаганларнинг ихтиёри ўзларида. Уларни туришга мажбурлаш ёки турмаган кишига озор бериш шаръан мутлақо жоиз эмас. Бунга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Тарғиб қилишдан нарига ўтиш ортиқча. Ҳар нима бўлганда ҳам, ихтилоф чиқармасликка ҳаракат қилиш шариатнинг талаби, вожиб амал, мўминлик вазифаси эканини унутмаслик керак.
Шуни алоҳида айтиб ўтиш лозимки, маҳалли қиём онгли равишда, шавқу завқ турткиси билан бўлиши, шунчаки одат ёки ноаниқ ҳаракат шаклида бўлмаслиги керак. Шунингдек, бу намоз, ҳаж каби таъаббудий амал ҳам эмаски, уни бажаришнинг ўзи мақсад бўлса. Шу боис, агар мавлидхонлар мавлидда туришни жорий қиладиган бўлсалар, унинг мазмун-моҳиятини халққа тушунтиришлари лозим. Акс ҳолда ушбу туришдан кўзланган мақсад умуман рўёбга чиқмайди, у мазмунсиз, шунчаки тақлидий бир ҳаракатга айланиб қолади. Бу ҳақиқатни бугун ҳар жойда учратиш мумкин.
Шариатда бундай мустаҳсан саналган ишлар устида ихтилоф қилиш дуруст эмас, бу борада талашиб, жанжаллашиш ҳеч қайси меъёрга тўғри келмайди. Энди шу мустаҳсан саналган мақомда нимани ўқишни тортишиш эса умуман ортиқча иш. Биримиз «Толаъал»ни, бошқамиз «Ва муҳаййан»ни, учинчимиз «Марҳабо»ни, тўртинчимиз яна бир бошқа шеърни ўқишни талашишимизда нима маъно бор? Ахир Барзанжий раҳматуллоҳи алайҳнинг ўзи назмий мавлидида маҳалли қиём учун алоҳида қасида битиб, насрида шу жойга келганда ўзи шеър ёзиб қўя қолмай, Муҳаммад Бусурийнинг «Ҳамзия»сидан («Ва муҳаййан»ни) иқтибос келтиришининг ўзи бу борада ҳар ким ўз таъбига кўра иш кўриши мумкинлигини билдирмайдими? Ахир бу мақом қандай ёки кимнинг шеъри ўқилишини талашадиган мақом эмас, балки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга чин дилдан муҳаббат изҳор қилиб, у зотнинг таваллудлари сурурини изҳор қилиш ўрни-ку! Шунинг учун ҳам айрим уламолар мавлид ўқилганда ҳар ким Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни кўз олдига келтириб туришга ҳаракат қилиши кераклигини айтганлар. Фараз қилайлик, агар бизнинг ушбу жанжалимиз устига Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам келиб қолсалар, нима аҳволга тушамиз? Ҳар қалай, у зот бизнинг бу ҳолимиздан мамнун бўлмасликлари аниқ. У зот бундан қиёслаб бўлмайдиган даражада катта, муҳим масалалардаги ихтилофни ҳам кескин қоралаганлари ва ўрнида тўхтатганлари маълум ва машҳур. Ўзи биз нимани тортишяпмиз? Кўтарган масаламиз бир-биримизга нисбатан заррача адоват қилишимизга арзийдими ўзи? Биз бу баҳсда холис Аллоҳнинг розилигини истаяпмизми ёки бошқа бир хаёл кўнглимизнинг тинчини бузяптими? Бу саволларни ҳар биримиз аввало ўзимизга беришимиз ва уларга холис жавоб топишимиз керак. Ана шунда, иншоаллоҳ, амаларимизнинг холис ва манфаатли бўлишига эриша оламиз.
Тўғри, қайси биримиздир: «Биз устозлардан маҳалли қиёмда «Толаъал»ни ўқишни ўрганганмиз, чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга айтилган илк наът шу шеър бўлган экан. Буни бирор шоир ёзмаган, балки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинага ҳижрат қилиб келганларида ансорлар ҳеч бир тайёргарликсиз, бирданига ўша шеърни айтишган экан. Уларнинг қалбларига ва тилларига бу сўзларни Аллоҳ таолонинг Ўзи жорий қилган экан. Шунинг учун бу ўринда ушбу шеърни ўқиш афзал», дейиши мумкин. Иккинчимиз эса: «Шу мавлиднинг муаллифи, имом Барзанжийнинг ўзи маҳалли қиём учун «Ва муҳаййан»ни танлаган. У кишининг асарларини ўқишда ўша шеърни ўқиш одоб, бошқаси одобдан эмас», деймиз. Учинчимиз эса бу ўринда арабча ёки туркча «Марҳабо»ни ўқишни истайди. Марҳамат, ҳар ким истаган наътини ўқийверсин. Бир хил қолипга тушиб олмай, бир гал униси, бир гал буниси ўқилса, яна ҳам яхши бўлади. Бу ҳар кимнинг урфига, завқига боғлиқ нарса, унга диний тус бериш, уни мунозара омили қилишга ҳеч бир шаръий туртки йўқ. Фақат биров бошқани ўз раъйига мажбурламаслиги, ўзиникини ҳақ, бошқасини ботил деб уқтирмаслиги керак. Шариъатда қатъий ҳаром саналган ихтилофга сабаб бўлмаслик лозим. Агар бир мажлисда маҳалли қиёмда нима ўқиш ҳақида турлича фикрдаги кишилар йиғилган бўлсалар, марҳамат, ҳаммалари ўзлари айтмоқчи бўлган шеърларни навбат билан ўқийверсинлар, ҳеч қандай шаръий монеълик йўқ, бўлиши мумкин ҳам эмас. Ана шундай бирга бўлиб қолинганда, агар бир-биримизнинг фикримизни ҳурмат қилиб, бир-бирларимизга йўл берсак, қарши тарафнинг ҳурмати учун ўзимиз истаган шеърни қўйиб, улар танлаганини ўқисак, нақадар гўзал одоб бўлади! Ҳаммага ибрат бўлади, суннатга мувофиқ бўлади, Аллоҳ ва Расули рози бўладиган иш бўлади, ўзаро муҳаббатимизга боис бўлади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: «Мўмин бўлмагунингизча жаннатга кира олмассиз. Ўзаро муҳаббатли бўлмагунингизча мўмин бўла олмассиз». Яна бир ҳадисларида айтадилар: «Бир-бирингизни титкиламанглар! Бир бирингизга жосуслик қилманглар! Бир бирингизга ҳасад қилманглар! Бир бирингизга қарши тадбир юргизманглар! Бир бирингизга буғзу адоват қилманглар! Аллоҳнинг оға ини бандалари бўлинглар!»
Биз мавлидни нима учун ўқияпмиз ўзи? У зотнинг суннатларини ўрганиш, насиҳатларини етказиш учун эмасми? У зотнинг ҳадисларини ҳаётга татбиқ этиш учун, уларнинг нурини қалбларга таратиш учун эмасми? Ҳаммамиз бир бўлиб, биргаликда у зотга умматлик ҳиссини намойиш этиш учун эмасми? Бир жойга тўпланиб, биргаликда у зотга муҳаббат изҳор этиш учун эмасми? Аслида мавлид маросими мусулмонларни бир бирларига таништириш, уларнинг ўзаро алоқаларини, муҳаббатларини мустаҳкамлаш учун уюштирилмайдими? Бир биримиздан хабар олиб, ўзаро ёрдамлашиб, кўмаклашишга ку ярамай қолдик. Ҳеч бўлмаса мана шундай мунобасабатлар баҳонасида бир биримизга бағримизни очсак бўлмайдими?
Маҳалли қиём ҳақидагани баҳсимизни қуйдаги тавсиялар билан якунласак:
1. Маҳалли қиёмнинг ўз баҳосини, мақомини бериш лозим. Модомики бирор нарсага шаръий ҳукм берилар экан, у ҳақда шариат номидан гапирилар экан, шариатнинг таърифини илмий асосда, холис айтиш керак, ҳар ким уни ўз хоҳишига тортишга, ўзи тушунгандек таърифлашга ўтмаслиги керак. Бунга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Ким шундай қилса, шариатга туҳмат қилган бўлади. Маҳалли қиёмни ўзимизга ёққани учун кўкларга кўтариб, вожиб даражасига олиб чиқишимиз ҳам, ёқмай қолса, уни қоралаб, бу ишни муҳаббат билан қилиб ўтган қанчадан қанча уламоларни аҳмоққа, бидъатчига чиқаришимиз ҳам тамоман хато, дуруст эмас.
2. Ўтган уламоларимизнинг шаънларида яхши гумонда бўлишимиз, ҳолларини тушунишга ҳаракат қилишимиз, уларнинг ҳақларида сўз айтишдан олдин одбон ўйлаб олишимиз даркор. Афсуски, бугунги кунда ушбу тамойилга эътибор сусайиб кетмоқда. Ҳар ким кўнглига келган гапни ҳеч тўхтатмай айтаверади. Мисол учун, биз юқорида маҳалли қиём ҳақида қатор маълумотар билан танишиб ўтдик. Инсофи бор одам бу амалнинг беҳудадан беҳуда майдонга келмаганини тушуниб олди. Аммо бу ҳақда ҳали ҳеч нарса ўрганмай туриб, уни қоралайдиганлар ҳам бор, ҳатто ўзича мазах қиладиганлар ҳам бор.
Азизим! Сиз шахсан ўзингиз бу ҳақда нималарни биласиз, нималарни ўргангансиз? Қандай қилиб ҳали ўзингиз яхши тушунмаган нарса ҳақида тортишасиз? Сиз ўтган уламоларимиз ҳақида ҳукм чиқаришга шошилманг! Улардаги иштиёқ, шавқу завқ сизда йўқ, шунинг учун сиз уларни тушуна олмайсиз, ҳолларини ҳис эта олмайсиз. Сиз аввал Аллоҳдан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ўша зотлардек муҳаббатли бўлишни сўранг. Ўзингизда Аллоҳга ва Унинг Расулига улардек шавқ топинг. Улардек ҳаётдан комил иймон билан, саломат ўтишни ўйланг. Қўлингиздан келса, уларнинг ҳақларига истиғфор айтинг. Сиз учун зарури ҳам, фойдалиси ҳам шу.
Агар маҳалли қиёмда туришни истамасангиз, буни ножоиз деб билсангиз, ихтиёр ўзингизда. Марҳамат, турмай қўяверинг. Аммо кимдир буни жоиз деб айтган уламоларнинг фикрларига эргашиб, қалбида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга шавқи жўш урганидан туриб, салавот айтмоқчи бўлса, унга халақит берманг, фитна қўзғаманг!
3. Маҳалли қиёмда туришни одамларнинг урфларига, завқларига қўйиб бериш керак. Бу борада ҳар жойдаги кишилар ўзларининг урфларидан, билимларидан келиб чиқиб йўл танлайверадилар. Мажлисдаги кишилар қайси фикрда бўлсалар, шунга кўра иш кўрилаверилади. Умуман олганда, маҳалли қиём замон ва маконга, мажлисга кўра ўзгариб туради. Бу ишни вазият кўтарганда, мажлис руҳи тақозо қилганда амалга ошириш муносибдир.
4. Маҳалли қиёмга туришни доимий одат қилиб олмаслик керак. Акс ҳолда, одамлар буни диний амал деб тушуниб қолишлари мумкин. Шунинг учун маҳалли қиёмда туришни одат қилиб олган кишилар ҳам гоҳида уни тарк этиб туришлари мақсадга мувофиқ.
5. Маҳалли қиёмда нимани ўқиш, қайси шеърни айтиш ҳар кимнинг завқига ҳавола. Бу ҳақда ҳеч қандай қатъий кўрсатма йўқ ва бўлиши мумкин ҳам эмас.
6. Бу масалада ҳам ихтилофнинг, фитнанинг олдини олиш лозим. Ҳар бир юрт аҳли ўз диёридаги кўпчилик уламоларнинг фикрларига эргашиши керак. Уламолар юртдаги вазиятдан келиб чиқиб, далиллар асосида маҳалли қиёмда туришни жорий қилишлари ҳам, қилмасликлари ҳам мумкин.
Аллоҳ таолодан аҳволимизни ислоҳ этишини, тўғри йўлга бошлашини сўраймиз.
(Тамом)
Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид
1435 Рабиулаввал ойи