1446 йил 21 жумадис сони | 2024 йил 23 декабрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Таҳлил

Исломнинг ғолиб бўлиши ҳақида хушхабарлар

05:00 / 09.03.2017 3108 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Эй дўстим. Эй тушкунликдаги биродарим. Ноумид бўлманг. Тушкунликка тушманг. Чунки эрта бизларникидир. Барча хушхабарлар биз биландир. Бу  машаққатлар эса сизнинг ажру савобингизни орттириб бораверади. Сизнинг вазифангиз амал қилишдир. Ғалаба қозониш сизнинг вазифангиз эмасдир.


***



Исломнинг байроғи йиқилиши мумкин эмас. Баъзан бизга мусибатлар етиб туради. Баъзан фитналарга дучор бўламиз. Баъзан бизларни қийинчиликлар ўраб олади. Аммо ана шуларнинг барчаси бизларни асло  кучсизлантира олмайди. Қалбларимиздаги орзулардан воз кечтира олмайди. Биз олдимизда турган ёруғ кунга томон интилишда давом этамиз. Бирор одам тонгнинг нурларига тўсқинлик қила оладими? Тонг  отишини тўхтата оладими? Йўқ, бўлган ишнинг бори шуки, тонг отишидан олдинги лаҳзалар туннинг   лаҳзаларидан кўра  қоронғуроқ бўлади. Кейин эса тонг отади. Бизлар Исломнинг тонги, иншааллоҳ, янгидан отишини кутиб турибмиз.

Бизда Аллоҳ таоло ва Унинг расули соллаллоҳу алайҳи васаллам тарафларидан берилган ваъдалар бор. Аллоҳ Ўз ваъдасига асло хилоф  қилмайди. «Ва Роббимнинг ваъдаси ҳақдир», «Албатта, Аллоҳ ваъдага хилоф қилмайди».  


Қуръони каримдаги хушхабарлар:

«У гарчи мушриклар ёқтимаса ҳам, Ўз Расулини ҳидоят ва ҳақ дин билан ҳамма диндан устун қилиш учун юборган зотдир».

 «Аллоҳ эса, гарчи кофирлар ёқтирмаса ҳам, ўз нурини батамом қилишдан бошқа ҳар нарсадан бош тортадир».

«Мўминларга нусрат бериш Бизнинг зиммамиздаги ҳақ бўлган».

«Аллоҳ сизлардан иймон келтириб, солиҳ амалларни қилганларга уларни ер юзида худди улардан олдин ўтганларни халифа қилганидек халифа қилишни, улар учун Ўзи рози бўлган динни мустаҳкамлашни ва уларнинг хавф-хатарларидан сўнг омонликни бадал қилиб беришни ваъда қилди. Менгагина ибодат қилурлар ва Менга ҳеч нарсани ширк келтирмаслар». Буниси (менгагина ибодат қилурлар... тарж.) энди шартдир.


Ҳадиси шарифдаги хушхабарлар:

Бизда Аллоҳ таборака ва таолонинг Китобидаги хушхабарлар бор. Бизда Унинг расули соллаллоҳу алайҳи васаллам томонларидан берилган хушхабарлар бор. У зот шундай дейдилар: «Ушбу иш тун ва кун етиб борган жойларгача албатта етиб боражакдир. –Яъни, бутун оламга эгалик қилади.- Аллоҳ тошдан ёки жундан бўлган бирор бир уйни қолдирмасдан азизни азиз қилиш билан ёки хорни хор қилиш билан ана шу динни унга киргизади. Шундай азизликки у билан Аллоҳ Исломни азиз қилади. Шундай хорликки у билан Аллоҳ куфрни хор қилади».(1)

Абдуллоҳ ибн Амр ибн Осдан: «Икки шаҳарнинг қайси бири биринчи фатҳ қилинади: Константинопольми ёки Византиями?» деб сўраганларида Абдуллоҳ ҳалқалари бор бўлган бир сандиқни олиб келтирди. Сўнг унинг ичидан бир ёзувни чиқарди. «Биз, деди Абдуллоҳ, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг атрофларида ёзиб ўтирганимизда расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан: «Икки шаҳарнинг қайси бири биринчи фатҳ қилинади: Константинопольми ёки Византиями?» деб сўралди. Шунда расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Биринчи Ҳирақлнинг шаҳри фатҳ қилинади», дедилар» (2)  Константинополь назарда тутиб. 

Византия Римнинг пойтахти. Константинополь ҳозирги Истанбулдир. Саҳобалар ана ўша икки шаҳарни яқин орада фатҳ қилинишини олдиндан эшитгандек бу икки шаҳарнинг қайси бири биринчи фатҳ қилинади? деб сўраб турибдилар. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам эса: «Биринчи Ҳирақлнинг шаҳри фатҳ қилинади», дедилар Константинопольни назарда тутиб. Сиз эшитганингиздек ҳам бўлди. Константинополь фатҳ қилинди. Энди фақат Византия қолди, холос. 


Ислом чиқариб юборилган Оврўпога яна қайтади:

Яъни Ислом Оврўпога ундан икки марта чиқариб юборилганидан кейин яна бир бор қайтиб киради. Биринчи марта саккиз аср юксак маданиятни барпо қилгани ва илм билан имоннинг ўртасини жам қилганидан сўнг Андалусдан чиқарилди. Иккинчи марта усмонийлар қўли билан Австриянинг Вена эшикларини тақиллатиб борганида чиқарилган. Ислом Оврўподан қувиб чиқарилди ва яқин орада у ерга қайтади. Агар улар билиб жим турганларида эди Исломда улар учун ҳамма яхшиликлар бор эди. Ислом фақат ёмонлик ва фасод учун, ҳаддан ошишлик ва ахлоқсизлик учун хатардир. Албатта у одамлар учун хавфу хатар эмас, балки Аллоҳ тарафидан берилган марҳаматдир. 


Воқеликдаги хушхабарлар:

Бизда расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам тарафларидан берилган кўплаб хушхабарлар бор. Тарих бизни қўллаб қувватлайди. Воқелик айтадики, ғарбнинг ҳозирги цивилизацияси Аллоҳнинг ҳаққини ҳам бандаларнинг ҳақларини ҳам адо этмади. Руҳ ва ахлоқ борасида қашшоқлик қилди. Дилларга сукунат ўрнатишга қурби етмади. У инсон учун куч- қувват ва бойликни берди. Аммо унинг қалбига имон бера олмади. Унга роҳат берувчи нарсаларни берди. Аммо роҳат бера олмади. Унга моддий фаровонликни бердию руҳий хотиржамликни бермади. Чунки буларнинг барчаси имоннинг ишидир. Барчаси Аллоҳни зикр қилишдандир: «Иймон келтирганлар ва Аллоҳнинг зикри ила қалблари ором топганлар. Аё, Аллоҳнинг зикри ила қалблар ором топмасми?».


Ғарб кишиси ўзининг дини ва асл ғоясини йўқотиб қўйди:

Ана шу цивилизация инсонга воситалар ва асбобларни берди. Бир ғоя учун тириксан, бир вазифа учун яшаяпсан, сенинг тириклигингнинг ниҳояси бор, сен тупроқнинг устида юрадиган, тупроқдан униб чиққан нарсаларни ейдиган кейин яна тупроққа қайтиб кетадиган ва ҳаёти ана шундай қисса билан хотима топадиган оддийгина тупроқ эмассан. Сенинг жисмингда руҳ бор. Жисминг тугаб битади. Руҳинг эса боқий қолади. Руҳинг ўзи учун ҳозирлаб қўйилган мангулик учун тирик туради, деган мақсад ва ғояларни унга бермади. Буни унга Ислом беради. 

Воқелик айтадики, ғарбнинг ҳозирги цивилизацияси қашшоқлашиб бўлди. Бардавом бўлиши мумкин эмас. Унинг ўрнига келадиган нарса бўлиши керак. Аллоҳ насиб қилса биз ўша ўринга келадиганлармиз.


Мен таъкидлайдиган учта ҳақиқат:

Мен ҳозирги ўрнимда туриб учта ҳақиқатни таъкидлашни истардим:


Биринчи ҳақиқат: келажак ана шу динникидир:

Бизда Қуръони каримдан олинган хушхабарлар бор. Бизда мурсалинларнинг саййиди берган хушхабарлар бор. Тарихдан ва воқеликдан олинган хушхабарлар бор. Ана шу хушхабарлар эртанги кунга бўлган умид ва келажакка ишонч билан кўнгилларимизни тўлдиради. Бу биринчиси.


Иккинчи ҳақиқат: меҳнатга қараб мукофот берилади:

Меҳнат- машаққатга караб, бу дунёда бошимизга тушаётган қийинчиликларга кўрсатаётган сабр- бардошимизга қараб Аллоҳнинг ҳузурида ажр- мукофот бор.

Шу нарса шубҳасизки, ҳозирги асримиздаги мусулмон унга ёмонлик қиладиган ёки уни яхшилик қилишдан тўсадиган, уни маъсиятга ундайдиган ёки тоат- ибодатдан тўсадиган кишилар тарафидан кўплаб машаққатлар тортмоқда. Лекин ана шу қийинчиликларга қараб Аллоҳнинг ҳузурида мукофот бордир.

Абу Довуд, Термизий ва Ибн Можалар Абу Умайя Шаъбонийдан ривоят қилган ҳадисда у киши шундай деган: «Мен Абу Саълаба Хушабийга савол бериб: «Эй Абу Саълаба, ушбу «Эй иймон келтирганлар! Ўзингизни билинг. Агар ҳидоятда бўлсангиз, уларнинг адашганлари сизга зарар қилмас» ояти ҳақида нима дейсан?» дедим. У: «Аллоҳга қасамки, сен у ҳақда хабардоридан сўрадинг. Мен у ҳақида расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан сўрадим. У зот: «Йўқ, амри маъруф ва наҳйи мункар қилинг. Қачонки итоат қилинадиган бахилликни, эргашиладиган ҳой- ҳавасни, устун қўйиладиган дунёни ва ҳар бир фикр эгаси ўз фикри билан мағрур бўлганини кўрсангиз ана ўшанда ўзингизни билинг. Авомларни қўйинг. Чунки сизларнинг ортингизда шундай кунлар борки, унда сабр қилишлик чўғни кафтда тутиб туришдекдир. Уларнинг ичида амал қилгувчига унинг амалини қиладиган эллик кишининг ажрича ажр берилади», дедилар», деди. Ундан бошқалар қўшимча қилиб: «Эй Аллоҳнинг расули, улардан эллик кишининг ажри?» дедилар. У зот: «Сизлардан эллик кишининг ажри», дедилар».(3)

Ана шу фазлдан кўра улуғроқ фазл борми? Ана шу мукофотдан кўра улуғроқ мукофот борми? Аллоҳнинг йўлида амал қилиш, собит туриш ва курашишга, шу диннинг арқонини маҳкам тутишга ундайдиган бундан кўра кучлироқ омил ва туртки борми?


Учинчи ҳақиқат: бизлар амал қилиш ва даъват қилишга буюрилганмиз, натижага эмас:

Бизларга буюрилгани ана шу динга амал қилиш, ана шу дин учун амал қилишдир. Модомики жисмимизда жонимиз бор экан Аллоҳ таолога ибодат қилишдир. Бу йўлда қанчалик озор- азият кўрсакда бу диндан воз кечмаймиз. Ажралмас мустаҳка арқонни маҳкам тутиб оламиз. Аллоҳга ибодат қиламиз ва тоғутлардан воз кечамиз. Тўғри сўзга, Аллоҳнинг сўзига даъват қиламиз. Роббимизнинг Китобига ва Набиймизнинг Суннатига чақирамиз.

Ғолиб бўламизми ёки мағлуб бўламиз, зафар қучамизми ёки йўқ, барибир бу диндан асло воз кечмаймиз. Чунки асл мусулмон фақат муваффақият ва фақат ғалаба учун амал қилмайди. У ҳолиб бўлишни орзу қилади ва ғолиб бўлишни Аллоҳдан сўрайди. Аммо келингки у мағлуб бўлди. Келингки у ҳам Нуҳ алайҳиссалом каби эллик кам минг йил яшади. Унга бор йўғи бир неча киши ишонди. Ҳатто ўз ўғли, ўз хотини ишонмади. Нуҳ алайҳиссаломни маломат қиламизми? Йўқ. У кечаю кундуз ошкораю махфий тарздаРоббисига даъват қилаверди. Рисолат соҳибининг иши ана шунақа бўлади. Даъватчиларнинг ишлари ана шунақа бўлади. Иносн Аллоҳга даъват қилганча, Унинг учун амал қилишлик, Унга даъват қилишлик билан Аллоҳга яқин бўлгунча давом этаверади. Агар Аллоҳ унга муваффақият берса ва мақсадига эришса: «Бизни шунга ҳидоят қилган Аллоҳга ҳамдлар бўлсин, агар Аллоҳ бизни ҳидоят қилмаганда, ўзимиз йўл топа олмас эдик», дейди. Агар йўлнинг ўртасига етганида йиқилса ёки истаган нарсасини амалга ошира олмаса ўз зиммасидагини адо этган бўлади ва Аллоҳнинг ҳузурида маъзур бўлади. Одамларга динни етқазган бўлади.


Асосийси ҳақ йўлда мустаҳкам туришдир:

Яратилмиш башар сифатида бизнинг ишимиз ана шудир. Борлиқнинг тизгини бизнинг қўлимизда эмас. Кимларнидир кўтарадиган ва бошқаларни туширадиган, кимларгадир бериб кимларга бермайдиган кишилар эмасмиз. Мулк ёлғиз Унинг қўлида. У борлиқнинг хожасидир. Ўзи истаган каби тадбир қилади. Яхшилик қаердан бўлишини бизлар билмаймиз. Асосийси собитқадамликдир. Ҳақ йўлда собит туриш ва бардош беришликдир. Ё уни деб яшаймиз ёки унинг йўлида ҳалок бўламиз. «Эй иймон келтирганлар! Аллоҳга ҳақиқий тақво ила тақво қилинг. Ва фақат мусулмон ҳолингиздагина бу дунёдан ўтинг». Агар мусулмон бўлиб яшаса, инсон албатта мусулмон бўлиб ўлади. Киши ўзи яшаган ҳолат устида вафот топади. «Ва фақат мусулмон бўлган ҳолингиздагина бу дунёдан ўтинг». Собитқадам бўлинг ва ноумид бўлманг.

Эй дўстим. Эй тушкунликдаги биродарим. Ноумид бўлманг. Тушкунликка тушманг. Чунки эрта бизларникидир. Барча хушхабарлар биз биландир. Бу  машаққатлар эса сизнинг ажру савобингизни орттириб бораверади. Сизнинг вазифангиз амал қилишдир. Ғалаба қозониш сизнинг вазифангиз эмасдир.

Ўзимга фойдаси бор иш учун саъй қилгум,

Бу йўлда зафар топмоқ эмасдир менинг бурчим.


Саййидимиз Муҳаммадга, у кишининг оли асҳобларига салоту саломлар бўлсин!

Доктор Ю. Қаразовий 

Алоуддин Ҳофий таржимаси


___________________________________________________


1.    ушбу ҳадисни имом Аҳмад ривоят қилган(16957). Уни тахриж қилгувчилар: «Ҳадиснинг исноди Муслимнинг шартига биноан саҳиҳдур», деганлар. Ҳоким «ал Фитан вал Малоҳим»да(4430) ривоят қилиб икки шайхнинг шартларига кўра саҳиҳдир, деган ва Заҳабийунинг  бу фикрига қўшилган. Табароний ҳам ривоят қилган (258). Таҳовий «Мушкулил осор»да (6155) ривоят қилган. Ҳайсамий «мажмауз завоид»да (67) шундай деган: «Бу ҳадисни Аҳмад ва Табаронийлар ривоят қилган. Аҳмаднинг ровийлари саҳиҳнинг ровийларидир».

2.    бу ҳадисни Аҳмад ривоят қилган(6645). Мухаррижлар унинг исноди заифдир, деганлар. Ҳайтамий «Мажмаъ»да (10385): Бу ҳадисни Аҳмад ривоят қилган. Унинг ровийларидан Абу Қубайлдан бошқаси саҳиҳнинг ровийларидир ва у ҳам ишончлидир, деган. Ҳоким «ал Фитан вал Малоҳим»да (4555) ривоят қилиб саҳиҳ деган ва Заҳабий унинг гапига қўшилган. 

3.    ҳадисни Абу Довуд «Малоҳим»да (4341) ривоят қилган. Термизий «Тафсир»да (3058) ривоят қилиб, ҳасан ғариб ҳадис деган. Ибн Можа «ал Фитан»да (4014), Ҳоким «Риқоқ» (4322)да ривоят қилиб саҳиҳ деган ва Заҳабий унинг гапига қўшилган. Албоний бу ҳадисни заиф деган.


Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ҳозирда интернет ва қўлтелефонларда илонга айланган аёлнинг қўрқинчли сурати тарқалиб кетди. Бундай бўлиши мумкинмиБундай қўрқинчли ва даҳшатомуз нарсаларни давоми...

5124 05:00 / 09.03.2017
Аллоҳ азза ва жалла бу дунё ҳаётини яратиб, уни бизга берди ва зиммамизга юклаган вазифаларни ўргатгани каби бизларга унинг мазмунмоҳиятини ҳам ўргатди. Бу давоми...

4517 10:25 / 31.12.2017
Кишиларга даъват, ваъзнасиҳат, тушунтириш ишларини олиб борувчиларнинг ҳадис саҳиҳ экан, деб тўғри келган жойда, ҳар бир учраган одамга айтавериши ҳам дуруст давоми...

3048 05:00 / 09.03.2017
Бир кун шогирдларимга Агар олдингизга чет эллик бир киши келиб, бир соат вақти борлиги, шу вақт ичида Исломнинг нима эканини тушунишни хоҳлашини айтса, унга давоми...

4324 05:00 / 13.03.2017