Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Аллоҳга беҳад ҳамду санолар бўлсинки, охирги ўн йилликлар ўзбек халқи учун ҳам баракага, файзга ва тавфиқ-диёнатга жуда бурканган давр бўлди. Бу гапда ҳеч қандай муболаға йўқ! Намозхонлар сони ортиб бормоқда, ҳар йилги рамазон янада шукуҳли бўлиб, таровеҳлар муҳташамлик касб этиб бормоқда. Одамларда шариатга, дину диёнатга нисбатан амал қилиш ҳисси кўпаймоқда. Натижада, шариатга ҳам, дунёвий қонунларга ҳам ҳурмат белгиси ортмоқда. Буларга кунма-кун, пешма-пеш нашр қилиниб, чоп этилиб турган янгидан-янги диний адабиётлар ҳам сабабчи, дейиш мумкин.
Ватанимиз мустақилликка эришганидан сўнг муқаддас китобимиз Қуръони карим 5 марта таржима-тафсир қилинди. Асосий диний манбалар бўлмиш ҳадис тўпламларининг, фиқҳий матн китобларининг ҳар хил таржималари пайдо бўлмоқда. Уламоларимиз, аҳли илмларимиз чиқараётган асарлар азалдан китобхон бўлиб келган ўзбек халқи учун муносиб туҳфалар бўлиб турибди. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг нашр қилдираётган китоблари, рисолалари, таржималарини, рости, бутун бошли илмий-текшириш институти бир неча ўн йилларда тайёрлаши мумкин, десак муболаға бўлмайди. Нашр юзини кўраётган янги замонавий диний адабиётлар манзари шуни кўрсатадики, китобхонларнинг диний илмларнинг турли қирраларига, барча соҳаларига қизиқиши ортиб бормоқда. Диний илмлар орасида анча мураккаб саналган қироат, усул ал-фиқҳ, усул ал-ҳадис, улум ал-Қуръон, сабаби нузул, фароиз каби соҳаларида ҳам нашрлар бўй кўрсатди. Бундай хайрли ишларга ёрдамчи бўлиш, муваффақияти учун дуолар қилиб туриш ҳар бир мўъмин учун вожиб бўлса ажаб эмас. Чунки, истиқлолнинг илк йилларидан бошлаб ўзбек тилида нашр қилинган диний адабиётларнинг аксарияти мусулмонларнинг соф имон-эътиқодли бўлишларига, уларни ихтилофлар гирдобига тушиб қолмасликка, бемазҳаблик иллатига йўлиқмасликка, Ватанга фидойи шахс бўлиб шаклланишга, миллий урф-одатлар ва диний анъаналарга ҳурмат билан қарашга ўргатиб келмоқда. Шундай бўлса-да, бугунги кунда бу ишларга нисбатан баъзи бировлар бошқача фикрда экани сир бўлмай қолди. Юқоридаги бўлаётган хайрли ишларга ич-ичидан норози бўлаётганлар ҳам топилмоқда. Ана шундай норозилик фикри билан танишиб, уни таҳлил қилишга уриниб кўрсак:
Айрим суҳбатларда: "Замонавий диний адабиётлар таржималари ҳам, асл матнлари ҳам зарарли. Охирги икки юз йил ичида ёзилган китобларни ўқиманглар. Уларни ўқиш мумкин эмас! Айниқса, авомларни бундан сақлаш лозим. Авомлар "Сўфи Аллоҳёр"ни, "Мухтасар" – "Мажмаъ ал-мақсуд"ни, "Ҳувайдо"ни, "Маслак"ни ўқисалар бўлди. Қуръондан бошқасини ўқимасинлар, тамом", деган фикрлар ошкора айтилганини эшитиб қолмоқдамиз.
Уларнинг бу фикрларини қандай тушуниш мумкин? Бу хилдаги гаплар умумий маънода тўғрими?
Аслида, юқоридаги гапни мутлақо айтиб ҳам, тушуниб ҳам бўлмайди. Унга қуйидаги бандларда жавоб бериш мумкин:
Янги адабиётларни ўқимаслик керак, деган гапнинг маъноси
Биринчидан, "Охирги икки юз йил ичида ёзилган китобларни ўқиманглар" деган гапни бундай тушунса бўлади:
Бу фикрни айтаётганларининг сабаби, охирги икки юз йил ичида ваҳҳобийлар, бемазҳаблар, ўзларини салафий деб атаётганлар хуруж қилган бўлиб, уларнинг эътиқод ва фикрлари дунёга тарқаб улгурганидан ҳамда бундан бошқалар ҳам таъсирланган бўлиши мумкинлигидандир. Шунингдек, бу давр мобайнида ҳар хил оқимлар, диний-дунёвий ва диний ниқоб остидаги сиёсий ҳаракатлар юзага чиққанлиги, айниқса, мусулмон Шарқига Ғарбнинг таъсири яққол билиниб бўлганлиги рост гаплигидандир.
Юқоридаги фикрларни ваҳҳобийларга ҳамда анъанавий исломни, миллий қадрият ва маънавиятни ўзгартиришга урунаётганларга бўлган кучли нафрат сабабидан айтилганлигини англаш қийин эмас.
Бинобарин, энг тўғри ва соф эътиқод, мустаҳкам фиқҳ ҳақиқатдан ҳам ушбу икки юз йилдан аввал ёзилган китобларда эканини тан олмай иложимиз йўқ.
Бироқ, бу охирги икки юз йил ичида бутун мусулмон оламида битилган барча китобларга, асар битувчи барча олимларга юқоридаги ташвишли таъсирлар ўтган дегани эмас, қолаверса, уларга ва уларнинг асарларига шубҳа билан қараш керак, дейиш мутлақо тўғри эмас! Шу билан бирга, бу охирги икки юз йилдан аввал ёзилган барча китоблар шубҳадан холи, дегани ҳам эмас!
Иккинчидан, янги диний адабиётларга қарши бўлаётганларнинг юқоридаги гапларининг ўзида бир-бирига зид бўлганфикрлар мавжуд. Жумладан, уларнинг гапларида тилга олинган:
"Сўфи Аллоҳёр" (бу ерда Сўфи Аллоҳёрнинг "Сабот ал-ожизин" асари назарда тутилган) ва "Маслак" (бу ерда Сўфи Аллоҳёрнинг "Маслак ал-муттақин" асари назарда тутилган) XVIII аср биринчи ярмида битилган;
"Ҳувайдо" (бу ерда шоир Ҳувайдонинг девони назарда тутилган) XVIII аср иккинчи ярмида битилган;
"Мажмаъ ал-мақсуд" (бу ерда "Мухтасар ал-Виқоя"нинг туркий шарҳи назарда тутилган) ХХ аср бошида битилган.
Бу асарлар ҳам охирги икки юз йил ичида ёзилган ва айтиш керакки, мазкур асарлар фақат Ўрта Осиё халқлари орасида шуҳрат қозонган. Фақат мана шу тўртта асар бешубҳа, қолганлари шубҳали, дейиш тўғри эмаслиги ўз-ўзидан аёндир. Шунингдек, ҳар бир миллат ва элатнинг ўз Сўфи Аллоҳёри, ўз Ҳувайдоси борлигини назардан қочирмаслик керак. Бир қишлоқ ёки шаҳар аҳлига фақат мана шу китобларнигина ўқийсан, деб чегаралаб қўйишнинг иложи ҳам йўқ.
Учинчидан, "Қуръондан бошқасини ўқимасинлар" дейиш агар фақат Қуръонга нисбатан айтилган ва Қуръони каримдан ўзгаси ўқилмасин, деган маънода бўладиган бўлса, катта хато бўлган бўларди. Зотан, унинг умумий маънода тўғри эмаслигини бундан неча асрлар аввал Имом Ғаззолий (р.ҳ.)дек исломнинг буюк ҳужжати таъкидлаган ва далиллар билан асослаб берган эди. Бу ҳақида у бутун оламга машҳур "Эҳё улум ад-дин" ҳамда "Кимёи саодат" асарларида сўз юритган. Юқоридаги гап: "Авом китоб ўқигиси келса, Қуръон тиловати билан машғул бўлсин", деган мақсадда айтилган бўлса, "Гоҳ Худо-ю Расул, гоҳ ғамза-ю усул", деган гап ўша Имом Ғаззолий (р.ҳ.) даврларидан қолган бўлса ажаб эмас…
Мусулмонлар, улар қанчалик оддий ва содда ҳамда қанчалик авом бўлмасин, улар санаб ва чегаралаб қўйган китоблардан бошқа диний асарларни ҳам ўқишга қизиқадилар, ўқийдилар ва бунга шунчалик ҳақлидирлар. Мусулмонлар Қуръондан бошқа ҳадис китобларни, тарихий ривоятларни, сийрат воқеаларини, фиқҳий масалалар тўпламларини, тасаввуфий асарларни, мутасаввиф шоирларнинг ашъор ва девонларини ўқишга интилаверадилар. Бу инсоний хилқат, табиий сийрат бўлиб, Парвардигори олам инсонни шундай қилиб яратгани сабабидандир.
Шу ерда яна бир мулоҳаза: ҳозирги кунда бутун дунё мусулмонлари ўқиётган Қуръон китоблари ҳам охирги икки юз йил ичида нашр этилгандир. Кўпчилик мусулмонлар Мадинада чоп қилинган Қуръонларни ўқишга ўрганиб қолдилар. Ваҳҳобийлар бошига қанчалик шубҳа тушса, янги нашр этилган Қуръонларга шунчалик шубҳа тушиши керак эди. Лекин, бундай қилиб бўлмаслиги ўз-ўзидан аён! Қуръоннинг аввалги асрда чоп қилинган "Абдурраҳмоний", "Абдулмаликий", "Абдулвоҳидий", "Қозонбосма", "Тошбосма" каби нашрларини бугун барча мусулмонларга етказиб бериш асло мумкин эмас. Бинобарин, мусулмонлар ваҳҳобийлар ҳукмрон бўлган Саудия Арабистонида чоп қилинган Қуръонларни ўқиб келмоқдалар ва, таъкидлаш ўринлики, ўқимишлик кўриниши билан бу Қуръонлар ўзида айрим афзал жиҳатларини ҳам намоён қилмоқда. Бироқ, четдан китоб келтиравериш, у қандай китоб бўлмасин, иқтисодга ҳам, сиёсатга ҳам бир нави путур етказиши турган гап. Шундай экан, ҳар бир юрт ўз мусулмон аҳолиси қатламлари учун турли кўринишдаги, ҳар хил Қуръон нашрларини етказиб бериб туриши мақсадга мувофиқ.
Тўртинчидан, охирги икки юз йил ичида аҳли суннат ва-л-жамоатнинг анъанавий тўрт мазҳабида ҳам жуда зарур бўлган асарлар битилди. Аввалги асрларда мисли кўрилмаган буюк китоблар ёзилди. Айтайлик, Имоми Аъзам Абу Ҳанифа (р.ҳ.)га мансуб ҳанафий мазҳабида бу даврда битилган асарларни олиб кўрайлик. Масалан, XIX – XX асрларда қанча-қанча асарлар битилган. Ана ўша ваҳҳобийлар чиққанидан сўнг:
XIX аср биринчи ярмида Ибн Обидин (р.ҳ.)нинг "Радд ал-муҳтор" асари, шунингдек, Аҳмад Таҳтовий (р.ҳ.)нинг "Дурр ал-мухтор" ва "Мароқий ал-фалоҳ"га битган шарҳлари, XIX аср иккинчи ярмида машҳур мутасаввиф Кумушхонавий (р.ҳ.) асарлари, фақиҳ, муфассир, муҳаддис, тарихчи Абдулҳай Лакнавий (р.ҳ.)нинг юзлаб рисола ва китоблари бу даврда ёзилди. Бухоронинг ўзида XIX асрда Қози Иноятуллоҳ (р.ҳ.)нинг "Фатовойи Жунг"и, ХХ аср бошларида Домла Икромча (р.ҳ.)нинг бидъатлар ҳақидаги асари, Домла Холмурод (р.ҳ.)нинг "Урват ал-вусқо"си, ХХ аср иккинчи ярмида Мавлавий Домла Ҳиндистоний (р.ҳ.)нинг Қуръони карим тафсирлари ва ҳоказо. Дунёнинг бошқа жойларида ҳам қанчадан қанча муҳим ва жуда фойдали асарлар битилди. Ҳар бир ҳақиқий, том ва мукаммал олим улардан хабардор бўлиши шарт ва лобуддир!
Ваҳҳобийлар чиққанидан сўнг асар ёзган ва асарлари нашр этилган буюк ҳанафийлардан, масалан, Ибн Обидин (р.ҳ.) ва Абдулҳай Лакнавий (р.ҳ.) каби олимларни асарларига шубҳа билдириш мумкинми? Уларнинг асарларига ваҳҳобийлар таъсири ўтган бўлиши мумкин, деб ўқишдан ман қилиш дурустми?! Йўқ, асло!
Агар юқоридаги гап икки юз йилнинг буёғидаги асарларга қаратилган бўлса, охирги ўттиз-йигирма йил ичида ҳам жуда муҳим, халққа керакли, шариатнинг асосларини ўзида соф ва тўғри ҳолда акс эттирган аҳамиятли асарлар дунё юзини кўрди. Домла Ҳиндистоний (р.ҳ.)нинг Қуръонга ёзган тафсири шу вақтда битилди. Аҳмаджон махдум Кўҳистоний (р.ҳ.)нинг саждаи саҳвга бағишланган фойдали асари, қазо ўқишнинг шаръий ҳукмлари баён қилиб берилган рисоласи шу даврда ёзилди. Шайх Дўстмуҳаммад Турсун (р.ҳ.)нинг уммат ичидан биринчи кўтарилиши мумкин бўлган илм – фароиз – мерос тақсимотига бағишланган асари мана шу замонамизда тасниф қилинди. Абдуллатиф домла Андижоний (р.ҳ.)нинг ҳизб ат-таҳрир гуруҳларидан огоҳлантирган асари, ҳаждаги айрим муаммоларнинг тўғри ҳал қилинишига бағишланган рисоласи мана шу бизнинг кунларда таълиф қилинди. Бу рўйхатни узоқ давом қилдириш мумкин.... Қандай қилиб бу асар ва рисолаларни ўқимаслик керак, дейишга тил боради?!
Демак, яхши-ёмонни ва фойда-зарарни ажратиш керак, ажратиб китоб ўқий билиш керак... Донишмандларнинг: اترك ما كدر خذ ما صفا و – "Яхшисини ол, ёмонини тарк қил!", деган маталига онгли китобхонлар ҳамиша амал қилиб келганлар.
Бундан умумий маънода охирги икки юз йил ичидаги китобларни ўқимаслик керак, дейиш тўғри эмаслиги маълум бўлади.
Бешинчидан, агар юқоридаги гапни ўзбек тилида араб тилидаги барча маънолар тўлиқ очиб берилмайди, ўзбеклар уни ўқиб тушунмай қоладилар, деган маънода айтилган дейилса, уни форс тилига ва форсларга ҳам нисбатан ишлатиш мумкин. Зотан, ҳеч бир тил араб тилидек фасоҳат ва балоғатга эга эмас, ўзбек тилига таржима килиш мумкин бўлмаганидек дунёнинг бошқа тилларига хам таржима қилмаслик лозим бўлган бўлар эди. Ваҳоланки, ислом етиб борган жой борки, унинг аҳолиси тилига диний манбалар таржима қилинган.
Шунингдек, баъзида инсонлар ичида ўқиса тушунмайди-ю, бироқ эшитса ёки ўша ҳолатни тасмада кўрсагина яхшироқ тушунадиганлари ҳам бор бўлганидек, ўқиганда тушунмаган одам эшитганда ҳам тушуна олмайдиган ҳолатлар борлиги оддий ҳақиқат.
Шуни билмоқ лозимки, динни барчага оғзаки тарзда етказиб бўлмайди. Илм олиш эса фарзи айн ҳисобланади. Араб тилини ўрганиш ҳаммага фарз эмас, бироқ, масалан фиқҳни ўрганиш ҳаммага фарз. Демак, қайси тилда бўлмасин шариат аҳкомларини оммага етказиш уламоларга фарз бўлаверади. Шариатни оммавий етказишнинг бир йўли эса ёзма равишда бўлишидир.
Ҳар бир даврнинг китоби ўзига хос янгиликдир
Янги битилган асарлардан қўрқиш керак эмас. Чунки, ҳар бир китоб ўз даври учун янги ва янгилик ҳисобланган.
Масалан, ҳозиргача дарслик сифатида ўқиладиган, бизнинг диёрларда юқори даражада шуҳрат қозонган "Мухтасар ал-Виқоя". У ўн тўртинчи асрда битилган. Асар "Ҳидоя" масалаларини ўзида қамраб олган. "Ҳидоя" соҳиби ва унинг авлодлари роппа-роса тўрт юз йил давомида Мовароуннаҳрда шайх ал-исломлик мансабида умматга хизмат қилиб келганлар. Шунинг учун бўлса керак, "Мухтасар"ни қўллаб-қувватлаганлар. Бошқа китоблар эмас, айнан "Ҳидоя" ва "Мухтасар" Мовароуннаҳр мадрасаларида фиқҳдан асосий дарслик бўлиб хизмат қилиб келганлигининг бир сабаби шу бўлса ажаб эмас. Дунёнинг бошқа жойларидаги ҳанафийлар, масалан, Истанбул мадрасаларида "ал-Ихтиёр", Ҳинд ва Синд диёрларида эса "Канз ад-дақоиқ" дарслик сифатида ўқитилган. Майли, бу бир тарих. Нима учун "Мухтасар"ни ўқитмадинглар, деб уларни айблаб бўладими?!
Бироқ, "Мухтасар" нима учун ёзилди? Ундан яхшироқ китоблар йўқмиди? Бу ўз даври учун янги асар эди. Чунки, қаранг: энг аввал фиқҳдан ҳанафийларнинг энг буюк фақиҳларидан бири, Имоми Аъзам (р.ҳ.)нинг шогирди Имом Муҳаммад аш-Шайбоний (р.ҳ.)нинг "Жомеъ ас-сағир" асари ҳамма жойда ўқитилган, олимнинг олимлиги уни тушуниши ва унга шарҳ, изоҳ ёзиши билан белгиланган. Бу ҳақиқатни тарихчи олимлар исботлашган. XIV асргача яшаган фақиҳ олимларнинг таржимаи ҳолларини ўргансангиз, қарийб ҳаммасининг мазкур асарга шарҳ ёки ҳошиялар битганининг гувоҳи бўласиз. Бунинг "Мухтасар"дан фарқи йўқ, у ҳам бир фиқҳий матн китоби. Шу асар бўла туриб, одамлар нимага янгидан-янги фиқҳий асарлар битавердилар? Имом Муҳаммад (р.ҳ.)дек одамнинг китоби одамлар фикрлари ва ақлларига, билимларига, давр руҳиятига жавоб бера олмай қолдими? Нима учун охирги қарийб етти аср давомида унинг бу асари ўқитилмади? Охирги етти асрда яшаган олимлар ва мударрислар Имом Муҳаммад (р.ҳ.)нинг бу табаррук асарини менсимай қолдиларми?! Бугунги куннинг айрим олимлари ушбу табаррук асарни ҳатто кўришмаган, ўқишмаган. Нима учун?! Шу ерда бир ўринли савол туғилади: нима учун, уларнинг ҳанафий мазҳабининг энг таниқли мужтаҳиди бўлмиш Имом Муҳаммад (р.ҳ.)нинг ҳанафий мазҳабининг асосини ташкил қилувчи асарлари бўла туриб, бошқа асарларни ўқишга ҳақлари бор, ўзи?!...
Давр ўзгарди. Шундан сўнг ҳанафий мазҳабининг таниқли фақиҳларидан бири Имом Кархий (р.ҳ.)нинг "Мухтасар" асари вужудга келди. Бу ҳам худди бизнинг "Мухтасар"имиз каби бир матн китоби. У ҳам Имом Муҳаммад (р.ҳ.)нинг "Жомеъ ас-сағир" китоби каби. Буларнинг орасида жуда озгина фарқ бор, холос. Шундай бўлса-да, унинг шогирди бўла туриб, буюк фақиҳ Имом Қудурий (р.ҳ.) ҳам яна бир "Мухтасар" ёзди. Булар орасида ҳеч қандай алоҳида кўринадиган фарқ йўқ. Нима учун ёзилди? Шу орада яна бир "Мухтасар" ёзилди. Бу машҳури жаҳон Имом Таҳовий (р.ҳ.)нинг "Мухтасар"и эди. Ҳаммаси фиқҳий матн китоблари... ҳаммаси фойдали, барчаси мазмунан ва шаклан бир хил... Фиқҳий матн китоблари – "Мухтасар"лар янгидан-янги, лекин ўз вақтида уларни янги деб четга суриб қўйилмади...
Шунча "Мухтасар" бўла туриб, янгидан-янги бизнинг "Мухтасар" нима учун ёзилди?! Унинг ёзилишига зарурат бормиди, керакмиди ўзи?! XIV аср фақиҳининг янги "Мухтасар" ёзишга ҳаққи бормиди, ўзи? Одамлар ва олимлар: "Бу янги "Мухтасар", биз эски "Мухтасар"ларни ўқиймиз", демадилар. Бу борада ўйлаб ҳам кўрмадилар. Бизга ўхшаб тортишиб ҳам юрмадилар.
Мана шу "Мухтасар" ёзилган бир даврда "Тафсири Насафий" соҳиби ҳам бир фиқҳий матн китоби тасниф қилдилар. У "Канз ад-дақоиқ" деб аталган бўлиб, у ҳам ҳозиргача дунёнинг айрим мадрасаларида дарслик сифатида ўқитилади. Уни мана шу "Мухтасар" билан солиштирсангиз, орасида жуда кам фарқни кўрасиз. Яна савол: нима учун, фиқҳий матн китоблари ёзилаверди?!
Ҳа, ҳа! Ҳар бир давр учун ўзига хос "Мухтасар" лозим бўлгани учун шундай бўлди.
Энди, шу ерда яна бир ўринли савол туғилади: бизнинг "Мухтасар ал-Виқоя"ни бугунги мусулмонларнинг ҳаммаси ҳам ўқиб тушуна оладиларми? Йўқ, асло! Унинг соддалашган, оддийроқ кўринишдаги янги "Мухтасар"и керак. Янги "Мухтасар" ёзилиши керак. Бизнинг "Мухтасар"ни ҳамма тушунадиган тилда шарҳлаш ва изоҳлаш лозим. Бўлмаса, одамлар, ҳатто муллабаччалар ҳам фиқҳдан узоқлашиб кетаверадилар. Воқеан, шундай бўлиб турибди-ку! Одамлар, авомлар ўқиши у ёқда турсин, ҳатто мадрасаларда "Мухтасар ал-Виқоя" тўлиқ ўқилмаяпти-ку! Сабаби, ундаги айрим масалалар бугунги ҳаётда мутлақо учрамай қолди.
Нима учун "ал-Ҳидоя"га, "Мухтасар ал-Виқоя"га кетма-кет шарҳлар битилаверди? Биттаси етиб ортмасмиди? "Ҳидоя"га илк шарҳлар муаллифнинг шогирдлари томонидан ёзилди. Агар гап "Ҳидоя"ни тушуниш ҳақида кетаётганида, муаллифнинг шогирдларининг шарҳлари бу борада етиб ортарди. Зотан, "Ҳидоя" муаллифнинг ўзи ўз шогирдларига ўз китобини мана бундай тушунасизлар, деб ўқитган эди. Бироқ, ундан сўнг юзга яқин шарҳлар нимага битилган экан?! "Мухтасар ал-Виқоя"га "Жомеъ ар-румуз" деган шарҳи етмасмиди? Ҳа..., "Жомеъ ар-румуз", "Шарҳи Илёс", "Шарҳ Абу-л-Макорим", "Шарҳ ал-Биржандий" бўла туриб, Али ал-Қори (р.ҳ.) унга янгидан нимага шарҳ ёзади?!
Нима учун янгидан-янги фатво тўпламлари ёзилаверди? Битта фатво тўплами етмасмиди? Ҳамманинг бошини қотириб ўтирмасдан, ҳамма битта фатво тўпламига амал қилса, бўлмасмиди?
XVII асрда ҳинд ҳукмдори Аврангзеб Оламгир (р.ҳ.) даврининг олимларини тўплаб, "Фатово" туздирди. Юртидаги ҳамма шу фатвога амал қилсин, деган ният билдирди. "Фатовойи Оламгириййа", "Фатовойи Ҳиндиййа" деб аталган кўп жилдли бу фатво ўз даврининг энг буюк фақиҳлари томонидан тузилганига қарамасдан ўша даврдаёқ, ундан кейинги даврларда ҳам янги фатво тўпламлари тузилди. XIX аср бошларида Бухорода амири маъсум Шоҳмурод (р.ҳ.) томонидан ана шундай фатво тўплами – "Фатовойи аҳли Бухоро" тузилишига ҳаракат қилинди. Мана бу фатво тўпламлари: "Мабсут", "Муҳит", "Нутаф", "Қозийхон", "Хулоса", "Сирожиййа", "Заҳириййа", "Захира", "Валволижиййа", "Таторхониййа", "Алиййа" етмасмиди?!
Нима учун янгидан-янги тафсир китоблари ёзилди? Аллоҳнинг каломи – Қуръони карим битта эмасми? Ҳамма битта тафсирга амал қилиб, Аллоҳнинг каломини тушунишда ихтилофларга, фитналарга, келишмовчиликларга бормасдан ҳаёт кечирсалар бўлмасмиди?! "Тафсири Кашшоф" етмасмиди?! Нима учун "Тафсири Табарий" бўла туриб, у ёзилди? Муфассирлар султони саҳоба Абдуллоҳ ибн Аббос (р.а.) тафсирлари тўпланганига қарамасдан, нима учун минглаб муфассирлар томонидан минглаб тафсирлар ёзилди? Одамларга "Қози Байзовий", "Насафий" тафсирлари етмасмиди? Ибн Касир (р.ҳ.)нинг янги тафсири нима учун ёзилди?
Нима учун янгидан-янги ҳадис китоблари ва уларга шарҳлар ёзилди? Муҳаддислар амири Имом Бухорий (р.ҳ.)нинг ҳадис тўплами бу борада етмасмиди?! Нима учун, унинг мазкур ҳадис тўпламига юздан ортиқ шарҳлар битилди? Керакмиди, шу? "Фатҳ ал-Борий" етмасмиди; "Умдат ал-қори" етмасмиди? Қасталоний (р.ҳ.), Кирмоний (р.ҳ.) шарҳлари нимага керак эди?!
Бугунги кунда янги асарлар ёзилишининг зарурати
Бугунги давр ўн бешинчи ёки, боринг, ўн тўққизинчи асрга мутлақо ўхшамайди. У даврларда одамлар ўз қишлоғидан ташқарига чиқмаганлар. Ҳожилар жуда кам бўлган. Бутун бошли қишлоқлардан бир-икки нафаргина ҳожини топиш мумкин бўлган. Сайру саёҳат учун неча йиллаб вақт сарфланган. Ахборотлар жуда ҳам секин тарқалган. Шунинг учун ҳам бедарак кетган одамни ўлган деб ҳисоблаш учун 93 йил ёки шунга ўхшаш узоқ йил зарур деб фатволар берилган.
Ҳозирчи?! Ахборотлар асри. Одамлар ўзгариб кетди. Бутун дунёни тамошо қилиб келмоқдалар. Ҳар йили минг-минглаб одамлар ҳажга бормоқдалар. Узоқ сафарларга чиқмаётганлар ҳам уйларида ўтириб, телевизор ва интернет орқали дунё ахборотларидан хабардор бўлиб турмоқдалар. Оммавий маданият ҳамма ёқни хароб қилиб, янчиб келмоқда. Глобаллашув даврида ҳеч ким ўзини четга ола билмаяпти. Шу вақтда фақат ҳанафийлик эмас, балки юзлаб мазҳаблар, ҳар хил фирқа ва оқимларнинг фикрлари оқиб келмоқда. Ўн бешинчи ва ўн тўққизинчи асрларда бундай фикрларнинг ўзи бўлмаган. Одамлар, мусулмонлар Имоми Аъзам мазҳабидан бошқасини асло билмаганлар, ҳатто эшитмаганлар.
Ҳозирчи?! Ҳар хил фикрлар ва дунёқарашлар, фатволар ва масалаларга одамларни тайёрлаш, уларга: "Шундай-бундай фикрлар келади, сизлар уларга рўпарў бўласизлар. Буларга жавоб бундай, Сизнинг фикрингиз бу хилда бўлиши керак", деб ўргатиш, иммунитет ҳосил қилдириш керак эмасми? Бўлмаса, улар шу нотўғри фикрларга оғиб кетаверади-ку!
Ахборотлар асри эканига эътибор беринг:
1)Бугунги кунда интернет тармоғида ўнлаб ўзбек тилидаги исломий сайтлар бор. Ҳар қайсисига кириш ва ҳар хил фикрларни олиш мумкин. Фейсбук, однаклассники кабиларда ҳам юзлаб исломий бўлимлар очилмоқда. Оддий мусулмон қиз ёки мактаб ўқувчиси бўлган йигитча улардан истаганига ҳар куни кириши ва ўзича ҳақ деб билган сайти ва саҳифасидаги хабарни олиши мумкин. Исломий сайтлар орасидаги яхши-ёмонни ажратиб олишда фақатгина "Сўфи Аллоҳёр" ёки "Мажмаъ ал-мақсуд" китоблари ёрдам бера оладими? Ёки уларни ўша исломий сайтларга кирмайсан, унинг ўрнига "Сўфи Аллоҳёр" ёки "Мажмаъ ал-мақсуд" китобларини ўқийсан, деб мажбурлаб бўладими?!
2)Ойнаи жаҳонни кузатаётган инсон истаган каналидан, Арабистонданми, Чечинистонданми ёки бошқа жойлардаги исломий фикрлар ва ҳолатлар билан танишиши ва кўриши мумкин. Уларни тушунишида фақат "Сўфи Аллоҳёр" ёки "Мажмаъ ал-мақсуд" ёрдам бера оладими? Ўзбектелерадиокомпанияси каналларидан бошқани кўрмайсан, деб уларни ман қилиб бўладими?!
3)Матбаа ва чопхоналарда минг-минглаб китоблар ва асарлар чоп қилинмоқда. Ўзбек халқи, Марказий Осиё халқлари, барча мусулмонлар азалдан китобхон бўлиб келишган. Уларни китоб ўқишдан тўхтата олмайсиз. Энди, ана шу нашриётларда ҳар хил диний асарлар ҳам чиқиб ётибди. Ўзбекистонда чиқмаса, бошқа жойларда айнан ўзбек тилида чиқмоқда. Улар Ўзбекистонга ҳар хил йўллар билан кириб келмоқда. Ўзбекистонда ҳам бир-бирига тескари фикрлардаги диний адабиётларни кўрмоқдамиз. Китоб чиқаришолмаган аблаҳлар варақалар тарқатиб кетмоқдалар...
Ким уни тўхтата олади? Уларни куч билан, фақат сиёсат билан тўхтатиб бўладими?
Фақат олимларимиз уларга қарши тура оладиган асарлари билан қарши тура олади. Шундай эмасми? Ғояга қарши ғоя, фикрга қарши фикр, жаҳолатга қарши маърифат билан курашмоқ керак!
Одамлар китоб ўқийверадилар...
Уларга ҳақиқий китоблар тайёрлаб бериш керак. Соф исломий ақидадаги, ҳанафий мазҳабдаги, мотуридиййа эътиқодидаги асарларни тайёрлаш лозим.
Бўлмаса, одамлар китоб ўқийверадилар...
4)Бугун дунёга чиқиш осонлашди. Ҳамма Ўзбекистондан ташқарига чиқиб, дунё мамлакатларини кўриб келмоқдалар. Қанчадан-қанча ватандошларимиз ишлаш ва ҳар хил мақсадларда бошқа давлатларда юришибди. Ваҳҳобийми, салафийми, ҳанафийми, ҳар хилларини кўриб, ўрганиб, танишиб қайтиб келмоқдалар. Европада юрганлар ўта ҳур исломий фикрлар билан танишмоқдалар. Дубайга, Туркияга савдо билан бориб-келаётганлар эса у ердаги ҳар хил мазҳаблар билан танишиб келмоқдалар. Уларни бундан тўхтатиш мумкинми? Йўқ, асло! Улар танишаверадилар, ўзларига қабул қилаверадилар....
Улар шоҳид бўлган нарсалари ичидан яхшиси ва тўғрисини ёмони ва хатосидан ажратиб олишлари учун иммунитет керак, маънавий иммунитет. Шундай эмасми?
Оммани бу фалокатдан сақлайдиган иммунитет ўзимизда, ўзбек тилида чиқарилган, ўзимизга хос ва мос, янги услубда ёзилган асарлар билан бўлади, холос. Зеро, хурофот ва залолатларга бошловчи янги фикрларга қарши муносиб жавобни фақат янги ёзилган асарларда учратишимиз мумкин.
Демак, янгидан-янги асарлар керак ва лозим!
Янги асарларнинг нимаси керак?
Одамлар Сўфи Аллоҳёр асарларини ўқидилар, "Мухтасар" билан танишдилар. Бироқ, ҳозирги даврларда одамлар масала эшитиб кетаверадиган эмас. Бу ўн бешинчи ва ўн тўққизинчи асрлардаги одамларда шундай бўлгандир. Олдинги асрларнинг одамларининг кўпчилиги одобли, аҳли илмларни ғоят даражада ҳурмат қиладиган бўлишган. У даврларда ҳурмат туйғуси ҳам бошқача бўлган. Эшонларнинг, хўжаларнинг, муллаларнинг, муллабаччаларнинг ҳурматлари жуда улуғ кўринишда бўлган, уларнинг айтгани қонун бўлган... Улар айтган гапларни ҳеч ким муҳокама қилиб ўтирмаган, айтдими, тамом, қабул қилаверганлар. Ҳозирги замонамиз одамлари эса айтилган ҳар бир шаръий хукмга далил сўрайдилар. Бу табиий ҳолат. Чунки, бугунги дунё аҳлининг барчаси далилларга суянадиган бўлиб қолган. Далил айтсангиз, ҳадис сўрайдилар. Ҳадис айтсангиз, уни саҳиҳми, деб сўрайдиган бўлиб кетишган. Узоқ қишлоқларда бу ҳолат бўлмаётгандир, лекин шаҳарларда бу ҳолат кунда кузатилмоқда. Тараққиётнинг бу даражада тез ривожланиши оқибатида қишлоқларга ҳам бу ҳолат тез орада етиб бориши шубҳасиздир.
Сўфи Аллоҳёрда ундай, "Мухтасар"да бундай, десангиз, улар Сўфи Аллоҳёрнинг мана бу гапини пеш қиладилар. Нима қиласиз, бу ҳолатда? Авом нима қилади? Қаранг:
"Мухтасар"да оминни махфий айтиш керак", дейилган, дейилса, биров Сўфи Аллоҳёр (р.ҳ.)нинг мана бу байтини келтирса-ю:
Дема тутдим фалон бузрук ишини,
Қўя кўрма Набийни қилмишини!
"Имом Бухорий (р.ҳ.) ва бошқа саҳиҳ ҳадислар тўпламларида келишича, Расулуллоҳ (с.а.в.) ва саҳобалар оминни жаҳрий айтишган экан-ку? Сен фалон бузрук ишини эмас, Набийни қилмишини қилишинг керак. Шунда Сўфи Аллоҳёрнинг айтганини қилган бўласан", деса, бечора авом нима деб жавоб берсин?! Ахир, у бечора авом ҳам, уни довдиратиб қўяётган баччағар ҳам, "Мухтасар ал-Виқоя"дек ҳанафийларнинг буюк дастуруламалининг ҳар бир гапи, ибораси айнан муҳтарам пайғамбаримиз Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг сўзлари ва ҳадисларидан олинганини қаердан ҳам билсин?!
Шунинг учун ҳам ҳозирги замонамизда ҳадис китобларини ва тафсир китобларини оддий халққа ҳам, аҳли илмларга ҳам таржима қилиб бериш лозим, уларга таништириш керак. Одамлар олдиндан ҳаммасини билиб туриши керак. Мана бу оят, мана бу ҳадис ҳанафийларнинг, мотуридийларнинг, нақшбандийларнинг далилларидир, дея уқтириб борилиши керак. Шундагина уларда ёт ғоя ва фикрларга қарши иммунитетни пайдо қилган бўламиз. Одамларнинг мазҳабларига ёт бўлган фикрларга қарши ҳадисдан, оятдан ўз жавоблари бўлиши керак. Ҳозир ҳамма ҳам билмаган нарсасини келиб олимдансўрайвермайдилар. Битта ҳадисни ўрганаман, деб ойлаб йўл босиб, машаққатлар чекиш замони Имом Бухорийлар даврида қолиб кетмадими?!... Чунки, ҳамма ўзича мужтаҳид, ўзича олим, ўзича билоғон бўлиб кетган. Буни тўхтатиб бўлмайди, глобаллашув! Фақат уларга тўғри тушунтириб, далилларни тайёрлаб бериш лозим.
Шунинг учун ҳам далилли янги китоблар ҳам керак!
Янги диний асарларнинг айримларга ёқмаётганининг бир нечта сабаби
Айрим янги асарларда, диний адабиётларда айрим олимларга ёқмаётган жиҳатлар борлиги рост. Буни китоб ёзаётганларнинг ўзлари ҳам билади.
Билинг, матал бор: "Китоб хатосиз бўлмас, хотин жафосиз!". Бирдан бир хатосиз китоб у Куръони карим. Имом Шофеъий (р.ҳ.)нинг бир шогирди устози ёзган китобни муаллиф ҳузурида 100 марта ўқиб ўтказгани, ҳар сафар ўқиганда янги хато-камчиликлар топилган экан. Шунда устози: "Аллоҳ ўзи китобидан бошқани китоби сингари хатосиз бўлишидан ҳаё қилади", дегани манбаларда ҳар хил тарзда келтирилади.
Хатоларни тўғрилаб борилаверади. Олимларнинг айбини очиш эмас, ёпиш керак эмасми? "Олимларнинг хатосини кўрсангиз кутинг, уларнинг ўзлари уни тўғрилаб олади", деган ҳикмат ҳам бор эмасми-ди?!
Агар, жуда бўлса, илмий равишда раддиялар ёзилса, уларнинг хато китоблари ўрнига тўғри асарлар битилса, умумэътироф қилган мақсадларга уйғун келмайдими?!
Секин-секин хатолар ва камчиликлар бартараф қилиниб бораверади. Улардаги хато ва янглишувлар айримлар айтганидек жуда катта фожеа эмас. Дуолар қилиб турилса, тузалиб бормоқда-ку!
Айримларга ёқмаётган биринчи жиҳат: одамлар ҳар хил масалаларни билиб олиб, уларнинг бошларини қотираётганларидир. Далиллар сўраб, уларни ёмон аҳволга солиб қўяётганларидир. Аслида, муллаларга бу ҳам кам... Китоб ўқишдан тўхтаб қолганлар, илмларини оширишдан тўхтаб қолганлар.... Маърака ва зиёфатлардан бўшамай қолганлар...
Далилларни ўргансинлар, китобларни ўқисинлар. Авомларнинг ҳар хил саволлари ва мулоҳазаларига аччиқлари келмасдан, тўғри жавоб берсинлар. Шунда авомлар тўғри йўлдан оғиб кетмайдилар. Мулла ва домлалар доим ўзлари устида ишлаб, билим савияларини ошириб боришлари лозимдир!
Мана бу саволлар ҳар кимни ўйлантирса керак:
Нимага, минглаб ҳадисларни ёд олган муллалар бизда йўқ?
Нимага, ёддан Қуръони каримни тўлиқ тафсир қила оладиган олимлар бизда йўқ?
Нимага Қуръон қироатидаги етти қироатни ҳам тўлиқ биладиган ҳофизи Қуръон имомлар бизда йўқ?
Нимага "Саҳиҳи Бухорий"ни ёки бошқа ҳадис китобларини жилд-жилд шарҳлай оладиган олимлар чиқмаяпти?
Нимага масжидларда "Саҳиҳи Бухорий"нинг илмий асосга эга, ҳанафий мазҳабига уйғун шарҳлаб, тушунтирилиб, тизимли ва тўлиқ равишда суҳбат қилиб берилмаслиги керак?!
Нимага жилд-жилд фатво тўпламлари ёза оладиган олимлар йўқ?
Нимага "ал-Ҳидоя" тўлиқ таржима қилиниб, жилд-жилд шарҳланмаяпти?!
Нимага замонамизда пайдо бўлган диний, сиёсий, тиббий, ижтимоий саволларга илмий далиллар билан ёзилган пухта ва йирик ҳажмли асарлари ила жавоб бера оладиган олимлар ўзларини кўрсатмаяпти?!
Айримларга ёқмаётган иккинчи жиҳат: уларга таржималар савияси ҳам ёқмаяпти. Баъзи мулла ва домлалар араб тилининг ўзига хос жиҳатларини худди ўзидек таржима қилиш тарафдори. Улар араб тилидаги эга ва кесимни ўз ўрнида қўйиш керак, деб ҳисоблайдилар. Бу албатта ўзбек тилидан фарқланади. Ёки феълий жумлани феълий, исмий жумлани исмий шаклда таржима қилиш лозим, дейдилар. Араб тилидан қилинган таржимада ҳар бир сўз қолиб кетмасин, дейдилар. Улар ўзбек тилининг ўзига хослиги билан ишлари йўқ. Аслида, таржимашунослик назариясига кўра, қайси тилдан таржима қилинаётган бўлса, ўша тил хусусиятлари эмас, балки қайси тилга таржима қилинаётган бўлса, ушбу тил хусусиятлари таржимада акс эттирилиши керак. Умуман, таржима ҳар бир таржимоннинг ўзига хос феъли бўлиб, барча тиллардаги муайян таржималар у ёки бу таниқли шахсларга ёқмаслиги кўпчиликка маълум. Бу муаммони янги савияли таржималар билан ҳал қилиш ўз-ўзидан аён. Шунингдек, ҳар бир таржиманинг ўзига яраша афзалликлари бўлиши мумкин.
Ҳадисларнинг таржималари сўзма-сўз бўлиши шарт эмаслигига ҳадисшунослар келишишган. Зотан, ҳадис фанидан маълумки, ҳадисларнинг лафз ва ибораларини айнан эмас, балки уларнинг маъносини ривоят қилиш мумкин. Шунинг учун ҳадислар маъносини оддий ўқувчилар учун, улар ёнида асл арабча матнларини эса аҳли илмлар учун мўлжаллаб чиқариш мақсадга мувофиқ. Маъно ривоятида ҳадисларнинг умумий мазмунига путур етмаса, бўлди.
Айримларга ёқмаётган учинчи жиҳат: уларга бемазҳабларнинг, ваҳҳобийларнинг, уларнинг тегирмонларига сув қуяётганларнинг китоблари ҳам ёқмаяпти. Бу албатта тўғри! Бироқ, уни бартараф этишнинг энг самарали биргина йўли бор. Бу уларга қарши тура оладиган янги диний асарлардир. Зотан, бемазҳабларнинг ва ҳар хил фирқаларнинг китобларининг юртга кириб келиши ҳамда чоп қилиб, тарқатилишининг куч билан олдини олиш маълум бир вақт самара бериши мумкин, холос.
Давлат сиёсатининг оқилона юритилиши натижасида ҳар хил китобларнинг мамлакат ичкарисига оқиб келиши, юрт ичида яширин ва ноқонуний йўллар билан бўлса-да, чоп қилиб тарқатилишининг маълум миқдорда олдини олса бўлади, албатта.
Бироқ, бемазҳабларнинг, ҳар хил оқим ва фирқаларнинг усул ва иддиолари хато эканлигини китоблар ёзибгина халққа билдириб бориш мумкин бўлади. Ишончли, далил ва исботларга тўла раддияларни кетма-кет ёзиш билан олдини олса бўлади!
Эътиборли мазҳабларга асосланган, ҳар бир гапи далил-исботли бўлган, бемазҳабларнинг чиқараётган китоблари каби кўринишли, ўқимишли китоблар нашри кўпайтирилса, китоб ўқишдан бир кун ҳам тўхтаб тура олмайдиган мусулмонлар қўлларига тутқазилса, ўша бемазҳабларнинг, ҳар хил оқим вакилларининг китобларини ўқишга, ўқиб кўришга, ақалли танишишга мусулмонлар мутлақо интилиб ҳам ўтирмайдилар.
Айримларга ёқмаётган тўртинчи жиҳат: Ўзбекистонда ва бошқа мамлакатларда нашр юзини кўраётган баъзи бир китобларда "ижтиҳодона" йўл тутилаётгани айрим домлаларга ёқмаяпти, дейиш мумкин. Айниқса, фиқҳий масалаларни баён қилишда, қадимдан эътибор топиб келаётган фиқҳий манба ва фатво тўпламларига асосланмасдан, тўғридан тўғри оят ва ҳадисдан далил олиб, ҳукм ва фатво чиқариб қўйиш ҳолати кузатилмоқда. Бу йўл баъзи ҳолатларда адашувга сабаб бўлиб қолиши мумкин. Чунки, оят ва ҳадисдан далил олиш ҳар қандай олимнинг қўлидан келавермайди. Бинобарин, олимлар олдинги китобларга суянган ҳолда фатво беришлари мақсадга мувофиқ.
Эътибор бериб қаралса, оят ва ҳадислар билан далилланган айрим янги фиқҳий адабиётларда гарчи эски даврларда битилган китоблардан бевосита иқтибослар келтирилмаган, уларга суянилгани очиқ кўрсатилмаган бўлса-да, бироқ, аслида ўша китоблар асосида асар ёзилганини англаш қийин эмас. Айрим янги диний мазмундаги китоблар охирида фойдаланилган манбалар рўйхати ҳам буни билдиради. Шунинг учун, бу хилдаги китобларни истисносиз айблаб бўлмайди. Баъзи ҳолатларда "Мухтасар"да ёки "Хулоса"да фалон масала бор экан, дейилмасдан айни шуларда топиладиган масалани айтиб, унинг далилларини ҳам кўрсатиб ўтиш, асло "мужтаҳидлик" эмаслигини тўғри тушуниш лозим.
"Ижтиҳодона" йўл тутилган бу хилдаги айрим асарлардаги "ижтиҳодий йўл" муаллифларнинг ўз дунёқараши ва билим савиясидан келиб чиқиб белгиланган бўлиб, унинг ўқувчиларга ҳеч қандай алоқаси йўқ. Агар улар хато "ижтиҳод" қилиб қўйган бўлса, унга раддиялар билан жавоб қайтариш мумкин бўлади. Китобнинг хато ва камчилигини кўрсатилганда, ҳақиқий муаллифдан, ўзини "мужтаҳид" санаётган мусаннифдан буни тўғри қабул қилиши, хато ва камчилигини тўғрилаб олишини кутиш мумкин.
Айримларга ёқмаётган бешинчи жиҳат: "Мусулмонлик ўн тўрт асрдан бери Мовароуннаҳр халқлари ҳаётининг ажралмас қисми бўлиб келди. Асрлар давомида бу юртдан буюк-буюк олиму уламолар, алломалар, муфассирлар, муҳаддислар, фақиҳлар етишиб чиққан. Агар диний асарларни шу ерлик халқнинг тилида яратиш лозим бўлганида, ана ўша буюк бобокалонларимиз қилиб кетган бўлардилар. Лекин улар бу ишни қилмаганлар, демак, диний адабиётларни туркий тилларда яратиш керак эмас", деган фикр ҳам янги замонавий диний адабиётларга қарши бўлганларнинг бошларида айланади. Аслида, бу тарихни яхши билмаслик оқибатида келиб чиққан фикрдир.
Исломшунос олимлар аниқлашларича, саккизинчи-ўнинчи мелодий асрдаёқ қадим Бухорода Қуръони каримни форс тилида таржима қилиш мумкинлиги борасида алоҳида фатволар чиқарилган. Бунда Қуръон оятларининг матни туриши, унинг матни ёнида таржима берилиши шарт қилинган. Бу фатво чиқарилган пайтларда Сомонийлар ва Хоразмшоҳлар давлатида давлат тили форс тили бўлган. Шунинг учун фатвода форс тили ҳақида сўз юритилган. Қуръонни ҳатто намозда узрли ҳолда форс тилида ўқиш мумкинлиги борасидаги фатво ундан ҳам аввалроқ – мазҳаббоши Имом Аъзам Абу Ҳанифа (р.ҳ.) томонидан берилган эди. Намозни ўзбекча ўқиймиз, дейдиган янги гуруҳлар ана шу фатвони ўзларига далил сифатида кўрсатган эдилар-ку!
Имом Аъзам (р.ҳ.) форс бўлганлигидан бу фатвосида форс тили тилга олинган дейиш мумкин. Ўша даврларда бутун дунё халқлари иккига – араблар ва араб бўлмаган ажамларга бўлинган. Форс тили ҳам ажам халқларининг тили эди. Бинобарин, бу фатволарга кўра форс тили эмас, жами ажам тиллари назарда тутилган, десак хато қилмаган бўламиз. Намозни ўзбекча ўқиймиз, дейдиганга ўхшаганларга ўтмишда чиқарилган фатволарнинг тўғри талқиндаги замонавий шарҳ ва изоҳлари даркор эмасми?!
Мустақиллик йилларида тилшунос олимлар "Туркий тафсир"ни нашр қилдилар. Ушбу туркий тафсир мелодий XIII асрда яратилган. Исломшунос олимлар эса таниқли мутасаввиф Мавлоно Яъқуб Чархий (р.ҳ.)нинг форсча тафсирининг XVI асрдаёқ туркийга қилинган таржимасини нашр қилдилар.
XIII асрда яшаган фақиҳ Алоуддин Абдурраҳим ибн Умар ат-Таржумоний ўзининг "Ятимат ад-даҳр фий фатово аҳл ал-аср" номли фатво тўмламини икки тилда – араб тили ва хоразмча туркийда яратган. Чингиз босқинидан бизнинг давримизгача омон сақланиб келган бу арабча-туркий (ўзбек)ча фатво тўпламининг аҳамияти жуда катта. Мазкур олимнинг Таржумоний деган нисбаси унинг кўплаб китобларни таржима қилганини ўз-ўзидан англатиб туради. Бугунги кунда тилшунослар учун қадимги хоразм тилини ўрганишда яна бир фатво тўплами – фиқҳий манба Нажмиддин аз-Зоҳидий (р.ҳ.)нинг "Қунйат ал-мунйа" асари жуда-жуда муҳим ҳисобланади. Ундаги хоразмча фатволардан замонамиз тилшунослари бир неча тадқиқотларини яратганлар. Машҳур "Қисас ал-Анбиё" асари ҳам XIV аср бошларида Носириддин Рабғузий (р.ҳ.) томонидан Хоразмда туркий (ўзбек) тилда ёзилган бўлиб, пайғамбарларнинг тарихини ўрганишда бугунги кунда ҳам ўз аҳамиятини йўқотган эмас.
Абдураҳмон Жомий (р.ҳ.)нинг қирқта ҳадисга бағишланган "Арбаъин" асарини буюк мутафаккир Алишер Навоий (р.ҳ.) туркий (ўзбек)га таржима қилгани кўпчиликка маълум. Жомийнинг тасаввуфий асари "Нафаҳот ал-унс"ини Навоий бобомиз "Насоим ал-муҳаббат" номи билан туркий (ўзбек)га таржима қилган.
XIX аср Мовароуннаҳр халқлари тарихида охирги уйғониш даврлари бўлди, дейиш тўғрироқ бўлади. Афсуски, бу уйғонишни рус босқинчилари оёқ-ости қилдилар. Гап шундаки, Хива хонлигидаги ва Қўқон хонлигидаги маърифий соҳаларда қилинган ишлар асрларга татигулик бўлди. Юзлаб таржимонлар етишиб чиқдилар...
Хоразмда Абдулҳақ Деҳлавий (р.ҳ.)нинг барчага маълум ҳадис тўплами "Мишкот ал-масобеҳ"га битган тўрт жилдли "Ашъат ал-ламаот" шарҳи тўлиқ ўзбек тилига таржима қилинди. Яна бир ҳадис тўплами "Шарҳ Сафар ас-саодат" ҳам тўлиқ таржима қилинган.
Фатво тўпламлари ичида биринчи рақамлиси деб тан олинган "Хулосат ал-фатово" ҳам ўзбек тилига ўгирилган.
"Мухтасар ал-Виқоя"нинг шарҳларидан Абу-л-макорим, ал-Биржандий ва Муҳаммад Салоҳ шарҳлари тўлиқ ўзбек тилига таржима қилинган.
Ўша даврдаёқ "Канз ал-ибод", "Далоил ал-хайрот", "Тазкират ал-авлиё", "Хазинат ал-асфиё", "Анис ал-воизин", "Нур ал-абсор", "Канз ал-асрор", "Тазкираи Тоҳир эшон", "Таржимаи Ақоид", "Мифтоҳ ал-жинон" ва бошқа майда рисолалар Хоразмда таржима қилинган.
"Нафаҳот ал-унс", "Солати Масъудий", "Кимёи саодат", "Риёз ал-музаккирин", "Маориж ан-нубувва" ("Сийари шариф") каби китоблар Хива хонлигида ҳам, Қўқон хонлигида ҳам алоҳида-алоҳида таржима қилинган.
Демак, ўзбек тилида диний адабиётларни яратиш узоқ асрларга бориб тақалади... Ота-боболаримиз ўз имкон доираларидан келиб чиқиб, диний адабиётларнинг таржималарини яратишга ва ўз тилларида мустақил асарлар битишга ҳамиша рухсат бериб келганлар ва бу йўлда ҳам ғайратли меҳнат қилганлар. Ушбу хайрли ишларни ҳозирда ҳам унумли ва тизимли равишда давом қилдириш керак ...
Янги диний асарлар нашридаги хато ва камчиликлар
Ўзбекистон шароитида янги диний асарлар мустақилликнинг илк йиллариданоқ чиқа бошлади. Аввалига, китоб чиқаришга ҳеч қандай тўсиқ йўқ эди. Китоб чиқаришда мутлақ эркинлик. Бу эркинлик қимматга тушди. Ҳар ким истаган китобини чиқара бошлади. Динни биладиган ҳам, билмайдиган ҳам китоб чиқарди, рисола ёзди. Таржима асарларнинг сони эса янги ёзилганларидан кўра кўпроқ бўлди. Тўғри келган китоб ёки рисолани билар-билмас таржима қилишга тушиб кетилди. Оқибатда бир-бирига тескари маънодаги китоблар ҳам чиқа бошлади. Халқнинг савияси, диний даражаси, онг-дунёқарашига қараб китоб чиқариш йўлга қўйилмади... Энди-энди, бу камчиликлар тўғрилана бошлади. Камчилик излаб, ҳозирги даврни мустақилликнинг илк даврлари билан баҳолаш керак эмас...
Қуръони карим тўла равишда ўзбек тилига таржима қилинди. Маъно таржималар. Бу буюк ифтихор, улуғ қувончли воқеа бўлди. Бироқ, айрим одамлар уни ўқиб, бу оддий қисса ва ривоятлардан иборат китоб-ку, деб қолишди. Биздами, ташқаридами, "Қуръоннинг фақат таржимасига ишонамиз, ундан бошқа китобларни инкор қиламиз. Ундангина ҳукм оламиз", дейдиган янги фирқа ҳам пайдо бўлди. Қуръоннинг маъно таржималари ёнида тафсирлари ҳам бирга бўлиши керак эди. Оятларни айнан қандай тушуниш лозим, минг йиллардан бери одамлар ва олимлар қандай тушуниб келганларини баён қилинган шарҳ-изоҳ маъносидаги тафсирлар бўлиши керак эди. Ҳозир ҳам бунга зарурат бор, бундан кейин ҳам бўлаверади. Ҳозиргача Қуръони каримнинг ўзбек тилидаги бир неча тафсирлари бўлса-да, бироқ, улар етарли эмаслиги ўз-ўзидан аён. Янгидан-янги, ҳар хил йўналишдаги тафсирларга эҳтиёж ҳозир ҳам катта.
Нимага, Қуръони каримнинг мавзуий тафсирлари чиқмаслиги керак?!
Нимага, Қуръони каримнинг илмий, дунёвий илмларнинг асоси эканини кўрсатувчи тафсирлари бўлмаслиги керак?!
Нимага, ҳозиргача Қуръони каримнинг аҳкомларига оид тафсирлари, ҳанафийликка асосланган фиқҳий тафсирлар ўзбек тилида яратилаётгани йўқ?!
Нимага, Қуръони каримнинг ақидаларига бағишланган тафсирлар йўқ. Мотуридийлар ақидасини асослаб берадиган тафсирларга эҳтиёжимиз бор!
Нимага, Қуръони каримнинг руҳий тарбияга бағишланган қисмлари алоҳида тафсир қилинмаслиги керак?!
"Саҳиҳи Бухорий"нинг тўрт жилди ҳам тўла равишда таржима қилинди. Бу ҳам буюк ифтихор, улуғ қувончли воқеа бўлди. Бироқ, айрим одамлар, айниқса, ёшлар унда келтирилган айрим ҳадисларга бизнинг юрт анъаналари, миллий-диний урф-одатлари тўғри келмаётганидан таажжубга тушдилар ва бундан бошлари қотиб қолди. Ҳанафийлар ҳадисларга амал қилмас экан, деган мутлақо нотўғри, ҳақиқий бўҳтон фикр баъзи ёшлар бошида айлана бошлади. Шу билан ҳар хил тортишувлар, баҳс-мунозаралар авж олди...
Бу ҳолат бутун дунёни, мусулмон оламини ташвишга солмоқда. Бу фақат Ўзбекистонда эмас, барча мусулмон юртларида бўлиб ўтган ва бўлиб турган муаммодир. Бундан фойдаланган Америка "Саҳиҳи Бухорий"ни терроризм ва экстремизмнинг маънавий асоси сифатида рўйхатга киритиб, шармандали ҳукм ҳам чиқариб қўйди....
Аслида, "Саҳиҳи Бухорий"нинг ёки "Жомеъ ат-Термизий"нинг қуруқ таржимаси эмас, изоҳли таржимаси даркор эди. Бошқа ҳадис тўпламлари "Сиҳоҳи ситта", "Сиҳоҳи тисъа" кабилар ҳам тўлиқ ўзбек тилида таржима қилинса нур устига нур бўларди. Бироқ, уларнинг ҳанафий мазҳабига асосланган, кўп жилдли шарҳлари ҳозирги кунларда ҳам жуда зарур бўлиб турибди.
Фиқҳий асарлар ҳам кўплаб таржима қилинди. "Мухтасар ал-Виқоя"нинг қуруқ таржимаси мустақилликнинг илк йилларидаёқ дунё юзини кўрди. Бироқ, уни ўқиб, кўпчилик тушунмади. Янги шарҳлар даркор бўлди. Майда-майда фатвога ўхшаган савол-жавобли фиқҳий мавзулардаги рисолалар урчиб кетди. Уларнинг айримларида ҳанафийлик мазҳабида тан олинган усулий қоидалар – таржеҳ усули, қайси манбадан фатво олиш кераклиги, қайси масала халқ учун олинади-ю, қайси масалага фатво берилиши кераклиги унутилиб, ҳаммаси тўғри келган жойидан масала айтилаверди. Натижада, бир-бирига телба-тескари фатволар ҳам чиқиб, одамларнинг бошини қотирди. Булар тўғриланиб, ҳаммаси жой-жойига тушиши керак....
Ҳанафийликдаги эътиборли фиқҳий манбалар: "ал-Ҳидоя", "Хулосат ал-фатово", "Шарҳи Виқоя", "Жомеъ ас-сағир", "Шарҳи маоний ал-асор" кабилар таржимаси бугунги куннинг энг долзарб ва зарур ишларидан бўлиб қолмоқда.
Хулоса
Демак, юқоридаги мулоҳазалардан шу фикрга келиш мумкинки, янги-янги асарлар ва таржималар ҳамма вақт даркор ва лозим. Уларни олимлар ёзиб беришлари, халққа ва талабаларга тақдим қилишлари лозим. Бундан кўз юмиб бўлмайди. Бошқача фикрда бўлиш ҳақиқатдан кўз юмиш ҳамда замона ва давр ҳолатини билмаслик оқибатидир....
Янги диний адабиётлар ва таржималардаги мавжуд камчиликларни эса уларга раддиялар ёзиш, муаллиф ва таржимонларга оғзаки равишда билдириш, улар ўрнига янги пухта ва ишончли асарлар ҳамда таржималар чиқариш билан бартараф қилиб борилаверади.
Муҳими, китобхон халқни китобдан бебаҳра қолдириш асло ярамайди. Янги асарларнинг чоп ва нашр этилиши йўлини тўсиш алалоқибат жуда хунук муаммоларни келтириб чиқаради. Зотан, ҳаётда асло бўшлиқ бўлмайди. Ўзимизда, ўзимизнинг китоблар бўлмаса, бошқаларнинг бошқача китоблари ўрин эгаллаб олади. Бунинг эса олдини олишимиз зарур. Зотан, китобхон халқни китоб ўқишдан тўхтатиб бўлмайди. улар китоб ўқийверадилар...
Янги диний нашрларни ёмонлаш ўрнига, уларга яхши ва фойдали китоблар тақдим қилиб туриш яхши ва фойдали эмасми?!
Янгидан янги китоблар чоп қилаётганлар ҳаққига дуои хайрлар қилиб туриш хайрли эмасми?!
Нашр қилиб турилган диний адабиётларнинг, иложи борича, барчаси билан танишиб бориш, шу орқали диний саводни ошириш, шу билан илм таҳсили бўлиб туриши ҳар бир мусулмон учун фақат ва фақат савобли эмасми?!
Сиз нима дейсиз?
Ҳамидуллоҳ Беруний