1446 йил 21 жумадис сони | 2024 йил 23 декабрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Таҳлил

Яхшилик ва ёмонлик элчилари

05:00 / 13.03.2017 5031 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Якка ўзингиз сафарга чиқдингиз ва олдингизда икки йўл пайдо бўлди. Бири қийин, тоққа кўтарилган йўл бўлса, бошқаси осон, кенгликка ястанган йўлдир. Биринчисининг бошида ҳукумат осиб қўйган кўрсаткичда: “Бу йўлнинг боши ўнқир-чўнқир, тошлоқ, тикан-бутали, юриш оғир, силжиш қийин бўлсада катта шаҳарга олиб борадиган, кўзланган мақсадга етказадиган энг тўғридир”, деб ёзиб қўйилган. Иккинчиси эса равон, мевали ва гулли дарахтлар соя ташлаб турган, четлари кўнгилни ҳушлайдиган, кўзни қувнатадиган қаҳвахона, ўйинхоналарга тўла. Лекин унинг лавҳасига: “Бу йўл хатарли ва таҳликали, охири муҳаққақ ўлим ва аниқ ҳалокатдир”, деб ёзиб қўйилган.


Шунда сиз қайси йўлдан юрасиз?

Шубҳасиз, нафс қийинига эмас осонига, аламлисига эмас лаззатлисига мойил бўлади. У эркинликли севади, чекловни ёқтирмайди. Бу – Аллоҳ нафсни унинг устида яратган фитратдир. Агар инсонни нафс ва ҳавосига қолдирилса, унга бўйсинса иккинчи йўлни танлайди. Лекин бу ҳолда ақл аралашиб, ортида бениҳоя алами бор қисқа ва ҳозир мавжуд лаззат билан ниҳоясида боқий роҳат бўлган муваққат ва қисқа қийинчилик ўртасини мезонга қўяди ва биринчи йўлни ортиқ билади.  

Бу – жаннат йўли ва дўзах йўлининг мисоли. 

Дўзах йўли роҳат, фароғатли. Унга нафс мойил, ҳаво ундаган. Унда жамол ва гўзалликларига назар солиш, шаҳват ва унинг лаззатларига истижобат бор. Унда молни турли йўллар билан қўлга киритилади ва у марғуб, ҳам маҳбуб. Эркин ва озодлик унда, нафс эса ҳуррият ва эркинликни севади, чеклашлардан қочади.

Жаннат йўлида машаққат ва қийинчиликлар бор. Чеклов ва чегаралар ҳам, нафсга қарши бориш ва ҳавони синдириш ҳам унда. Лекин бу йўлдаги муваққат машаққатнинг оқибати охиратдаги доимий роҳатдир. Дўзах йўлидаги бир зумли лаззатнинг самараси эса, жаҳаннамдаги давомли аламдир. Мисол айтаман, имтиҳон тунларидаги талаба телевизор қаршисида мукка тушган оила аъзоларини сурур ва роҳатда қолдириб, китоб ва дафтарлари билан якка ўзи қолган пайтда қаттиқ оғринади, аламланади. Бу алам ортидан эса у муваффақият лаззатини тотади. Ёки хаста инсон иситма оғриғи устига бир неча кун тотли таомлар маҳрумлигига ҳам сабр қилади. Шу сабаб бундан кейин соғлик саодатини қўлга киритади. 

Аллоҳ олдимизга икки йўлни қўйган. Ва бизга уларнинг ўртасини ажрата билиш малакасини берган. Бу билан яхшиликни ёмонликдан фарқлаймиз. Хоҳ олим бўлсин, хоҳ жоҳил, хоҳ каттаю, хоҳ кичик, ҳамма агар яхши иш қилса кўнгли роҳатланади. Ёмон иш қилиб қўйса безовталанади. Балки бу малака ҳатто ҳайвонда ҳам мавжуд. Масалан, мушукка бир бўлак гўшт отсангиз олдингизда уни шошмасдан, хотиржам ҳолда тановул қилади. Агар уни ўғирлаб кетса сиздан узоқда, шошилганча ейди. Таъқиб қилиб, олиб қўймасингиз учун кўзи сизда бўлади. Бунинг маъноси, биринчи луқма унинг ҳаққи эканини, иккинчисини эса ноҳақ қўлга киритганини у идрок қилди, дегани эмасми? 

Бу ҳақ билан ботил ўртасини, ҳалол билан ҳаром ўртасини фарқлаш эмасми?

Ит агар яхши иш қилса эгасига ялтоқланади. Гўё ундан мукофот кутаётгандек. Аммо бир гуноҳ иш қилиб қўйса думини қисиб, узоққа бориб олади. Гўёки узрини изҳор қилаётгандек ёки жазоланишни кутаётгандек.

Аллоҳ таолонинг Балад сураси, 12-оятида “ Ва Биз уни икки баландликка йўллаб қўйдик!”, деганининг таъвили мана шудир.

Аллоҳ таоло жаннат йўли бошига унга чақирадиган, унга йўллайдиган чақирувчилар – пайғамбарларни қўйиб қўйган. Шунингдек дўзах йўлига  унга чақирадиган, унга тарғиб этадиган чақирувчилар – шайтонларни қўйиб қўйган. Ва уламоларни пайғамбарлар меросхўри қилган. Муҳаммад қизи Фотима, дадасидан мол ёки уй мерос олмаган. Уламолар ҳам Муҳаммад  (с.а.в.)дан ушбу даъватни мерос олишган. Ким уни ўз ўрнида қойим қилган бўлса ушбу мерос шарафига ҳақли бўлади.

Бу даъват жуда қийин. Чунки башарият нафси ҳурриятга мойил қилиб яралган. Дин эса уни чеклайди. Нафс лаззат ортидан чопишга мойил халқ қилинган. Дин эса уни тутиб қолади. Ким уни фисқ ва исёнга чақирса табиатига мувофиқ келади. У билан бирга ариқда сув оққандек равон юради. 

Ёмон ўртоқ сенга: “Бир жойда чиройли қиз бор, яланғоч рақсга тушади”, дейди. Нафсинг унга мойил бўлади. Ҳавойинг унга талпинади. Мингларча шайтон сени унга судрайди. Унинг эшиги олдига келиб қолганингни ўзинг сезмай қоласан. Олдингга бир насиҳатгўй келиб, ундан сени қайтарадиган бўлса, бунга кўнишинг, нафсинг майлини ва қалбинг ҳавосини синдиришинг қийин бўлади.

Ёмонлик элчилари қийналишмайди, куч сарфлашмайди. Лекин машаққат ва куч сарфлаш эса яхшилик элчиси, насиҳатгўйгадир. Ёмонлик элчисининг қўлида нафс майл этадиган ҳамма нарса; очиқ авратлар, муҳаррам шаҳвоният, кўз ва қулоқ роҳатланадиган барча нарсалар ҳамда, қалб ва жасад лаззатлари бор. Яхшилик элчисида эса фақатгина манъ этиш бор.

Масалан очиқ-сочиқ юрган қизни кўрганда унинг чиройига маҳлиё бўлиб, унга майл этасан. Яхшилик элчиси эса: “Кўзингни олиб қоч, унга қарама”, дейди. Тожир рибодан осон фойда кўради. Қийналмайди. Азият чекмайди. Нафс унга интилади. У эса сенга: “Қўй уни. Ташла. Қўлингни энди ҳеч қачон унга чўзма!”, дейди. Амалдор шеригининг бир дақиқада унинг бир ойлик маошига тенг келадиган пора олганини кўради ва ундаги фаровонликни ва эҳтиёжларини қандай қондираётганини тасаввур қилади. Шунда яхшилик элчиси унга ҳам: “Сен уни олма ва қулоқ солма”, дейди. Уларнинг барчасига дейди: “Келажак, кўзимизга кўринмас лаззатларга эришиш учун бу мавжуд ва муҳаққақ лаззатларни тарк қилинг. Ҳозир кўрмаётган билмаётган нарсаларингиз учун кўриб турган ва билган нарсаларингизни ташланг. Нафс майллари ва қалб ҳаволарига қарши курашинг!”. 

Буларнинг бари нафсга оғирдир. Динни оғирлик билан сифатланганини инкор қилманг. Чунки бундай деб Аллоҳ Ўзи Қуръонда сифатлаган: “Зеро, Биз сизга оғир Сўзни – Қуръонни туширажакмиз”. (Муззаммил сураси, 5-оят). Ҳар қандай олийжаноблик нафсга оғирдир. Талабанинг телевизорни ташлаб дарсга ўтириши оғир. Олимнинг истироҳатни тарк этиб ўқиш ва ўқитиш билан шуғулланиши оғир. Ухлаб ётганнинг иссиқ тўшакни ташлаб бомдод намозига туриши оғир. Эрнинг хотини ва бола-чақасини ташлаб сафарга кетиши оғир.

Шунинг учун ҳам солиҳлардан толиҳларнинг, тўғри йўлда юрган зокирлардан залолатда адашган ғофилларнинг кўплигини кўрамиз. Шунинг учун ҳам тафаккур ва далилсиз кўпчилик ортидан эргашиш аксар залолатга олиб борганига гувоҳмиз. “Ер юзидаги кимсаларнинг жуда кўпларига итоат қиладиган бўлсангиз, сизни Аллоҳнинг йўлидан оздирурлар”. (Анъом сураси 116-оят) Агар озлик ва нодирлик олийлик ва қадр белгиси бўлмаганда, олмос нодир ҳисобланиб, кўмир эса кўп ва сероб бўлмасди. Даҳолар, истеъдодлар ва ёрқин шахсиятлар эса одамларнинг камчилигини ташкил қилмасди. 

Албатта пайғамбарлар ва уларнинг меросхўрлари бўлган солиҳ олимлар жаннат йўлига чақирувчи кишилардир. Шайтонлар ва одамларнинг бузғунчи фосидлари эса дўзах йўлига чақирувчи кимсалардир. Бизда, бизнинг ичимизда уларнинг ҳам, буларнинг ҳам ёрдамчилари бордир. Ичимизда пайғамбарларга тарафкашлар ва шайтонларга тарафкаш тоифа – ёмонликка буюрувчи нафс бор.


Шайх Али Тантовийнинг “Ислом динига умумий таъриф” китобидан Мубашшир Аҳмад таржимаси.

(Давоми бор)



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Илоҳий мўъжизалар ёхуд Британия музейидаги уч минг йиллик топилма кимга тегишлиСизу биз яшаб турган бу кўҳна очунда ҳар қадамда Яратганнинг беқиёс мўъжизаларига давоми...

2334 17:57 / 14.08.2020
Абдуллоҳнинг телефони жиринглади. Дўстларидан бири ташвишга туширадиган, қалбнинг тинчини бузадиган машъум нарсадан хабар берди. Телефонда гаплашаётиб кайфияти давоми...

3143 05:00 / 09.03.2017
БИСМИЛЛАҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ Мен уларни на осмонлару ерни яратишга ва на ўзларини яратишга гувоҳ қилмаганман ва адаштиргувчиларни ёрдамчи қилиб олган эмасман1rdquo давоми...

4320 05:00 / 09.03.2017
Бисмиллаҳир роҳманир роҳиймБидъатни тарқатмангАллоҳ таолога У Зотнинг Ўзига хос ва мос беадад ҳамду санолар бўлсин Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломга давоми...

40747 17:00 / 07.01.2021