1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мавлид

Мавлид тарихи ва фикрлар, ушбу муносабатга тегишли бидъатлар ва уларнинг муолажаси

05:00 / 09.03.2017 3632 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Мавлидни нишонлаш тарихи, умуман олганда, Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ўзларига бориб тақалади. Ул зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам душанба кунлари рўза тутиб: “Бу мен туғилган кун”, дердилар. Буни имом Муслим ўз “Саҳиҳ”ларида Абу Қатода розийаллоҳу анҳудан ривоят қиладилар.

Имом Суютий зикр қилишларича, Мавлидни биринчи бўлиб мунтазам ва тантанали нишонлашни йўлга қўйган киши Арбил ҳокими (ҳозирги Ироқнинг шимолидаги шаҳар) Абу Саъид Кўкбўри ибн Зайниддин Али ибн Бектегин бўлган. Аҳли Сунна уламолари мазкур ҳокимни олқишлаганлар ва у йўлга қўйган яхши бидъатни маъқуллаганлар. Суютий ва Ибн Касир у ҳақда: “Буюк ва улуғ подшоҳлардан эди. Ўзидан кўп яхши амаллар қолдирган”, дейишса, ҳофиз Заҳабий: “Мутавозеъ ва одобли инсон эди. Фуқаҳо ва муҳаддисларни яхши кўрарди”, деб зикр қиладилар. Ибн Халикон ҳофиз Абу Хаттоб ибн Диҳянинг таржимаи ҳолини зикр қилиб шундай дейди: “У олимларнинг таниқлиси ва фозилларнинг машҳурларидан эди. Мағрибдан йўлга чиқиб, Шом ва Ироққа борди, Арбилга 604-йили кирди. Унинг буюк подшоҳи Музаффариддин ибн Зайниддин Мавлиди набийга жуда катта эътибор берар эди. Абу Хаттоб унга атаб “Ат-Танвир фи мавлидил баширин назир” номли китоб ёзди ва уни ўзи ўқиб берди. Шунда ҳоким уни минг динор билан мукофотлади”.

Кези келганда шуни айтиш мақсадга мувофиқки, доктор Салоҳиддин Мунажжад ўзининг “Муъжаму ма уллифа ан Расулиллаҳи соллаллоҳу алайҳи ва саллам” номли китобида: “Мавлиди шариф тўғрисида уламо ва солиҳлар томонидан ёзилган китоблар сони 160 га етади”, дейдилар.

Айюбийлар даврида нишонланиши бошланган Мавлид усмонлилар даврида янада тантанали равишда ўтказиладиган бўлди. Масалан, султон Абдулҳамид даврида ўн иккинчи рабиул аввал куни салтанат аъёнлари шоҳона расмий кийимлар кийиб, кўкракларига нишонлар таққан ҳолда энг катта жомеъ масжид эшиги олдида султонни кутиб саф тортишарди. Султон ҳам қасрдан қимматбаҳо анжомлар билан жиҳозланган энг яхши отни миниб, маҳобатли мавкиб қуршовида жомеъга йўл олар эди. Улар усмонлилар байроғи илинган кўчаларда икки қатор тизилган аскарлар орасидан ўтиб борар, халойиқ эса уларга эргашарди. Ҳаммалари жомеъга кириб бўлгач, тантаналар бошланар эди. Аввал Қуръон тиловати, сўнг Муҳаммад алайҳиссаломнинг туғилиш қиссалари қироат қилинарди. Сўнг пайғамбар алайҳиссаломга салавот айтиш сифатида “Далоилул-хойрот” китоби ўқиларди. Шундан кейин баъзи шайхлар томонидан зикр ҳалқалари ташкил этилар, уларда нашид ва салавотлар баланд овозларда айтиларди. Ўн иккинчи рабиул аввал тонгида даражаларидан қатъий назар давлат киборлари Султонни Мавлиди набий билан қутлашарди.” (Ҳасан Сандубийнинг “Тарихул иҳтифал бил мавлидин набий” китобидан) 

Бундай тантаналар ўша пайтда улкан ислом мамлакатининг турли томонларида нишонланган бўлса,  ҳозир ҳам Саудия Арабистони мамлакатини истисно қилган ҳолда бошқа барча мусулмон мамлакатларда расмий нишонланади. Саудиянинг ғарби, хусусан, Макка шаҳрида ҳозир ҳам ушбу сана муносиб тантана қилинади.

Мавлиди набийни нишонлаш ҳақида аксар ислом уламолари яхши фикрлар билдирганлар. Жумладан, Ибн Жавзий: “Мавлиднинг фазилатларидан бири ўша йили мурод ва мақсадга тезда етиш ҳақида башоратдир”. 

Ибн Обидийн: “Билингки, маҳмуд бидъатлардан бири Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи ва саллам туғилган ойларида қилинадиган Мавлиди шариф амалидир. Мўъжизалар соҳиби соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қиссаларини эшитиш энг катта қуруботлардандир. Чунки  у кўп мўъжиза ва салавотларни ўз ичига олгандир”.  

Ҳофиз Шамсиддин ибн Носириддин Димашқий: “Чўриси Савбийя Пайғамбар алайҳиссалом туғилганлари башоратини етказганда хурсанд бўлиб, уни озод қилгани учун Абу Лаҳабнинг дўзахда азобланиши душанба куни енгиллатилиши хабари саҳиҳ собитдир”.

Буларга ўхшаш олқиш ва яхши таърифлар қадим буюк олимлардан Саховий, Ибн Ҳажар Асқалоний, Суютий, Шамсиддин ибн Жазарий, Абу Шома ва Шаҳоб Қасталоний, замонамизнинг забардаст уламоларидан Муҳаммад Тоҳир ибн Ошур (Зайтуна жомеъи шайхи), Ҳуснайн Муҳаммад Махлуф (собиқ Азҳар жомеъи шайхи), Муҳаммад Мутаваллий Шаъровий, Юсуф Қарзовий, Муҳаммад Саъид Рамазон Бутий, Абдуллоҳ ибн Бейҳ, Али Жумъа, Ваҳба Зуҳайлий кабилар томонидан ҳам нақл қилинган бўлса-да, сўзимизни мухтасар қилиш мақсадида уларнинг фикрларини зикр қилиб ўтирмадик.

Маълумки, бир нарсага ҳалол ёки ҳаром ҳукмини бериш имом Абу Ҳанифа, имом Шофеъийлар каби мужтаҳид салафларимиз вазифасидир. Умматнинг салафию халафи афзалликларига гувоҳлик берган мужтаҳид имомларимизнинг каломларига мурожаат этмай, бу вазифа даъвосида бўлган ҳар қандай кишининг сўзи мардуддир. Жумладан, Мавлидни “ёмон бидъат” дейдиган кишиларнинг ҳам. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллламнинг туғилган саналари муносабати билан бўладиган зикр мажлисларини Пайғамбар алайҳиссалом қилмаганликлари ҳужжати билан уни ҳаром деяётганларга шундай жавоб қиламиз: Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам қилмаганлари туфайли масжидлардаги меҳробларни залолатли бидъат деб биламизми? Мусҳафи шарифнинг жамланиши ва уларга белги-нуқталарнинг қўйилишини ҳаром амал ҳисоблаймизми?  

Хуллас, бу борада одамлар фикрларига кўра уч гуруҳга бўлинганлар: 

биринчи – набий алайҳиссалом мадҳларида ғулувга кетиб, у зот ҳақларида айтиш жоиз бўлмаган сўзларни айтувчилар; 

иккинчи – одамларни бидъатчи, ҳаром ва гуноҳ иш қилишда айблаб, ўз инкорларида ҳаддан ошувчилар; 

учинчи – Аллоҳнинг Китоби ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатларидан келиб чиққан асосларга таяниб, пайдо бўладиган мулоҳаза ва саволларга ўрта йўл – васатийликни ушлаган ҳолда жавоб изловчилар, биз ҳам ўзимизни уларга мансуб санаймиз. 

Биринчи мулоҳаза:  Мавлиди набавийни нишонлаш бидъат эмасмикан?

Жавоб: Дарҳақиқат, луғавий маънода бидъатдир. Чунки Мавлид олдин бўлмаган ва янги пайдо қилинган ишдир. Аммо шаръан бидъат эмасдир. Чунки бу ҳақда шариатимизда таяниладиган асос бор. Асос нима эканини айтишдан олдин уламоларимиз бидъат ҳақида нима дейишганига назар соламиз: 

Имом Ибн Ражаб Ҳанбалий айтадилар: “Бидъат шариатда асоси йўқ нарсани пайдо қилишдир, аммо шариатда далилли асосга эга нарсалар бидъат бўлмайди”. Бу маънодаги таърифлар бошқа ишончли олимлар томонидан ҳам қилинган бўлиб, уларнинг хулосасига кўра бидъат – пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламдан етиб келмаган амал бўлишдан ташқари, ўша амалга шаръий асоснинг йўқлиги ҳам талаб этилади. Мавлид эса бундай бидъатлар сирасига кирмайди.

Хўш, унда Мавлидни нишонлашнинг шариатда қандай асоси бор, деган савол пайдо бўлади.  Бу саволга жавобни шайхулислом Ибн Ҳажар Асқалоний таъбирларида берамиз: “Менга унинг қатъий асосга эга эканлиги маълум бўлди. Бунга “Саҳиҳайн”да келган ушбу ҳадис асосдир: “Пайғамбар алайҳиссалом Мадинага келган пайтларида яҳудийларнинг Ошуро кунида рўза тутишганини кўрдилар ва улардан бу ҳақда сўраганларида улар: “Бу кунда Аллоҳ Фиръавнни ғарқ қилди ва Мусо алайҳиссаломга нажот берди. Шунга биз Аллоҳга шукр қилиб рўза тутамиз”, дейишди. Бу ривоятдан муайян кунда неъмат ёғилгани ёки зулм кўтарилганига шукр этиб, бирор амал қилиш ва уни ҳар йили қайтариш мумкинлиги истифода этилади.”

Навбатдаги мулоҳаза шуки, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўз Мавлидларини нишонлашга буюрмаганлар, балки буни тарк этганлар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам буюрмаган ишларини қилиш қандай бўлади?

Жавоб; Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам буюрмаган бўлсалар, наҳий ҳам қилмаганлар. Наҳий қилганлар, деган одам далил келтирсин. Қолаверса, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам эчкиэмар емаганлар. Емасликлари ҳаром ёки макруҳлигидан эмас. Саҳобалар эса ейишган.

 وَمَا آَتَاكُمُ الرَّسُولُ فَخُذُوهُ وَمَا نَهَاكُمْ عَنْهُ فَانْتَهُوا 

“Расул келтирган нарсани олинг ва у сизни нимадан қайтарган бўлса, тўхтанг” оятини яхшилаб мулоҳаза қилсак, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам қайтарган нарсаларни тарк этишимиз лозимлигини тушунамиз. Лекин у зот сукут этган нарсаларини нима учун қўрқмасдан ҳаром дейишимиз керак?!

Тўртинчи мулоҳаза: Мавлидни ўтказишга муайян кун ёки кунлар белгилаб қўйилган. Лекин бундай хослаш жоиз эмас-ку?

Саволга саволлар билан жавоб қиламиз: Умар ибн Хаттоб розийаллоҳу анҳу ҳижрий тақвимнинг бошланишига кун белгилаб қўймаганларми? Абдуллоҳ ибн Масъуд розийаллоҳу анҳу ҳар пайшанбани дарс бериш учун белгиламаганларми? Каъбаи мушаррафага каъбапўшни кийдиришга кун таъйин қилингани ҳам бидъатми?  

Қолаверса, Аллоҳ таолонинг неъматларини эслаш учун энг муносиб вақт ўша неъматлар ҳосил бўлган кунлар эмасми?

Бешинчи савол: Мавлидни жуда бўлмаганда садди зариъага биноан ва уни нишонлашдаги гуноҳ ишларга кўра манъ этиш лозим-ку?

Жавоб: Ушбу тушунча бўйича хамр ишлаб чиқилади, деб садди зариъа учун узум экишни ҳам манъ қилиш керакми? Имом Қарофий айтадилар: “Зариъани тўсишдаги муболаға уни очишдаги муболағага ўхшайди. Иккови ҳам тузатишдан кўра бузади ва фойда беришдан кўра зарар келтиради”. Шунинг учун ҳам бизнинг мазҳабимизда мазкур қоидага кўпда мурожаат қилинмайди.

Олтинчи савол: Араб мамлакатларида бу кун Ийди мавлид деб ҳам номланади. Исломда эса фақат иккита ийд бор. Шу жиҳатдан ҳам бу яхшимас-ку?

Жавоб: Денгиз чўчқаси “чўчқа” номи билан аталгани учун ҳаром бўлганми? Банк фойдалари “фойда” деб номлангани рибони ҳалолга айлантиряптими? Истилоҳлар ҳақида баҳс қилишнинг кераги йўқ. Чунки “ийд” сўзи луғатда “қайтиш” маъносини билдиради. Яъни ҳар йили қайта келгани учун “ийд” дейилади. Табиийки, мавлидни “ийд” дейилганда, унинг шаръий маъноси назарда тутилмаяпти. Шунинг учун ҳам бизнинг диёрларда уни “ийд” дейилмайди.

Энди биз, юқорида айтганимиздек, бу масалага васатийликка амал қилишимиздан келиб чиқиб баҳо бериб, бу маросим ҳақида бошқа томондан ҳам мулоҳаза қилиб кўрайлик. Мавлид маросимини нишонлаш мумкинлигига келтирган далилларимиз унинг фарз ёки вожиб эканлигини кўрсатмайди. Балки севимли пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга меҳримиз товланиб, муҳаббатимиз жўш урганидан нишонлайдиган бу маросимимиз яхши ва солиҳ амаллар қаторига киради. Аммо мавлид маросимини фарз даражасидаги муҳим амал деб кўриб ғулувга кетиш орқали ҳақиқий ёмон бидъатлар ҳам юзага келмоқда. Масалан, бу бидъатларлардан бири сифатида бошга бирор мусибат тушганда ёки хаста бўлганда мавлид ўқитиб юбориш керак, деган фикрнинг юзага келишини кўрсатсак бўлади. Бунда мубтало ўз муаммосининг сабабларини изламайди, ечимини топмайди ёки даволанмайди. Балки ўзи маъносини, моҳиятини англамаса-да, мавлид ўқитиб юбориш керак, дейди. Бу билан у пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламга муҳаббатимиз рамзи бўлган мавлидни омма наздида хурофий, унга қаршилар фикрича эса бидъати саййиа амалга айлантиради. Бу бидъатнинг ечими сифатида биз халқ орасида мавлиднинг мазмун-моҳиятини тушунтириш лозимлигини, мавлид матнларини ўқиётган кишиларга эса унинг маъносини ҳам тушунтириб беришларини тавсия қилган бўлардик. Шунда мавлид бошга иш тушганда ўқиладиган хурофий маросим эмаслиги ва асосийси, мавлиддан кўзланган мақсад Пайғамбар солллалоҳу алайҳи ва салламнинг таваллудлари Аллоҳнинг инсониятга берган неъмати экани ва биз мавлид ўтказиш билан ушбу неъматга шукроналар изҳор этаётганимизни билдирамиз, бу билан ҳабибимиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламни халқимизга яна бир бор таништириш ишига ҳисса қўшаётган бўламиз.  

Ушбу фурсатдан фойдаланиб ўзимнинг айрим таклифларимини билдириб ўтсам:

биринчидан, шундай маросимлардан жанобимиз соллаллоҳу алайҳи ва салламни танитишда унумли фойдаланиш учун тавсиялар ишлаб чиқилса; 

иккинчидан, ана шундай унумли ишлардан бири сифатида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам улуғланган салавотлар ва нашидлар мажмуасини МП3 шаклида тайёрланса;

учинчидан, қадимда ўқилган “Далоилул хойрот” каби, мусулмон киши доим ўқиб юрадиган мухтасар салавот рисола тайёрланса, мақсадга мувофиқ бўлар эди. 

Хуллас, бугунги кунда дин душманлари томонидан қаттиқ адоватга нишон бўлаётган севимли пайғамбаримиз Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи ва салламни муносиб ҳимоя қилиш, у зотнинг буюкликларини оламга изҳор этиш билан бирга улуғ ҳулқ соҳибининг йўлларини маҳкам тутишимиз биз умматлар учун фарздир.

Ота ва онамиз сизга фидо бўлсин, ё Расулуллоҳ!


Мубошир Аҳмад



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Маҳалли қиёмни қўллаб қувватловчиларнинг кўпчилиги ушбу ҳодисани далил сифатида келтиришади. Аммо бу ерда айрим мулоҳазали жиҳатлар бор. Биринчидан, бу йиғин давоми...

1341 13:59 / 24.10.2021
Имом Табароний раҳматуллоҳи алайҳи ҳасан санад билан ривоят қилган ҳадисда шундай дейилади.Саййидимиз Аббос ибн Абдулмуттолиб Набий алайҳиссаломнинг давоми...

2918 09:22 / 02.11.2021
Шу ўринда тарихчиларимиз, муҳаддислар ва сийратчиларимиз Буҳайро исмли роҳиб билан Абу Толиб бошлиқ тижорат карвони аъзолари орасидаги учрашув ҳақидаги қиссани давоми...

3654 18:59 / 07.12.2017
Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг таржимаи ҳолларининг ўзи биз учун буюк намуна. Аввало, У зот алайҳиссалом биз каби оддий инсон бўлганлар ва буни ҳаммага эълон давоми...

2801 19:05 / 05.11.2019
Аудиолар

137653 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

57720 14:35 / 11.08.2021