1447 йил 25 шаъбон | 2026 йил 13 февраль, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Саҳобалар ҳаёти

Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳунинг ҳаёт йўллари

09:00 / 16.07.2023 2564 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

(учинчи мақола)

Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳу Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга барча жангларда ихлос билан иштирок этиб, ўзларининг фидокорликлари, жасоратлари, баҳодирликлари билан Ислом тарихининг заррин саҳифаларига номларини олтин ҳарфлар ила битдилар.


Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳу инсоният тарихидаги ҳал қилувчи жанглардан бири бўлган, унда иштирок этган мусулмонларга Аллоҳ таоло томонидан улкан марҳаматлар қатори, жаннат ваъда қилинган Бадр жангида ҳам жонбозлик кўрсатдилар.


Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам 2-ҳижрий сана, Рамазоннинг ўн еттинчи куни, Жума кечаси хуфтон пайтида Бадрнинг қуйи томонига келиб тушдилар.


Вазият жуда оғир эди. Мусулмонлар ҳали ўз тарихларида душман билан юзма-юз бўлмаган эдилар. Бунинг устига, ўша жангда мусулмонларнинг сони мушрикларникидан уч марта кам эди. Барчаси етмаганидек, сув танқислиги вужудга келди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам энг чапдаст ва уддабурон саҳобалардан танлаб, сув олиб келишга юборишга қарор қилдилар. У зот Али, Зубайр, Саъд ибн Абу Ваққос ва Басбас ибн Амр розияллоҳу анҳумни ана шу ишга буюрдилар. Ана шундай таҳликали пайтда Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ихтиёрлари тушган бу кишилар улкан саодат эгалари эдилар. Улар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ишончларини шараф билан оқлаб, мусулмонларни сув билан таъминладилар.


Эртаси куни мусулмонлар билан мушриклар ўртасида ҳаёт-мамот жанги бошланди. Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳу учқур отларини миниб, сариқ салла ўраб, жангга отилдилар. У киши Қурайшнинг бошлиқларини кўзлаб, от сурар эдилар. Тарихчиларининг таъкидлашларича, ўша жаҳон тарихидаги машҳур кунлардан бири бўлган кунда Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳу Қурайш бошлиқларидан Убайда ибн Саъийд ибн Осс ва Навфал ибн Хувайлид ибн Асадларни қатл этганлар. Зубайр ибн Аввомнинг ўзлари эса икки жойларидан қаттиқ яраланганлар.


Тарихчиларнинг таъкидлашларича, Бадр жанги куни Зубайр ибн Аввомни икромлаш учун мусулмонларга ёрдамга тушган фаришталар у кишига ўхшатиб, сариқ салла ўраб тушганлар.


Бу ҳақда Ибн Саъд раҳматуллоҳи алайҳи «Табақоти Кубро» китобларида Ҳишом ибн Урвадан, у отасидан қуйидагиларни ривоят қиладилар:
«Бадр куни Зубайрнинг ўраб олган салласи сариқ рангда эди. Бас, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Фаришталар Зубайрнинг сиймосида тушдилар», дедилар».


Бу маънони Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳунинг чеваралари Омир ибн Солиҳ ибн Абдуллоҳ ибн Зубайр фахр ила байтга солганлар:
Бобом Набийнинг аммасин ўғлидир.
Бало пайти чавандози ва вазиридир.
Бадр куни биринчи ботир бўлгандир.
Жангга ул сариқ салла ила киргандир.
Нусрат фариштаси сиймосида тушгандир.


«Ҳадис ва ҳаёт» китобининг 23-жузидан олинди


Ушбу китоб Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2021 йил 24 августдаги 03-07/5165 рақамли хулосаси асосида чоп этилган.

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Имом Байҳақий, Абу Убайд ва Ибн Асокирлар Сувайд ибн Ғафла розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар .Умар розияллоҳу анҳу Шомга келганида аҳли китоблардан бири .Эй давоми...

3375 13:01 / 26.12.2024
Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу сиёсат, футуҳот, волийлар, шаҳарлар қуриш, аскарий ишлар ва шунга ўхшаш бошқа тадбирлар билангина чегараланиб қолишлари мумкин давоми...

1954 10:40 / 08.08.2024
. . Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Қулоғим Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг оғизларидан у зотнинг .Толҳа ва Зубайр менинг давоми...

2350 16:00 / 12.05.2023
Икрима ибн Абу Жаҳл розияллоҳу анҳу Макка фатҳидан кейин Исломга кирдилар. Исломга кирганларидан кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни ҳаммадан кўпроқ давоми...

2986 10:10 / 28.02.2022
Аудиолар

230234 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

148811 14:35 / 11.08.2021