1446 йил 19 жумадис сони | 2024 йил 21 декабрь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Саҳобалар ҳаёти

Мужтаҳид халифа

10:40 / 08 август 1262 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу сиёсат, футуҳот, волийлар, шаҳарлар қуриш, аскарий ишлар ва шунга ўхшаш бошқа тадбирлар билангина чегараланиб қолишлари мумкин эмас эди. У кишининг илмлари, у кишининг зеҳнлари, у кишининг ақллари ва тадбиркорликлари олдида мазкур ишлар жуда ҳам содда ва осон эди.

Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳунинг ҳаётларини ўрганар эканмиз, у кишининг улкан мужтаҳид эканликлари, нафақат мужтаҳид, балки кейинги авлод мужтаҳидларига дарслик бўладиган ижтиҳодлар қилганликларига гувоҳ бўламиз.

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу шаръий ҳукмларни татбиқ қилишда кишининг ақли лол қоладиган даражада жасорат билан иш тутганлар. Энди ҳазрати Умар розияллоҳу анҳунинг шунга ўхшаш ижтиҳодларидан баъзиларини батафсилроқ ўрганамиз.

Имом Бухорий, Муслим, Абу Довуд ва Термизийлар Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар:

«Аллоҳнинг Набийси соллаллоҳу алайҳи васаллам хамр ичганларни хурмо шохи ва кавушлар билан урдирдилар. Сўнгра Абу Бакр қирқ дарра урдирди. Умар халифа бўлиб, одамлар қишлоқ-шаҳарларга яқинлашганларида, «Хамр ичганга дарра уришда қандай маслаҳат берасизлар?» деб сўради. Шунда Абдурраҳмон ибн Авф: «Мен уни энг енгил ҳаддчалик қилишингни маслаҳат бераман», деди. Шунда Умар саксон дарра урдирди».

Бошқа бир ривоятда:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига хамр ичиб олган киши келтирилган эди, уни икки хурмо шохи ила қирқ марта урдирдилар», дейилган.

Термизийнинг лафзида эса:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадни икки кавуш ила қирқта урдирдилар», дейилган.

Аллоҳ таоло жоҳилият аҳли ўта берилиб кетган хамрни аста-секинлик билан ҳаром қилди. Қуръони Каримда хамрнинг ҳаромлиги қатъиян эълон қилинди. Аммо хамр ичган одамга нисбатан қандай жазо чораси кўрилиши белгилаб берилмади.

Бу ҳам Аллоҳ таолонинг ҳикмати эди. Бу ҳикмат вақт ўтиши билан тушуниб борилмоқда. Хамр­нинг турлари кўп, уни истеъмол қилиш ҳам ҳар хил. Ундан келиб чиқадиган оқибатлар ҳам замон ва маконга қараб, турлича бўлади. Бундай нарсанинг жазосини Қуръонда белгилаб қўйиш эса ўша омилларни ҳисобга олмаслик бўлур эди. Ҳакиму Хобийр бўлган Зот – Аллоҳ таолога бундай тасарруф мутлақо тўғри келмайди.

Шунинг учун ҳам жиноятчини хамр учун жазолаш Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатлари ила собит бўлди. Ушбу жазонинг миқдорини аниқлаш эса мусулмон ҳукумати ихтиёрига қўйилди.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Ислом умматининг Расули сифатида хамр истеъмол қилган шахсни кўпчилик олдида калтаклаш ҳукми борлигини айтдилар ва қилиб кўрсатдилар.

У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам ўша вақтдаги раҳбар сифатлари ила ўз даврларидаги маст ҳолда қўлга тушганларни хурмо шохи ва кавуш, ҳатто қўл билан уриш ҳам мумкинлигини жорий қилдилар. Шу боис Ислом умматига хамр истеъмол қилиб қўлга тушган маст кишини калтаклашни йўлга қўйиш вожиб бўлди. Нима билан, қанча калтаклашни аниқлаш эса ҳар замоннинг масъул кишилари ихтиёрига тарк қилинди.

Шунинг учун ҳам ҳазрати Абу Бакр ўз ҳалифалик даврларида қирқ дарра урдирдилар.

Ҳазрати Умар эса саксон дарра урдиришни лозим топдилар. Агар хурмо шохи ёки кавуш билан уриш эргашиш лозим бўлган суннат бўлганида, бу икки буюк халифалар бу ишга албатта эргашган бўлар эдилар.

Ҳазрати Абу Бакр розияллоҳу анҳу хурмо шохи ва кавуш ўрнига дарра урдирганларида саҳобалардан бирорталарининг: «Нима учун Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига амал қилмаяпсан?» демаганлари мазкур ишнинг эргашиш вожиб бўлган суннат эмаслигини кўрсатиб турибди.

Шунингдек, ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу саҳобаи киромлардан «Хамрда нима маслаҳат берасизлар?» деб сўраганларида, бирорта саҳоба «Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатлари турганда, биздан маслаҳат сўраб нима қиласан?!» демаганликлари ҳам мазкур ишнинг эргашиш вожиб бўлган суннат эмаслигини кўрсатиб турибди.

Абдурраҳмон ибн Авф розияллоҳу анҳунинг «Мен уни энг енгил ҳаддчалик қилишингни маслаҳат бераман», дейишлари бу ишнинг вазиятдан келиб чиқиб белгиланиши лозим иш эканлигини кўрсатиб турибди.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларида арпа, узум, хурмо сувидан тайёрланган хамр истеъмолда бўлган. Шу билан бирга, унинг зарари, кишиларнинг унга бўлган муносабатлари ҳам ўзига яраша бўлган.

Аммо ҳазрати Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг даврларига келиб, бу ишнинг бир оз жиддийлашганини хамр ичувчига нисбатан кўриладиган жазо чорасининг  жиддийлашганидан билиб оламиз.

Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳунинг даврларида эса хамр масаласи ўта жиддий тус олган кўринади. Буни ривоятда келган «Умар халифа бўлиб, кишилар қишлоқ-шаҳарларга яқинлашганларида» деган жумладан ҳам билиб олсак бўлади. Аввалги пайтда саҳровий ҳаёт тарзи ғолиб бўлган. Шунинг учун хамр тайёрлаш, уни тижоратга қўйиш ва ниҳоят, истеъмол қилиш ўзига яраша оз миқдорда бўлган.

Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳунинг даврларида Ислом жамияти ниҳоятда кенгайди. Турли юрт­лар, халқлар, миллат ва элатлар Исломга кирдилар. Уларнинг ўзларига яраша муаммолари, жумладан, хамр муаммоси ҳам бор эди. Кишилар шаҳар ва қишлоқларга яқинлашиб, ўтроқ ҳаёт тарзи ғолиб бўлганидан кейин хамр ишлаб чиқариш, уни тижоратга қўйиш ва истеъмол қилиш ҳам авж олган бўлиши мумкин. Шунинг учун ҳам раҳбар Умар розияллоҳу анҳу бу масалани шуро мажлисига қўйишга мажбур бўлганлар ва унда хамрнинг жазоси энг оз ҳадд, яъни саксон дарра уриш қилиб белгиланган.

Бу иш Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг шариат руҳини, унинг ҳукмларини кишиларнинг ҳолига ва бошқа шароитларга қараб татбиқ қилиш услубларини дақиқ жойларигача аъло даражада билишларининг ёрқин далилидир.

«Ҳадис ва ҳаёт» китобининг 23-жузидан олинди

Ушбу китоб Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2021 йил 24 августдаги 03-07/5165 рақамли хулосаси асосида чоп этилган.

 

 

 

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Каъб ибн Молик розияллоҳу анҳу ансорийларнинг улуғларидан, Ясрибда катта эътибор ва обрў топган кишилардан эди. У Ақаба куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи давоми...

2839 11:00 / 24.05.2021
ШАҲИДУЛ МЕҲРОББундан мақсад, ул улуғнинг учинчилари бўлган, хилм ва виқорда ниҳоятда гўзал намуна бўлган ва ҳамда тажовуз ва зулм туфайли намоз ўқиётган давоми...

27193 01:18 / 22.04.2017
Ўша пайтда шарқий жабҳада ҳам ўзгаришлар юз берди. Басра амири Утба ибн Ғазвон розияллоҳу анҳу вафот этди. Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу у кишининг ўринларига давоми...

978 11:01 / 20 июль
Имом Тобарий Солим ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилади.Умар розияллоҳу анҳу халифа бўлганидан кейин Абу Бакр розияллоҳу анҳуга тайин қилинган давоми...

2295 16:03 / 31 январь