1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Саҳобалар ҳаёти

Расулуллоҳнинг жаннатдаги қўшинлари (биринчи мақола)

16:00 / 12.05.2023 1465 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

عَنْ عَلِيٍّ رَضِي اللهُ عَنْهُ قَالَ: سَمِعَتْ أُذُنِي مِنْ فِي رَسُولِ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ وَهُوَ يَقُولُ: طَلْحَةُ وَالزُّبَيْرُ جَارَايَ فِي الْجَنَّةِ. رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ.

Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Қулоғим Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг оғизларидан у зотнинг:

«Толҳа ва Зубайр менинг жаннатдаги қўшниларимдир», деганларини эшитган».

Термизий ривоят қилган.

Ҳамма жаннатга кириш-кирмасилигини билмай, ташвишда турган бир пайтда жаннатга кириши шубҳасиз эканлиги ҳақида башорат берилган ўн кишининг бири бўлиш билан бирга, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўз оғизларидан берилган ваъдага биноан, у зотнинг жаннатдаги икки қўшниларининг бири бўлиш бахтига эга бўлган Толҳа исмли бахтли инсон ким ўзи?

Бу саодатманд инсоннинг асли ким, қаерда ўсган, Исломга қай тариқа кирган ва нима ишлар қилганки, шундай буюк бахтга сазовор бўлибди?

Насаб ва илк ҳаёт

Бу зотнинг тўлиқ исмлари Толҳа ибн Убайдуллоҳ ибн Усмон ибн Амр ибн Каъб ибн Саъд ибн Тайм ибн Мурра ибн Каъбдир. У кишининг насаби Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан Мурра ибн Каъбда бирлашади.

Толҳа ибн Убайдуллоҳ розияллоҳу анҳунинг оналари Саъба бинти ал-Ҳазрамий бўлганлар. Оналари машҳур саҳобий Аъло ал-Ҳазрамий розияллоҳу анҳунинг сингиллари эдилар.

Имом Тобарий Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилишларича, Абу Бакр Сиддиқ, Усмон Зуннурайн ва Абдурроҳман ибн Авф розияллоҳу ан­ҳуларнинг оналари билан бирга Толҳа ибн Убайдуллоҳ розияллоҳу анҳунинг оналари Саъба бинти ал-Ҳазрамий розияллоҳу анҳо ҳам Исломга кирганлар. Кейин Саъба бинти ал-Ҳазрамий розияллоҳу анҳо ҳижрат ҳам қилганлар ва ўғилларидан кейин вафот этганлар.

Толҳа ибн Убайдуллоҳ розияллоҳу анҳунинг кунялари Абу Муҳаммад бўлган.

Толҳа ибн Убайдуллоҳ розияллоҳу анҳу ўз қавмлари ичида обрўли, бой ва тожир одам бўлганлар.

Имом Ҳоким раҳматуллоҳи алайҳи «Мустадрак» номли китобларида Иброҳимдан, у эса Толҳа ибн Убайдуллоҳ розияллоҳу анҳунинг ўғиллари Муҳаммаддан қилган ривоятда қуйидагилар айтилади:

«Толҳа ибн Убайдуллоҳ розияллоҳу анҳу менга айтди:

«Бусро бозорига бордим. Қарасам, бир роҳиб ўз ибодатхонасида ўтириб олиб:

«Бу мавсум аҳлларидан сўранглар. Уларнинг ичида ҳарам аҳлидан бирор киши бормикан?» демоқда.

«Ҳа, мен борман», дедим.

«Ҳали Аҳмад зоҳир бўлмадими?» деди.

«Аҳмад ким?» дедим.

«Ибн Абдуллоҳ ибн Абдулмуттолиб. Бу ой унинг чиқадиган ойи. У анбиёларнинг охиргисидир. Унинг чиқиш жойи ҳарамдир. Ҳижрат жойи хурмоли, қора тошли ва шўр тузли ердир. Сен унга шошилгин», деди.

Унинг гаплари қалбимда ўрнашиб қолди. Тезлаб йўлга чиқиб, Маккага етиб келдим ва:

«Бирор ҳодиса бўлдими?» деб сўрадим.

«Ҳа. Муҳаммад ибн Абдуллоҳ набийликни даъво қилди. Унга ибн Абу Қуҳофа эргашди», де­йишди.

Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг олдига кирдим ва:

«Анави кишига эргашдингми?» дедим.

«Ҳа, сен ҳам унинг олдига бор. Ҳузурига кир. Унга эргаш. У ҳаққа чақирур», деди».

Толҳа унга роҳиб айтган гапларнинг хабарини берди. Абу Бакр Толҳани етаклаб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига олиб борди. Толҳа мусулмон бўлди ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга роҳиб айтган гапларнинг хабарини берди. Бу хабар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни масрур қилди.

Абу Бакр билан Толҳа мусулмон бўлганларида иккалаларини Навфал ибн Хувайлид ибн ал-Адавий тутиб, бир арқонга боғлади. Бани Тамийм уларни ҳимоя қилмади. Навфал ибн Хувайлид «Қурайш арслони» деб номланар эди».

Ушбу ривоятдан Шомдаги машҳур Бусро бозорига тижорат учун борган Толҳа ибн Убайдуллоҳ розияллоҳу анҳунинг Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хабарларини эшитишлари Исломга киришларига ундаганини билиш билан бирга, у киши ўз қавмларида олий мартабали бўлишларига қарамай, мусулмон бўлганлари учун азобга учрашдан четда қолмаганликларини ҳам билиб оламиз.

Ҳа, мусулмон бўлиш осон эмас. Жаннатга кириш учун унинг йўлида чиқиб турган тиканларни босиб ўтишга тўғри келади. Ислом йўлида чекилган азоб-уқубатлар ва машаққатлар эса мўмин банданинг иймонини тоблайди, холос. Иймони тобланган мўмин эса Аллоҳ таолонинг дини йўлида тортаётган азобни ҳузур-ҳаловат ўрнига қабул қилади.

Толҳа ибн Убайдуллоҳ розияллоҳу анҳу ҳам ўз дини йўлида дучор бўлган азобларни ана шундай қабул қилиб олар эдилар.

Имом Бухорий тарихларида Масъуд ибн Харрош розияллоҳу анҳудан қуйидагилар ривоят қилинади:

«Сафо билан Марва орасида саъйи қилиб юрсак, кўпчилик одамлар қўли бўйнига боғлаб қўйилган ёш йигитни ҳайдаб, ўтиб қолишди.

«Бунга нима бўлди?» деб сўрадим.

«Бу Толҳа ибн Убайдуллоҳ, диндан чиқди», дейишди.

Унинг ортидан бир аёл ғазабланган ҳолда уни сўкиб борар эди.

«Бу аёл ким?» деб сўрадим.

«Саъба бинти ал-Ҳазрамий, унинг онаси», дейишди».

Қурайшликлар Толҳа ибн Убайдуллоҳ розияллоҳу анҳуни бир муддат азоблаганларидан кейин ўзларидан ўзлари уялиб кетишди. Ҳа, ўша жоҳил мушриклар ҳам Толҳа ибн Убайдуллоҳ розияллоҳу анҳуни бардавом азоблашга уялдилар. Агар улар бир марта ўз қилмишларидан уялишган бўлса, айни шу уялишлари бўлган бўлса керак.

Толҳа ибн Убайдуллоҳ розияллоҳу анҳу қавмнинг энг обрўли кишиларидан бўлиши билан бирга, дину диёнат йўлидаги ҳар қанча хорлик ва зорликка ҳам жон деб чидашлари мушрикларни ҳам уялтириб юборган эди.

«Мустадрак» ва «Исоба» китобларида Мусо ибн Толҳадан қилинган ривоятда Толҳа ибн Убайдуллоҳ розияллоҳу анҳу қуйидагича васф қилинадилар:

«Отам Толҳа ибн Убайдуллоҳ розияллоҳу анҳу оппоқ юзига қизғиш ранг уриб турадиган ўртабўй одам эдилар. Бир оз пастбўйликка мойил эдилар. Кўкрак ва елкалари кенг эди. Бурилсалар, бир йўла бурилар эдилар. Икки оёқлари катта, юзлари гўзал, қирғийбурун эдилар. Юрганда тезлаб юрар эдилар. Сочларини ўзгартирмас эдилар».

Дину диёнат йўлида ҳижрат қилишга амр бўлганда Толҳа ибн Убайдуллоҳ розияллоҳу анҳу ҳам Мадинаи Мунавварага ҳижрат қилдилар.

Толҳа ибн Убайдуллоҳ розияллоҳу анҳу ҳижрат қилиб келганларидан кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам у кишини Каъб ибн Молик Ансорий розияллоҳу анҳу билан биродар қилиб қўйдилар.

Толҳа ибн Убайдуллоҳ розияллоҳу анҳу Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг барча жангларида қатнашдилар. Фақат Бадр жангида узрли сабабга кўра қатнаша олмадилар. Ўша пайтда у киши Саъийд ибн Зайд розияллоҳу анҳу билан бирга алоҳида топшириқ билан бошқа томонга юборилган эдилар.

Икковлари топшириқни шараф билан адо этиб қайтганларида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам саҳобалар билан Бадрда ғалабага эришиб, Мадинага қайтиб келиб турган эдилар. Албатта, бўлиб ўтган ҳодисадан хабардор бўлишлари билан икковлари ҳам «Аттанг, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга Аллоҳ таолонинг йўлида савоб иш қилиш бахтидан маҳрум бўлибмиз», деб надомат чекишди. Аммо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ҳасратни дарҳол бартараф этдилар. У зот алайҳиссалом Толҳа ибн Убайдуллоҳ ва шерикларини мазкур ишда қатнашганлар етишган савобга эришишларини эълон қилдилар ва уларга ҳам жанг иштирокчиларига тақсим қилинган ўлжалар миқдорида ўлжа тақсим қилдилар.

Уҳудда

Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу қачон Уҳуд урушини эсласалар, «У куннинг ҳаммаси Толҳанинг куни бўлган эди», дер эдилар.

Қандай қилиб, Уҳуд кунининг барчаси Толҳа ибн Убайдуллоҳ розияллоҳу анҳунинг куни бўлганини англаб етишимиз учун ўша кун ҳодисаларини бир оз ўрганишимизга тўғри келади.

Ўша куни мушриклар мусулмонларни таг-туглари билан қириб ташлашларига шубҳа қилмас эдилар.

Икки орада жанг бошланди.

Мусулмонлар шиддатли жанг қилдилар. Айниқса, Абу Дужона Ансорий, Толҳа ибн Убайдуллоҳ, Ҳамза ибн Абдулмуттолиб, Али ибн Абу Толиб, Назр ибн Анас, Саъд ибн Робеъ катта жасорат кўрсатдилар.

Куннинг биринчи ярмида мусулмонлар кофирларга ғолиб келдилар. Мушрикларнинг бошлиқларидан етмиш киши қатл этилди. Улар енгилиб, ортга қараб қоча бошладилар. Қочиб-қочиб, аёллари турган жойгача бордилар. Аёллар ҳам қочишга тайёрланиб, кийимларини йиғиштира бошладилар.

Мушрикларнинг енгилиб, қочаётганини кўрган камончилар Пайғамбар алайҳиссалом қимирламай туришларини тайинлаб қўйган жойларини ташлаб кетдилар.

Улар бир-бирларига:

«Қаранглар! Ўлжа! Ўлжа!» деб бақиришди.

Амирлари Пайғамбар алайҳиссаломнинг шартларини эсларига солса ҳам, кўнмадилар. Мушриклар батамом енгилиб бўлди, деб гумон қилиб, ўлжа йиғишга киришиб кетдилар ва Уҳуд томонни очиқ қолдирдилар.

Шу пайт Холид ибн Валид фурсатни ғанимат билиб, мушрикларнинг отлиқларини худди ўша ерга бошлади. У ердан ўтиб, мусулмонларнинг орқа томонларидан бостириб кирди. Холид ибн Валид бошлиқ отлиқлар мусулмонлар устига бостириб келганини кўрган қочиб кетаётган мушриклар ҳам ўзларини ўнглаб, яна уруш майдонига юзландилар. Натижада мусулмонлар қуршовда қолдилар.

Ҳамма нарса тескарисига айланиб, мусулмонлар енгила бошладилар. Уларнинг сафида саросима, қўрқув ҳукм суриб, тартибсизлик бошланди. Бундай бўлишини ҳеч ким кутмаган эди.

Мусулмонлар ичида шаҳидлар кўпайди. Мушриклар Пайғамбаримиз алайҳиссалом томонга ҳужум бошладилар. У зот оз сонли кишилар ҳимоясида эдилар. Уларнинг ҳам кўпчилиги ўз Пайғамбарларининг ҳимоясида мардонавор жанг қилиб, шаҳид бўлдилар.

Пайғамбаримиз алайҳиссолату вассаломнинг муборак юзларига жароҳат етди, пастки жағларидаги бир тишлари синди, бошлари ёрилди.

Мушриклар у кишини тошбўрон қилишди. У зот Абу Омир Фосиқ мусулмонларни алдаш учун қазиб, устини ёпиб қўйган чуқурлардан бирига тушиб кетдилар. Бошларига кийган дубулғанинг иккита ҳалқаси ёноқларига кирди.

Мусулмонлар саросимага тушиб турган шундай нозик пайтда кимдир:

«Муҳаммад қатл этилди!» деб қичқирди.

Бу катта ва қаттиқ зарба бўлиб, мусулмонларнинг қолган куч-қувватларига ҳам футур етказди. Улар урушни йиғиштириб, енгилиб, ортларига қоча бошладилар.

Толҳа ибн Убайдуллоҳ розияллоҳу анҳу мушриклар билан шиддатли жанг қила туриб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бир тўп мушриклар ҳужум қилаётганини кўриб қолдилар. У киши ҳамма нарсани унутиб, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламни ҳимоя қилиш учун учиб бордилар. Ҳа, ҳар қадамда мушрикларнинг ўнлаб, балки юзлаб қутирган қиличлари, найзалари ва камон ўқларига чап бериб, ўзлари севган Пайғамбарларини ҳимоя қилиш учун жонларини фидо қилиш учун етиб бордилар.

عَنْ أَبِي عُثْمَانَ رَضِي اللهُ عَنْهُ قَالَ: لَمْ يَبْقَ مَعَ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ فِي بَعْضِ تِلْكَ الْأَيَّامِ الَّتِي قَاتَلَ فِيهِنَّ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ غَيْرُ طَلْحَةَ وَسَعْدٍ عَنْ حَدِيثِهِمَا. رَوَاهُ الشَّيْخَانِ.

Абу Усмон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қитол қилган кунларнинг бирида Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга Толҳа ва Саъддан бошқа ҳеч ким қолмаган». (Бу) икковларининг ҳадисидан».

Икки Шайх ривоят қилганлар.

Толҳа ва Саъд розияллоҳу анҳумонинг икковларининг ҳадисларидан иқтибос қилиб олинган бу ривоятдаги «кунларнинг бири»дан мурод Уҳуд уруши кунидир.

Ўша куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан фақат мазкур икки киши қолиб, у зотни ҳимоя қилганлар.

Мушриклар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга худди уяси бузилган арилардек ташланган эдилар. Толҳа ибн Убайдуллоҳ розияллоҳу анҳу бўлсалар у зотни уларнинг тинимсиз ҳужумларидан ҳимоя қилар эдилар. Ўнг қўллари билан қиличбозлик қилсалар, чап қўллари ва елкалари билан Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қулайроқ жойга ўтиб олишларига ёрдам берар эдилар. Ана шундай жанг бўлиб турган вақтда душман қиличларидан бири Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам томон ўтиб кетаётганини кўриб, чап қўллари билан ҳалиги қилични ушлаб қолдилар. Душман қиличи Толҳа ибн Убайдуллоҳ розияллоҳу анҳунинг кўрсаткич бармоқларини кесиб кетди.

وَقَالَ قَيْسُ بْنُ أَبِي حَازِمٍ رَضِي اللهُ عَنْهُ: رَأَيْتُ يَدَ طَلْحَةَ الَّتِي وَقَى بِهَا النَّبِيَّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَدْ شَلَّتْ. رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ.

Қайс ибн Абу Ҳозим розияллоҳу анҳу:

«Толҳанинг Набий соллаллоҳу алайҳи васалламни ҳимоя қилган қўлини кўрдим. Шол бўлиб қолган эди», деди».

Бухорий ривоят қилган.

Яъни, кесилиб кетган бармоқнинг қолган қисми ишламайдиган бўлиб қолган эди.

Аллоҳ таоло Толҳа ибн Убайдуллоҳ розияллоҳу анҳунинг фидокорликларини Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг душманлар ҳужумидан сақланиб қолишларига сабаб қилди. У кишининг ўзларини фидо қилиб бўлса ҳам Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламни саломат қолишлари учун қилган ҳаракатлари беҳуда кетмади.

Ўша куни Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мушрикларнинг қутурган ҳужумларидан бутунлай қутулиб, хавфсиз жойга чиқиб олишларига ҳам Толҳа ибн Убайдуллоҳ розияллоҳу анҳу сабаб бўлдилар.

عَنِ الزُّبَيْرِ رَضِي اللهُ عَنْهُ قَالَ: كَانَ عَلَى النَّبِيِّ r يَوْمَ أُحُدٍ دِرْعَانِ، فَنَهَضَ إِلَى صَخْرَةٍ فَلَمْ يَسْتَطِعْ، فَأَقْعَدَ تَحْتَهُ طَلْحَةَ فَصَعِدَ النَّبِيُّ r حَتَّى اسْتَوَى عَلَى الصَّخْرَةِ فَقَالَ: أَوْجَبَ طَلْحَةَ.

Зубайр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Уҳуд куни Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг устиларида иккита совут бор эди. Бир харсанг устига чиқмоқчи бўлдилар. Аммо чиқа олмадилар. Бас, Толҳани пастга ўтирғизиб, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам устига чиқиб туриб, харсангга кўтарилиб олдилар ва:

«Толҳага вожиб бўлди», дедилар».

Албатта, душман қиличи, найзаси ва ўқларидан ҳимояланиш учун иккита темир кийим кийиб олган одам учун тоғ шароитида катта харсанг устига чиқиб олиш осон эмас. Ана шундай пайтда Толҳа ибн Убайдуллоҳ розияллоҳу анҳу жанг қила туриб, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак оёқлари остига елкаларини қўйиб туриб, у зот алайҳиссаломни омонлик жойига чиқариб қўйганлар. Бу ишларнинг ҳаммаси Аллоҳ таолонинг йўлидаги фидойилик эди. Шунинг учун ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Толҳага вожиб бўлди», дедилар».

Бу «Толҳага жаннат вожиб бўлди», деганларидир.

Уҳуд урушининг иштирокчиларидан ҳазрати Абу Бакр Сиддиқ бундай ҳикоя қиладилар:

«Уҳуд уруши куни Расулуллоҳ одамлардан ажраб, ёлғиз қолганларида мен биринчилардан бўлиб, у киши томон юрдим. Қарасам, бир одам у кишининг олдиларида ҳимоя қилиб, уруш қилмоқда:

«Толҳа бўлса эди. Отам ҳам, онам ҳам унга фидо бўлсин! Толҳа бўлса эди. Отам ҳам, онам ҳам унга фидо бўлсин!» деб бориб турсам, орқамдан Абу Убайда худди қушдек учиб, келиб қолди. Биргалашиб етиб борсак, Расулуллоҳнинг олдиларида Тол­ҳа йиқилиб ётган экан.

Расули акрам алайҳиссолату вассалом:

«Биродарингизга қаранг, у ҳақлидир», дедилар.

Шу пайт Пайғамбар алайҳиссаломнинг ёноқларига бир нарса келиб тегиб, дубулғанинг ҳал­қасини киритиб юборди. Уни Пайғамбар алайҳиссаломдан чиқариб олиш учун борган эдим, Абу Убайда:

«Аллоҳ хайрингни берсин, Абу Бакр, менга қўйиб бер», деди ва оғзи билан у кирган нарсани чиқара бошлади. Пайғамбар алаҳиссаломга озор бермаслик учун тиши билан чиқаришга ҳаракат қилди ва чиқариб олди. Абу Убайданинг олд тиши тушди. Сўнгра мен кейингисини олишга уринган эдим, Абу Убайда яна:

«Абу Бакр, Аллоҳ хайрингни берсин, менга қўйиб бер», деди. Яна тиши билан чиқариб олди. Абу Убайданинг яна бир тиши тушди. Кейин Расулуллоҳ алайҳиссалом:

«Биродарингизга қаранглар, у ҳақлидир», дедилар.

Биз Толҳанинг жароҳатларига қарай бошладик. Унга етмишдан ортиқ ўқ, қилич, найза теккан ва бармоғи кесилиб кетган экан».

Мана буни Аллоҳ таолонинг йўлида, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг нусратларида фидокорлик деса бўлади. Толҳа ибн Убайдуллоҳ розияллоҳу анҳу ана шундай фидокор шахс эдилар. У киши ўз ниятлари, ихлослари ва фидокорликларига яраша тақдирландилар.

«Ҳадис ва ҳаёт» китобининг 23-жузидан олинди

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Имом Молик Куфа аҳлидан бўлган бир кишидан ривоят қилади .Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу ўзи юборган бир лашкар омилига .Менга етган хабарга кўра, сизлардан давоми...

925 12:04 / 14 декабрь
Имом Ибн Жарийр Тобарий Язийд ибн Мансурдан ривоят қилади .Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳуга унинг Баҳрайндаги омили Ибн Жоруднинг ёки Ибн Абу Жоруднинг олдига давоми...

870 13:25 / 16 октябрь
СОЛИҲ САЛАФЛАР ИБРАТИСАҲОБАЛАР САЙЙИДИАбу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу ҳаётларидан лавҳаларЭнг яқин дўст3қисм Неча кунки, Макка ажиб воқеаларни бошидан давоми...

5470 16:37 / 21.04.2017
ИФК ҲОДИСАСИАбу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг ҳаётларини ўрганар эканмиз, у кишининг ақлзаковатлари, илмлари, тадбиркорликлари, уддабуронликлари ва ҳар қандай давоми...

3198 19:28 / 21.04.2017