1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ҳаж

Ҳажнинг беш куни

14:00 / 17.06.2023 2522 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Биринчи кун
Зулҳижжанинг 8-куни ҳажнинг биринчи кунидир. Бу куннинг амали шуки, Маккаи Мукаррамада бомдод намози ўқилгандан сўнг Минога йўл олинади. Минода пешин, аср, шом, хуфтон ва 9-зулҳижжанинг бомдод намози ўқилади.


Лекин бугунги кунда (баъзан) ҳожибошилар ҳожиларни зулҳижжанинг еттинчисидан саккизинчисига ўтар кечаси тунда Минога олиб кетади. Яхшиси, мен 8-куни чиқаман демасдан, шуларга қўшилиб Минога кетавериш керак, акс ҳолда қийинчиликка дуч келиш эҳтимоли бор.
 
Иккинчи кун
Ҳажнинг иккинчи куни зулҳижжанинг 9-кунидир. Бу куни Минода бомдод намози адо этилади. Сўнг қуёш чиққач, Минодан Арафотга қараб юрилади.


Арафотда пешин ва аср намози пешин вақтида жамлаб адо қилинади. Ҳожилар Арафотдаги амалларни тамомлагач, қуёш ботгандан кейин Муздалифага қараб йўл олишади. Шом билан хуфтон Муздалифанинг йўлида адо қилинмайди, аксинча, Муздалифага келиб, иккала намозни жамлаб, хуфтон вақтида адо этилади. Ўша кеча Муздалифада қолинади.
 
Учинчи кун
Ҳажнинг учинчи куни зулҳижжанинг 10-кунидир. Бу кунда ҳаж амалларидан тўрт вожиб ва бир фарз – ҳаммаси бўлиб беш амал бажарилади:
1. Муздалифада бомдод намозидан кейин вуқуф (туриш) қилинади ва қуёш чиқишидан сал олдин Минога жўналади.


2. Минога келгач, аввал Ақабада шайтонга тош отилади. Ақаба тошини отиш учун энг афзал вақт зулҳижжанинг 10-куни қуёш чиққандан бошлаб то завол вақтигача, яъни қуёш тиккадан оғгунигачадир. Заволдан кейин қуёш ботгунича ҳам тош отиш кароҳатсиз жоиз бўлаверади. Лекин қуёш ботгандан кейин макруҳ вақт бошланади. Агар шомгача тиқилинч давом этса, қуёш ботгандан кейин ҳам тош отиш макруҳ эмас.


Демак, зулҳижжанинг 10-кунидаги Ақабада шайтонга тош отиш амалини тахминан бир кеча-кундуз, яъни 11-зулҳижжанинг бомдодига қадар давом эттириш мумкин экан.


3. Агар киши таматтуъ ёки қирон ҳажи қилаётган бўлса, қурбонликни шайтонга тош отгандан кейин адо этади.


4. Агар таматтуъ ёки қирон ҳажи қилмаётган бўлса, Ақаба тошини отгандан сўнг сочини олдиради. Таматтуъ ёки қирон ҳажи қилаётганлар сочни жонлиқ сўйилгандан кейин олдиришади.


5. Ҳажнинг энг муҳим рукни, яъни фарзи тавофи зиёратдир. Уни тавофи ифоза ҳам дейилади. Зулҳижжанинг 10-куни улгурган киши учун шу куниёқ тавофи зиёрат қилиши афзал ва яхшироқдир. Агар бу кунда имкон бўлмаса, 11 ва 12-кунгача кечиктиришга рухсат бор. Лекин 12-куни қуёши ботишидан аввалроқ тавофни бажариб олиш вожибдир. Зулҳижжанинг 10-кунидан кейинги икки кечани Минода ўтказиш суннатдир.
 
Тўртинчи кун
Ҳажнинг тўртинчи куни зулҳижжанинг 11-кунидир. Бу кунда фақат битта вазифа бор. У ҳам бўлса заволдан кейин, яъни қуёш тиккадан оғиб, пешин вақти киргандан сўнг учта ерда шайтонга тош отишдир. Заволдан олдин тош отиш жоиз эмас. Заволдан кейин бошлаб, то қуёш ботишидан олдинроқ вақтгача тош отиб улгуриш афзалдир. Қуёш ботгандан сўнг макруҳ вақт бошланади. Албатта, агар тиқилинч туфайли кундузи тош ота олмаганлар қуёш ботгандан кейин субҳи содиққача адо этишлари ҳеч бир кароҳатсиз жоиз. Узрсиз кечиктириш макруҳ, лекин бирор жарима вожиб бўлмайди. Агар кейинги кун, яъни 14-зулҳижжанинг субҳи содиқигача тошларни ота олмаса, жарима сифатида бир қурбонлик сўйиши вожиб бўлади. Шу билан бирга, эртаси, яъни зулҳижжанинг 12-куни қуёш оғгандан сўнг тош отишнинг қазосини бажариш ҳам лозим бўлади.


Демак, зулҳижжанинг 11-кунидаги тош отиш вақти шу куннинг заволидан бошлаб, 12-куннинг субҳи содиқигача, тахминан, 16-17 соат давом этар экан. Шу куннинг кечасини Минода ўтказиш суннатдир.
 
Бешинчи кун
Ҳажнинг бешинчи куни зулҳижжанинг 12-кунидир. Бу кунда ҳам зулҳижжанинг 11-кунидагидек учта ерда шайтонга тош отилади. Агар 12-куни Маккаи Мукаррамага қайтиш истаги бўлса, қуёш ботишидан аввал тошларни отиб, Минодан чиқиб кетиш афзал ва яхшироқдир. Кундузи тиқилинч сабабли тошларни ота олмаса, кечаси (15-куннинг субҳи содиғигача бўлса ҳам) тошни отиб, Минодан Маккаи Мукаррамага жўнаб кетиш бекароҳат жоиздир. Кундузи тиқилинч ёки бошқа бирор қийинчилик бўлмаса-да, ҳеч қандай узрсиз, бепарволик қилиб тош отишни қуёш ботишигача кечиктириб, кечаси Минодан чиқиб кетиш макруҳдир.

Демак, зулҳижжанинг 12-кунидаги тош отиш вақти заволдан бошлаб 15-куннинг субҳи содиғигача, тахминан 16-17 соат давом этар экан. Агар 13-куннинг субҳи содиғигача ҳам Минода қолиб кетса, 15-кунда ҳам тош отиш лозим бўлади. Яна бир гап. 15-кундаги тош отиш ҳам қувватли далилга кўра, заволдан кейин бўлиши лозим. Аммо Имом Аъзам раҳимаҳуллоҳнинг наздларида, фақат 15-куни заволдан олдин ҳам тош отиш мумкин, лекин макруҳдир.
Шайтонга тош отиш вақти 15-зулҳижжанинг қуёши ботгандан сўнг бутунлай тугайди.

 
«Анвор-ул маносик»дан
«Ҳилол» журналининг 6(39) сонидан

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Муборак ҳаж сафарига тайёргарлик кўраётган кишига ҳаж китобларида қуйидаги кўрсатмалар берилади 1. Ҳаж сафарига отланувчи киши ўзидан кўнгли ранжиган давоми...

4509 09:00 / 06 июнь
Абу Қубайс тоғи ndash Масжидул Ҳаромнинг ёнгинасидаги тоғ. Сафо тепалиги ҳам аслида мана шу тоғнинг этагидаги кичкина бир тоғ ҳисобланади. Ҳозирда Абу Қубайс давоми...

1707 11:00 / 14.06.2023
Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм Оламларнинг Робби Аллоҳга ҳамдлар бўлсин, саййидимиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга, у зотнинг оли байти ва барча давоми...

8285 11:13 / 30.08.2017
Тавофга киришгандан кейин ҳар айланишда алоҳидаалоҳида дуолар ўқилади. Ўқувчига қулай бўлиши учун китобда ҳар айланишга алоҳида сарлавҳа тайин қилиб, уларнинг давоми...

75910 15:00 / 14 июнь