1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Танловлар

Шайх Абдуссобур – «Китобларим қоним ва руҳим»

14:45 / 02.06.2023 1365 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

«Шайх Абдуссобур шайх Алий Солиҳ каби ўзида ал-Азҳарнинг илмларини жамлаган эди. У тафсир, фиқҳ, араб тили, фалсафа, мантиқ, фанларини билимдони, файласуф, нотиқ эди. У Аллоҳ таолонинг фозил бандаларидан, авлиёларидан бири эди».

Шайх Муҳаммад Жамолиддин Ҳошим ҳафизаҳуллоҳ .   

Тўлиқ исми ва таваллуди

Шайх Абдуссобур Аҳмад Халаф ас-Суютий ал-Азҳарий ал-Ҳанафий 1941-йил Мисрнинг Асют вилояти Фатҳ марказига қарашли Талла Авладу Сирож қишлоғида туғилган. Отаси деҳқончилик билан шуғулланган. Шайх Абдуссобурнинг бир укаси ва бир синглиси бўлган.

Беморлиги

Шайх Абдуссобур болалигида касалликдан кейин кўзи ожиз бўлиб қолган.

Илм йўли

Шайх Абдуссобур ёшлигида Қуръонни тўлиқ ёд олган ва Асютдаги ал-Азҳарнинг эъдодия босқичига ўқишга кирган. У ерда дастлабки билимларни пухта эгаллаб, санавия босқичига ўтган. Сўнгра ал-Азҳар университетининг Усулиддин факультети тафсир бўлимига ўқишга қабул қилинган. У ерда ал-Азҳарнинг ўша даврдаги раҳбари шайх Абдулҳалим Маҳмуд тасаввуф илмидан, шайх Муҳаммад Абу Шаҳбадан ҳадис илмидан ва  яна бошқа буюк алломалардан турли фанлардан сабоқ олган. У ал-Азҳар дарсликларидан ташқари бошқа устозларга ҳам бориб қўшимча сабоқ олар, ўз устида кўп ишларди. Унга дарс ўтиш устозлари учун ҳам манфаатли эди. Устозларидан бири у ҳақида шундай деган: “Мен шайх Абдуссобурга дарс ўтадиган куним алоҳида уйда тайёргарлик кўраман. Чунки у дарс жараёнида диққат билан тинглайди ва кўп саволлар бериб, мавзуни чуқур ўрганишга ҳаракат қилади”. У юзга яқин мўътабар китобларни устозлари ҳузурида бевосита дарс олиб ўқиб ўтказган.

Шайх Абдуссобур ўқишни тамомлагандан кейин Асютдаги ал-Азҳарга қарашли маъҳадда мударрисликда иш бошлайди. Бу ерда бир неча талабаларга Қуръони Каримни ёдлатади. Ҳозирда юртимизда илм тарқатаётган забардас олим устозимиз шайх Муҳаммад Жамолиддин Ҳошим ҳам айнан ушбу ўқув даргоҳида у зотдан сабоқ олган. Шайх Абдуссобур санавий босқичидаги талабаларга эса тафсир, ҳадис ва фиқҳ фанларидан дарс берган.

У дарс жараёнларида бир жойда ўтирмас эди. Балки синфда айланиб, баъзи мудраган, бепарво турган талабаларни елкасини ушлаб ҳушёр торттирарди. Дарсига кеч қолганларни хонага киритмас ва жиддий сабабсиз ташқарига чиқармас эди. Тафсир дарси мобайнида икки ёки уч оятни шарҳлаши билан вақт тугаб қолар эди. У аввал ҳар бир сўзни бирма-бир грамматик таҳлил қилиб, кейин балоғий жиҳатларини ёритиб берар ва сўнг маъноларини кенг шарҳларди.

Бу дарсларга ҳар куни энг яқин шогирди шайх Муҳаммад Аълам бирга борар ва унинг барча дарсларида қатнашарди. Шайх Муҳаммад Аълам устозининг этагидан маҳкам тутиб, унинг хизматини қилган ва ундан кўп илм олган. У шайх Абдуссобурнинг деярли барча дарсларини диктафонга ёзиб олган, ҳозирда ҳам уларни сақлайди. У устози ҳақида айтади: “Мен устозим билан доим бирга дарсга қатнаб ундан жуда кўп китобларни ўқиб ўтказдим. Шаръий билимлар билан бирга ундан Имом Шотибийнинг “Шотибия” манзумасидан сабоқ олишни истардим. Бу мақсадим амалга ошди. Шайх Абдуссобур дарсларини ҳафтанинг олти кунига тақсимлаган ва дарс жадвали умуман ўзгармас эди. У бир неча томли “Тафсиру Қуртубий” китобини 1996-йилдан 2004-йилгача 750 та дарсда шарҳлаб берган ва бу дарсларнинг барчасини овозли тасмага ёзиб олганман... Унинг ёнида ўтказган даврларим энг бахтли онларим эди”.

У Таврот ва Инжилни ҳам яхши биларди. Бир киши бу китоблар ҳақида савол сўраб келганда, уларни ўқиб чиққан ва яхшигина маълумотга эга бўлганди. Айрим талабаларига бу китобларни ҳам ўқитиб, динимизни ҳимоя қилиш ва бошқаларга раддия билдира олишни ўргатарди.

Шайх Абдуссобур араб адабиётидан ҳам хабардор эди. шеъриятни яхши тушунган ва ўзи ҳам шеър ёзиб турган. У бир неча девонларни ёзган. Лекин улар чоп этилмаган. Баъзи девонлари йўқолиб кетган, баъзиси эса, фарзандлари ва шогирдларида сақланади.

Шайх Абдуссобур китобларни жуда ҳам яхши кўрар ва қадрларди. Агар биров китобларини сўраса, уйига олиб кетиш учун бермас эди. Талабалар дарс олиш учун келсалар уларнинг орасидан яхши ўқийдиган ва китобни кўпроқ қадрлайдиганига китобини берар ва унга ўқитиб, ўзи ёддан шарҳларди. Яна у талабани олдига бориб китобни қандай кўтариб турганини билиш учун қўлидан пайпаслаб ушлар, вароқни буклаган бўлса, қаттиқ хафа бўларди. Ҳатто олдида китобни тез вароқлаш ҳам мумкин эмасди.  У китоблари ҳақида байт ёзиб шундай дер эди:

Китобларим қоним, руҳим, боиси қувончим

Унинг сатрлари аро гаровга қўйганман жоним.

Гар уларни ўқисанг, тутгил мулойим, аста,

Чун бепарво ушламоқ, ақлимни қилур хаста.

Шайх Муҳаммад Аълам айтади: “Мен бир куни устозим билан Маъҳаддаги кутубхонага кирдим. У ерда 21000 га яқин номдаги китоб бўларди. Кутубхонада бир китобни вароқлари титилиб кетганини кўрдим. Шайх Абдуссобур буни билиб йиғлаб юборди ва кутубхоначига дашном бериб, уни тез тўғирлаб қўйишини буюрди”.   

Шайх Абдуссобур дарсдан ташқари уйи ёнидаги жомеъ масжидда жума намозидан аввал хутба қиларди. Уни турли тадбирларда ваъз қилиш учун таклиф қилишарди. У машҳурликни ёқтирмас, агар телевидения ва радиода суҳбат учун чақирилса рад этарди. Уйидан фақат дарс ва масжидга борарди.

Ахлоқи

У ўта сабрли, камтарин, дунёга уч талоқ қўйган зоҳид киши эди. Камбағалликда яшасада иззат нафси баланд эди. У бировдан мутлақо ҳадя қабул қилмасди, бу ҳақда сўралса: “Биров ҳадя берса, мендан жавобини кутиши мумкин. Унга мени ҳадяни қайтаришга қурбим етмайди” дерди. Агар талабалар унга китоб ҳадя қилишса, пулини бериб, сўнг қабул қиларди. У фақирликда ҳаёт кечириб, оддий уйда яшарди. Уйининг деворлари сувалган ҳолда, бўёқсиз эди. Баъзилар таъмирлаб, ҳаво совутгич ўрнатиб бермоқчи бўлганда у рад этган. Уйининг киравериш қисмида меҳмонхона бўларди. Бу хонадан доим аҳли илм ва талабалар қадами узилмасди.

Аллоҳ таоло шайх Абдуссобурнинг илмига барака берганидек, озгина мол билан уни бошқалардан беҳожат қилиб қўйган эди. У ал-Азҳар томонидан оладиган камгина маошига қаноатланиб, уни катта оилага етказарди. Рўзғор ташвиши, харажатларни қоплаш учун ҳеч қачон илмдан бошқа нарсага чалғимасди.

Уйига талабалар ва меҳмонлар келса, ўзи эшик олдига чиқиб кутиб олар ва қайтаётганда ташқаригача кузатиб қўярди. Аёллар шайхни сўраб келувчилар олдига мутлақо чиқмасди. У маҳрамларини жуда эҳтиёт қиларди. Меҳмонни ичкарига бошлаб кираётганда қўлини бир-бирига уриб қарсак чалиб қўяр ва аҳлларини четроққа ўтиб туриши учун, у билан меҳмонлар борлигини билдириб қўярди.

Шайх Абдуссобур ҳақида уламоларнинг сўзлари

Шайх Муҳаммад Жамолиддин Ҳошим айтади: “У зот менинг устозларимнинг устози эди. Менга ҳам ундан сабоқ олиш насиб этган. У туфайли Асют муҳофазотида илм кенг тарқалиб, кўпчилик унинг маърифатидан баҳраманд бўлган. Устозимнинг уйига талабалар тонгдан токи кечга қадар дарс олиш учун келишар, у ҳеч кимни узр айтиб қайтармасди. У аҳли илмлар ва шогирдларини жуда ҳам яхши кўрар, уларни очиқ юз билан гўё унинг олдига устози келгандек “Эй, неъмат берувчи Зотнинг саховати, марҳабо” дея кутиб оларди. Сўнг дарсдан аввал бироз суҳбатлашиб, яна табассум билан кузатиб қўярди.

Шайх Абдуссобур гарчи фақир бўлсада, бировларга мутлақо таъмагирлик қилмас, унда подшоҳларнинг иззат нафси бор эди”.

Шайх Муҳаммад Аълам айтади: “Шайх Абдуссобур мутахассислиги тафсир фани бўйича эди. У фиқҳда ҳам чуқур илмга эга эди, Мисрда ҳанафий мазҳабининг етук уламоларидан эди. У араб тили, ҳадис ва бошқа фанлардан ҳам дарс берарди. Лекин тафсир фанига кўпроқ муҳаббат қўйган ва шу фандан дарс беришни яхши кўрарди.

Шайх Муҳаммад Умар Ҳошим: “Шайх Абдуссобурнинг олдига одамлар турли саволлар ва муаммолар билан келиб туришарди. Бироз суҳбатлашгач, барча ташвишларини унутиб, гўё бошқа оламга тушиб қолгандек бўлардилар. У дунё сўзларини сўзламас, доим илм ва ибодат билан машғул эди. Кўчада биров беҳуда гаплашиб тургани ёки овозини кўтариб бир-бирига қаттиқ гапирганларни эшитса, кўнгли ранжиб, улар олдидан воқеъликка мос Қуръон оятларини ўқиб ўтиб кетарди”.

Оиласи

Шайх Абдуссобурнинг тўрт ўғил ва беш қиз фарзанди бўлган. Фарзандларининг барчаси ўқимишли кишилар бўлиб етишишган. Улар турли соҳаларда олий маълумотга эга бўлишган.

Вафоти

Шайх Абдуссобур раҳматуллоҳи алайҳ ҳижрий 1436-йил 10-зулҳижжа, милодий 2015-йил 28-сентябрь куни вафот этган.

Шайх Муҳаммад Жамолиддин Ҳошим айтади: “Шайх Абдуссобур Аҳмад Халаф вафот этганда менга ғусл қилдириш ва кафанлашда қатнашиб сўнги манзилга кузатиш насиб этган. Унинг сўнги ҳолати ҳамон ёдимда, ҳаётлик чоғида кишилар билан қандай очиқ юз билан кўришса, вафотидан кейин ҳам шундай табассум қилиб турар, юзи нурли ҳолда эди”.

Муҳаммадзариф Муҳаммад Олим ўғли тайёрлади

Эслатма: Сиз ҳам «Ислом.уз-1444» танловида қатнашмоқчимисиз? Унда қуйидаги https://islom.uz/maqola/19769 ҳавола орқали мусобақа шартлари билан танишинг ва танловда иштирок этинг!

Ушбу мақола Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2023 йил 10 майдаги 03-07/3450-рақамли хулосаси асосида тайёрланди.

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
2022 йил 27 август куни фазилатли шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳматуллоҳи алайҳ асос солган .Islom.uz порталининг йил сарҳисоби, тадбири бўлиб ўтади. Тадбирда давоми...

1393 18:30 / 25.08.2022
.Мен Куфада Аъмашдан кўра Аллоҳнинг Китобига моҳирроқ, ҳадисни яхшироқ биладиган кишини кўрмадим,. Ҳушайм ибн Башир Тўлиқ исми, таваллуди Сулаймон ибн Меҳрон давоми...

1312 18:20 / 17.05.2023
Маълумки, Islom.uz портали .МАЗҲАБЛАР mdash БИРЛИК РАМЗИ, шиори остида танлов эълон қилган.2чорак mdash моликий мазҳабига оид мавзуда бўлиб, иштирокчилар томонидан давоми...

1270 11:00 / 07.01.2022
Кеча .Ҳилолнашр, нашриётининг мажлислар залида шеърият мулкининг султони Алишер Навоий таваллудининг 580 йиллигига бағишлаб ташкил қилинган .Арбаъин, танловининг давоми...

1760 20:10 / 07.02.2021