1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Танловлар

Ибн Зуҳр

10:49 / 13.02.2023 1498 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ибн Зуҳр номи Ўрта асрларда Европада ҳар бир шифокор ва табибга маълум бўлган ва унинг китоблари диагностика ва даволаш учун энг яхши восита деб ҳисобланган. Аммо бу одам ким эди, қаердан келган - озчилик билар эди, дейди Айнур Сафин.

Уни таништиришнинг энг яхши усули ушбу ҳикоядан бошлаш бўлади. [1]

1120 йилда бир мусулмон шифокори Севиля муробитлар ҳукмдори бўлган бемори билан учрашиш учун кетаётган эди. У йўл ёқасида сув идишини ушлаб турган озиб кетган одамни кўрди. Эркакнинг қоринлари шишган ва юз-кўзидан у ташвишга тушгани билинарди.

- Сиз бетобмисиз? - деб сўради шифокор нотаниш одамдан. Бемор бош ирғади.

- Сиз нима еб қўйгандингиз?

- Фақат бир нечта нон бўлаги билан бу кўзадан сув ичгандим.

- Нон сизга зарар қилмайди, - деди шифокор, - бу сув бўлиши мумкин. Сувни қаердан олиб келяпсиз?

- Шаҳардаги қудуқдан.

Ибн Зуҳр бир зум ўйланиб қолди.

- Қудуқ тоза. Гап кўзада бўлиши керак. Уни синдириб, янгисини олинг, - деди табиб.

- Бу менинг ягона кўзам, - деб қичқирди у одам, - мен бундай қила олмайман.

- У ерда шишиб кетган нарса, - деб қаттиқ жавоб қилди шифокор эркакнинг қорнини кўрсатиб, - фақат сизнинг ошқозонингизми? Янги ошқозонга қараганда янги кўзани топиш осонроқ.

Эркак норозилигини давом эттирди, лекин Ибн Зуҳрнинг хизматкорларидан бири тош олиб, кўзани синдирди. Ундан нопок сув билан бирга ўлик қурбақа ҳам чиқди.

- Дўстим,- деди шифокор беморга, - нима ичганингизни кўринг. Бу қурбақа сизни ўзи билан олиб кетган бўлар эди. Мана бу тангани олиб бориб, янги кўза сотиб олинг.

Бир неча кундан кейин шифокор ўтиб кетаётиб, ўша одамнинг йўл бўйида ўтирганини кўрди. Унинг ошқозони кичрайган, вазни ортиб, ранги қайтган эди. Шифокорнинг олдига келиб, унга миннатдорчилик билдирди.

Эркакни кузатган, хулоса қилган ва даволаган Ибн Зуҳр (мил. 1091-1161) Андалусиянинг Севиля шаҳрида туғилган ва Абу Марвон Абдулмалик исмли табиб бўлган. Туғилган пайтида ҳеч ким уни шифокор бўлишига шубҳа қилмаган. Чунки  бу оилавий анъана эди.

Бану Зуҳр қабиласи (у ердан олим Ибн Зуҳр лақабини олган, кейинчалик европалик олимлар Авензоарга лотинлаштирган) аллақачон икки авлод шифокорларини чиқарган ва яна бештасини жамиятга тайёрлаши керак эди. Ибн Зуҳр уларнинг барчасини ортда қолдириб, энг буюк табиблардан бирига айланди.[2]

У тиббий илм ва амалиётни отаси Абу Аъло Зуҳр (вафоти 1131) қўли остида ўрганган. Даврнинг етакчи шифокори бўлиш билан бир қаторда, отаси Абу Аъло муробитларга вазир бўлган, кейинчалик Севилияни бошқарган. Ибн Зуҳр ҳам уларга табиб бўлиб хизмат қилган.

Аксинча, қўшни Европа мамлакатларида тиббий билимлар тубсизликка ботган, мусулмон ҳамкасблари билан таққослаганда, европалик табиблар жодугарлар эди, улар билимдан маҳрум бўлиб, тафаккур қилишни хоҳласалар ҳам черков томонидан ўрнатилган “илоҳий ирода” эътиқоди ривожланишларига халал берарди.

Ғарбнинг интеллектуал ҳаёти бузилган эди. Дунёдаги энг йирик империяни ағдариб ташлаган барбар қўшинлари унинг кутубхоналарини вайрон қилишди, гўштларини пишириш учун китобларни оловда ёқишди. Шундай қилиб, Европанинг интеллектуал меросини кулга айлантирдилар.

Рим империясидан кейин Европада христиан черкови тиббиёт ва илм-фанга тўсқинлик қилди. Касаллик, черков таъкидлаганидек, гуноҳ учун жазо ёки иблиснинг эгалик қилиши сифатида қабул қилинган. Шунинг учун касалликнинг ягона давоси диний воситалар билан амалга оширилган.[3]

Черков танани қутқарадиган, аммо қалбини хавф остига қўядиган ҳар қандай нарсага қарши эди. Чўмилиш мағрурлик ва ахлоқсизлик сифатида қораланди. Асосий гигиена тамойиллари йўқолди. Рим папаси жарроҳликни тақиқлади, чунки бу иш жарроҳларнинг охиратда нажот топиши учун хавфли эди. Эллинизм услубидаги шифокорлар руҳонийлар билан алмаштирилди, чунки шифокорнинг ўрни даволаш учун эмас, балки бошқа шифокорларнинг асарлари ва шарҳларини ўрганиш билан чекланганди.

Айни шу дамда мусулмон Испанияси Андалусияда ҳолат мутлақо бунинг акси бўлиб, Ибн Зуҳр каби табиблар очиқ тиббий амалиётлар қилиш билан биргаликда “Китобул ағзия” (“Озиқ-овқатлар китоби”) сингари асар ёзиб, унда парҳез билан боғлиқ бир нечта тавсиялар бериб келаётган эди. Масалан, у озиқ-овқат истеъмолини мавсумга қараб аниқлаш кераклигини таъкидлайди: “Қишда овқат ҳазм қилиш кучлироқ бўлганлиги сабабли, озиқ-овқат миқдори кўпроқ бўлиши керак. Ва қиш совуқроқ ва намроқ бўлганлиги сабабли овқатлар иссиқроқ ва қуруқроқ бўлиши керак”.

Шунингдек, китобда умумий гигиена ва ухлаш, жисмоний машқлар, яшаш жойлари, ташқи кўриниш, чўмилиш, ҳомиладорлик ва болалар парвариши бўйича энг яхши соғлом амалиётларга оид кўрсатмалар берилган.

Унинг сўнгги китоби “Китобут тайсир фил мудовот ват тадбир” (“Терапия ва парҳезга оид соддалаштирилган китоб”) тахминан 1155 йилда унинг шогирди Ибн Рушд (Аверроес)нинг илтимосига биноан ёзилган. Ибн Зуҳр ўшанда 60 ёшни қаршилаган эди. Унинг мақсади эски анъаналарини баъзи назарий ва илмий тиббиёт билан бирлаштириш эди.

“Тайсир”нинг асосий қисми иккита китобга ва илова сифатида доривор гиёҳларнинг қўлланилишига бўлинган. Дастлабки иккита китоб қадимги Мисрдан бошланган қадимги анъана бўйича “бошдан то оёққача” бўлган хасталиклар давоси ўрин олган.[4]

“Тайсир”да у биринчи бўлиб нормал овқатланишнинг имкони бўлмаган ҳолатларда, яъни парентерал озиқлантиришда кумуш ёки қалай найча ёрдамида тўғри ичак орқали овқатлантиришни тушунтирди. Унинг тўғридан-тўғри ошқозонга ўтадиган найча орқали озиқлантириш имкониятини кашф этиши бугунги кунда сунъий озиқлантириш деб номланувчи восита ҳақида биринчи тасаввурларни пайдо қилишга туртки берган.[5]

Ибн Зуҳр шогирдлари томонидан анатомияни пухта билишга эътибор қаратган ва агар улар етарли билимга эга бўлмасалар, жарроҳлик амалиёти ўтказишга рухсат бермаган. Бундан ташқари, у шифокорларни тайёрлашнинг бутун тизимини ишлаб чиқди, шундан кейин шифокор мустақил равишда даволаши учун жарроҳлик билан шуғулланиши мумкин эди.

Ибн Зуҳр билан ҳаммуаллиф бўлган Ибн Рушд шундай деган: “Ким анатомия билан шуғулланса, унинг Аллоҳга бўлган ишончи ортади”.[6]

Шифокор сифатида у бир нечта кашфиётларни амалга оширди. Ибн Зуҳр перитонит (меъда хасталиги) ва перикардит (юрак-қон томир хасталиги) ташхисини қўйиб, уларни биринчи бўлиб ўпка хасталикларидан ажратди.[7] Биринчи марта қўтир паразитлар келтириб чиқарадиган тери касаллиги эканлигини исботлаган. Шунинг учун агар биринчи паразитолог ким деган савол туғилса, Ибн Зуҳрга мурожаат қилиш мумкин.[8]

Олим биринчи бўлиб капиллярларни кашф этиб, уларни соч каби нозиклигини тасвирлаб берди. У мазкур ихтироси билан микроскоп ихтиро қилинишидан олдин, қон капиллярлари ҳақидаги биринчи илмий тасаввурларни ишлаб чиқишда италян анатоми Марчелло Малпигидан тахминан 532 йил олдинлаб кетган эди.[9]

Илмий тарихчилар уни одамларга янги усулларини қўллашдан олдин ҳайвонлар устида тажриба ўтказган жуда сезгир шифокор деб ҳисоблашади. XIII асрга келиб, шифокорлар бир овоздан ҳаёт учун хавфли бўлган трахеотомияни юқори нафас йўлларини даволашда тавсия қилдилар. Бу Ибн Зуҳр пойдевор қўйган катта илмий иш эди. ХIII аср шифокорлари Ибн Қуфф ва Бағдодий трахеотомия усулидан фойдаланиш Ибн Зуҳрнинг эчкиларда жарроҳликни амалга ошириши ва кейинчалик одамларда такрорлаш бўйича муваффақиятли тажрибалари билан боғлиқлигини сабаб қилганлар.[10]

Бани Зуҳр оиласидаги эркак табибларнинг устунлигидан ташқари, Ибн Зуҳрнинг қизи ва набираси машҳур шифокорлар бўлган ва улар акушерлик ва гинекология соҳасида яхши тажрибага эга бўлган, дейди машҳур ХIII аср тарихчиси, шифокор Ибн Абу Усайба.

Бу мусулмон жамиятларида ҳозирги кунга қадар одатий ҳолга айланган анъанага, яъни аёлларни шифокор сифатида қабул қилишга йўл очди. Европа аёллари дин таълимотларида рад этилган ва туғма гуноҳкор, эркаклардан пастроқ кўрилган бир даврда ислом оламида эркак-у аёллар бирдек илм олиш билан машғул бўлганлар. Худди шундай, Ғарб оламида 1849 йилгача Америка Қўшма Штатларида, 1870 йилгача Англияда ва 1894 йилга қадар Шотландияда биринчи аёл шифокор мавжуд бўлмаган.[11]

Хулоса ўрнида айтишимиз мумкинки, юқоридаги маълумотлар билан алломанинг илмий мероси ниҳояланмаган. Балки унинг бор йўғи уч асаридаги баъзи фаслларнинг қисман ёритилишидан қилинган хулосалар эди. Ўрганилмаган қолган кўплаб асарлари эса ўз тадқиқотчиларини кутмоқда. Илмий ҳамда тарихий фактлар Ибн Зуҳр ислом оламининг энг буюк шифокорларидан бири бўлиб, унинг илмий ишлари замонавий тиббиётнинг тамал тоши бўлганига гувоҳлик беради. Зеро, у каби машҳур мусулмон олимларининг муштарак жиҳатларини ўрганадиган бўлсак, шубҳасиз, исломнинг илмий омонатдорликка тарғиб қилиши ва жамиятда эҳтиёж сезиладиган илмларни ўрганиш фарз даражасига кўтарилгани билан изоҳласак, тўғри бўлади.

Эслатма: Сиз ҳам «Islom.uz-1444» танловида қатнашмоқчимисиз? Унда қуйидаги https://islom.uz/maqola/19769 ҳавола орқали мусобақа шартлари билан танишинг ва танловда иштирок этинг!

Мунаввар Рустам қизи



[1] David W. Tschanz Ph.D. - IBN ZUHR   www.aspetar.com

[2] David W. Tschanz Ph.D. - IBN ZUHR   www.aspetar.com

[3] David W. Tschanz Ph.D. - IBN ZUHR   www.aspetar.com

[4] David W. Tschanz Ph.D. - IBN ZUHR   www.aspetar.com

[5] ابن زهر.. أبو الجراحة التجريبية الذي أنار باكتشافاته ظلام العصور الوسطى في أوروبا    www.sasapost.com

[6] Ibn abi Usaybi’a. ‘Uyun al-Anba’ fi Tabaqat aI-Atiba’. Nizar Reda, ed. Beirut: Dar Maktabat al-Hayat, 1965, 530-533.

[7] www.islam-today.ru

[8] Айнур Сафин, Авензоар – врач в третьем поколении.  www.as-salam.ru

[9] ابن زهر.. أبو الجراحة التجريبية الذي أنار باكتشافاته ظلام العصور الوسطى في أوروبا    www.sasapost.com

[10] Ufuk Necat Taschi,  How the 11th-century Muslim physician Ibn Zuhr was first to identify cancer. www.trtworld.com

[11] ابن زهر.. أبو الجراحة التجريبية الذي أنار باكتشافاته ظلام العصور الوسطى في أوروبا    www.sasapost.com

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Лаҳзалар емирар ҳаётим, Ҳар бир тонг умрчун қотилдир. Оҳ урар ошиқлар баёти, Аллоҳдан ўзгаси ботилдир Бир маъно излайман жавдираб, Боқаман mdash чор атроф давоми...

1275 12:43 / 18.05.2023
Бисмиллааҳир роҳмаанир роҳийм .hellipЯхшиликларга шошилинг,Моида сураси, 48оятБандаларини Ўзининг розилиги йўлида яхшиликка шошилишга чорлаган Аллоҳ субҳанаҳу ва давоми...

5428 00:06 / 24.02.2018
Қадимда соғлигида камчилиги бор, эҳтиёжманд кишилар жамиятга юк сифатида қаралган. Хусусан, Европа давлатларида уларга ақли заифларга муомала қилгандек, муомала давоми...

2068 15:33 / 17.01.2023
.Шайх Абдуссобур шайх Алий Солиҳ каби ўзида алАзҳарнинг илмларини жамлаган эди. У тафсир, фиқҳ, араб тили, фалсафа, мантиқ, фанларини билимдони, файласуф, нотиқ эди. давоми...

1365 14:45 / 02.06.2023