1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ислом

Азон ва иқоматнинг тарихи

09:00 / 04.03.2023 5282 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва саҳобалар Маккаи Мукаррамадан ҳижрат килиб Мадинаи Мунавварага ўрнашганларидан кейин намозни жамоат билан адо қилиш учун Масжидун Набавийни кўрдилар. Шунда барча кишилар жамоатга шерик бўла олишлари ва савобдан баҳраманд бўлишлари учун намоз вақтини билдиришнинг бирорта хос йўлини белгилашга зарурат сезилди.


Чунки биринчи ҳижрий санада Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу борада маслаҳат учун халқни йиғдилар. Бир киши: «Намоз вақти учун аломат тарзда баландга байроқ кўтариш лозим. Одамларнинг нигоҳи унга тушиши билан бири иккинчисига хабар беради», деди.


Яна бир киши: «Бирор баланд жойда ўт ёқиш даркор», деди. Бошқаси эса: «Яҳудийларнинг ибодатхоналарида дуд чалганларидек, биз ҳам дуд чалсакчи?» деди.


Бошқа бир киши: «Насороларнинг зангига ўхшаш занг чалиш керак», деди. Лекин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам булардан бирортасига ўзларининг розиликларини изҳор қилмадилар. Балки баъзи айтилган маслаҳатларни, «бу мусулмонларнинг йўли эмас», деб рад қилдилар.


Охирида Умар розияллоҳу анҳу: «Намоз вақти бўлганида бир одам маҳаллама маҳалла айланиб «Ас-солату жомиъатун» (намоз вақти бўлди) деб эълон қилсин» дедилар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга у кишининг маслаҳатлари маъқул келиб бу вазифага Билол розияллоҳу анҳуни тайинладилар. Лекин баъзи бир сабаблар туфайли бу фикрга ўша заҳоти амал қилиш бошланмади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ушбу масалани чуқур ўйлашлари саҳобаларни ўйга чўмдирди. Ҳаммадан аввал Умар розияллоҳу анҳу азонга тегишли туш кўрдилар. Лекин нима учундир Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга зикр қилмадилар.


У пайтгача Абдуллоҳ ибн Зайд ибн Абду Роббиҳи деган бир ансорий саҳоба азонга тааллуқли туш кўрдилар. Кўзи очилиши билан таҳажжуд вақтида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи  васалламга зоҳирий вокеани айтиб бердилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Иншааллоҳ, бу туш рост ва Аллоҳ тарафидандир», дедилар.
Ўша вақтда саҳобалар масжидда эдилар. Уларнинг ичида Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу ҳам бор эдилар. Лекин Ҳазрати Абдуллоҳ биринчи бўлиб айтганлари учун Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу бу мажлисда ўзларининг тушларини айтишни хоҳламадилар. Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу - Абдуллоҳ:
«Мендан бу фазилатни тортиб оляпти», деб ўйламасин, дедилар.


Абдуллоҳ розияллоҳу анҳу туш кўрган вақтларида бемор эдилар. Яна у кишининг овозлари ҳам паст эди. Шунинг учун Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам Абдуллоҳга: «Бомдод вақти бўлиши билан Билол розияллоҳу анҳуни олдида туриб азон калималарини ўргатинг. У баланд овози билан чақирсин, чунки унинг овози баланддир», дедилар. Сўнгра ҳаммалари тарқалдилар.


Бомдод вақти бўлганида Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам маслаҳатларига мувофиқ Билол розияллоҳу анҳу азон айтишни бошладилар. Кечани тинчлиги ҳамда тоғлар билан ўралган жой бўлгани учун Билол розияллоҳу анҳунинг овозлари ажойиб кайфиятни пайдо қилди. Буни уйида туриб эшитган Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг ҳам шавқлари қўзиб кетди. У киши тезда ёпинчиқларига ўраниб, Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига келдилар ва:
«Эй Аллоҳнинг Расули, сизни хақ дин ила юборган Зотга қасамки, мен ҳам Абдуллоҳнинг тушига ўхшаш туш кўрган эдим», деди.


Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Аллоҳга ҳамдлар бўлсин! Лекин нима учун сиз Абдуллоҳ розияллоҳу анҳу тушини айтган вақтда кўрган тушингизни айтмадингиз?» дедилар. Умар розияллоҳу анҳу: «Ё Росулаллоҳ, Абдуллоҳ розияллоҳу анҳу бу фазилатни мендан илгарироқ ҳосил килди.


Шунинг учун мен сўзлагани уялдим», дедилар. Ўша кундан азоннинг бу низоми қоим бўлди. Ва шу кунгача Ислом ва мусулмонларнинг хос шиори бўлиб келмокда.


Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумо айтадилар:
Дастлаб мусулмонлар Мадинага ҳижрат қилиб келганларида намоз учун ўзларининг тахминларича масжидда тўпланишар, намоз вақтини кутиб ўтиришар, вақт кирганда эса намоз ўқир эдилар. Бирор киши намозга чақирмас эди. Одамлар бу борада маслаҳат қилиб насороларнинг зангига ўхшаш занг чалишни ёки яҳудийларнинг дудига ўхшаш дуд чалишни маслаҳат қилинган ҳоллар ҳам бўлган. Охирида Умар розияллоҳу анҳу: «Нима учун маҳаллама-маҳалла айланиб намозга чақирадиган кишини тайин қилмаймиз», дедилар. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Билол, сиз тайёр бўлинг ва намоз учун чақиринг!» дедилар.


Муттафакун алайҳ.
Анас розияллоҳу анҳунинг ўғиллари Абу Умайр ўзларининг Ансорий амакиларининг биридан ривоят қиладилар:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам одамларни намозга қандай қилиб жамлаймиз, нима тадбир қиламиз», деб маслаҳат қилдилар. Баъзилар:
«Намоз вақти бўлганида бир байроқ кўтарамиз одамларнинг нигоҳи унга тушса, бири бошқасига хабар беради», дедилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу фикрга рози бўлмадилар.


Ровий айтади:
У зотнинг олдиларида яҳудийларнинг дуди ҳам зикр қилинди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«У яҳудийларнинг усули ва уларнинг йўли», дедилар.


Хуллас уларнинг бирортасига розилик билдирмадилар. Кейин У зотнинг олдиларида занг зикр қилинди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «У насороларнинг одати ва уларнинг йўли», дедилар. Шу билан мажлис тарқалди.


Абдуллоҳ ибн Зайд ибн Абду Роббиҳи ҳам қайтиб кетдилар. Лекин бу ҳакда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг одатдан ташқари ўйчанликлари у кишини ҳам кўп ўйлантириб қўйди. Бир неча кундан кейин Абдуллоҳ ибн Зайд розияллоҳу анҳу азон ҳақида туш кўрдилар. Эрталаб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб: «Ё Расулуллоҳ, кечаси мен ярим уйқу ҳолатида эдим. Ёнимга кимдир келиб менга азон айтиб берди», деди.


Ровий айтадики, Умар розияллоҳу анҳу хам шундай тушни ундан аввал кўрган эдилар. Лекин у киши 20 кунгача яшириб юрдилар. Кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга уни айтдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Ҳазрати Умарга:
«Сиз нима учун илгарироқ айтмадингиз?» дедилар.
Ҳазрати Умар: «Чунки Абдуллоҳ мендан илгарирок айтди. Шунинг учун мен айтгани ҳижолат бўлдим», дедилар. 


Абу Довуд ривояти.


Ёрқинжон Фозил раҳимаҳуллоҳнинг
«Азон одоблари ва аҳкомлари» китобидан


Ушбу китоб Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2022 йил 17 июндаги 03-07/4936-рақамли хулосаси асосида чоп этилган.

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
1. Балони даф қилади.Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Албатта, садақа Роббнинг ғазабини ўчиради ва ёмон ўлимни даф давоми...

1623 10:38 / 25 март
Яҳё ибн Холид Бармакий халифа Ҳорун арРашидга вазир эди. У олимлардан Суфён ибн Уяйна роҳимаҳуллоҳга илм бериши ҳамда суннатни тарқатишидан чалғимаслиги учун ҳар давоми...

1648 12:00 / 16.01.2023
Муъоз ибн Жабал розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан сафарга чиққан эдим. Кетаётганимизда у зотга яқинларида бўлиб қолдим. давоми...

6927 19:15 / 19.05.2018
Шартлари таҳорат қилиш, қиблага юзланиш ҳамда аврат жойларини беркитиш. Вожиб бўлишининг сабаби сажда оятини ўқиш ёки эшитиш. Сажда ояти намоздан бошқа пайт давоми...

3412 15:45 / 08 май