1446 йил 21 жумадис сони | 2024 йил 23 декабрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ислом

Араб калималарининг фасоҳати ҳақида ўйлар

14:04 / 15.11.2023 1447 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Илк наҳвий ва луғавий олимларнинг араб тилининг фасоҳатини сақлаб қолиш йўлидаги саёҳатлари гуллар билан тўшалмаган эди. Зеро, араб тилида синоним сўзлар, ўхшаш иборалар ниҳоятда кўп эди. Ва уларнинг ичидан фасиҳию афсаҳини (фасиҳроғини) танлаб олиш машаққат, изланиш ва қобилият талаб қиларди. Шу боис, бу йўл тиканлар билан тўшалган, машаққатлар ила ўралган эди. 


Араб тилида "луғатлар" ва "лисонлар" яъни бир сўзнинг турли қабила ва уруғлардаги эквивалентлари кўп эди. Шунингдек, тародуф (синонимия) феномени зоҳир эди. Истеъмоли кенг ва машҳур бўлган бирор сўзнинг кам учрайдиган маънодош муқобили чиқиб қолса, унга "бу фалон сўз борасида пистон қабиланинг луғати ёки лисони" дея изоҳлаб кеташарди. 


Мазкур "луғат" ва "лисон"лар ичидан энг фасиҳини танлаб олишда луғавийлар таянган асосий ўлчов унинг кўп ва кенг кўламда истеъмол қилиниши эди. Мана шу у ёки бу калиманинг фасиҳлигида асос каби эди. Шунинг учун ҳам луғавийлар "مدار الفصاحة، على كثرة الاستعمال" яъни, "фасоҳат меҳвари (у ёки бу сўзнинг) кўп истеъмол қилинишидир" деган қоида жорий қилдилар. Зеро, фасиҳ бўлмаган калима зотан, ҳарфлари гўзал жойлашмаганлигидан қулоққа ёқмайди, тилга қийин келади, истеъмолда кам учрайди ва қиёсга хилоф тузилган бўлади. Балоғат фани қўлланмаларида учрайдиган ва калиманинг фасиҳ бўлиш шартларидан иборат бу уч нарса, яъни, танофурул ҳуруф, мухолафатул қиёс ва ғаробатдан холи бўлиш калиманинг фасиҳ ҳисобланишидаги бирламчи шартлардир. 


Араб тилини пухта эгаллаган кишилар эса мазкур шартларга тўғри келган сўзлар ичидан ҳам фасиҳроғини танлай биладилар. Шунингдек, синоним сўзлар ичидан ҳам мақомга кўпроқ мос келадиганнини танлашда адашмайдилар. Қачон қайси бирини ишлатиш мақсадга мувофиқ бўлишини биладилар. Масалан, "شك" билан "ريب" сўзлари, "سعر" билан "ثمن" сўзлари мутародиф сўзлар бўлса ҳам маънода бир-биридан нозик фарқ қилувчи жиҳатларга эга. 


Имом Суютийга кўра фасиҳ сўзларнинг ҳам рутбалари бор. Масалан, "أنصبه المرض" (касаллик уни ҳолдан тойдирди) ибораси "نصبه المرض" иборасидан фасоҳатлироқ ва олийроқдир. Ваҳоланки, "насаба (نصب)" ҳам "ансаба (أنصب)" ҳам айни маънога далолат қилади. Ёки "غلبه غَلَباً" (ғалабаҳу ғалабан) дея масдарнинг ломини фатҳали ишлатиш "غلبه غَلْباً" (ғалабаҳу ғалбан) дея сукунли ишлатишдан афзалроқдир фасоҳат нуқтаи назаридан. 


Шунинг учун ҳам бир-бирига нисбатан луғат бўлган сўз ва иборалар гарчи, балоғат фани қўлланмаларида келган сўзнинг фасиҳ бўлиш шартларини ўзида мужассам қилган бўлса ҳам истеъмол жиҳатидан фарқ қилиши туфайли бир-бирига нисбатан "заиф", "мункар" ва "матрук" ҳисобланиши мумкин. Мисол учун, "بَهُتَ" (лол бўлмоқ, келтирилган ҳужжат қаршисида ҳеч нарса деёлмай тонг қолмоқ) сўзи худди шу феълнинг мажҳул нисбатда ишлатилувчи "بُهِتَ" вариантидан фасиҳроқ эмас. Балки, "баҳута" "буҳита"га нисбатан заифдир. Гарчи, ҳар иккала вариант ҳам умумий фасоҳат шартларини ўзида мужассам қилган бўлса ҳам. 


Шу билан бирга араб луғавийлари қошида "لغة ماتت" (ўлик шева, ўлик вариант) деган истилоҳ мавжуд. Аввал бир сўз ишлатилган кейин вақтлар ўтиши билан мазкур сўз истеъмолдан чиқиб кетган ва унинг ўрнини фасиҳроқ бошқаси эгаллаган бўлади. Шунда аввалги луғат тарк этилади. Кисоий (р.ҳ) айтади: "маҳбуб (суюкли, севимли) сўзи "ҳабабту" (севдим)" сўзидан олинган. Мазкур сўз ўлган луғат бўлса керак". Яъни, яхши кўрдим, севдим, дейиш учун "ҳабабту" ишлатилмайди. Балки, "аҳбабту" ишлатилади. "Ҳабабту" тарк этилган ва ўлик луғатга айланган. 


Фасиҳ калималар ичидаги заиф, мункар ва матруклари умуман фасоҳатдан йироқ бўлган радийъ ва мазмум (ёмон, сифатсиз) сўзлардан фарқ қилади, албатта. Аксар араб тили олимлари иттифоқ қилган хулосага кўра, Қурайш лаҳжаси лаҳжаларнинг энг олийси, энг гўзали ва ёқимлиси эди. Зеро, Қурайш қавми Каъбаи муаззаманинг ходимлари ва ҳомийлари ўлароқ араб қавмлари ичида энг марказий мақомни эгаллаган эдилар. Макка барча Ҳижоз аҳли учун пойтахт мақомида эди. Маккага барча араб қабилалари ҳаж ва умра учун келарди. Ўзлари эса Шом ва Яманга тижорат сафари билан чиқишарди. Йўлда эса балоғату фасоҳат чавандозлари тўпланадиган турли машҳур бозорлардан ўтардилар. Қурайшнинг ўзга араб қабилалари билан кўп мулоқотда бўлиши, араб калималари борасидаги завқининг ошишига замин яратди. Бу эса ўз навбатида, арабларнинг сўзларидан энг гўзал ва мустаҳсанларини олиб, сифатсиз ва ёқимсизларини, мустақбаҳ ва мустабшаъларини ташлашга имкон берарди. 


Шу тариқа, Қурайш шеваси сайқалланиб, жилоланиб, юксала борди. Уламоларга кўра, Қуръони карим айнан Қурайш луғатида нозил бўлишининг асосий сабаби ҳам шудир. Зеро, Қурайш бу вақтга қадар барча араб халқларининг энг гўзал лафзларини ўзида жамлаган эди.


Қуръони каримнинг Қурайш луғатида нозил бўлиши ўз навбатида араб тилининг юксалишига, фасоҳати кучайишига сабаб бўлди. Зеро, Қуръони карим алфозига хилоф бўлган ғариб, хунук ва ёқимсиз сўзлар бунга қадар араблар ичида кўп эди. Мутаассиб араб қабилаларини эса ўзларидаги мустаҳбаҳ лафзларни тарк қилишларига Қуръони каримдан бошқаси мажбур қилолмасди. Аммо, Қуръони карим нозил бўлгач, унинг оятларига боқдилар ва ўзларидаги мазкур хунук лафзларнинг қабоҳатига таслим бўлдилар ва тарк этдилар. 


Шу билан, луғавийлар наздида кашкаша, ъанъана, каскаса, фаҳфаҳа, ъажъажа, вакам, ваҳам, ватм, истинто, шаншана, лахлахонийя ва тамтамонийя каби номлар билан аталувчи қўпол шева ва услублар йўқолиб кетди. Ёки деярли йўқолиб кетди. 


Мисол учун, Рабийъа ва Музар қабиласида кашкаша мавжуд эди. Бу эса вақф ҳолатида иккинчи шахс муаннас кофига шин қўшиб гапириш эди. Улар, "مررت بِكِ" (марарту бики) демоқчи бўлсалар, "Ш" қўшиб "مررت بِكِش" (марарту бикиш) дердилар. Ёки "رأيتُكِ" (сени кўрдим) демоқчи бўлсалар, "رأيتكش" дер эдилар. Ҳавозин қабиласида эса тескариси эди. Яъни, улар шин ўрнига син ҳарфини қўшиб айтишарди. أَعْطَيْتُكِسْ (أعطيتُكِ) ва "مِنْكِسْ" (مِنْكِ) каби.


Шу тариқа, Аллоҳ таолонинг сўнги аҳди, башариятга нозил этган сўнги каломи ва ваҳйи бўлган Қуръони карим нафақат олам аҳлини зулматлардан нурга олиб чиқувчи маърифат маёғи, ҳидоят булоғи, ҳақ билан ботилни ажратиб берувчи фурқон, Коинот сиррини очиб берувчи бурҳон, қалблар шифоси, кўзлар зиёси бўлди. Балки, у араб тилининг фасоҳату балоғатига ҳам хизмат қилди. Уни юксалтирди. Зеро, Аллоҳнинг каломи муборакдир. У нимага боғланса, унга барака киритади.


Алишер Султонходжаев

Ушбу мақола Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2023 йил 7 сентябрдаги 03-07/7119-рақамли хулосаси асосида тайёрланди.

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Аҳкамул Қуръон асарида шундай ёзилади .Имом ибн Арабий Моликий раҳимаҳуллоҳ .Агар кимса кек сақловчи, ҳасад қилувчи, ўзига бино қўйган ва мутакаббир бўлар экан у давоми...

2881 14:00 / 06 январь
Бугунги жумъа мавъизасида имомхатибларимиз quotТафриқага бўлинишнинг диний ва дунёвий зарарлариquot мавзусида маъруза қиладилар. Бу ҳақда ЎМИ расмий сайтида хабар давоми...

4812 06:17 / 24.08.2018
Батаҳқиқ, мўминлар зафар топдилар.Ушбу оят ила Аллоҳ таоло мўминларнинг зафар топишларига очиқойдин, таъкидланган ваъда бермоқда. Суранинг аввалида .Батаҳқиқ, ndash давоми...

5902 14:38 / 15.03.2018
Одамлар учун чиқарилган энг яхши уммат бўлдингиз. Маъруфга буюрасиз ва мункардан қайтарасиз ҳамда Аллоҳга иймон келтирасиз. Агар аҳли китоблар иймон давоми...

5468 20:36 / 13.11.2017