1447 йил 8 Рамазон | 2026 йил 26 февраль, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ислом

Бир сониялик тафаккур

10:16 / 07.09.2024 1808 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Инсон ҳар қандай гуноҳ иш қилишдан олдин, ўзига бир сония вақт ажратсин. Сўнгра ушбу оятларни эсласин:

ﭯ ﭰ ﭱ ﭲ ﭳ ﭴ

«Роббининг ҳузурида туришдан қўрққанлар учун икки жаннат бор» (Ар-Роҳман сураси, 46-оят).

Қиёмат куни Аллоҳ таолонинг ҳузурида саволларга жавоб беришдан, ҳисоб-китоб ҳолатидан қўрқиб, тириклигидаёқ тайёргарлик кўриб, яхшилик билан кун кечирганларга икки жаннат бор экан.

«Икки жаннат»нинг бир неча шарҳлари бор, жумладан, инсонларга алоҳида жаннат, жинларга алоҳида жаннат ёки икковларидан ҳар бирларига иккитадан жаннат. Гуноҳкорлар жаҳаннам билан ўта қайноқ сув ўртасида айлансалар, тақводорлар биринчи жаннатлари, яъни боғлари билан иккинчи жаннатлари – боғлари орасида сайр қилиб юрадилар. Роҳат устига роҳат, фароғат устига фароғат.

Бундай мукофотга сазовор бўлиш учун банда гуноҳлардан тийилиб, Аллоҳга тақво қилиб яшаши керак. Ана ўшанда банданинг дунё ва охират ишлари ўнгланади.

ﮚ ﮛ ﮜ ﮝ ﮞ ﮟ ﮠ

«...Ким Аллоҳга тақво қилса, унинг йўлини очиб қўяди» (Талоқ сураси, 2-оят).

ﮡ ﮢ ﮣ ﮤ ﮥﮦ ﮧ ﮨ ﮩ ﮪ ﮫ ﮬﮭ ﮮ ﮯ ﮰ ﮱﯓ ﯔ ﯕ ﯖ ﯗ ﯘ ﯙ ﯚ

«Ва унга ўзи ўйламаган тарафдан ризқ берур. Ким Аллоҳга таваккул қилса, бас, унга У Зотнинг Ўзи кифоядир. Албатта, Аллоҳ Ўз ишини етказувчидир. Батаҳқиқ, Аллоҳ ҳар бир нарсага ўлчов қилиб қўйгандир» (Талоқ сураси, 3-оят).

Ким Аллоҳ таолонинг буюрганини қилиб, қайтарганидан қайтса, бу дунё ва охиратнинг қийинчиликларидан чиқадиган йўлни Аллоҳнинг Ўзи кўрсатиб қўяди. Тақводор шахснинг мушкулини доимо Аллоҳнинг Ўзи енгил қилиб туради. Шу билан бирга, унга ўзи ўйлаб, хаёлига келмаган томондан ризқу рўз етказиб беради. Одатда, кишилар ризқим сероб бўлсин, деган мақсадда тақводан воз кечадилар. Бу эса аксинча натижага олиб келади.

Ушбу ояти кариманинг маъносидан келиб чиқадиган қоидага биноан, тақводорлик қийинчиликларнинг осонлашиши ва ризқнинг ўйламаган тарафдан келишига сабаб бўлади.

Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу «Қуръондаги энг катта умидбахш оят, ушбу «ва ман яттақиллаҳа яжъал лаҳуу махрожан ва ярзуқҳу мин ҳайсу лаа яҳтасиб» деган эканлар.

Имом Аҳмад ибн Ҳанбал ривоят қилган ҳадиси шарифда Набий алайҳиссалом: «Албатта, банда қилган гуноҳи туфайли ризқдан маҳрум бўлади. Қадарни дуодан ўзга ҳеч нарса рад қила олмайди, умрни яхшиликдан ўзга ҳеч нарса зиёда қила олмайди», – деганлар.

«Ким Аллоҳга таваккул қилса, бас, унга У Зотнинг Ўзи кифоядир» жумласининг тафсирига уламоларимиз қуйидаги ҳадисни келтирадилар. Набий алайҳиссалом Абдуллоҳ ибн Масъудга қилган насиҳатларида жумладан: «...Ва билки, агар умматнинг барчаси йиғилиб, сенга манфаат етказмоқчи бўлсалар ҳам, Аллоҳ сен учун тақдир қилиб қўйган нарсадан ўзга ҳеч бир нарса қила олмайдилар. Агар сенга зарар етказиш учун тўплансалар ҳам, Аллоҳ сен учун тақдир қилиб қўйган нарсадан ўзга ҳеч бир нарса қила олмайдилар», – деганлар.

Банданинг Аллоҳ таоло ҳузуридаги икки туриш бор. Бу дунёда Унинг ҳузурида намоз учун бўлган туриш ва қиёмат куни Унинг ҳузурида ҳисоб учун туриш. Кимки аввалги туришни жойига қўйиб берса, унга кейинги ўринда туриш осон бўлади. Ким олдинги ўринга, яъни намозга эътиборсиз бўлса, ҳаққа вафо қилмаса, унга охирги ўрин, яъни ҳисоб бериш оғир бўлади.

Аллоҳим, Сендан ўзимнинг ёмонлигимдан ҳамда шайтон ва унинг шерикларининг ёмонлигидан паноҳ тилайман.

Аллоҳим, мени Ўзинг асрагин. Менга ҳалол қилиб қўйган нарсаларингдан ато этгин ва ҳаром қилган нарсаларингдан паноҳ бергин.

Аллоҳим, мени марҳаматинг ва фазлинг билан Сендан ўзга барча нарсадан беҳожат қилгин.

Хуршид Маъруф тайёрлади

Ушбу мақола Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2024 йил 3 август 03-07/4702-сонли хулосаси асосида тайёрланди.

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
4649. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон сафарга отлансалар, .Аллоҳумма антассоҳибу Фиссафари вал халифату фил давоми...

25512 07:32 / 19.03.2018
Кеча қоронғу эди. Осмондаги зулматни парчалаб ташлайдиган ой ҳам кўринмасди. Ҳали шаҳарлар нур кўрмаган. Аммо гўшт ва қондан иборат бир Ой Мадина кўчаларида қадам давоми...

3664 06:00 / 14.02.2024
.Сўнгра Аршга .истиво қилди, Сажда сураси, 4оят ояти борасида ҳам юқорида кўп таъвилларни айтиб ўтдик. Бироқ бу ерда юқорида айтиб ўтмаган бошқа бир маънони айтамиз. давоми...

2197 11:00 / 04.12.2022
Имом Абулҳасан Мовардий .Дунё ва дин одоби, китобида айтади .Илмнинг барчасини иҳота қилишга бирор йўл йўқ экан, унинг баъзисини билмаслик ор эмас, сенинг давоми...

2940 06:00 / 20.12.2021
Аудиолар

232021 06:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

150534 09:35 / 11.08.2021