1447 йил 22 жумадис сони | 2025 йил 13 декабрь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ислом

Гапни кўнгилга ёқадиганидан бошланг!

18:52 / 02.05.2024 2457 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Агар сендан тарихдаги энг қисқа ва лўнда мақтов қайси деб сўрашса ҳеч тараддудсиз қўрқмасдан Аллоҳ таолонинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳақларидаги

ﮛ ﮜ ﮝ ﮞ ﮟ

«Ва албатта сиз буюк хулқ узрадирсиз» (Қалам сураси, 4-оят), деб мақтаган мақтовидир деяверинг.

Чунки инсонлар мақташганда ҳаддан ошишади. Мақтовчи шахснинг ё ҳислари устунлик қилиши мумкин ёки муҳаббати кўзини ўтмайдиган қилиб қўйган бўлиши мумкин.

 Аммо Аллоҳнинг мақтови муносиб зотга муносиб мақтов бўлади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ғазаб пайтида ҳам, розилик пайтида ҳам, тинчликда ҳам, урушда ҳам, сафарда ҳам, муқимликда ҳам гўзал хулқ узра эдилар.

Каттага ҳам, кичикка ҳам, дўстга ҳам, душманга ҳам гўзал муомалада эдилар.

Одамлар хато қилганида уларнинг хатосини тўғрилаб қўйиш учун ҳам гўзал услублар қидирар эдилар. Гоҳида насихат беришдан олдин кишиларни хотиржам қилиб олар эдилар.

 Абу Бакра ( бу киши Абу Бакр эмас, бошқа саҳоба, розияллоҳу анҳо) розияллоҳу анҳу бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ортларида намоз ўқиш учун масжидга келди. Келганида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам рукуъ ҳолатидан кўтарилаётган эдилар. Абу Бакра масжидга кирибоқ сафга қўшилмасдан, рукуъга етиш учун орқароқда туриб иқтидо қилиб қўя қолди. Намоз тугагач, Абу Бакра розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига келиб воқеани айтиб бердилар. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга дедилар:

«Аллоҳ (ибодатга бўлган) шавқингни зиёда қилсин. Аммо қайтиб бундай қилма!».

Имом Бухорий ривояти.

Насиҳатдаги одобга боқинг. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам унга «сафда турмасдан рукуъ қилишинг жоиз эмас эди» демадилар, «сен шошқалоқсан» ҳам демадилар.

Кўнгилга ёқадиган гап билан бошладилар:

«Аллоҳ (ибодатга бўлган) шавқингни зиёда қилсин».

Яъни, Абу Бакранинг биринчи рукуъга етиб олишга бўлган интилишини мақтадилар. Сўнг тўғри йўлни ўргатиб қўйдилар.

Инсон аввал мақтовни қабул қилса, сўнг танқидни қабул қилишга очиқ қалб билан тайёр бўлади. Инсонлар билан муомалада бу жуда муҳимдир.

Уйингизда зиёфат қилдингиз. Хотинингиз овқатни шўр қилиб қўйди. Сиз у билан ёлғиз қолганингизда бундай денг: «Баракалла! Овқат ширин бўлибди. Қўлинг жуда ширин-да! Аммо қозонга туз сал кўпроқ тушибди. Келаси сафар эътиборли бўл...»

Ана шунда хотинингиз сизнинг мулоҳазаларингизни очиқ қалб билан қабул қиладиган бўлади.

Агар унга дабдурустдан «Овқатни яхши пиширмапсан. Ўзи онанг ҳам шунақа овқат қилишни билмайди. Одамларнинг олдида мени шарманда қилдинг...» каби гапларни гапирсангиз, унинг туйғулари умуман тескари томонга ўзгаради.

Сизнинг бир ишчингиз бор. У доим кечикиб келади. Сиз унга: «Кечикиб келишингни йиғиштир. Ишламоқчи бўлсанг вақтида кел» дейишинингиз ҳам мумкин, аммо унинг қалбини асир қилиб, «Сен яхши ишчисан. Вазифангни кўнгилдагидек бажарасан. Аммо вақтга бироз эътибор берсанг яхши бўлади. Сенда ҳамкасбларингга бош бўладиган қобилият бор...» каби гапларни гапирсангиз, бошқача натижани кўришингиз аниқ.

Аммо биз кўпинча бошқалар билан шунақа муомала қиламизки, у биз билан ўзи ўртасида баланд девор қўйиб олади. Гапларимиз бу қулоғидан кириб, наригисидан чиқиб кетади.

Агар биз унга аввал ижобий ишларини айтиб, сўнгра хатоларини кўрсатсак, танбеҳларимиз унинг қалбида собит қолишига ёрдам беради, иншааллоҳ!

Гапни кўнгилга ёқадиганидан бошланг!

«Набавий тарбия» китоби асосида тайёрланди

Ушбу китоб Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2023 йил 7 мартдаги 03-07/1506-рақамли ва 2023 йил 24 мартдаги 01-07/1959-рақамли хулосалари асосида тайёрланган.

 

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Саҳобалардан бирор киши у аъробийни танимас эди. Саҳродан келиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ҳижрат ва жиҳод учун байъат қилди. Сўнгра бир ғазот давоми...

3482 14:29 / 12.01.2024
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва саҳобалар Маккаи Мукаррамадан ҳижрат килиб Мадинаи Мунавварага ўрнашганларидан кейин намозни жамоат билан адо қилиш давоми...

6608 09:00 / 04.03.2023
Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг уйларида қўй сўйилди. У зот қўйни садақа қилишни буюриб, бир иш билан уйдан чиқиб кетдилар. Қайтиб келгач, Оиша розияллоҳу давоми...

2171 11:25 / 27.05.2024
Робб ndash эга демакдир. Бизнинг эгамиз ким деган саволга жавобимиз Роббимиз Аллоҳдир. Роббимиз Аллоҳ дея ҳаётимизни давом эттирсак фаришталарнинг қанотлари давоми...

2143 19:25 / 28.10.2022
Аудиолар

213178 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

132397 14:35 / 11.08.2021