1446 йил 21 жумадис сони | 2024 йил 23 декабрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Танловлар

ТАНЛОВ-1443: «МАЗҲАБЛАР — БИРЛИК РАМЗИ» Қўлларни киндик остига қўйиш – суннат амал (иккинчи мақола)

14:00 / 04.10.2021 1898 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Намозхон нигоҳини сажда қилинадиган жойга қаратади, қўллар киндикдан пастга, ўнг қўлнинг бош ва чиначоқ бармоқлари чап қўлнинг бўғинини ушлайди. Қолган ўртадаги учала бармоқ эркин қўйилади.

عن وائل بن حجر رضى الله عنه قال "رأيت النبى صلى الله عليه وسلم وضع يمينه على شماله فى الصلاة تحت السرة" اخرجه الإمام ابن ابى شيبة. رجاله ثقات.

Воил ибн Ҳужр розияллоҳу анҳудан, у зот оталаридан ривоят қилинади: «У зот айтадилар: «Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни намозда ўнг қўлларини чап қўллари устига киндик остига қўйганларини кўрдим».

Имом Ибн Абу Шайба ривояти.

Яна бир ривоятда бундай келади:

عن ابى وائل رضى الله عنه قال: قال أبو هريرة رضى الله عنه: "اخذ الاكف على الاكف فى الصلاة تحت السرة" (رواه الإمام ابو داود(

Абу Воил розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу айтдилар: «Намозда кафтнинг устига кафтни қўйиб, киндик остида ушланади».

Имом Абу Довуд ривояти. 

Аллома Зафар Аҳмад Усмоний мана шу ривоятни келтириб, бундай деганлар: «Муҳаммад ибн Сирин Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ҳадис ривоят қилганларида, у зотдан «Бу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламданми?» деб сўрашган. Шунда Ибн Сирин раҳматуллоҳи алайҳ: «Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳунинг ҳар бир ҳадиси Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдандир», деб жавоб берганлар.

Демак, Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳунинг ҳар бир ҳадиси марфуъ (Расулуллоҳдан келган) эканлиги келиб чиқади. Шундай қилиб, намозда қўлларни киндик остига қўйиш суннат эканлиги собит бўлган».

عن ابى جحيفة ان عليا رضى الله عنه قال: السنة وضع الكف على الكف فى الصلاة تحت السرة (رواه الإمام ابو داود(

Абу Жуҳайфа розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Али розияллоҳу анҳу айтдилар: «Намозда қўлни қўлнинг устига қўйиб, киндик остига тушириш – суннатдир».

Имом Абу Довуд ривояти.

Бу ҳадис Имом Аҳмаднинг «Муснад»ида ҳам келтирилган. Ҳофиз ибн Ҳажар ўзининг «Тажриду завоиди муснад ал-Баззор» асарида: «Агар ҳадис «Муснади Аҳмад»да келса, бошқа Муснадларга ҳожат йўқ», деган. Шундай қилиб, ушбу ҳадис ҳасан даражасидан тушмайди («Эълоус сунан» китоби).

Намозда қўлни киндик остига қўйиш ҳақида «Мухтасару-л-Виқоя» китобида бундай дейилган:

يضع يمينه على شماله تحت سرّته

«(Намоз ўқувчи) ўнг қўлини чап қўлининг устига қилиб, киндик остига қўяди».

Намозда қўлни киндик остида тутишнинг баъзи афзалликлари ҳақида «Музмарот» китобидан бундай дейилган:

لانه اقرب الى التواضع وابلغ الى الخشوع والى ستر العورة واحفظ للازار عن السقوط

«Қўлни киндик остида тутиш – камтарликка яқинроқдир, хушуъ ва аврат аъзоларини ёпилишига олиб борувчироқдир, изорни тушиб кетишдан сақлагувчироқдир».

Демак, намозда қўлни қаерда тутиш ҳолати ҳақидаги ҳадисларни мувофиқлаштириш керак бўлади. Уни эса фақат ижтиҳод қилишга қодир уламоларимиз аниқлаб берадилар.

Ҳанафий мазҳабимиз мужтаҳидлари юқоридаги ҳадисларга асосланиб, эркаклар қўлларини киндик остида тутадилар дейишган. Қолаверса ушбу ҳолат эркакларда таъзим ва хушуъга яқинроқдир.

Омин махфий айтилади, жаҳрий айтилмайди

Ҳанафий мазҳабига кўра, Фотиҳа сурасидан кейин оминни ҳар бир намозхон ичида (махфий) айтади. Барча мужтаҳид уламоларимизнинг наздларида намозда Фотиҳа сурасидан кейин «омин»ни айтиш суннат ҳисобланади. Ҳанафий мазҳаби ва моликий мазҳабида «омин»ни овоз чиқармай айтиш керак бўлади. Бунга қуйидаги маълумотларни далил қилиб келтирганлар:

1. «Омин» лафзи дуодир. Унинг маъноси «ижобат қил», яъни «дуони қабул қил», демакдир. Қандай дуо қилиш ҳақида Аллоҳ таоло Қуръони Каримда бундай марҳамат қилган:

﴿ادْعُوا رَبَّكُمْ تَضَرُّعًا وَخُفْيَةً إِنَّهُ لَا يُحِبُّ الْمُعْتَدِينَ

«Роббингизга зорланиб ва хуфёна (овозсиз) дуо қилингиз! Зеро, У (дуода ва бошқада) ҳаддан ошувчиларни ёқтирмагай» (Аъроф сураси, 55-оят).

Ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ҳақда бундай дедилар:

دَعْوَةُ السِّرِّ تَعْدِلُ سَبعِيْنَ دَعْوَة في العَلاَنِيَةِ (رَوَاهُ الإمام أبو الشيخ عن أنس رضي الله عنه)

«Ичида қилинган дуо ташида қилинган дуонинг етмиштасига тенг келади» (Имом Абу Шайх ривояти).

Муҳаддис Ибн Ҳиббон «Саҳиҳ» асарида ушбу ҳадисни келтиради:

خير الدعاء الخفى

«Дуонинг яхшиси махфийсидир».

Демак, «омин»ни ичимизда айтсак, мазкур оят ва ҳадисларга амал қилган бўламиз.

2. Абу Воил розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, у зот айтадилар:

كَانَ عَلِيٌّ وَابْنُ مَسْعُودٍ لَا يَجْهَرَانِ بِبِسْمِ اللهِ الرَّحْمَنِ الرَّحِيمِ، وَلَا بِالتَّعَوُّذِ، وَلَا بِآمِينَ

(رَوَاهُ الإمام الطَّبَرَانِيُّ عَنْ أَبِي وَائِلٍ رضي الله عنه)

«Али ва Ибн Масъуд розияллоҳу анҳумолар «(Намоз ичидаги) бисмиллаҳир роҳманир роҳийм»ни ҳам, «аъуузу»ни ҳам, «омин»ни ҳам овоз чиқариб айтишмасди».

Имом Табароний ривоятлари.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан доимо бирга юрган ҳазрат Али ва Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳумо каби ниҳоятда илмли саҳобийларнинг «омин»ни ичларида айтишлари ҳам кучли далил ҳисобланади. Бошқа бир ривоятда ҳазрати Умар розияллоҳу анҳунинг ҳам «омин»ни ичларида айтиб намоз ўқиганлари таъкидланади.

Ҳанафий уламолар худди шу маънодаги, лекин бошқа саҳобаи киромларнинг исмлари зикр қилинган ривоятларни ҳам келтирадилар.

3. «Омин» лафзини Қуръондан эмаслиги ҳаммамизга маълум. Бунинг устига, ушбу лафз арабча ҳам эмас. «Аъуузу биллаҳи минаш шайтонир рожийм» эса Қуръонда келган, яна Аллоҳ таоло бизга Қуръон ўқиганимизда уни айтишни вожиб қилган. Шундай бўлса ҳам «Аъуузу биллаҳи минаш шайтонир рожийм»ни намозда ичимизда айтамиз. Нима учун энди «омин»ни овоз чиқариб айтишимиз керак?!

4. Намоз жуда ҳам машҳур ибодат ҳисобланади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам намоз фарз бўлган кундан бошлаб ҳар куни беш вақт намозни жамоат билан ўқиганлар. Ул зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳар бир намозлари минглаб кишилар томонидан синчковлик билан кузатиб борилган.

Агар «омин»ни овоз чиқариб айтиш афзал бўлганида, у зот алайҳиссалом бу нарсани баён қилган бўлардилар ва орада ҳеч қандай шубҳа қолмас эди. Ҳолбуки, у зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари имомлик қилаётганларида, баъзан таълим учун биринчи сафдагилар эшитадиган қилиб «омин», деганларидан бошқа ҳеч бир далил йўқ. Айниқса, имомга иқтидо қилган кишиларнинг «омин»ни овоз чиқариб айтганлари ҳақида ҳеч қандай ривоят маълум эмас.

Рукудан аввал ва рукудан кейин қўллар отнинг думига ўхшаб кўтарилмайди

Ҳанафий ва Моликий мазҳаби уламолари намозда рукудан аввал ва рукудан кейин ёки учинчи ракатнинг қиёмига турганда қўл кўтарилмаслигини айтадилар. Бу сўзларига қуйидаги ҳадисни далил қиладилар. Жобир ибн Самура розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

خرج علينا رَسُول الله صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ فَقَالَ :مَا لي أَرَاكُم رافعي أَيْدِيكُم كَأَنَّهَا أَذْنَاب خيل شُمْس اسكنوا فِي الصَّلَاة

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизнинг олдимизга чиқиб: «Нимага сизларни икки қўлларингизни қайсар отнинг думига ўхшаб кўтараётганингизни кўряпман?! Намозда сокин туринглар» дедилар».

Имом Муслим ривояти.

Асваддан ривоят қилинади:

«Умар ибн Хаттобнинг аввалги такбирда икки қўлини кўтарганини кўрдим. Кейин буни қайтармади»

Имом Таҳовий ривояти.

Осим ибн Кулайб отасидан, у Алқамадан ривоят қилади: «Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу айтади: «Сизларга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг намозларини ўқиб берайми?» деб намоз ўқиди. Икки қўлини биринчи мартада кўтаргандан бошқа кўтармади».

Саждага борганда аввал тизза ерга қўйилади

Саждага борилаётганда ерга яқин аъзолар бирин-кетин ерга қўйилади, яъни аввал тизза, кейин қўллар ва юз. Саждадан тураётганда ердан узоқ аъзолар биринчи кўтарилади, яъни юз, қўл, тизза. Заруратсиз ерга таяниб туриш макруҳ. «Фатавои Ҳиндия» китобида бундай дейилади:

اِذَا اَرَادَ السُّجُودَ يَضَعُ اَوَّلًا مَا كَانَ اَقْرَبُ اِلَي الْاَرْضِ فَيَضَعُ رُكْبَتَيْهِ اَوَّلًا ثُمَّ يَدَيْهِ ثُمَّ اَنْفَهُ ثُمَّ جَبْهَتَهُ وَ اِذَا اَرَادَ الرَّفْعَ يَرْفَعُ اَوَّلًا جَبْهَتَهُ ثُمَّ اَنْفَهُ ثُمَّ يَدَيْهِ...

«Агар намозхон сажда қилишни хоҳласа, аввало ерга яқин бўлган аъзони (ерга) қўяди. Бас (шундай экан), аввал тиззасини, сўнг икки қўлини, сўнг бурнини, сўнгра пешонасини ерга қўяди. Саждадан турганида аввал пешонасини, сўнг бурнини, сўнгра икки қўлини кўтаради...».

«Мухтасару-л-виқоя» китобида эса:

"ثُمَّ يُكَبِّرُ وَ يَسْجُدُ فَيَضَعُ رُكْبَتَيْهِ ثُمَّ يَدَيْهِ.و يُكَبِّرُ وَ يَرْفَعُ رَأْسَهُ ثُمَّ يَدَيْهِ ثُمَّ كْبَتَيْهِ

«(Намоз ўқувчи) рукудан сўнг такбир айтади ва сажда қилади. Саждага бориш асносида аввал тиззаларини сўнгра қўлларини ерга қўяди, (саждадан турганида) такбир айтади ва аввал бошини сўнгра икки қўли ва тиззаларини ердан кўтаради...», дейилган.

Воил ибн Ҳужр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда:

رَأَيْتُ رَسُولَ الله صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ إِذَا سَجَدَ يَضَعُ رُكْبَتَيْهِ قَبْلَ يَدَيْه وَ اِذَا نَهَضَ رَفَعَ يَدَيْهِ قَبْلَ رُكْبَتَيْهِ"  (رواه الامام أبو داود والامام الترمذي عن وائل ابن حجر رضي الله عنه)

«Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни сажда қилганларида қўлларидан аввал тиззаларини ерга қўйганларини ва саждадан қайтаётганларида тиззаларидан аввал қўлларини ердан кўтарганларини кўрдим», дейилади.

Имом Абу Довуд, Имом Термизий ривояти.

Бошқа ривоятда эса:

حَفِظْنَا عَنْ عُمَرَ فِي صَلَاتِهِ أَنَّهُ خَرَّ بَعْدَ رُكُوعِهِ عَلَى رُكْبَتَيْهِ كَمَا يَخِرُّ البَعِيرُ، وَ وَضَعَ رُكبَتَيْهِ قَبْلَ يَدَيْهِ (رواه الطحاوي في شرح معاني الآثار عن علقمةَ والأسودِ رضي الله عنهما)

«Биз ҳазрат Умар розияллоҳу анҳунинг намозларидан шуни ўргандикки, у киши руку қилганларидан кейин ҳудди туя чўккалагандек чўккалар эдилар ва тиззаларини қўлларидан аввал ерга қўярдилар», дейилади.

Имом Таҳовий Алқама ва Асвад розияллоҳу анҳумолардан ривоят қилганлар.

Бу борада бир қанча ҳадислар мавжуд. Моликий мазҳабидан ташқари барча мазҳаб олимлари ушбу ҳадисларни дақиқ ўрганиб, «сажда қилишда аввало ерга яқин аъзолар ерга қўйилади ва саждадан туришда эса ердан узоқ бўлган аъзолар ердан кўтарилади», деган фикрга иттифоқ бўлганлар.

Оёқларнинг бармоқлари қиблага қараган ҳолда эгилиб, аввал тизза ерга қўйилади. Сўнгра, бурун ва пешона қўйилиб, сажда қилинади.

Демак, мусулмонларнинг бирлиги, ибодатларнинг мукаммаллиги, жамиятимизнинг тинчлиги учун юртимиз мусулмонлари бир мазҳаб – Имом Аъзам раҳматуллоҳи алайҳнинг мазҳабига амал қилишлари ўта муҳим ва жуда зарурдир. Бу ҳақда Валийуллоҳ Деҳлавий раҳматуллоҳи алайҳ «Ал-Инсоф фий баён сабаб ал-ихтилоф»да шундай ёзади: «Агар бир оми одам Ҳинд ёки Мовароуннаҳр диёрида яшаса, у ерда Шофеъий, Моликий ёки Ҳанбалий мазҳабларининг бирорта олими ҳам, шу мазҳабга тегишли китоблар ҳам бўлмаса унга Абу Ҳанифа мазҳабига эргашиш вожиб бўлади ва бу мазҳабдан чиқиши ҳаром бўлади».

Юқорида келтирилган намозга оид айрим масалаларнинг баъзилари суннат, қолганлари эса мустаҳаб амаллардир. Бироқ бир мазҳабга эргашиш вожиб, фитна чиқариш, турли ихтилофларга сабаб бўлиш, мусулмонлар бирдамлигига раҳна солиш эса ҳаромдир. Шундай экан, уламоларга эргашайлик, бир мазҳабга амал қилайлик. Албатта, мазҳаблар – бирлик рамзидир.

(Тамом)

Даврон Нурмуҳаммад

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Араблар имом Замахшарийни таърифлаб, Ушбу оқсоқ Замахшарий бўлмаганда, араб тилини тушунмай ўтиб кетар эдикrdquo дейдилар. Тўлиқ исми ва таваллудиМахмуд ибн Умар давоми...

2378 16:11 / 27.12.2022
Дуодаман Саҳар чоғи жола тўкдим, тилаб висол, Йиғлабйиғлаб нола билан зиёдаман. Бутун вужуд титрар, гўё таним беҳол, Роббим томон қўлим очиб дуодаман. давоми...

1087 11:42 / 22.05.2023
.Шайх Абдуссобур шайх Алий Солиҳ каби ўзида алАзҳарнинг илмларини жамлаган эди. У тафсир, фиқҳ, араб тили, фалсафа, мантиқ, фанларини билимдони, файласуф, нотиқ эди. давоми...

1366 14:45 / 02.06.2023
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мадрасалари толиблари бўлмиш саҳобаларнинг ҳаётлари бизга ҳар жабҳада намунадир. Улар Ислом қуёши порлагач, матонат давоми...

2166 10:30 / 22.01.2023