1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Жамият

Яшил реаниматологлар

18:24 / 09.02.2023 1406 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Халқимизда «Чин кўнгилдан истасанг, сўқир кўздан ёш чиқади», деган мақол бор. Дарҳақиқат, агар инсон чин дилдан хоҳласа, Аллоҳ таолонинг изни билан, жуда кўп ишларни амалга оширади, кўзлаган барча мақсадига эришади. Айниқса, мазкур саъй-ҳаракатлар одамлар учун фойдаси тегадиган хайрли иш, жумладан, абгор ҳолга келиб қолган табиат унсурларини тиклаш, чўл ҳудудларини обод масканларга айлантириш ва шу билан инсониятга фойда келтириш йўлида амалга оширилган бўлса... Бунга кўплаб мисол келтириш мумкин.

Масалан, ҳиндистонлик Ражендра Сингхни кўрсатган қаҳрамонлигини олайлик. Буткул қуриган дарёни тўлдириб, юзга яқин қишлоқни сувсизликдан асраб қолган, ҳудудга минглаб жониворларнинг қайтишига сабабчи бўлган бу инсон ҳақиқатан ҳам катта натижага эришган.

Ҳиндистоннинг шимоли-ғарбида жойлашган Ражастон штати мамлакатнинг аҳоли зич ҳудудлардан биридир. Бир вақтлар штат ерларини сув билан таъминлаган, узунлиги 45 километрга тенг Арвари дарёси (солиштириш учун: Ўзбекистондаги Паркентсой дарёси 40 км узунликка эга) ХХ асрнинг 30–40-йилларида қуриб қолади. Унинг қуп-қуруқ ўзанининг кўриниши эса қум барханларида чўзилиб ётган илонга ўхшаб қолганди. Боз устига, ўзан атрофидаги қудуқлар сувсизланиб, ҳудуддаги ер ости сувлари 100 метргача «қочиб» кетган эди. Табиийки, бундай шароитда яшай олмаган маҳаллий халқ қишлоқларни ташлаб кета бошлаган.

Дарёни тиклашга бел боғлаган Сингх, аввало, унинг қуриб қолиш сабабларини ўрганади. Тиклаш йўлларини излайди. Маълум бўлишича, дарё ўзани ҳудудда йилига икки ой давом этадиган ёмғир мавсумида сув билан тўлиб, қолган пайтда қақраб ётар экан. Маҳаллий аҳоли билан суҳбатлашган Ражендра дарё қачонлардир йил давомида тўлиб оққанини, у пайтларда Арвари атрофида селларни тутиб қолувчи ўзига хос кичик сув омборлари – жоҳадлар бўлганини, аммо ҳозир ана шу сув иншоотлари кўмилиб кетганини аниқлайди. Шу сабаб у дарёни тиклаш ишларини бир неча ёрдамчиси билан чиқинди ва тупроққа тўлиб, кўмилиб кетган жоҳадларни тозалашдан бошлайди. Бироқ натижа дарров бўй кўрсатмайди. Дастлабки йилларда тозаланган жоҳадларга келиб тушган сув ерга тез сингиб кетади. Аммо ер ости сувлари анча кўтарилади. Тўққиз йилдан кейингина Арвари яна бутун йил давомида қуримай оқиб турадиган дарёга айланади.

Эътиборлиси, Ражендра ва дўстлари фақат жоҳадларни тозалаш билан чекланиб қолишмайди. Дарё қирғоқларидаги тепаликларга дарахт ва буталар экилади. Дарахт ва буталар илдизи ўзида намликни сақлагани учун ҳудуддаги ўтлоқлар майдони кенгаяди, анча вақтдан бери кўринмаган жониворлар дарё бўйига қайтади.

Яна бир қизиқ факт: ўтган йиллар давомида Ражендра Сингх ташаббуси билан 9000га яқин жоҳад тикланади. Арваридан ташқари Рупарел, Сарса, Бхагани ва Жахажвали каби аввал қуриб қолган дарёлар яна тўлиб оқа бошлайди.

ХХ асрнинг 90-йилларда Миср ҳукумати томонидан ўзига хос дастур ишлаб чиқилган бўлиб, мазкур лойиҳани амалга ошириш доирасида мамлакат пойтахти – Қоҳирадан узоқ бўлмаган Исмоилия шаҳри яқинида 200 гектарлик ўрмон ташкил этилди. 400 минг киши яшайдиган Исмоилия шаҳри атрофини чўл ва чалачўл майдонлари эгаллаган.

Чўлланиш Африканинг барча ҳудудларига хавф солаётган таҳдидлардан биридир. Сув тақчиллиги мавжуд бўлган бу жойларда эса дарахтларни экиш, шунингдек, уларни парваришлаш осон эмаслиги ҳаммага аён. Мисрлик тадқиқотчилар томонидан ишлаб чиқилган янги тизимга мувофиқ, кўчатлар Исмоилия шаҳридан чиқиб, тозалаш иншоотларида бир карра «чиғириқ»дан ўтган оқова сувлар билан суғорилади. Шу тариқа тансиқ чучук сув захираси ҳам иқтисод қилинади. Асл ватани Жанубий Америка, Шарқий Осиё бўлган қизил дарахт, эвкалипт каби ноёб дарахтлар айни кунда плантацияда ўзини ўз уйидек ҳис қилмоқда.

Аҳамиятлиси, Исмоилия яқинида ўрмон барпо этиш йирик дастурнинг бир қисми бўлиб, лойиҳа бўйича Мисрнинг яна 36 та ҳудудида шундай яшил маконларни ташкил этиш кўзда тутилган. Германиянинг «Forest Finance» компанияси эса худди шундай тизим бўйича Панама ва Вьетнамда йўқ бўлиб кетган ўрмон ҳудудларини тиклаш ҳамда янги плантацияларни ташкил этиш учун катта маблағ ажратгани қувонарли ҳол албатта.

Шу ўринда бу плантацияларда фақат манзарали дарахтлар (мевали дарахтларни бундай сув билан суғориш уларнинг ҳосили заҳарланишига олиб келиши мумкин) етиштирилаётганини айтиб ўтиш керак. Дарвоқе, оқова сувларни қайта ишлаш иншоотидаги фильтрлар ёрдамида ахлатлар ва чиқиндилардан тозаланган сув кислород ва органик бирикмаларни еб битирадиган микроорганизмлар билан бойитилади. Шу тариқа ўғитли шарбатга айланган сув ерости қувурлари орқали ўрмонга етказилади. Энг муҳими, тадқиқотларда Миср ўрмонидаги дарахтлар шимолий минтақалар, айтайлик, Германия ҳудудларида ўсадиган дарахтларга нисбатан (ўғитли сув ва қуёш нурининг кўпроқ тушиши ҳисобига) икки баробар тез ўсиши аниқланган.

Шунга ўхшаш ҳавас қилса арзигулик воқеани Жанубий Америка мисолида ҳам кўрсак бўлади. Бу ерда бразилиялик машҳур фотограф Себастьян Сальгадо турмуш ўртоғи Лелия Делуиз Ваник билан биргаликда ўсимлик дунёси деярли йўқ бўлиб кетган водийда қайтадан тропик ўрмонни барпо этишди.

– 90-йилларда туғилиб ўсган жойларимга – Бразилия шарқидаги Минас-Жерайс штатига келганимда бу ерларни танимай қолдим. Болалигимдаги қуюқ ўрмонлардан асар ҳам қолмаганди. Бу ердаги табиат ўзимга ўхшаб касалланган эди, – дейди Себастьян Сальгадо. – Лойиҳага қўл уришимиздан аввал бу ердаги ҳудуднинг атиги 0,5 фоиз қисмида дарахт ўсарди. Лелия билан баргаликда йигирма йил давомида экилган 2 миллион туп дарахтни кўз қорачиғимиздек асраб-авайлиб, парваришладик. Натижа ёмон бўлмади. Айни пайтда ўрмонимизда 293 турдаги ўсимликни, 172 турдаги қуш, 33 турдаги сут эмизувчи, 15 турдаги судралиб юрувчи, 15 турдаги ҳам сувда, ҳам қуруқликда яшовчи жониворларни кўриш мумкин. Шу тариқа ҳудудда бутун экотизим тикланди. Дарахт ис газини кислородга айлантирадиган ягона тирик организмдир. Муҳими, ўрмонни маҳаллий дарахт кўчатларини эккан ҳолда тикладик. Бунинг учун ҳудуд атрофига сочилган уруғларни йиғдик. Улардан ниҳолларни ундирдик. Шундай қилмасак, бу ерларга жониворлар қайтиб келмасди...

Биласизми? Маълумотларга кўра, айни пайтда сайёрамизда 3 триллион дона дарахт мавжуд бўлиб, уларнинг 600 миллиарддан ортиғи Россияда (бу борада дунёда биринчи ўрин) ўсади. Канада ва Бразилия ҳудудларининг ҳар бирида 300 миллиардан ортиқ дарахт бор. Ҳар йили Ер куррасидаги дарахтларнинг сони 15 млрд донага камаймоқда. Дарахтлар, биринчи навбатда, қурилиш материали сифатида ишлатилади. Қоғоз ишлаб чиқариш учун ҳам дарахтларнинг катта қисми кесилади.

Россиянинг Воронеж вилоятида 5 минг гектарлик «Тошли дашт» (Каменная степь) номли қўриқхона бор. Ушбу қўриқхонанинг ўзига хос жиҳати шундан иборатки, бир пайтлар, яъни ўрта асрларда унинг ҳудудида эман, аспен каби дарахтлардан иборат ўрмон бўлган. Вақт ўтиб, ҳудудга келиб ўрнашган одамлар ерларни ўзлаштиришган. Дарахтлар кесилиб, ерлар ҳайдалган. Бошоқли экинлар ва бошқа қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирилган. Бунинг оқибатида ер ости сувлари қочиб, сув ҳавзалари қуриб ҳудуд бора-бора ҳеч нарса унмайдиган тошли даштга айланган. Ҳайвонот дунёси ҳам бу ерларни тарк этган. Қуруқ ерда бирор нарса етиштириш имконсиз бўлгани боис, маҳаллий аҳоли орасида очарчилик авж ола бошлаган.

1892 йилда ушбу минтақадаги чўлланишни тўхтатиш мақсадида В.Докучаев бошчилигидаги олимлар гуруҳи томонидан махсус чора-тадбирлар дастури ишлаб чиқилди. Унга кўра, сунъий сув ҳавзалари ташкил этилиб, кичик ҳовузлар атрофига янги дарахт кўчатлари экилди, ҳудудда ёғин-сочиндан кейин йиғилган сувни сақлаб турадиган жарликларнинг деворлари катта тўсинлар ёрдамида мустаҳкамланди. Кўп ўтмай даштда ҳаёт жонланди. Ўрмонлар тикланди. Жониворлар қайтди. Ернинг унумдорлиги ошди.

Айни кунда «Тошли дашт» ҳудуди ўнлаб турдаги жонивор, юзлаб турдаги қушнинг севимли масканига айланган. Қўриқхона ҳудудида 800 турдаги ўсимлик ўсади. Бундан ташқари, ҳар йили бу ердаги далаларда етиштирилган буғдой, қанд лавлаги ва маккажўхоридан катта ҳосил оланади. Аҳамиятлиси, «Тошли дашт»да бир пайтлар одамлар томонидан ҳайдалиб, кейинчалик яроқсиз ҳолга келиб қолган ташландиқ ерларнинг маълум қисми асл ҳолича сақланиб қолинган. Юз йилдан ортиқ вақт мобайнида тегилмай турган бу майдонлар табиий ёдгорлик сифатида муҳофаза қилинади.

– «Тошли дашт» одамларга фақат бугунги кун билан яшамасликни, кейинги авлодга қолдириладиган мерос ҳақида ўйлашни ўргатади, – дейди воронежлик ўлкашунос В.Елицких. – Зеро, ер одамга берилган энг қимматли неъматлардан биридир. Келажакда фарзандларимиз бизни уларга қандай тупроқ, қандай ерни мерос қилиб қолдирганимизга қараб эслайдилар.

Юқоридаги маълумотларни ўқир экансиз, беихтиёр ўзбек киноижодкорлари томонидан 2013 йили суратга олинган «Боғ» (режиссёр Собир Назармуҳамедов, бош ролда Бахтиёр Қосимов) номли бадиий фильм кўз олдингизга келади. Фильм бош қаҳрамони – эллик-олтмиш ёшлардаги Абдураҳим ака турли хил тўсиққа қарамай, ҳатто маҳалладошлари ва фарзандлари қаршилигига дош бериб тошлоқ қир-адир ерни тозалаб, кўчат экади. Қийинчилик билан уларни парваришлайди. Йиллар ўтиб, тепаликда ажойиб боғ пайдо бўлади. Фильм якунида қишлоқдаги мактаб ўқитувчилари Абдураҳим аканинг боғига сайр қилдириш учун ўз ўқувчиларини олиб келадилар. Боғ меваларидан истеъмол қилиб, дарахтларнинг соясида мазза қилиб дам олган одамлар Абдураҳим акани дуо қиладилар. 

Имом Аҳмад Абу Дардо розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар: «У киши (Абу Дардо) Дамашқда кўчат экиб турсалар олдиларидан ўтиб кетаётган бир одам: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобаси бўлиб туриб, шу ишни қиласанми?» деди. У эса: «Сен шошилма, мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Ким бир дарахт эксаю, ундан одамми ёки Аллоҳнинг махлуқотларидан бирортасими еса, албатта, шу туфайли ўша одамга садақа бўлади», деганларини эшитганман», дебдилар.

Хулоса ўрнида юртдошларимизни яшаш манзилимиз атрофидаги яшил ҳудудларни кенгайтиришга, Роббимиз инъом этган неъматлардан оқилона фойдаланишга чақириб қоламиз. Зеро, шунда барчамиз ҳам савоб олиш, ҳам сайёрамизни соғлом сақлаб қолиш имкониятига эга бўламиз.

Зиёдулла Ҳамидов

«Ҳилол» журналининг 11(44) сонидан

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Сўнгги бобурий Баҳодиршоҳ замонида яшаган, ҳужжатулислом Қосимун Нонутвийнинг олдига Мерад шаҳрининг ҳокими Илоҳийбаҳш катта бир идишда олтин ва пулларни олиб, давоми...

1517 11:00 / 26.07.2023
Болалигида кўпчилик космонавт, учувчи бўлишни орзу қилган. Космонавтлар, учувчилар дуч келадиган ҳолатлардан бири ndash меъёридан ортиқча юкдир. Буни рус тилида давоми...

2226 14:16 / 30 январь
Инсонга умри давомида китобдан содиқроқ дўст топилмаса керак. Китоб гапирмайди, лекин сизга жуда кўп нарсани ўргатади. Бу борада уларни ўзига хос устоз дейиш ҳам давоми...

3253 09:23 / 28 январь
1265. Ибн Аббосдан ривоят қилинади.У зот азза ва жалланинг .Одамлардан беҳуда сўзни сотиб оладиганлари бор, деган қавли ҳақида .Қўшиқ ва шунга ўхшаш нарсалар,, давоми...

7461 17:57 / 07.07.2017