1446 йил 2 жумадул аввал | 2024 йил 03 ноябрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Жамият

Биродарлик алоқалари одоби

16:00 / 22.07.2021 5847 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳ таолонинг Ҳужурот сурасидаги:

«Албатта, мўминлар биродардирлар»(10-оят) деган оятига биноан, номи мўмин борки, бир-бирига биродардир. Аммо бу умумий биродарлик бўлиб, унга оид ҳақларни «Мусулмоннинг ҳақлари» сарлавҳаси остида ўрганиб чиқдик. 

Воқеликда мазкур умумий иймон биродарлиги билан бир қаторда хусусий биродарлик – дўстлик ҳам мавжудлигини ҳаммамиз яхши биламиз. Ушбу хусусий биродарлик мўминлар ичидаги якка шахслар орасида ўрнатилиб, жамиятдаги умумий биродарликни мустаҳкамлашга ва бошқа кўпгина яхшиликларга хизмат қилади. Шунинг учун ҳам руҳий тарбия устозлари бу ишга алоҳида аҳамият берганлар ва бу тарздаги инсоний алоқаларни «улфатчилик» ва «дўстлик» деб номлаганлар.

Улфат ва дўстлик фазли

Албатта, улфат бўлиш ҳусни хулқнинг самарасидир. Тафриқа эса ёмон хулқнинг самарасидир. Ҳусни хулқ муҳаббатга, улфатчиликка, мувофиқликка сабаб бўлади. Ёмон хулқнинг самараси ҳасадлашув, ёмон кўриш ва душманликдан иборатдир.

Исломда ҳусни хулқнинг ўрни қанчалик экани ҳеч кимга, ҳатто мусулмонмасларга ҳам сир эмас. 

Ҳусни хулқнинг фазли хусусида Аллоҳ таоло бундай деб марҳамат қилади:

«Ва албатта, сен буюк хулқдасан» (Қалам сураси, 4-оят). 

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан одамларни кўпроқ жаннатга киритадиган нарса ҳақида сўралди. Бас, у зот:

«Аллоҳга тақво қилиш ва ҳусни хулқ», дедилар».

Термизий ривоят қилган. 

Абу Зарр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга:

«Қаерда бўлсанг ҳам Аллоҳга тақво қил. Ёмонликка яхшиликни эргаштир, бу уни ўчиради. Одамларга ҳусни хулқ ила муомала қил», дедилар».

Термизий ривоят қилган.

Аввал ҳам айтиб ўтилганидек, улфат ҳам ҳусни хулқнинг самараларидан биридир. Аллоҳ таолонинг муҳаббати, Ислом ва тақво асосида қурилган улфатчилик оят, ҳадис ва асарларда мақталгандир.

Аллоҳ таоло марҳамат қилиб айтадики:

«Агар ер юзидаги ҳамма нарсани сарф қилсанг ҳам уларнинг қалбларини бирлаштира олмас эдинг. Лекин Аллоҳ уларни бирлаштирди» (Анфол сураси, 63-оят).

Инсоният тарихида турли халқлар, қабила-уруғлар ва миллатларни Исломчалик улфат қилган – бирлаштирган тузум ёки мафкура йўқ. Бўлмайди ҳам. Кишилар қалбида Ислом муносиб ўрин олган жойларда ва замонларда миллатчилик, маҳаллийчилик ва тарафкашликнинг салбий кўринишлари тамоман йўқолган. Чунки Ислом биродарлиги ирқ, насаб, тил, қабила, қавм асосида эмас, Аллоҳ таолога муҳаббат ва тақво асосида бўлади.

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Мўмин улфат бўлувчи ва улфатга танланувчидир. Улфат бўлмаган ва улфатга танланмаган кимсада яхшилик йўқ», дедилар».

Табароний ва Ҳоким ривоят қилишган. 

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:

«Бир киши ўзининг бошқа қишлоқдаги биродарини зиёрат қилди. Аллоҳ унинг йўлига кутиб турадиган фариштани қўйди. Унинг олдига келган пайтда:

«Қаёққа бормоқчисан?» деди.

«Ушбу қишлоқдаги биродаримни хоҳлайман», деди.

«Унда сен кўзлаган неъмат борми?» деди.

«Йўқ. Фақат мен унга Аллоҳ азза ва жалла учун муҳаббат қилганман, холос», деди.

«Мен сенга Аллоҳнинг элчисиман. Батаҳқиқ, сен унга муҳаббат қилганингдек, Аллоҳ сенга муҳаббат қилди», деди».

Муслим ривоят қилган. 

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Аллоҳ таоло қиёмат куни: «Менинг жалолим ила муҳаббат қилишганлар қани? Бугунги кунда, Ўзимнинг соямдан ўзга соя бўлмаган кунда Мен уларни Ўз соямга олурман», дейди», дедилар».

Муслим ва Термизий ривоят қилишган.

Термизийнинг лафзида:

«Менинг жалолим ила муҳаббат қилишганларга нурдан минбарлар бордир. Набийлар ва шаҳидлар уларга ҳавас қилурлар», дейилган.

Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Албатта, Аллоҳнинг бандаларидан баъзи одамлар борки, улар набий ҳам, шаҳид ҳам эмаслар. Уларнинг Аллоҳ таоло ҳузуридаги маконларига қиёмат куни набийлар ва шаҳидлар ҳавас қилурлар», дедилар.

«Эй Аллоҳнинг Расули, бизга улар кимлигининг хабарини айтасизми?» дейишди.

«Улар ўзлари қариндош бўлмасалар ҳам, ораларида молиявий олди-бердилари бўлмаса ҳам, Аллоҳнинг руҳи ила муҳаббат қилишган қавмлардир. Аллоҳга қасамки, албатта, уларнинг юзлари нурдир. Улар нурдадирлар. Одамлар хавфда бўлганларида улар хавфда бўлмаслар. Одамлар маҳзун бўлганларида улар маҳзун бўлмаслар. Огоҳ бўлинглар. Аллоҳнинг авлиёларига хафв бўлмас ва улар маҳзун ҳам бўлмаслар», дедилар».

Абу Довуд ривоят қилган.

Бу ҳадиси шарифдаги «Аллоҳнинг руҳи»дан мурод Қуръони Каримдир. Аллоҳ таолонинг Ўзи Қуръони Каримда: «Шундай қилиб, Биз сенга Ўз амримиздан бир руҳни ваҳий қилдик», деган (Шуро сураси, 52-оят). Шундан гоҳида Қуръони Каримни «руҳ» деб ҳам аталади. 

Ўзлари қариндош бўлмасалар ҳам, ораларида молиявий олди-бердилари бўлмаса ҳам, Аллоҳнинг руҳи ила муҳаббат қилишган қавмлар Аллоҳ таолонинг Қуръонига амал қилган одамлардир. Ана шундай одамлар ушбу ҳадиси шарифда зикр этилган улуғ мақомга эришар экан. 

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: 

«Уч нарса борки, улар кимда бўлса, иймон ҳаловатини топади: Аллоҳ ва Унинг Расули унинг учун икковларидан ўзга ҳамма нарсадан маҳбуб бўлмоқлари, бир кишига фақат Аллоҳ таоло учунгина муҳаббат қилмоғи ва куфрга қайтишни худди оловга ташланишни ёмон кўргандек ёмон кўриши», дедилар»

Бешовларидан фақат Абу Довуд ривоят қилмаган.

Мўмин-мусулмонлар орасидаги муҳаббат Аллоҳ учун бўлгандагина, улар комил иймон ҳаловатини топадилар. Бу муҳаббат икки томоннинг Аллоҳга бўлган муҳаббатидан келиб чиққан муборак муҳаббатдир. Чунки уларни биродар қилган, дўст­лаштирган Зот Аллоҳ таолонинг Ўзидир.

 

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

(руҳий тарбия китобидан)



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Эй Одам болалари Батаҳқиқ, сизларга авратингизни тўсадиган либос ва зийнат либосини туширдик. Тақво либоси ndash ана ўша яхшидир. Ана ўшалар Аллоҳнинг давоми...

6460 11:00 / 12.07.2022
Ҳасан Басрий роҳимаҳуллоҳ айтади.Ризқимни мендан ўзга ҳеч ким олмаслигини билганимдан сўнг хотиржам бўлдим,.Имом Шофиъий роҳимаҳуллоҳ айтади.Ким агар ризқ куч давоми...

2049 13:00 / 04.03.2022
Бир одам Ҳарами шариф эшигида туриб .эй, тўғриларни қўлловчи, ҳаромдан сақланувчиларни асровчи Парвардигорим..., дея тинмай бирхил дуо ўқирди. Унга .сен бошқа дуо давоми...

3646 11:12 / 31.12.2023
Аёлнинг қандайлиги эри фақир бўлиб қолганда билинади.Эрнинг қандайлиги, хотини касал бўлиб қолганда билинади.Акаукаларнинг қандайлиги, мерос тақсимланаётганда давоми...

4017 11:00 / 14.05.2022
Аудиолар

133289 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

53638 14:35 / 11.08.2021