1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Уламолар

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф: Бозордан чўчишнинг ҳожати йўқ (биринчи мақола)

12:04 / 12 май 2010 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Бисмиллаҳир роҳманир роҳим.
Охирги пайтда «Бозор, бозор иқтисодиёти» сингари сўз ва жумлалар оғиздан тушмай қолди. Ҳамма ўз фикру тасаввурини айтмоқда, ўртоқлашмоқда, ўртага ташламоқда. Гапу сўзлар ичида: «Бизнинг ота-боболаримиз савдогар ўтганлар, бу ишлар қонимизда, тарихимизда бор», деган фикрлар ҳам айтиляпти. Лекин ҳеч ким ўша ота-боболаримиз билган бозор нимаю ва не асосда собит бўлганлиги ҳақида бирор оғиз сўз айтгани йўқ. Эҳтимол бу шарқшуносларнинг вазифасидир, чунки маданий меросимиз таҳлилу тақдири уларга топширилган, ахир. Аммо бу соҳада ҳали қайта қуриш бўлгани, турғунлик йиллари қолипи шарқшуносларни ўзидан озод қилгани йўқ. Улар ҳозирги муҳим муаммоларни ҳал қилишга улкан маданий меросимиз тажрибаси асосида ўз ҳиссаларини қўшмоқлари зарур.
«Чумчуқ сўйса ҳам қассоб сўйсин» нақлига хилоф бўлса ҳам, ушбу мавзуда баъзи мулоҳазаларни ўртоқлашишни ирода қилдим.


«Бозор иқтисоди» тўғри атама, «бозор иқтисодиёти» дейиш нотўғри. Иқтисодиёт – иқтисоднинг жами, иқтисод эса арабча сўз бўлиб, тежамкорлик маъносини англатиб, Ғарб халқларидаги «экономика» атамаси ўрнида ишлатилади.


Айни пайтгача бозор иқтисодининг ҳар бир омиллари ҳақида қайта-қайта гапирилиб, турли шарҳлар ҳам қилинмоқда. Лекин бозорнинг ҳақиқий омили – инсоний омил ҳақида ҳеч ким гапирмайди. Ахир бозор иқтисодини амалга оширувчи, ундан фойда ёки зарар кўрувчи ҳам инсон-ку?!


Агар бозор иқтисодини амалга ошириш ҳалоллик, инсонийлик асосида бўлмаса, оқибати яхши чиқиши қийин. Буни кооперативлар мисолида кўрсак ҳам бўлади. Аслида уларга давлатнинг қўли қисқа бўлиб турган жойларда ёрдамчилик қилиш, халққа хизмат этиб, фаровонликни йўлга қўйиш учун рухсат берилган эди. Лекин булар пул орқасидан қувиб, ҳаром йўлдан бориб, муаммо устига муаммо қўшилишига олиб келдилар.


Ҳақиқатни айтганда, тўғри йўлга ўтиб олиш қийин бўлади. Инсон ўзини таниганидан буён ривожланиб, шаклланиб келаётган бозор иқтисодига энди ўтмоқчимиз. Йўл бошида турганимизда боболаримизнинг бу ишга муносабатлари қандоқ бўлган, улар буни қандоқ йўлга қўйганлар – шунга ўхшаш саволларга жавоб топиш мақсадида дуру гавҳардан азиз улкан маданий меросимизга мурожаат қилсак, деб ўйлайман.


Бизнинг ота-боббларимиз бу соҳада ўзига хос тенглама ишлатганлар: Аллоҳ – Инсон – модда – вақт – иқтисодий равнақ.


Ислом ақидаси бўйича дунёдаги ҳамма иш Аллоҳ таолога бориб тақалади. Усиз ҳеч нарса бўлмайди. Шу билан бирга Аллоҳга иймон келтириш, ундан қўрқиш инсонни яхши ишларга чорлайди. У иқтисодга адолат, омонат, ҳалоллик маъноларини бериб, очкўзлик, судхўрлик, ҳаром ва адолатсизликлардан четлатади.


Иқтисод равнақи учун зарур омиллардан бири инсондир. Чунки ҳамма нарса одам учун. Аллоҳ таоло борлиқни ва ундаги нарсаларнинг ҳаммасини унинг манфаати учун яратганини Қуръони Каримда такрор-такрор айтган. Инсон иқтисодни ривожлантириш учун сабаб, бу нарса унинг ҳаракати билан амалга ошади. Агар инсон ҳаракат қилмаса, унга ризқ-рўз ўз-ўзидан пайдо бўлиб қолмайди.


Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом: «Касбларнинг шарафлиси» кишининг ўз қўли билан бажарадиган касбидир», деганлар. Амалга чорловчи оятлар, ҳадислар, асарлар жуда ҳам кўп. Биргина мисол келтирсак кифоя қилар: «Ҳазрати Умар розиаллоҳу анҳу бекорчи одамларни учратиб қолиб: «Сизлар кимсизлар?» – деб сўрабдилар. Улар бўлса: «Биз таваккалчилармиз», дейишибди. «Ёлғон гапиряпсизлар дебдилар ҳазрати Умар, – Таваккалчи ерга уруғни сочиб қўйиб, сўнгра Аллоҳга умид боғлаганлар. Бирортангиз: «Ё бор Худоё, ўзинг ризқ бергин», деб ризқ талаб қилишдан ўтириб қолманг. Биласизки, осмондан тилла ёки кумуш ёғмайди», деганлар.


Ҳа, инсон ҳалоллик, поклик билан ўз жамияти равнақи учун ҳаракат қилмоғи Ислом дини тарғиб қилган ишдир.


Турли хилдаги маҳсулотларни ишлаб чиқариш, иқтисодий тараққиёт учун интилиш фарзи кифоя бўлиб, бу нарса амалга ошмаса, ҳамма мусулмонлар гуноҳкор, баъзилари уни амалга оширсалар ҳамма гуноҳдан фориғ бўлади. Давлат эса бу ишларни турли усуллар билан қувватлаб туриши керак.


Учинчи омил моддий нарсалар бўлиб, улар хилма-хилдир. Жумладан, деҳқончилик, денгизчилик, саноат, ҳайвонот тарбияси, кончилик, ҳунармандчилик ва бошқалар.


Қуръони Каримда зироат – деҳқончиликка тарғиб қилувчи, ерни Аллоҳ таоло инсонга бўйсунадиган, ишлаб фойда оладиган қилиб қўйгани ҳақида оятлар кўп. Пайғамбаримиз алайҳиссалом ўз ҳадисларида: «Агар бир мусулмон кўчат ёки экин экса, ундан қуш еса ҳам, инсон еса ҳам экканга садақа қилганни савоби бориб туради», деганлар. Шу маънодаги бошқа ҳадислар ҳам беҳисоб.


Ҳа, Ислом деҳқончиликка тарғиб қилган, лекин фақат деҳқончилик билан машғул бўлиб, сигирнинг думида осилиб қолишдан қайтарган, саноатга ва ҳунармандчиликка ҳам уриниш зарурлигини уқтирган.


Бу ҳақда пайғамбаримиз алайҳиссалом айтадилар: «Агар ҳаром савдо қилсангиз, сигирнинг думидан маҳкам тутиб, экин-тикин билан рози бўлиб жиҳодни тарк қилсангиз, Аллоҳ сизларга хорликни солади ва динингизга қайтмагунингизча уни устингиздан кўтармайди». Ушбу ва бошқа ҳадиси шарифлардан уламоларимиз, саноатни ривожлантириш мусулмонлар учун фарзи кифоядир, деган ҳукмни чиқарганлар.


Бу ҳақда Қуръони Каримда «Анбиё», «Сабаъ», «Каҳф» ва бошқа сураларда оятлар бор. Ҳозир саноатнинг турли хилларисиз тараққиётга эришиб бўлмасликнинг яққол кўриниб тургани ҳам Ислом таълимотлари нақадар шомилу комил эканини исботлайди.


Тўртинчи омил – вақт омили ҳам муҳимдир. Яъни, вақтнинг қадрига етиш, уни бекор ўтказмаслик аҳамияти.


Ислом ақидаси бўйича инсон умридаги вақтнинг ҳар бир дақиқаси учун Аллоҳнинг олдида жавоб беради. Шунинг учун уни доимо фойдали, самарали ишларга сарфлаши зарур. Вақтни бекор ёки бефойда ўтказиш бизнинг жамиятимизда вабога айланиб қолганки, бундан тезроқ қутулмоқ даркор.


Фараз қилайлик, юқоридаги омиллар тайёр. Хўш, ана шунда иқтисодий тараққиёт ўз-ўзидан юзага келадими? Йўқ! Бу омиллар илмий асосда, ўзаро тўғри алоқада ривож топмоғи ва рўёбга чиқмоғи зарур.


Мисол учун, яхши деҳқон ва ер, уруғ ва асбоблар мавжуд. Лекин ер нимаю, уруғ нималнгини тўғрироқ тушунмайдиган «раҳбар» юқоридан кўрсатмалар бериб турибди. Ҳеч нарса бўлмайди! Ер жуда нозик нарса, бир жойда бир хил деҳқончилик ривож топса, иккинчи ерда бундан ҳосил олиш амри маҳол. Курсида ўтирган планчи буни қаёқдан билсин, унга план керак, бошқа нарса билан иши йўқ. Умуман план, планчи (режа сўзи яхши, лекин қасддан шу иборани ишлатяпман) деган иборалар қаердан келган, ҳайронсан. Биздаги план ва планчилар ишга манфаат бермасликлари ҳаммага маълум.


Ўтган йили ўзбекистонлик халқ депутатлари пахта масаласида Москвада план ва планчилар билан ҳақиқий тўқнашувда бўлдилар. Қарангки, пойтахтдаги планчилар ичида пахта нималигини яхши биладигани йўқ экан.


Демак, деҳқонга эрк бериш керак, нимани қаерга, қачон, қандоқ экишни ва ишлов беришни ўзи билсин. Ахир қайси инсон ўз меҳнати беҳуда кетишини хоҳлайди! Худди шунингдек, бошқа соҳаларда ҳам. Бозорнинг ўз қоидалари бор, улар ишлаб чиқаришни ҳам, олди-соттини ҳам режага солиб олади.


Айтайлик, инсон ўз имкониятларидан фойдаланиб, яхши маҳсулот тайёрлади. Табиийки, у меҳнатининг самарасини кўриши керак, шундагина ишини янада зўр ғайрат билан давом эттиради, акс ҳолда ҳафсаласи пир бўлади.


Бизда эса бу табиий, мантиқий ҳолат йўқ. Унинг ўрнига мантиқсиз тартиб ҳукм суради.
Меҳнат натижасида юзага келган маҳсулотга меҳнат қилмаганлар нарх қўядилар. У ишлаб чиқариш жойидан харидорга етиб боргунча юзта тўсиқдан ўтади ва ҳар тўсиқ ўзига керагини шилиб қолади. Икки орада ишлаб чиқарувчи ва харидор жафо кўради, бояги тўсиқлар эса ишламасдан тишлайди, десак хато бўлмайди. Ишлаб чиқарувчи тўғридан-тўғри бозорга бормоқчи бўлсин-чи, бу дунёга келганидан пушаймон ейди.


Буюк ватандошимиз имоми Бухорий ривоят қилган ҳадиси шарифда пайғамбаримиз алайҳиссалом:
«Яъни: «Отлиқларнинг олдини тўсиб чиқманглар, шаҳарлик қишлоқликка савдо қилиб бермасин», дейдилар. Бу ўша вақтнинг содда бозори ва савдосининг васфи бўлса ҳам, ҳукми умумийдир. Яъни, олибсотарлар бозорга ўз маҳсулотларини олиб келаётганларнинг йўлини тўсиб чиқиб, улардан арзонга олиб, бозорда қимматга сотмасинлар, чунки бозорга келмаган киши нархни билмай адашади. Бозорга келса, нархини билади ва энг муҳими молнинг ҳақиқий эгаси чайқовчидан кўп марта сахий бўлади, бу эса харидорга ҳам фойда.
«Шаҳарлик қишлоқликка савдо қилиб бермасин», деганлари маҳсулот ишлаб чиқарувчидан савдогар (одатда шаҳарлик бўлади): «Молингни қўйиб кет, сотиб бераман», деб олиб қолмасин. Бу ҳам ишлаб чиқарувчига ва ҳам харидорга зарар. Ҳозир дунёнинг ҳамма жойида маҳсулотнинг тўғридан-тўғри бозорга олиб борилиши йўлга қўйилган. Олувчи ва сотувчи ўзаро розию ризо савдо қилишса бўлади. Албатта, бу бизнинг тасаввуримиздаги пештоқига «Бозор» деб ёзиб қўйилган жойда бўлиши шарт эмас. У кенг маънодаги тушунча эканлигини унутмаслигимиз керак.


Шу ўринда бозор иқтисодидаги энг муҳим омиллардан бири – савдода Ислом қаттиқ ман қилган ҳаром ишни эслатиб ўтиш зарур. У ҳам бўлса, «эҳтикор» – нархни сунъий кўтариш учун уринишдир. Бу ишнинг ҳар қандай кўриниши ҳаром, катта гуноҳ. Пайғамбар алайҳиссалом «фақат хатокоргина «эҳтикор» қилади» деганлар. Бу ҳадисдаги «хатокор» сўзи енгил сўз эмас. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда Фиръавнни хатокор деб номлаган. Бошқа бир ҳадисда эса: «Эҳтикор қилувчи қандоқ ҳам ёмон банда, арзончиликни эшитса хафа, қимматчиликни эшитса хурсанд бўлади», деганлар.


Шу билан бирга жамият фойдасини кўзлаб, келажакдаги қийинчиликлар юзага келишининг олдини олиш мақсадида режали равишда керакли маҳсулотларни сақлаб қўйиш нафақат мумкин, балки зарур. Буни кўпроқ ҳукумат қилади. Қуръони Каримда ҳазрати Юсуф алайҳиссалом ҳосилнинг маълум миқдорини келажакдаги очарчилик йилларида ишлатиш учун бошоғида олиб туришга буюрганлари ҳужжат сифатида келтирилади.


Шубҳасиз, юқоридаги ишларни амалга оширишда ҳукуматнинг ўрни катта. Хусусан ҳозир бизда ҳамма нарса ҳукуматнинг қўлида. Лекин бор-йўқни тўплаб олиш яхши эмаслиги ҳеч кимга сир бўлмай қолди. Шунинг учун ҳам кўпгина нарсаларни ширкатларга, қўшма корхоналарга ва бошқаларга бериш режалаштирилмоқда. Шу борада ўтган йили бўлиб ўтган бир суҳбатни такрор-такрор айтишни ўзимга лозим кўраман. Саудия Арабистонида Жидда шаҳридан подшоҳ Фаҳд ибн Абдулазиз билан учрашиш учун ар-Риёд шаҳрига махсус самолётда учдик. Бир киши меҳмондорчилик уюштириб хизмат қилиб турдилар. Кейин билсам, исмлари Али Ризо бўлиб, самолёт ҳам у кишиники экан. Мен ул зотдан, бизда Саудия ҳукумати нефтни сотиб, пулни босиб олган, хоҳлаганини қилаверади деган тасаввур бор эди. Лекин келганимиздан бери ҳукуматники деган нарсани кўрмадик, дўконлар, таксилар, меҳмонхоналар ва бошқа нарсалар, жумладан самолётлар ҳам шахсий экан, ҳукумат нима қилади, деб сўрадим. Али Ризо, Муфтий ҳазрат, бизда ҳукумат ҳукм қилади, ишни биз бажарамиз, деди.


Ҳа, ҳукумат ҳукм қилиш керак. Тўғри, ҳаётнинг ҳамма соҳаси ҳукумат билан боғлиқ, жумладан иқтисод ҳам. Бу ишда ҳукумат етакчи шахс сифатида иштирок этиши зарур, бироқ ҳаммасини ўзиники қилиб олиб, бошқаларнинг йўлини тўсмаслиги лозим.


Ҳукумат ватан равнақи, жамият фаровонлиги учун хизмат қилаётганларнинг ҳимоясини таъминлаши, иш шароитларини яратиб бериши, улар ўртасида келишмовчиликлар юзага келса адолатли ҳукм чиқариши зарур. Бу ва бошқа хизматлари учун ҳукумат солиқ олиши йўлга қўйилади.


Ҳозирги ҳолатда турли гап-сўзларни йиғиштириб қўйиб, ўзимизни керакли барча нарсалар билан таъминлаш чораларини кўришимиз шарт. Очиғини айтай, озиқ-овқатни бошқалардан олиб кун кўрадиган халқ, мингта мустақиллик декларациясини қабул қилса ҳам, ўзини мустақил ҳис қилишга ҳаққи йўқ. Чунки бериб турганга бирор сўзинг ёқмай қолса ҳам, керакли нарсани «тортиб» қўйиб, сенинг мустақиллигингни бир пулга чиқаради.
Барча зарурий нарсаларни муҳайё этишни эса ўзимиздан бошқа ҳеч ким биз учун қилмайди. Ҳатто Аллоҳ таоло ҳам нафсини ўзи ўзгартирмаган қавмнинг ҳолини ўзгартирмаслигини Қуръони Каримда айтган.


Менингча, аввало ички имкониятларни ишга солиш керак. Ерлардан тўлиқ фойдаланиб, буғдой, шоли, арпа каби экинларни кўпроқ экиш зарур. Яқин-яқинларгача одамлар адирларга буғдой, арпа сепишар, серсув ерларга шоли экишар эди. Пахта яккаҳокимлиги пайтларида ҳаммаси ман қилинди. Бундоқ иш билан шуғулланадиганлар қувғин этилдилар. Кишиларнинг томорқасигача чигит қадалди, ҳатто Оролни қуритиб, ўрнида пахта етиштиришни орзу қилувчилар ҳам топилди. Оқибати нимага олиб келгани ҳаммага аён. Энг афсусланарлиси шуки, кишиларда ушбу ишларни қилишдаги малака, тажриба йўқолди. Буни қайта тиклаш осон бўлмайди. Лекин барибир йўлга қўйиш керак. Ҳар бир хўжаликнинг бир-икки йилга етадиган дони, шолиси бўлса қандоқ яхши. Шу билан бирга, ота-боболаримиздан қолган тегирмон ва обжувозларни қайта ишга солмоқ даркор. Ҳозир майда корхоналар тузиш керак деб кўп гапириляпти, булар ҳам майда корхона. Ҳам қўшимча иш жойлари пайдо бўлади, ҳам ишлар юришади. Деҳқончилик ва боғдорчиликни кенг ривожлантириш зарур. Бу борада кишиларга томорқа ерлари ажратиб бериб, ҳукумат катта иш қилди. Албатта, бу осонлик билан бўлгани йўқ, катта тортишувлар, баҳслардан сўнг, шундоқ қилинса озиқ-овқат маҳсулоти кўпаяди, деган яхши умидда бошланди. Ер текислаш пора олиш билан қўшиб олиб борилган жойлар ҳам кам бўлмади. Ерни эса керак ҳам олди, керакмас ҳам олди. Оқибатда бўлиб берилган кўпгина ерлар қаровсиз қолди. Бу эса катта гуноҳ.
(Давоми бор)

«Халқ сўзи», 1991 йил 28 февраль.

 

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
ndash Ислом ақидасига кўра меҳршафқат йиллар ва замонлар ўтиши билан кўпаядими ёки камаядими Масалан, меҳршафқат, мурувват туйғуси 40 50 йиллардан кейин қай аҳволга давоми...

1157 13:12 / 27 апрель
Мулла Турсунбой қори Муҳаммад Мир Олим Охунд ўғли 1880 милодий санада Наманган шаҳрининг Чуқур кўча даҳаси, Баҳодирхон эшон маҳалласи ҳозирги .Ила,лик кўчасида давоми...

1245 14:06 / 25.12.2023
Абу Юсуф раҳматуллоҳи алайҳ дедилар.Фақирлик чоғимда ҳадис ва фиқҳни ўрганишга ҳаракат қилдим. Бир куни Абу Ҳанифанинг ёнида ўтирган эдим. Отам келдилар ва менга давоми...

2098 17:00 / 02.12.2021
Зиёрат рукнидаги туркум суҳбатларнинг навбатдаги сонида ўзбек қориларидан бири бўлмиш Абдували қори Али қори ўғлининг уйларига ташриф буюрдик. Қори домланинг давоми...

10777 09:43 / 27.12.2017
Аудиолар

137645 11:58 / 10.10.2018
Фотолар

7544 09:50 / 18.04.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

57714 14:35 / 11.08.2021