1440 йил 3 рабиъус сони | 2018 йил 11 декабрь, сешанба
Минтақа:
UZ RU EN AR

Абдураззоқ Юнусов

09:50 / 18 апрель 2240 Ўқиш режими + -

“Зиёрат” рукнидаги туркум суҳбатларнинг навбатдаги сонида Абдураззоқ Юнусовнинг уйларига ташриф буюрдик.

Абдураззоқ Юнусов

ТАҚДИМ

Абдураззоқ Миржалол ўғли Юнусов 1948 йили Тошкент шаҳрида туғилган. Тошкент Давлат университетини ва Имом Бухорий номли Тошкент Ислом институтини тамомлаган. 1970-1975 йиллари «Совет Шарқи мусулмонлари» журналида адабий муҳаррир, 1975-1994 йиллари Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний идорасида халқаро алоқалар бўлими референти, масъул котиб, 1994-1997 йиллари «Ислом нури» газетаси бош муҳаррири, 1997 йилдан бошлаб Ўзбекистон мусулмонлари идораси раис муовини (бироз вақт маслаҳатчи) бўлиб ишлади. Исломий ахлоқ ва амри маъруф, наҳйи мункар мавзуида уч юздан ортиқ мақоласи, бир неча китоблари чоп этилган.

Шайх Абдураззоқ Юнусов 1948 йили Тошкент шаҳрида туғилган. Ёш Абдураззоқ ўсмирлик чоғларида замонасининг маърифатпарвар, зиёли кишиларидан бўлган бобоси мулла Юнус томонидан ўз хонадонида уюштириладиган илмий мажлисларда қатнашиб, даврининг атоқли уламоларидан шайх Зиёуддинхон ибн Эшон Бобохон, Фозилхўжа Содиқхўжаев, Шорасул Қорабоев (Нофеъ домла), Шоикром Шоисломов ва бошқаларнинг суҳбатларидан баҳра олди. Ана шу суҳбатлар ёш, илмга ташна йигитнинг қалбида Ислом динига муҳаббат уйғотди, эътиқодини мустаҳкамлади, дин хизматига чорлади. Тошкент шаҳрида ўрта мактабни тамомлаганидан сўнг 1964 йили у Тошкент Давлат университетининг ўзбек филологияси факультетига ўқишга кирди ва 1969 йили уни муваффақиятли битирди.

Шундан сўнг у меҳнат фаолиятини Ўзбекистон телевидениесида жамоатчи мухбирликдан бошлади. Дин хизматига бўлган муҳаббат ва катта қизиқиш уни Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний бошқармасига етаклаб келди. Абдураззоқ Юнусов дастлаб 1970-1975 йиллар мобайнида диний бошқарма нашр этадиган “Совет Шарқи мусулмонлари” журналида адабий муҳаррир бўлди. Сўнгра 1976-1994 йиллари қарийб 18 йил диний бошқарма халқаро алоқалар бўлими ходими сифатида фаолият кўрсатди. Диний идорада ишлаган кезлари бошқарма раиси муфтий Зиёуддинхон ибн Эшон Бобохон, муфтий ноиби Исмоил махдум Саттиев, идоранинг масъул ходимлари Юсуфхонтўра Шокиров, Абдулғани Абдуллаев, Абутуроб Юнусов, Салоҳиддин Муҳиддинов, Абдулазиз Мансур каби устозлардан таълим олди, уларга эргашди ва тажрибаларидан унумли фойдаланди.

Диний идорада ишлаш баробарида Абдураззоқ Юнусов 1985-1989 йиллари Имом Бухорий номидаги Тошкент Ислом институтида таълим олди, имом-хатиб, араб тили мударриси ихтисосини эгаллади. 1994 йилдан бошлаб уч йил мобайнида “Ислом нури” газетасининг бош муҳаррири вазифасида фаолият олиб борди. 1997 йили уни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раис муовини вазифасига тайинлашди ва бу вазифада у нафақага чиққунга қадар, яъни салкам йигирма йил самарали фаолият олиб борди.

Абдураззоқ Юнусов Ислом дини таълимоти, алоқ-одоб, шаръий масалалар, яхшиликка чақириш ва ёмонликлардан қайтариш мавзуида республиканинг турли нашрлари, интернет сайтлари, радио-телевидениеси орқали 350 дан ортиқ мақола ва суҳбатлари билан қатнашди. Масалан, Абдураззоқ Юнусов мусулмонлар идорасининг “Муслим.уз” сайтида эълон қилган фарзанд тарбиясига оид мақоласида жумладан қуйидагиларни ёзади: “Фарзандининг соғлом ўсиши учун она то эмизиш муддати тугамагунча ҳомиладор бўлиб қолишдан сақланмоғи лозим. Асмо бинти Язид розияллоҳу анҳо шундай ривоят қилади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: «Ўз болаларингизни хуфёна тарзда ўлдирманглар. Дарҳақиқат, ҳомиладорлик вақтидаги сут отлиққа таъсир қилиб, уни отдан қулатиб ҳам юборади» (Аҳмад, Абу Довуд, Ибн Можа, Табароний, Байҳақийлар ривоят қилган). Ушбу ҳадисни уламолар шундай изоҳлашган: «Эмизикли аёл ҳомиладор бўлса, унинг сути бузилади. Шу сут билан озиқланган боланинг жисмига у ёмон таъсир қилади ва мижози бузилади. Катта бўлиб, отга минганида заифлик туфайли отдан йиқилса ва жароҳат олса, ундаги заифлик онанинг ҳомиладорлик вақтида эмизган сути сабабли бўлиши мумкин. Ўшанда бола тоза сут эмганида эди, заиф бўлмас, бинобарин отдан йиқилмас эди». Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам ана шундай эҳтимолий ҳолатни назарда тутиб, болаларнинг ҳалокатига сабаб бўлиб қолишдан қайтардилар”.

Абдураззоқ Юнусовнинг “Ҳидоят” журналида эълон қилинган “Садақа билан мол камаймайди” сарлавҳали мақоласи ҳам ўқувчиларда катта қизиқиш уйғотди ва ушбу мақола республикадаги бир неча газета-журналлар, интернет сайтларида ҳам эълон қилинди. Мазкур мақолада қуйидаги жумлаларни ўқийсиз: “Пайғамбаримиз шундай марҳамат қилганлар: “Уч нарсага қасам ичаман: банданинг моли садақа қилиш билан камаймайди; кимга бирор зулм етганида сабр қилса, Аллоҳ унинг иззат-шарафини оширади; ким тиланчилик эшигини очса, Аллоҳ унга фақирлик эшигини очади...” (Термизий ривоят қилган). Ушбу ҳадисда иккита хайрли ишга чақирилиб, битта иллатдан қайтариляпти. Биринчиси: “Банданинг моли садақа қилиш билан камаймайди”. Бундай дейиш билан Расулуллоҳ биз умматларини садақа қилишга тарғиб этмоқдалар. Бирор киши “молим камайиб қолади” деган хаёл билан хайру садақа қилишдан тўхтамасин. Садақа қилган билан сарват камаймайди, аксинча зиёда бўлади ва барака киради.

Мол-дунё кўпайишининг сабабларидан бири, унинг закотини ўз вақтида бериш, фақир ва муҳтожларга эҳсон қилишдир. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Аллоҳ судхўрликни (фойдасини) йўқ қилади ва садақа (берувчиларга бойлик)ларни зиёда этади...” (Бақара сураси, 276-оят). Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қиладилар: “Ким хайру саховат кўрсатиб, кийимга муҳтож одамни кийинтириб, хурсанд қилса, Аллоҳ уни жаннат кийимлари билан кийинтиради. Ким бир кишини тўйдирса, яъни овқатлантирса, жаннатдаги таомлардан насибадор бўлади”. Бошқа ҳадисда садақа ҳақида Пайғамбаримиз бундай деганлар: “Ҳар куни тонгда инсонлар уйқудан уйғонганида ер юзига иккита фаришта тушади. Улардан бири: “Эй Аллоҳ, инфоқ-эҳсон қилган инсоннинг моли ўрнини тўлдиргин” деса, иккинчиси: “Эй Аллоҳ, зиқна одамнинг молига талафот етказгин”, деб дуо қилади” (Бухорий ва Муслим ривоят қилган). Демак, моддий имкониятга эга бўлган киши садақа қилиш, муҳтожларга ёрдам беришдан сира қўрқмаслиги, балки хайру эҳсон билан улкан савобларни қўлга киритишга ошиқмоғи зарур”.

Булардан ташқари, у “Фарзандлар тарбияси, ахлоқи ва оила муносабатлари”, “Мўминлик кўзгуси”, “Эҳтиром” каби рисолаларни ҳам ёзиб, нашр эттирди. У шунингдек, Розиқий тахаллуси билан шеърлар ва ҳикоялар ҳам ёзиб туради. Айрим диний-маърифий ғазаллари ҳофизлар томонидан куйга солиниб, ижро ҳам қилинади.

Шайх Абдураззоқ Юнусов диний идорадаги фаолияти чоғида жаҳоннинг Саудия, Арабистони, АҚШ, Австрия, Россия, Озарбайжон, Тожикистон, Қозоғистон каби мамлакатларида ташкил этилган халқаро илмий-амалий анжуманларда ҳам қатнашиб, турли маърузалар билан чиқиш қилди. Мунтазам равишда мамлакатимиздан ҳаж ва умра зиёратига борувчи мусулмонларга хизмат қилиб, уларнинг ибодатлари тўкис ва кўнгилдагидек ўтиши йўлида сидқидилдан хизмат қилди.

У киши билан илк учрашувимиз 1993 йили бўлган эди. Мен “Мовароуннаҳр” нашриётида масъул котиб сифатида янги иш бошлаган эдим. Бир куни иш юзасидан “Ислом нури” газетаси таҳририятига боришга тўғри келди. Ўшанда газетачилар идоранинг Тимирязев кўчасидаги филиалида фаолият юритишарди. Таҳририятда шу газетада хизмат қилаётган Абдураззоқ ака билан танишиб қолдим. У бобомиз Исмоил махдум билан бирга ишлаган бўлиб, у кишининг набираси эканимни билиб қолгач, каминага ўзгача илтифот билан муносабат кўрсата бошлади. Сиймоси нурли, оппоқ салласи ўзига ярашиб турадиган, ўзи ўта камтар, самимий, хушмуомала бу инсон билан кейинчалик ҳам кўп бор мулоқотда бўлдик. Ҳар гал учрашганимизда қуюқ сўрашар, ҳол-аҳволим билан қизиқар, фарзандларимнинг таълими ҳақида сўрашни унутмас эди.

Абдураззоқ Юнусов диний идора раисининг муовини сифатида фаоллик билан хизмат қилди, турли анжуманларда мусулмонларнинг манфаатларини қатъийлик билан ҳимоя этди, идоранинг халқаро алоқаларини мустаҳкамлаш ишида алоҳида фидойилик кўрсатди. Абдураззоқ ҳожи бутун умрини дин ишига бағишлаб, фарзандларини ҳам шу шарафли вазифага рағбатлантирди. Ҳозирда кексалик гаштини суриш билан бир қаторда ёшларга панду насиҳат, ваъз-иршод билан мураббийлик қилмоқда.

Аҳмад МУҲАММАД.

Муаллиф
islom.uz
Топ рейтинг www.uz Openstat