1446 йил 2 рабиъус сони | 2024 йил 05 октябрь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Уламолар

Имом Мотуридий

22:20 / 27.04.2017 5139 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Имом Абу Мансур Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Маҳмуд Мотуридий Самарқанднинг Мотурид номли қишлоғида туғулган. У кишининг ҳаётини ўрганган тарихчилар туғилган йилини аниқлашга имкон топмаганлар.

Баъзи тарихчилар: «Имом Абу Мансур Мотуридийнинг насаби машҳур саҳобий Абу Айюб Ансорий розияллоҳу анҳуга бориб тақалади», дейдилар. Шунинг учун ҳам баъзи муҳаққиқ олимлар имом Абу Мансур Мотуридийни зикр қилганларида «ансорий» нисбатини ҳам қўшиб қўядилар.


Имом Абу Мансур Мотуридий Ислом оламида турли ўзгаришлар авж олиб турган, хусусан, ҳар хил ақидавий фирқалар, тоифлар қўпайиб, бир‑бирлари билан тортишиб юрган бир пайтда яшаб, ижод қилди. Аллоҳ таолонинг инояти ила у киши ўз замонасининг Аҳли сунна ва жамоа эътиқодидаги забардаст ҳанафий уламолардан илм олди.


Аксар муаррихлар у кишининг 333 ҳижрий йил вафот этганларига иттифоқ қилишган.


Имом Мотуридийнинг асосий устозлари:


1. Абу Наср Иёзий;

2. Абу Бакр Аҳмад Жузжоний;

3. Муҳаммад ибн Муқотил Розий;

4. Нусайр ибн Яҳё Балхий.


Имомнинг машҳур шогирдлари:


1. Имом Исҳоқ ибн Муҳаммад ибн Исмоил Ҳакийм Самарқандий;

2. Имом Абдулкарим ибн Мусо Баздавий;

3. Имом Абу Лайс Бухорий;

4. Имом Алий ибн Саид Рустуғфоний.


Имом Мотуридийнинг тафсири


Имом Мотуридий раҳматуллоҳи алайҳ нафақат мутакаллим, ақидашунос олим, балки муфассир ҳам бўлган. Бунга у кишининг таълиф қилган «Таъвилату аҳлис‑сунна» («Аҳли сунна таъвиллари») номли тафсир китоби ёрқин далилдир.


Мақоламиз мавзуси бўлган «Таъвилату аҳлис‑сунна» китоби ўн жуздан иборат бўлиб, доктор Маждий Босуллувм таҳқиқи остида Байрутдаги «Дорул‑кутубил‑илмия» нашриётида чоп этилган, умумий 6230 саҳифадир.


Тафсирнинг бошқа нусхалари ҳам бор, улардан бирида асар номи «Таъвилату Аби Мансур ал‑Матуридиййи фит‑тафсир» деб берилган бўлиб, бу нусха Кўприлиникидир. Унинг муқаддимаси шархида Самарқандий китобни имомга мансуб эканлигини айтган.


Бундан ташқари, «Таъвилатул‑Қуръан» номи билан Туркия, Олмония, Дамашқ, Мадинаи Мунаввара, Тошкент ва Британия музейларида сақланаётган нусхалар ҳам бор.


Маълумотларга қараганда, «Дорул‑кутубил‑мисрия»нинг «Таъвилату аҳлис‑сунна» номли нусхасининг биринчи бети йўқ, аммо иккинчи бетидан охиригача Кўприлининг нусхасига мувофиқдир.


Шунингдек, Алий Пошо кутубхонасидаги нусха «Тавилатул‑Қуръан» деб аталиб,тўладир, лекин унда муаллиф тўғрисида ҳеч қандай гап йўқ. Ушбу икки нусха, исмлари фарқли бўлса‑да, бир нусхадан олингандир.


Имом Мотуридийнинг илм аҳли ҳамда ислом оламида тутган ўрни


Имом Абу Мансур Мотуридий раҳматуллоҳи алайҳнинг ислом оламида ва илм аҳли орасидаги мартабаси жуда ҳам юқоридир. У кишига мусулмонлар жумҳури томонидан олий унвонлар берилган.


1. «Аламул‑ҳуда» – ҳидоят байроғи.

Имом Абу Мансур Мотуридий раҳматуллоҳи алайҳ мусулмонларнинг ҳидоятда собитқадам бўлишлари, турли адашувлардан сақланишлари учун кўрсатган улкан хизматлари учун, «ҳидоят байроғи»ни баланд кўтариб, Ислом умматини тўғри йўлга бошлагани эвазига шундай улуғ номга эга бўлган.


2. «Имамул‑ҳуда» – ҳидоят имоми.

Имом Абу Мансур Мотуридий раҳматуллоҳи алайҳ мусулмонларнинг ҳидоят йўлини тутишларида пешво бўлгани, уларга йўлбошчилик қилгани учун ушбу унвонга сазовор бўлган.


3. «Мусоҳҳиҳи ақоиди аҳлис‑сунна» – Аҳли сунна ақидаларини тўғриловчи.

Имом Абу Мансур Мотуридий раҳматуллоҳи алайҳ турли фирқа ва тоифалар ўзларининг бузғунчилик ҳаракатлари билан Аҳли сунна ва жамоа мазҳабига таҳдид солиб турган бир пайтда Аҳли сунна ҳимоясига бел боғлаб, ақида масалаларини тўғри баён қилиб берганлари учун ушбу унвонга муносиб кўрилганлар.


4. «Имамул‑мутакаллимин» – Калом аҳли имоми. Ўша пайтда «илми калом» номи билан танилаган ақоид илмида барча уламоларга пешво бўлганлари учун имом Абу Мансур Мотуридий раҳматуллоҳи алайҳни мусулмонлар жумҳури шу ном билан атаган.


Имом Абу Мансур Мотуридий раҳматуллоҳи алайҳни уламолар жуда ҳам юқори баҳолаганлар ва у кишининг Аҳли сунна ва жамоа ақидавий мазҳабиyнинг икки имомидан бири эканини бутун Ислом уммати тан олган.


«Мифтаҳус‑саъадаҳ ва мисбаҳус‑сиядаҳ» китобининг муаллифи Тошкўпризода бу ҳақда шундай дейди:


«Сўнгра, билки, илми каломда Аҳли сунна ва жамоанинг раиси икки кишидир. Улардан бири ҳанафий, иккинчиси шофеъий. Ҳанафийси Имамул‑ҳуда Абу Мансур Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Маҳмуд Мотуридийдир».


Зубайдий ўзининг «Итҳафус‑садатил‑муттақин» номли китобида:


«Аҳли сунна ва жамоа дейилгандан мурод ашъарийлар ва мотуридийлардир», деган.


Имом Мотуридийнинг устози Абу Наср Иёзий мажлисларда у киши ҳозир бўлмагунча гапирмас эди. Узоқдан у кишини кўрганда, ҳар гал таажжжуб назари билан қараб: «Ва Роббинг хоҳлаганини яратиб, хоҳлаганини ихтиёр қилур», деб қўяр эди. (Қосос сураси 68‑оятдан иқтибос).


Мотуридийнинг тафсирда тутган йўли


Тафсир илмидан маълумки, тафсир қилишда асосан икки йўл бор: ат‑тафсир бил‑маъсур – асарлар билан тафсир қилиш, ат‑тафсир бир‑роъй – фикр билан тафсир қилиш. Баъзи муфассирлар биринчи йўлни тутган бўлса, баъзилари иккинчи йўлни ушлаганлар. Яна баъзи муфассирлар ўртача йўл тутиб, иккала йўлни жамлаганлар ва ҳам ақл, ҳам нақл билан тафсир қилганлар.


Ат‑тафсир бил‑маъсур – Қуръони каримни Қуръон, Суннат ёки саҳоба ва тобиинлардан асар бўлиб келган нақллар асосида тафсир қилиш.


Ат‑тафсир бир‑роъй – Қуръони Карим оятларини ақлу тафаккур ёрдамида тафсир қилиш. Албатта бунинг шартлари ва чегаралари бўлиб, ўз ўрнида баён қилинади.


Имом Мотуридий раҳматуллоҳи алайҳ ўз тафсирида мана шу ўрта йўлни тутган.


Бу ўрта йўл нақл ва ақл ҳукмларини мукаммал билишни талаб қилади. Яъни, нақл ҳукмлари: Қуръони Карим, Суннати Набавийя, муҳкам ва мутошибиҳ, носих ва мансух, хабар, унинг шартлари ва ҳоказоларни ҳамда ақл, назар, таъвил, ижтиҳод ҳамда далил ва ҳужжатларни келтириш ҳукмларини ҳам билиш керак.


Мотуридий тафсири хоссалари


Биринчи: Фикр мустақиллиги.


Имом Мотуридий ўз тафсирида муайян мазҳабга ёки муайян раъйга берилиб мутаассиблик қилмайди, балки ҳақиқатни баён қилишга интилади. Зотан бирор мазҳаб ёки раъйга мансуб бўлиб олиб, ўшанга ёпишиб олиш кишини ҳақиқатдан йироқлаштиради.


Шунингдек, имом Мотуридий «фалончи айтган», «фалончининг гапи» демай, тўғридан тўғри фикр ёки масалани баён қилади. Бирлаштириш мумкин бўлган ўриниларда шунга эътибор қилади. Турли фикрларни келтиргандан кейин, керак бўлса, таҳлил ва танқид қилади ҳамда керакли хулосани баён қилади.


Иккинчи: Шумулий назар.


Имом Мотуридий ўзининг шумулий назари – атрофлича фикр юритиши, жузъиётни куллиётга боғлаш ҳамда фаръларни аслларга қайтаришга бўлган маҳорати билан ажралиб туради. Имомнинг бу хусусиятлари бошқа таълифотларида ҳам равшан кўриниб туради.


Учинчи: Мазмунга эътибор.


Имом Мотуридий ўз тафсирида эътиборни лафздан кўра мазмунга кўпроқ қаратади. Мана шу шу ерда Мотуридийнинг яна бир хусусияти номоён бўлади. У ҳам бўлса, фикр амалиётини татбиқ ва қўллаш амалиёти билан боғлаш, зотан амалиётдан, татбиқдан йироқ бўлган зеҳний фикрларнинг ҳеч қандай қиймати бўлмайди ва у фойдасиз тафсилотлар бўлиб, рад қилинади. Имомнинг бу хусусияти нақлий йўл билан тафсир қилишида намоён бўлади. Нақлий йўл эса, аввал айтиб ўтганимиздек, бир неча қисмга бўлинади


1. Қуръонни Қуръон билан тафсир қилиш.


Одатда муфассирлар бир оятни тафсир қилинатёган оят деб келтириб, сўнгидан шу оятни тафсир қилувчи бошқа оятни келтириш билан кифояланадилар. Аммо Мотуридий бу ҳолатда кенгроқ йўл тутади. Бир оятни бошқа оятга тафсир қилиб кифояланмай, балки тафсир қилувчи оятни таҳлил қилиб мазмунини чиқариб, кейин тафсир қилинаётган оятни баён қилади. Бундоқ олганда, таҳлилсиз икки оятни бир бирига боғлаш қийин бўлади. Мотуридий бу хусусияти ила нафақат ўзидан аввалги муфассирлар, балки ўзидан кейин келган муфассирларга нисбатан ҳам ўзига хос йўл тутган ҳисобланади.


2. Қуръонни суннат билан тафсир қилиш.


Имом Мотуридий суннатга суянмай қўймайди, лекин бир нав камроқ суянади. Мувофиқ ҳадисларни келтириб тафсир қилади, аммо тафсир қилишда ҳифзига суянгандек, баъзи ҳадисларни маъносини айтади, ҳадисларнинг аниқ матнини келтирмай қўя қолади. Шунингдек, ҳадисни тўла келтирмай, ирода қилган бўлагинигина келтириш билан ҳам кифояланади. Ҳадисни ворид қилибгина қолмай, уни таҳлил, тадқиқ қилади, муродини баён қилади. Шу билан бирга қавлий суннат билан кифояланмай, феълий суннатларни ҳам келтиради.


3. Қуръонни саҳоба ва тобиинлардан асар бўлиб келган нақллар билан тафсир қилиш.


Имом Мотуридий ўз тафсирида саҳоба ва тобиинларнинг сўзларига эътимод қилади. Бу билан асрани фақат нақл қилибгина қолмай, оятга нисбатан важҳ ва эҳтимолларни ҳам айтиб ўтади.


Имом Мотуридийнинг ақл билан тафсир қилишда тутган йўли


Мотуридий ўз тафсирида ақлга кўп суянади. Чунки у киши улуғ саҳобий Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу асос солган раъй мадрасасига тобеъдир. Бу мадраса байроғини саҳобийдан кейин буюк кишилар кўтарганлар. Улардан энг кўзга кўрингани Абу Ҳанифа Нўмон ибн Собит раҳматуллоҳи алайҳдир. Имом Мотуридий нафақат тобеъ ёки тақлид қилувчи, балки хос ўзига сиймога эга ижодкор, янгилик киритувчи ҳам бўлган. Бунга бир неча далолатлар бор:


1. Оятларни таъвил қилишда бир неча эҳтимолларни зикр қилиш;

2. Фалсафий ва ақидавий масалаларга бўлган эътибори;

3. Ақлни ишлатишга чорловчи оятларга бўлган эҳтимоми.


Имом Мотуридийнинг тафисирида тутган услуби


Имом Мотуридийнинг тафсир қилишда таянган манбалари ва уларга муносабати.


1. Қуръони карим.

Бу масдар ҳар қандай илмнинг, ҳар қандай олимнинг илк манбаидир, ундан беҳожат бўлиб бўлмайди. Мотуридийнинг Қуръонни Қуръон ила тафсир қилиши ҳақида юқорида гапириб ўтилди.


2. Асбабун‑нузул.

Имом Мотуридий ўз тафсирида «сабаби нузул»ни баён қилишга ҳам эътибор қаратган. Баъзида бир қанча ривоятларни тўплаб келтирган бўлса, баъзида биргина ривоят билан ҳам кифояланган.


3. Суннати мутаҳҳара.

Имом Мотуридийнинг Қуръонни суннат ила тафсир қилиши ҳақида юқорида қисқача айтиб ўтилди. Батафсилроқ сўз юритадиган бўлсак, қуйидагиларни айтишимиз мумкаин:


а) Ҳадиснинг санадини деярли зикр қилмайди, камдан‑кам ўринлардагина санадни келтиради.

б) Баъзида ҳадисни маънан ривоят қилади, лафзан эмас.

в) Бир ерда бир неча ҳадисни зикр қилади.

г) Ҳадиснинг муҳаддислар қошида саҳиҳ ёки саҳиҳ эмаслигига баъзан унча эътибор бермайди.


4. Ўтган муфассирларнинг сўзлари.


Ўтган муфассирларнинг сўзларига, улар саҳоба, тобиин ёки улардан кейингилар бўлсин, Қуръон ва Суннатга қандай муносабатда бўлган бўлса, худди шундай муносабатда бўлади. Исмларни аҳёнда зикр қилса, аҳёнда «баъзилар айтади» ёки «айтилган» дейиш билан кифояланади. Имом Мотуридий ўтган муфассирларнинг сўзларига мувофиқ бўлганидек, мухолиф ҳам бўлади ва мухолиф бўлгани сабабини ҳам таҳлилий баён қилади.


5. Калом илми.

Имом Мотуридий буюк мутакаллим, албатта тафсирида калом илмига суянган ва ўз даврида ҳар хил адашган фирқаларга раддиялар берган.


6. Фиқҳ илми.

Имом Мотуридий имом Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ билан учрашмаган бўлса ҳам, имом Абу Ҳанифа мадрасасининг энг йирик вакилларидан бўлган. Имом Мотуридий шу мазҳабга тобеъ бўлган. Шунинг учун фиқҳий аҳкомларни кўпинча ҳанафий мазҳаби асосида баён қилган.


7. Луғат илмлари.

Имом Мотуридий ўз тафсирида луғат ва балоғат илмларига кўп ҳам мурожаат қилмаган, бўлса‑да, бу илмлардан умуман холи ҳам эмас. У киши баъзи муффасирларга ўхшаб луғатга шўнғиб кетмаган. Масалан, Зажжож ўзининг «Қуръон маънолари ва унинг эъроби»да шундай қилган. Шунингдек, Абу Убайданинг «Қуръон мажози» китобида бўлганидек, балоғат илмига ҳам берилиб кетмаган.


8. Ақлни ишлатиш ва раъй билан тафсир қилиш.

Имом Мотуридий бошқа масдарларга қўшиб оятларда ақлий мантиқни кенг ишлатган ва раъй ила тафсир қилган. Бир ерда ўз раъйи асосида бир неча эҳтимолни айтган бўлса, бошқа ерда биргина раъйини айтиш билан кифояланган.


Мотуридий тафсиридаги хусусиятлар


Имом Мотурдийнинг тафсири ўзининг кенг қамровлилиги, осонлиги, тушунарлилиги билан ажраб туради. Бунинг сабабини юқоридаги маълумотлар асосида қуйидагича хулоса қилиш мумкин:


1. Ҳам нақл, ҳам ақл йўли тутилган. Ўтган муфассирлар асосан фақат нақлий йўлни тутганлар. Ҳатто Мотуридийдан кейин келган, саккизингчи ҳижрий йилда тафсир қилганлар ҳам шу йўлни тутишган. Имом Мотуридий нафақат ўзидан аввалгилар учун, балки ўзидан кейин келганларга нисбатан ҳам янгилик киритган.


2. Кенг қамровлилиги. Унда эътиқодий масалалар, фиқҳий масалар ва оят мазмунлари бор. Бошқа тафсирлар эса кўпроқ бир томонга оғиб кетиб қолади, масалан, фиқҳ ёки луғатга.


3. Имом оят ҳақида нақл бўйича фикр ва эҳтимолларни келтирар экан, «баъзилар айтдилар», «бошқалар айтди», «айтилган» каби ибораларни ишлатади. Кейин таҳлил ҳам қилади. Аммо раъй – ақл билан тафсир қилганида «эҳтимол қилинади» иборасини ишлатади.


4. Ақидавий ва фиқҳий масалаларни баён қилади.


5. Қироатларни баён қилади.


6. Оятнинг нозил бўлиш сабабини баён қилади.


7. Баъзи лафзларнинг маъносини келтиради. Шеърни жуда кам келтирган. Арабларнинг адабий сўзларига унча эътибор қилмайди.


8. Маккий ва маданий, носих ва мансух, сура фазилатларига эътибор бермайди.


9. Бир суранинг тафсирини бошлаганида, унга муқаддима қилмайди.


Хулоса


Буюк мутакаллим ва ақидашунос олим Имом Мотуридий раҳматуллоҳи алайҳнинг ўн жузлик «Таъвилату аҳлис‑сунна» («Аҳли сунна таъвиллари») номли тафсир китоби бўлиб, у нафақат ўзидан аввалги тафсирларга нисбат, балки ўзидан кейин келган тафсирларга қараганда ҳам тафсиршуносликда катта янгиланиш ҳисобланади. Ушбу тафсир хусусиятларга бой бўлиб, аввалам бор унда ат‑тафсир бил‑маъсур – асарлар билан тафсир қилиш, ат‑тафсир бир‑роъй – фикр билан тафсир қилиш жам қилинган. Фикрнинг мустақиллиги, шумулий назар ва мазмунга бўлган эътибор ҳам яққол кўриниб турадиган хусусиятлардандир. Имом яшаб ўтган давр эътиборидан, тафсирида калом илмига бўлган мойилликни ва оятларни тушунишда ақлни ишлатишга бўлган чорловини идрок қиламиз. Имом Мотуридий ўз тафсирида фиқҳий масалаларни ҳам баён қилган. У Имом Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳининг мадрасаларига тобеъ бўлиб, кўпинча масалаларни ҳанафий мазҳабида келтиради. Шу билан бир бу тафсир ўзининг осон услуби ва енгил таъбири билан ҳам ажралиб туради.


Аллоҳ улуғ аллома, муфассир Имом Мотуридийни раҳмат қилсин. Ўзидан кейин қолдириб кетган ушбу қийматли меросининг ажри савоби руҳи покларига то Қиёматгача етиб турсин. 


Одинахон Муҳаммад Юсуф



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Шайх, муснид Абу Амр Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Собир ибн Котиб Бухорий. Муаззин бўлганлар.Солиҳ ибн Муҳаммад Жазара, Ҳомид ибн Саҳл, Муҳаммад ибн Ҳурайс, Ҳусайн ибн давоми...

1364 15:00 / 20.12.2020
IVIIIXIX асрда яшаб ўтган ҳанафий мазҳабининг йирик олим ва муҳаққиқларидан бўлган, деган машҳур ҳошиянинг соҳиби Муҳаммад Амин Ибн Обидин Дамашқийнинг ўғли давоми...

922 09:00 / 06.07.2023
mdash Муфтий ҳазратлари Ўзингизга аён, ҳозир шундай бир пайтда яшаяпмизки, ҳаётимизда йиғилиб қолган кўплаб чигил ва мавҳум муаммолар хусусида рўйрост, ошкора давоми...

1152 14:51 / 24 апрель
Ислом уммати mdash инсоният тарихидаги деярли барча империялар томонидан доимимй равишда ҳарбий ҳужумларга учраган ягона уммат. Ажабланарлиси шундаки, ўша давоми...

2189 11:30 / 29.03.2021
Аудиолар

131063 11:58 / 10.10.2018
Фотолар

7382 09:50 / 18.04.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

51587 14:35 / 11.08.2021